Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ҳуқуқий ахборот алмашиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлашни истаб,
ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга интилиб,
иккала давлатнинг қонунлари тўғрисида ўзаро хабардор қилишни яхшилашга оид муносабатларни ривожлантириш зарурлигини англаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар очиқ эълон қилинадиган Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатида (ушбу Битимга илова) белгилаб қўйилган масалалар бўйича ҳуқуқий ҳужжатларни икки томонлама ахборий алмашиш зарурлигини эътироф этадилар.
Юқорида кўрсатилган рўйхат Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича ўзгартирилиши ёки тўлдирилиши мумкин.
2-модда
Ҳар бир Томон сўралаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги ахборотни иккинчи Томонга тақдим этиш мажбуриятини олади.
Ҳамкорлик қилиш давомида Томонлардан биридан олинадиган ахборот уни берган Томоннинг розилигига кўра учинчи Томонга берилиши мумкин.
Ҳамкорлик давомида олинган ахборотдан Томонларнинг манфаатларига зарар етказиш учун фойдаланиш мумкин эмас.
3-модда
Томонлар, миллий ахборот ресурсларидан фойдаланган ҳолда, ҳуқуқий ахборотни алмашиш учун ўз эталон маълумотлар базасини ташкил этадилар.
4-модда
Томонлар, ҳуқуқий ахборотни алмашиш тизимини ташкил этишга оид келишиб олинган чора-тадбирларни амалга ошира бориб, мувофиқ равишда қуйидагиларни белгилайдилар:
субъектлар рўйхати — ахборотдан фойдаланувчилар;
ахборотнинг ҳуқуқий режими: ахборотнинг очиқлик даражасини, ҳужжатлаштириш, фойдаланишга рухсат бериш, сақлаш, тарқатиш ва муҳофаза қилиш тартибини аниқлайдиган меъёрий белгиланган қоидалар.
5-модда
Томонлар адлия вазирликларини тизимни ташкил этиш ва ҳуқуқий ахборот алмашиш бўйича ишларни мувофиқлаштирувчилар этиб белгилайдилар.
6-модда
Томонлар биргаликда фойдаланиш учун белгиланган ҳуқуқий ахборотнинг миллий ресурсларидан (эталон маълумотлар базасидан) фойдаланишга рухсат беришни таъминлайдилар, уларни назорат қилинадиган аҳволда сақлайдилар ҳамда ахборот маълумотларининг тўлиқлигини, ишончлилигини ва ўз вақтида берилишини кафолатлайдилар.
7-модда
Ҳуқуқий ахборот, мумкин қадар, рус тилида берилади. Ахборот ва материалларни шошилинч равишда бериш учун электрон, факсимил ва бошқа хил алоқа воситаларидан фойдаланиш мумкин.
8-модда
Томонлар маълумотлар базаларини алмашишда бир-бирларига меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар таснифотлари берилиши зарур деб ҳисоблайдилар.
Ҳуқуқий ахборот алмашиш Томонларнинг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
9-модда
Ушбу Битим Томонларнинг бошқа халқаро шартномаларга оид ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
10-модда
Ушбу Битим Томонларнинг келишувига кўра ўзгартирилиши ва тўлдирилиши мумкин.
Барча ўзгартиш ва қўшимчалар ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган протоколлар тарзида расмийлаштирилади.
11-модда
Томонлар ўртасидаги баҳс ва англашилмовчиликлар икки томонлама музокара ва маслаҳатлашишлар йўли билан ҳал этилади.
12-модда
Ушбу Битим Томонларнинг унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма билдиришнома олинган санадан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида иккинчи Томоннинг ёзма билдиришномасини олган кундан бошлаб олти ой ўтгунча амал қилади.
Тошкент шаҳрида 1998 йил17 декабрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, молдован ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳуқуқий ахборот алмашиш тўғрисида 1998 йил 17 декабрдаги Битимга
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлатлараро алмашинадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Давлат тузилиши асослари.
2. Давлат хавфсизлиги.
3. Мудофаа.
4. Давлат хизмати.
5. Ташқи сиёсат, халқаро ва ташқи иқтисодий алоқалар.
6. Маъмурий қонунчилик.
7. Адлия. Суд. Прокуратура.
8. Жамоат тартибини сақлаш.
9. Жиноий қонунчилик.
10. Жиноий-процессуал қонунчилик.
11. Жиноий-ижро этиш қонунчилиги, ахлоқ тузатиш-меҳнат қонунчилиги.
12. Фуқаро ва оила ҳуқуқи.
13. Фуқаро-процессуал ва хўжалик қонунчилиги.
14. Меҳнат ва аҳолининг бандлиги.
15. Ижтимоий суғурта ва ижтимоий таъминот.
16. Молия ва кредит.
17. Корхоналар ва тадбиркорлик фаолияти.
18. Саноат.
19. Қурилиш ва архитектура мажмуалари.
20. Қишлоқ хўжалиги.
21. Савдо.
22. Транспорт ва алоқа.
23. Уй-жой-коммунал хўжалиги ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш.
24. Маориф, илм-фан, маданият.
25. Соғлиқни сақлаш.
26. Ер, ер ости қазилма бойликлари, сувлари тўғрисидаги, ҳаво ҳудудлари ҳақидаги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий бойликлар тўғрисидаги қонунлар.
27. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.
28. Геодезия, харитачилик, гидрометеорология.
29. Божхона иши.