Хоразм вилояти Шовот тумани ҳокимининг
Қарори
Тумандаги юридик ва жисмоний шахслардан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиш билан боғлиқ хизматлар тарифи тўғрисида
Мазкур қарор Хоразм вилоят ҳокимининг 2016 йил 13 февралдаги 38қ-сонли «Хоразм вилояти ҳудудидаги чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун янги тарифларни белгилаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январдаги «Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4-сон, 2010 йил 28 октябрдаги «Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 239-сон қарорларига асосан, чиқиндиларни фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарарли таъсирини олдини олиш, чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш, туман ҳудудини экологик ҳамда санитария ҳолатини, тозалигини амалга ошириш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 3 декабрдаги «Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатдан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 315-сон қарорига асосан, туманда қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб олиб кетиш хизматлари ободонлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилиши белгилансин.
2. Шовот туманида юридик ва жисмоний шахслардан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиш учун ҳар ойига белгиланган тўлов миқдорлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ободонлаштириш бошқармаси (Н. Ачилов), туман аҳолиси, корхона ва ташкилотлар билан чиқиндиларни олиб кетиш юзасидан шартномаларини тузиш ҳамда шартнома асосида маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш ва уларни белгиланган тартибда жойлаштириб борсин.
4. Туман маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига:
ҳудудларда маиший чиқиндиларни самарали ва ўз вақтида олиб чиқиб кетишни ташкил этиш ҳамда ҳудуд доирасида ободонлаштиришга, кўкаламзорлаштиришга ва санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган тадбирлар режаларини тасдиқлаш;
аҳолидан чиқадиган маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишни ўз вақтида ташкил этиш ва хизматлар учун тўлов ҳамда қарздорликларни ўз вақтида ундирилишида ободонлаштириш бошқармасига амалий ёрдам бериб бориш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарор «Шовот истиқболи» газетасида эълон қилинсин.
6. Ушбу қарорни назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Ҳоким в. в. б. О. ХОЛБОЕВ
Шовот т.,
2014 йил 8 июль,
745-сон
Туман ҳокимининг 2014 йил 8 июлдаги 745-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тумандаги юридик ва жисмоний шахслардан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиш билан боғлиқ хизматлар тарифи
Миқдорлари
| Т/р | Кўрсатиладиган хизматлар тури | Ўлчов бирлиги | Белгиланган нарх миқдори (қўшилган қиймат солиқсиз сўм) |
| 1. | Аҳолидан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиш учун | аҳоли жон бошига | 800 |
| 2. | Юридик шахслардан қаттиқ ҳолдаги чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматлари | 1 (бир) м3 | 21000 |
Изоҳ: хизмат тўловлари нақд пул ва пул ўтказиш йўли билан қонунларда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(«Шовот Истиқболи» газетаси, 16.07.2014 й., 43-сон)