Самарқанд вилояти халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг
Қарори
Шаҳардаги айрим географик объектларнинг номлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 31 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенатининг «Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳар, Оқдарё ва Самарқанд туманлари чегараларига ўзгартиш киритиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 20-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар таркибига янгидан қўшилган маҳаллалар ҳудудларида бир қатор ташкилий, маданий маърифий ҳамда ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар, шунингдек ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, аҳоли ва уй-жойлар ҳисобини тартибга солиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилган.
Бироқ, айрим кўчалар номланиши масаласи ҳанузгача ўз ечимини топмаган. Айни шу мақсадда, маҳаллалар томонидан жой номларини миллий истиқлол мафкурасига монанд равишда ўзгартиш, жумладан, эски тузум давридан сақланиб қолган, халқимиз тарихи ва анъаналари билан боғлиқ бўлмаган жой номларини ўзгартиш лозим бўлган маҳалла ва кўча номлари бўйича таклифлар жамланган.
Ушбу таклифлар шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан Самарқанд туманидан қўшилган маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирокида кенг ўрганиб, муҳокама қилинган. Тақдим қилинган баённомага асосан, айрим номсиз кўчаларга янги номлар бериш ҳамда шаҳардаги иккита бир хилдаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг номларини ўзгартиш тўғрисида таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикасидаги Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Республика комиссияси мажлисининг 2005 йил 26 январдаги 07-5-11-сонли ва вилоят ҳокимлигининг 2013 йил 29 июндаги 04/3-260-сонли йиғилиш баёни асосида ҳамда шаҳар Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан тавсия этилган таклифларни ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартиш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 48-сонли қарори талабларига асосланиб, Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши қарор қилади:
1. Шаҳар Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссияси баённомасида қайд қилинган ҳамда айрим номсиз кўчаларга янги ном бериш, иккита бир хилдаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг номларини ўзгартиш, номлари ўзгармайдиган маҳалла фуқаролар йиғинлари ва шаҳарчаларни қайд этиш борасидаги таклиф-тавсиялари иловаларга* асосан тасдиқлансин.
* Иловалар берилмайди.
2. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидан ушбу таклифларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш сўралсин.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
4. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси (Ш. Шамсиев) ва шаҳар ҳокимининг ўринбосари У. Назаровлар зиммаларига юклатилсин.
Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг раиси А. ШУКУРОВ
Самарқанд ш.,
2014 йил 15 декабрь,
181-30-сон