Самарқанд вилояти халқ депутатлари Ургут туман Кенгашининг
Қарори
2015 йилда Иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида»ги қарорини бажариш мақсадида туманда тизимли ишлар ташкил этиб келинмоқда.
Жумладан, 2014 йилнииг ўн бир ойи мобайнида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг тасдиқланган параметрларига мувофиқ 9431 та иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, январь –– ноябрь ойларида 9508 та (11 ойлик прогнозига нисбатан 100.8 фоиз) иш ўринлари ташкил этилди.
Ташкил этилган иш жойларида биринчи навбатда коллеж битирувчилари, ишсиз хотин-қизлар, ташқи меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар ҳамда бошқа иқтисодий ночор фуқароларни ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Амалга оширилган ишлар натижасида, иш ўринларига эҳтиёж юқори бўлган ҳамда меҳнат ресурслари ортиқчалиги кузатилган Қоратепа, Янгиариқ ва Ҳамза қишлоқ фуқаролар йиғинларида ишсизлик даражасининг пасайиши таъминланди.
Ҳисобот даврида 1462 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида 566 та иш жойлари, шундан туманнинг саноат салоҳиятини ошириш дастури бўйича 31 та субъектда 494 та, иқтисодий ночор ва зарар кўриб ишлаётган паст рентабелли ва кам қувватли корхоналарни молиявий соғломлаштириш ҳисобига 13 та субъектда 72 та иш жойлари ташкил этилган.
Иш ўринларини яратиш манзилли рўйхатига киритилган дастур ижроси жорий йилнинг январь –– ноябрь ойларида якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида Илонли ҚФЙ (94,8 фоиз), Ҳамза ҚФЙ (93,6 фоиз), миллий ҳунармандчилик йўналишида Янгиариқ ҚФЙ (96,3 фоиз), ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида Қоратепа ҚФЙ (97,4 фоиз) да дастур йўналишлари бажарилмасдан қолган.
Жорий йилда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг «2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида»ги қарори талабларини тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Туманда 2015 йилда «Иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш» Дастури иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
2. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (М. Холиқов) тумандаги касб-ҳунар коллежлари директорлари ва манфаатдор корхона ва ташкилотлар билан биргаликда жорий йилда касб-хунар коллежлари битирувчиларини тўлиқ ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлари бажарилишини таъминласин.
3. 2015 йил учун белгиланган иш ўринларининг ҳунармандчиликни ривожлантириш йўналиши бўйича яратиладиган иш ўринлари маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ҳисобга олиниб, белгиланган формада туман ишчи комиссиясига тақдим этиб борилсин.
4. Халқ депутатлари туман Кенгаши, тегишли доимий комиссияларига:
2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишини сессияларда ва доимий комиссияларининг мажлисларида муҳокама қилиш жараёнини оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет тармоғи орқали кенг ёритилишини таъминлаш;
Доимий комиссияларининг мажлисларида 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилиши учун масъул бўлган ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб бориш, бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, хизматлар ва сервис соҳасини, уй меҳнатининг барча шаклларини, янги ишлаб чиқариш объектларини ривожлантиришга ҳамда инфратузилма объектларини қуриш ва ишлаб турганларини кенгайтиришга, ишламаётган корхоналар фаолиятини қайта тиклашга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин.
5. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (М. Холиқов), иқтисодиёт бўлими (Ш. Раззоқов), Статистика бўлими (Д. Турсунқулов), тумандаги касб-ҳунар коллежлари директорлари ҳамда манфаатдор корхоналар ва ташкилотлар билан биргаликда ушбу қарорни ижро этишнинг бориши тўғрисида 2015 йил 15 январга қадар ахборот тақдим этсинлар.
6. Мазкур қарор 2015 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари Ургут туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Ш. Бобоев ва туман ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Р. Мадаров зиммасига юклансин.
Халқ депутатлари туман Кенгашининг раиси Ҳ. ОҚБЎТАЕВ
Ургут т.,
2014 йил 16 декабрь,
151-24-сон