Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Индонезия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Даромадларга иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш ҳамда даромад (фойда) солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Индонезия Республикаси Ҳукумати,
иккала мамлакатнинг иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида даромадларга иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш ҳамда даромад (фойда) солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида Битим тузиш истагини билдириб,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Қўлланиш доираси
Мазкур Битим Аҳдлашувчи Давлатларнинг бири ёки ҳар иккисининг резиденти бўлган шахсларга нисбатан қўлланади.
2-модда
Битим татбиқ этиладиган солиқлар
1. Мазкур Битим Аҳдлашувчи Давлат ёки унинг маҳаллий ҳокимиятлари номидан олинаётган даромад (фойда) солиқларига нисбатан, уларни ундириш услубидан қатъи назар, татбиқ этилади.
2. Даромад (фойда) солиқларига умумий даромаддан ёки даромаднинг бир қисмидан олинадиган барча солиқлар, шу жумладан, кўчар ва кўчмас мулкни сотишдан олинган даромадлардан ҳамда корхоналар томонидан тўланадиган иш ҳақи ёки мукофотларнинг умумий миқдоридан олинадиган солиқлар киради.
3. Ушбу Битим қўлланадиган амалдаги солиқларга хусусан қуйидагилар киради:
а) Ўзбекистон Республикасига нисбатан:
(i) корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлар даромадларидан (фойдасидан) олинадиган солиқ;
(ii) Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, ажнабий фуқаролардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи;
(бундан кейин «Ўзбекистон солиқлари» деб аталади).
b) Индонезияга нисбатан:
(i) 1984 йилги Undang-undang Pajak Penghasilanгa мувофиқ ундириладиган даромад солиғи (1983 йилда тузатилган 7-сонли Қонун);
(бундан кейин «Индонезия солиқлари» деб аталади).
4. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳар бири томонидан ушбу Битим имзолангандан сўнг қўшимча равишда ёки улар ўрнига киритилган ҳар қандай ўхшаш солиқларга нисбатан ҳам қўлланади. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли ташкилотлари ўз солиқ қонунчилигида бўлган барча туб ўзгаришлар ҳақида бир-бирларига хабар берадилар.
3-модда
Умумий таърифлар
1. Ушбу Битимнинг мақсадлари учун, агар матннинг мазмунидан ўзга маъно чиқмаса:
a) «Ўзбекистон» атамаси Ўзбекистон Республикасини билдиради ва жуғрофий маънода қўлланганда халқаро ҳуқуққа ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ер ости бойликлари ва табиий ресурслардан фойдаланишга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ўз суверен ҳуқуқларини ва юрисдикциясини амалга ошириши мумкин бўлган ҳудудий сувларни, ҳаво кенгликларини англатади;
b) «Индонезия» атамаси Индонезия Республикасининг қонунларида белгиланган ҳудудни англатади;
c) «Аҳдлашувчи Давлат» ва «бошқа Аҳдлашувчи Давлат» атамалари матнда ишлатилиш ўрнига қараб Ўзбекистон Республикасини ёки Индонезия Республикасини англатади;
d) «шахс» атамаси жисмоний шахсни, компания ёки шахсларнинг ҳар қандай бошқа уюшмасини англатади;
e) «компания» атамаси корпоратив бирлашма ҳисобланган ҳар қандай шахсни ёки солиққа тортиш мақсадларида шундай корпоратив бирлашма сифатида ўз мақомига эга бўлган Аҳдлашувчи Давлатлар қонунларига мувофиқ кўриб чиқиладиган ҳар қандай ширкат, қўшма корхона ёки бошқа тузилмаларни англатади;
f) «Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси» ва «бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонаси» атамалари ўрни билан Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқаруви остида иш юритаётган корхонани ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бошқаруви остида иш юритаётган корхонани англатади;
g) «халқаро ташиш» атамаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси томонидан фойдаланиладиган денгиз ёки ҳаво кемасидаги ҳар қандай ташишни англатади; денгиз ёки ҳаво кемасининг бошқа Аҳдлашувчи Давлат ҳудудида жойлашган пунктлар ўртасида фойдаланилиши бундан мустасно;
h) «ваколатли идора» атамаси Ўзбекистон Республикасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Раисини ёки унинг ваколатли вакилини англатади; ва Индонезияга нисбатан Молия вазирини ёки унинг ваколатли вакилини англатади;
i) «миллий шахслар» атамаси:
i) Аҳдлашувчи Давлат фуқаролигига эга бўлган ҳар қандай жисмоний шахсни;
ii) Аҳдлашувчи Давлатнинг амалдаги қонунларига мувофиқ ўз мақомини олган ҳар қандай ҳуқуқий шахсни, ширкатни ва уюшмани англатади.
2. Ушбу Битимни Аҳдлашувчи Давлат қўллаганда ҳар қандай унда белгиланмаган ибора, агар матн мазмуни ўзга маънони талаб қилмаса, қайси Аҳдлашувчи Давлатнинг солиқларига нисбатан ушбу Битим қўлланаётган бўлса, ўша Давлатнинг қонунларига мувофиқ маънони англатади.
4-модда
Резидент
1. Ушбу Битимнинг мақсадлари юзасидан «Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти» атамаси мазкур Давлатнинг қонунчилиги бўйича ўзининг турар жойи, доимий истиқомат қилиш жойи, ҳуқуқий шахс сифатида ташкил топган жойи, бошқарув идорасининг қаерда жойлашгани ва ўзга асл мазмунда шунга ўхшаш мезонларга кўра мазкур Давлатда солиқ тўловчи ҳисобланган ҳар қандай шахсни англатади. Бироқ мазкур атама ушбу Аҳдлашувчи Давлатда фақат мазкур Давлатда жойлашган манбалардан даромад олаётгани учунгина солиққа тортиладиган ҳар қандай шахсни ўз ичига қамрамайди.
2. Агар 1-банд қоидаларига мувофиқ шахс Аҳдлашувчи Давлатлар ҳар иккисининг резиденти бўлса, унинг мақоми қуйидаги тарзда белгиланади:
а) бу шахс тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйи жойлашган Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланади; агар у ҳар икки Аҳдлашувчи Давлатда тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйга эга бўлса, шахсий ва иқтисодий алоқалари энг чуқур бўлган (ҳаётий манфаатлар маркази) Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
b) агар унинг ҳаётий манфаатлар маркази жойлашган Давлатни аниқлаб бўлмаса ёки Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳеч бирида тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйи бўлмаса, у одатда яшайдиган Давлатининг резиденти ҳисобланади;
c) агар шахс одатда ҳар икки Аҳдлашувчи Давлатда яшаса ёки уларнинг ҳеч бирида яшамаса, у Аҳдлашувчи Давлатлардан қай бирининг фуқароси бўлса, ўша Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
d) агар шахс Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳар иккаласи уни ўз резиденти деб ҳисобласа ёки Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳеч бири уни шундай деб ҳисобламаса, Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли ташкилотлари бу масалани ўзаро келишув йўли билан ҳал қиладилар.
3. Агар 1-банд қоидаларига мувофиқ жисмоний шахс бўлмаган шахс Аҳдлашувчи Давлатлар ҳар иккисининг резиденти бўлса, Давлатларнинг ваколатли ташкилотлари бу масалани ўзаро келишув йўли билан ҳал қиладилар.
5-модда
Доимий муассаса
1. Мазкур Битим мақсадлари учун «доимий муассаса» атамаси доимий фаолият жойини билдиради, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси ана шу жой орқали бошқа Аҳдлашувчи Давлатда тўлиқ ёки қисман тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади.
2. «Доимий муассаса» атамаси, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
a) бошқарув жойи (амалдаги раҳбар идораси);
b) бўлим;
c) офис;
d) фабрика;
e) устахона;
f) ферма ёки плантация;
g) шахта, нефть ва газ кони, карьер ёки табиий ресурслар қазиб олинадиган ёки разведка қилинадиган ҳар қандай бошқа жой, нефть қазиб олиш учун бурғилаш қурилмаси ёки денгиз платформаси.
3. «Доимий муассаса» атамаси яна қуйидагиларни ҳам ўз ичига олади:
a) қурилиш майдончаси ёки қурилиш, йиғилма ёки йиғиш объекти ёки ушбу объектлар билан боғлиқ бўлган бошқарувчилик фаолияти, агар ана шу майдон, объект ёки фаолият олти ойдан кўпроқ вақт мавжуд бўлиб турса;
b) хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, корхона шу мақсад учун жалб қилган ўз хизматчилари ёки бошқа ходимлар орқали кўрсатадиган маслаҳат хизматлари, фақат бунда шу хилдаги (шу учун ёки у билан боғлиқ объектнинг) фаолият мамлакат ҳудудида 12 ойлик давр мобайнида жами 3 ойдан ошмайдиган давр ёки даврлар давомида амалга ошириладиган бўлса.
4. Ушбу модданинг аввалги қоидаларига қарамай, қуйидаги фаолият турларини «доимий муассаса» атамаси ўз ичига олмайди:
a) иншоотлардан шу корхонага тегишли товарлар ёки маҳсулотларни фақат сақлаш ёки намойиш қилиш мақсадларида фойдаланиш;
b) шу корхонага тегишли товарлар ёки маҳсулотлар захирасининг фақат сақлаш ёки намойиш қилиш мақсадларида сақлаб турилиши;
c) шу корхонага тегишли товарлар ёки маҳсулотлар захирасини фақат бошқа корхона томонидан қайта ишлаш мақсадларида сақлаб турилиши;
d) доимий фаолият жойининг фақат товарлар ёки маҳсулотлар сотиб олиш ёки мазкур корхона учун ахборот йиғиш мақсадлари учун сақлаб турилиши;
e) доимий фаолият жойининг фақат реклама ёки ахборот бериш мақсадларида сақлаб турилиши.
f) доимий фаолият жойининг ушбу корхона учун фақат бошқа ҳар қандай тайёргарлик ёки ёрдамчи характердаги фаолиятни амалга ошириш мақсадлари йўлида ушлаб турилиши.
g) доимий фаолият жойининг (а) дан (f) кичик пунктларигача эслатилган ҳар қандай фаолият турлари билан уйғунлаштириш учун сақлаб турилиши, фақат шу шарт биланки, ана шу уйғунликдан келиб чиқадиган доимий фаолият жойининг бутун фаолияти тайёргарлик ёки ёрдамчи тусда бўлиши керак.
5. 1 ва 2-бандлардаги қоидаларига қарамай, агар 7-бандда кўрсатилган мустақил мақомли агентдан ўзга шахс Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирида бошқа Аҳдлашувчи Давлатдаги корхона номидан иш юритса, бу корхона биринчи эслатилган Давлатда ушбу шахс корхона учун амалга оширадиган ҳар қандай фаолиятга нисбатан доимий муассасага эга деб ҳисобланади, агар ушбу шахс Аҳдлашувчи Давлатда корхона номидан контрактлар тузиш ваколатига эга бўлса ва одатда уни амалга оширса, бунда агар ана шу шахснинг фаолияти 4-бандда кўрсатилган фаолият билан чекланиб қолса, яъни агар шу банднинг қоидаларига кўра, доимий фаолият жойи орқали амалга оширилса, ана шу доимий фаолият жойи доимий муассасага айланмайди.
6. Мазкур модданинг бундан олдинги қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатнинг суғурта корхонаси, такрорий суғурта ҳолларидан ташқари, агар у бошқа Давлат ҳудудида суғурта мукофотларини йиғса ёки 7-бандга тааллуқли мустақил мақомми агентдан ўзга шахс орқали у ерда бўлиши мумкин бўлган хатардан суғурта қилса,ана шу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага эга деб ҳисобланади.
7. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси, агар у бошқа Аҳдлашувчи Давлатда брокер, комиссионер ёки ҳар қандай бошқа мустақил мақомли агент орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, бу шахслар ўзининг одатдаги фаолияти чегарасида иш юритган тақдирда, бошқа Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага эга деб қаралмайди. Бироқ бундай агентнинг фаолияти тўлиқ ёки қарийб тўлиқ ҳолда ушбу корхонага номидан бағишланадиган бўлса, унда у мазкур банд қоидалари доирасида мустақил мақомга эга агент деб қаралмайди.
8. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлган компания томонидан назорат қилиниши ёки бошқа Давлат компанияси устидан назоратни юритиши ёки мазкур компания бошқа Давлатда тижорат фаолиятини амалга ошириши (доимий муассаса орқали ёки бошқа тарзда) факти ўз-ўзидан бу компанияларнинг бирини бошқаси учун доимий муассасага айлантириб қўймайди.
6-модда
Кўчмас мулкдан олинадиган даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти томонидан бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган кўчмас мулкдан олинган даромад (қишлоқ ва ўрмон хўжалигидан олинадиган даромад ҳам шу жумлага киради) шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. «Кўчмас мулк» атамаси кўриб чиқилаётган мулк жойлашган Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига кўра солиққа тортиш мақсадлари эга бўлган аҳамиятга эга бўлади. Ҳар қандай ҳолда ҳам ушбу атама ер устидаги мулк ҳақидаги умумий қонунчиликнинг қоидалари билан ҳақ-ҳуқуқи белгиланган кўчмас мулкка тегишли бўлган мулкни, чорва моллари ва қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги воситалари, балиқ ҳавзалари кўчмас мулк натижаси бўлган атроф мулкни (узуфрукт), ишлатганлик учун бадал сифатида тўланадиган ўзгарувчан ва қатъий белгиланган тўловларга бўлган ҳуқуқ ёки маъданлар жойлашган ерга ва бошқа табиий ресурсларни ишлашга бўлган ҳуқуқни ўз ичига қамрайди; кемалар ва ҳаво кемалари кўчмас мулк сифатида қаралмайди.
3. «Узуфрукт» атамаси ушбу моддада қўлланганида бошқаларининг мол-мулкидан умрбод фойдаланиш ва ундан даромад олиш ҳуқуқини англатади.
4. Юқоридаги 1-банд қоидалари кўчмас мулкдан тўғридан-тўғри фойдаланиш, ижарага бериш ёки ўзга ҳар қандай шаклда фойдаланиб олинган даромадга нисбатан қўлланади.
7-модда
Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромад
1. Корхона ўз тадбиркорлик фаолиятини бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали амалга ошираётган бўлса, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатда олган фойда ана шу Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади. Агар корхона ўз фаолиятини юқорида айтилганидек амалга ошираётган бўлса, корхонанинг даромади бошқа Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади, аммо қуйидагиларга тегишли бўлган соҳалардагина солиққа тортилади:
a) агар бу фойда ушбу доимий муассасага тегишли бўлса;
b) доимий муассаса орқали сотилаётган товар ёки маҳсулотлар билан бир хил ёки бир-бирига ўхшаш товарлар ва маҳсулотларнинг ушбу бошқа Давлатдаги савдосига тегишли бўлса;
c) ушбу бошқа Давлатда амалга оширилаётган фаолият доимий муассаса орқали амалга оширилаётган фаолият билан бир хил ёки бир-бирига ўхшаш бошқа тадбиркорлик фаолиятига тегишли бўлса.
2. 3-банд қоидаларига мувофиқ, агар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси тадбиркорлик фаолиятини бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали амалга ошираётган бўлса, даромад ҳар бир Аҳдлашувчи Давлатда бундай доимий муассасага ўтказилади. Ушбу даромадни, доимий муассаса алоҳида ва мустақил корхона сифатида худди шундай ёки шунга ўхшаш фаолиятни амалга ошираётган бўлса, худди шундай ёки шунга ўхшаш шартлар асосида ва корхонадан мутлақо мустақил равишда иш кўрса ва у доимий муассаса ҳисобланса, олиши мумкин.
3. Доимий муассаса даромадини аниқлашда мазкур доимий муассаса фаолияти мақсадлари учун сарфланган харажатларни чиқариб ташлашга йўл қўйилади, доимий муассаса жойлашган Давлатда ёки ҳар қандай ўзга ерда фаолияти мақсадлари учун сарфланган бошқарув ва умумий маъмурий харажатлар ҳам шунга киради. Бироқ доимий муассаса томонидан корхонанинг бош муассасаси ёки бошқа муассасадан исталган биттасига патент ёхуд бошқа ҳуқуқлардан фойдаланганлик учун роялти, йиғим ёки шунга ўхшаш бошқа тўловлар тўлаш йўли билан, ёки кўрсатилган аниқ хизматлар ёки менежментлик учун комиссион тўловлар тўлаш йўли билан, бу корхона банкка тегишли бўлган ҳоллардан ташқари ёки ушбу доимий муассасага берилган қарз миқдорига фоизлар тўлаш йўли билан тўланган (амалдаги харажатлар ўрнини тўлдиришдан ташқари) суммаларни, агар улар умуман бўлса, чегириб ташланишига йўл қўйилмайди. Шу тарзда доимий муассаса томонидан корхонанинг бош офисига ёки бошқа офислардан исталган биттасига патент ёхуд бошқа ҳуқуқлардан фойдаланганлик учун роялти, йиғим ёки шунга ўхшаш бошқа тўловларни тўлаш йўли билан ёки кўрсатилган аниқ хизматлар ёки менежментлик учун комиссион тўловлар тўлаш йўли билан, банкка доир корхона ҳолларидан ташқари ёки корхонанинг бош офисига ёки бошқа офислардан исталган биттасига берилган қарз суммасига фоизлар тўлаш йўли билан тўланган суммалар доимий муассасанинг фойдаларини аниқлашда эътиборга олинмайди.
4. Аҳдлашувчи Давлатда корхона фойдасининг умумий миқдорини унинг турли бўлинмаларига мутаносиб тарзда тақсимлаш негизида доимий муассасага тегишли фойдани белгилаш оддий ҳол эканлигига қарамай, 2-банддаги ҳеч нарса Аҳдлашувчи Давлатга солиққа тортиладиган фойдани шундай тақсимот воситасида аниқлашга халақит бермайди; танланган тақсимот услуби ушбу моддага тегишли тамойилларга муносиб натижалар бериши лозим.
5. Аввалги бандлар мақсадлари учун доимий муассасага мансуб даромад, агар бошқаси учун салмоқли ва етарли сабаблар бўлмаса, ҳар йили бир хил услубда аниқланади.
6. Агар даромад, мазкур Битимнинг бошқа моддаларида алоҳида айтиб ўтилган даромад турларини қамраб оладиган бўлса, мазкур модда қоидаларига ушбу модда қоидалари таъсир этмайди.
8-модда
Халқаро транспорт
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири корхонасининг халқаро ташишларда кемалар, самолётлардан фойдаланишдан олган даромадига фақат шу Давлатда солиқ солинади.
2. 1-банд қоидалари қуйидагиларига нисбатан қўлланади:
a) халқаро ташишларда фойдаланиладиган кемалар ёки самолётларни ижарага олишдан, шу жумладан экипажсиз фрахт қилиш асосида ижара олишдан келган тасодифий фойдаларга;
b) контейнерлардан (трейлерлар ва контейнерларни ташиш билан боғлиқ бошқа ускуналаридан ҳам) фойдаланиш, уларни сақлаш ёки ижарага беришдан олинадиган фойдаларга, агар бундай фойдалар 1-банд амал қиладиган фойдаларга нисбатан қўшимча ёки тасодифий бўлса.
9-модда
Бирлашган корхоналар
1. Агар:
a) Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонасини бошқаришда, назорат қилишда ёки унинг капиталида бевосита ёки билвосита қатнашса; ёки
b) ўша шахслар Аҳдлашувчи Давлатлар унисининг ҳам корхонасини, бунисининг ҳам корхонасини бошқаришда, назорат қилишда ёки унинг капиталида бевосита ёки билвосита қатнашса,
икки корхона ўртасида уларнинг тижорат ва молиявий муносабатларида мутлақо мустақил бўлган корхоналар ўртасида бўладиганидан фарқли шароитлар вужудга келтирилса ёки белгиланса, корхонанинг бирортасида тўпланган лекин юқоридаги шароитлар туфайли етарли ҳажимда тўпланмаган фойда ушбу корхона фойдасига қўшилиши ва умумий миқдорда солиққа тортилиши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири ана шу Аҳдлашувчи Давлат корхонасининг фойдасига бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонаси шу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солинадиган фойда қўшса, шунга мувофиқ равишда солиқ солса ва шу тариқа киритилган фойда биринчи эслатилган Давлат корхонасида тўпланиши мумкин бўлган фойдалар ҳисобланади, агар иккала корхона ўртасида вужудга келтирилган муносабатлар икки мустақил корхона ўртасидаги муносабатлар сингари бўладиган бўлса, у холда бошқа ана шу Давлат ўзининг ана шу фойдасидан олинадиган солиқлар суммасини мувофиқлаштиради. Бундай тузатишларни белгилашда мазкур Битимнинг бошқа қоидаларига тегишли эътибор берилиши керак ва Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари, зарур бўлса, ўзаро маслаҳатлашувларни бошлашлари лозим.
3. Аҳдлашувчи Давлат ўзининг солиқ қонунчилигида кўзда тутилган вақтинчалик чеклашлар тугаганидан кейин 2-бандда эслатилган вазиятларда корхона фойдасини ўзгартирмаслиги керак.
10-модда
Дивидендлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания томонидан бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентига тўланган дивидендлар ана шу бошқа Давлат томонидан солиққа тортилиши мумкин.
2. Бироқ бундай дивидендлар уларни тўлаётган компания қайси Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, ўша Давлатнинг қонунларига биноан ҳам солиққа тортилиши мумкин, аммо дивидендларни олувчи даромадли дивидендлар эгаси бўлса, ва ана шу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда дивидендларга нисбатан солиққа тортилиши керак бўлса, солиқнинг миқдори дивидендлар жами миқдорининг 10 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Бу банд дивидендлар тўланадиган фойда масаласида компанияни солиққа тортишга тааллуқли эмас.
3. «Дивидендлар» ибораси мазкур моддада қўлланганда, акциялардан ёки фойдада иштирок этиш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳуқуқлардан олинадиган даромадни, шунингдек, фойдани тақсимловчи компания резидент бўлган Давлатнинг қонунларига мувофиқ, акциялардан олинадиган даромад каби, солиқларни тартибга солишга тааллуқли бўлган бошқа корпоратив ҳуқуқлардан олинадиган даромадни англатади.
4. Агар дивидендларининг бенефициари Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлгани ҳолда дивидендларни тўлаётган бирлашма резиденти бўлган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда ўз фаолиятини унда жойлашган доимий муассасаси орқали амалга оширса ёки ушбу бошқа Давлатда у ерда жойлашган доимий базадан мустақил шахсий хизматлар кўрсатса ва холдинг (дивидендлар унга нисбатан тўланади) аслида шу доимий муассаса еки доимий база билан боғлиқ бўлса, мазкур модданинг 1- ва 2-бандларидаги қоидалар қўлланилмайди. Бундай ҳолда, шароитга қараб, 7-модда ёки 14-модда қоидалари қўлланади.
5. Агар Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлган компания бошқа Аҳдлашувчи Давлатдан фойда ёки даромад олаётган бўлса, бу бошқа Аҳдлашувчи Давлат компания тўлаётган дивидендлардан солиқ олмаслиги мумкин, ана шу бошқа Давлат резидентига тўланадиган бундай дивидендлар ёки холдинг (дивидендлар унга нисбатан тўланади) шу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган доимий муассаса ёки доимий база билан ҳақиқатан боғлиқ бўлса, шунингдек, компаниянинг тақсимланмаган фойдасидан солиқлар олинмайди, ҳаттоки, тўланаётган дивидендлар ёки тақсимланмаган фойда ана шу бошқа Давлатда тўла ёки қисман ҳосил бўлган фойда ёки даромаддан ташкил топган бўлса ҳам.
6. Мазкур Битимнинг ҳар қандай бошқа қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания бошқа Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага эга бўлса, у холда доимий муассасанинг фойдаси шу бошқа Давлатда унинг қонунларига мувофиқ қўшимча солиққа тортилади, бироқ шу тариқа ундириладиган қўшимча солиқ ундан даромад солиғи ва шу бошқа Давлатда ундириладиган бошқа солиқлар чиқариб ташлангандан кейин бундай сумманинг ўн фоизидан ошмаслиги лозим.
7. Ушбу модданинг 6-банди қоидалари маҳсулотни тақсимлашга доир ҳар қандай битимлардаги ва Индонезия Ҳукумати, унинг сиёсий-маъмурий бўлинмаси, унинг тегишли давлат нефть ёки газ компанияси ёки унинг ҳар қандай бошқа ташкилоти бошқа Аҳдлашувчи Давлатларнинг резиденти ҳисобланган шахс билан тузадиган нефть ва газ секторига ёки фойдали қазилмалар қазиб олиш секторига тааллуқли меҳнат битимларида (ёки ҳар қандай бошқа шунга ўхшаш битимларда)ги қоидаларга дахл қилмайди.
11-модда
Фоизлар
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирида ҳосил бўлган ва иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига тўланадиган фоизлар ана шу иккинчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Аммо бундай фоизлар ҳосил бўлган мазкур Аҳдлашувчи Давлатда шу Давлатнинг қонунларига биноан ҳам солиққа тортилиши мумкин, аммо дивидендларни олувчи бенефициар бўлса, солиқнинг миқдори фоизлар ялпи миқдорининг 10 фоизидан ошмаслиги керак.
3. «Фоизлар» ибораси мазкур моддада қўлланилганида бадал билан таъминланган ёки таъминланмаган ҳар қандай турдаги қарз талабларидан олинадиган даромадни ва, хусусан, ҳукумат қимматбаҳо қоғозлари, облигациялар ва қарз мажбуриятларидан олинадиган даромадни, шу жумладан, ушбу қимматбаҳо қоғозлар, облигациялар ва қарз мажбуриятлари бўйича олинадиган мукофотлар ва ютуқларни билдиради. Ўз вақтида тўланмаган тўловлар учун жарималар ушбу модда мақсадларида фоизлар сифатида кўриб чиқилмайди.
4. Агар фоизлар бенефициари Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўла туриб, доимий муассаса орқали фоизлар ҳосил бўлаётган иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда тижорат фаолияти олиб бораётган бўлса, ёки мазкур ўзга Давлатда жойлашган доимий базасидан мустақил шахсий хизматлар кўрсатган ёки кўрсатаётган бўлса ва фоизлар тўланаётган қарз талабномалари шундай доимий муассасага ёки доимий базага мансуб бўлса, 1- ва 2-банд қоидалари қўлланмайди. Бу ҳолда мазкур Битимнинг 7-моддаси ёки 14-моддаси қоидалари вазиятга қараб қўлланади.
5. Фоизларни тўловчи Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ёки шу Давлатнинг ўзи, маҳаллий ҳокимияти бўлса, фоизлар мазкур Давлатда ҳосил бўлган деб ҳисобланади. Лекин фоизларни тўловчи шахс, Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага ёки доимий базага эга бўлиб, шу туфайли фоизларни тўлаш мажбурияти вужудга келган бўлса ва бу фоизлар доимий муассаса ёки доимий база томонидан тўланадиган бўлса, бундай ҳолда фоизлар доимий муассаса ёки доимий база жойлашган Аҳдлашувчи Давлатда вужудга келган, деб ҳисобланади.
6. Агар тўловчи ва амалда бенефициар ўртасида ёки улар иккаласи ва қандайдир ўзга шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида қарз талабномасига нисбатан тўланаётган фоизлар миқдори тўловчи ва амалда фоизлар ҳуқуқига эга шахс ўртасида келишилган миқдордан ошиқ бўлса, бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда мазкур модда қоидалари фақат охирги эслатилган миқдорга нисбатан қўлланади. Бундай ҳолда тўловнинг ортиқча қисмидан мазкур Битимнинг бошқа қоидалари инобатга олинган ҳолда, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ яна солиқ олинади.
12-модда
Роялти
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирида ҳосил бўладиган ва ўзга Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига шахсан тўланадиган роялтилар ушбу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Бироқ бундай роялтилар улар ҳосил бўлган Аҳдлашувчи Давлатда ва шу Давлат қонунларига мувофиқ солиққа тортилиши мумкин, аммо бу даромадларни олувчи даромадларнинг бенефициар эгаси бўлса, шу тарзда олинадиган солиқ роялтилар ялпи миқдорининг 10 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим.
3. «Роялти» ибораси мазкур моддада қўлланганда ҳар қандай адабиёт, санъат ва фан асарларини, хусусан, кинофильмлар ҳамда радиоэшиттириш ва телевидение ёзувлари ва видеокассеталар, ҳар қандай патент, товар белгиси, чизма ёки модель, схема, компьютер дастури, махфий формула ёки жараён муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланганлик ёки шу ҳуқуқидан фойдаланиш ҳуқуқи учун ёки саноат, тижорат ёки илмий асбоб-ускуналардан фойдаланиш ҳуқуқидан фойдаланганлик ёки шу ҳуқуқни берганлик учун ёки саноат, тижорат ёки илмий тажрибага мансуб ахборот учун мукофот тарзида олинган ҳар қандай кўринишдаги тўловларни билдиради.
4. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлиб, роялтига нисбатан амалда ҳуқуққа эга бўлган шахсга нисбатан агар шахс роялти ҳосил бўлаётган иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса ёки база орқали тижорат фаолиятини юритаётган бўлса ёки ушбу ўзга Давлатда у ерда жойлашган доимий база орқали хусусий хизматларни амалга оширса ва роялти тўланаётган ҳуқуқ ёки мулк амалда шундай доимий муассаса ёки доимий базага боғлиқ бўлса, 1- ва 2-бандларнинг қоидалари қўлланмайди. Бундай ҳолда мазкур Битимнинг 7- ёки 14-моддалари қоидалари вазиятга қараб қўлланади.
5. Агар тўловчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ўзи, маҳаллий ҳокимият идораси ёки резиденти бўлса, роялти шу Аҳдлашувчи Давлатда ҳосил бўлган, деб ҳисобланади. Бироқ, агар роялтини тўловчи шахс Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентими-йўқми, бундан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда роялтини тўлаш мажбурияти зиммасига тушган доимий муассасага ёки доимий базага эга бўлса ва бу доимий муассаса ёки доимий база тўлов харажатларини тўласа, бундай роялти доимий муассаса ёки доимий база жойлашган шу Аҳдлашувчи Давлатда ҳосил бўлган, деб ҳисобланади.
6. Агар тўловчи ва амалда роялти ҳуқуқига эга шахс ўртасидаги ёки уларнинг иккови ва бошқа шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида роялтининг фойдаланиш, ҳуқуқ ёки ахборот учун тўланган миқдори тўловчи ва амалдаги шу даромадлар ҳуқуқига эга шахс ўртасида келишилган миқдордан ошиқ бўлса, бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда, мазкур модда қоидалари фақат охирги эслатилган миқдорга нисбатан қўлланади. Бундай ҳолда тўловнинг ортиқча қисмига мазкур Битимнинг бошқа қоидалари инобатга олинган ҳолда, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ аввалгидек солиқ солинади.
7. Агар роялти тўланадиган ҳуқуқларни яратиш ёки ўзгага ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай шахснинг асосий мақсади ёки асосий мақсадларидан бири мазкур моддадан ҳуқуқларни яратиш ёки ўзгага ўтказиш орқали наф орттириш бўлса, мазкур модданинг қоидалари қўлланмайди.
13-модда
Капитал қийматининг ўсишидан олинадиган даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти 6-моддада эслатиб ўтилган иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда бўлган кўчмас мулкни бегоналаштиришдан олинадиган даромадларга ўша иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассаса тадбиркорлик мулкининг қисмини ташкил этувчи кўчмас мулкни бегоналаштиришдан олинган ёки Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда мустақил шахсий хизматларни амалга оширишида бемалол фойдаланиши мумкин бўлган доимий базага тааллуқли кўчма мулкни бегоналаштиришдан олинган даромадларга, бунга шу доимий базани бегоналаштиришдан олинган даромадни ҳам қўшиб ана шу иккинчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
3. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти Аҳдлашувчи Давлат корхонаси халқаро юк ташишларда фойдаланадиган кема ёки самолёт воситаларини сотишдан олган даромадлари ёки мана шу нақлиёт воситаларини ишлатишда фойдаланиладиган кўчмас мулкни бегоналаштиришдан олган даромадларига фақат ана шу Аҳдлашувчи Давлатдагина солиқ солиниши мумкин.
4. Мазкур модданинг бундан олдинги бандларида айтиб ўтилмаган исталган бошқа мулкни сотишдан олинадиган даромадларга мулкни сотувчи шахс қайси Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, шу Аҳдлашувчи Давлатдагина солиқ солиниши мумкин.
14-модда
Мустақил шахсий хизматлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти касб хизматларини кўрсатиш ёки бошқа мустақил тусдаги шунга ўхшаган хизматлардан олган даромадига фақат мана шу Давлатдагина солиқ солиниши мумкин, иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда ҳам бундай даромадлар солиққа тортилиши мумкин бўлган қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:
а) агар у ўз фаолияти мақсадлари учун иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда ўзи учун доимий қулай бўлган доимий базага эга бўлса; бундай ҳолларда унинг даромади ана шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда фақат шундай базага тааллуқли қисмидан солиққа тортилади; ёки
б) агар у иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда жами 12 ойлик давр мобайнидаги маълум бир давр ёки тақвимий йилда умумий миқдорда 90 кундан ортиқ яшаётган бўлса, у ҳолда бундай даромад ҳам иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади.
2. «Касбий хизматлар» ибораси, жумладан, мустақил илмий, адабий, артистлик, маърифий ёки ўқитувчилик фаолиятларини, шунингдек, врачлар, юристлар, муҳандислар, меъморлар, стоматологлар ва бухгалтерлар фаолиятини қамраб олади.
15-модда
Ёллаш билан боғлиқ шахсий хизматлар
1. Мазкур Битимнинг 6-, 18-, 19- ва 21-моддалари қоидаларини ҳисобга олиб Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентининг ёллаш бўйича оладиган маоши, иш ҳақи ва ёллаш муносабати билан олинган тақдирлаш миқдорига фақат ана шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солинади. Агар ёлланма иш шу тариқа бажариладиган бўлса, унда шу муносабат билан олинган рағбатлантириш пулига ана шу иккинчи. Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. 1-банднинг қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдан амалга оширадиган ёллаш бўйича иш муносабати билан оладиган тақдирлаш пулларига фақат эслатилган биринчи Давлатда солиқ солинади, бунда:
а) тақдирлаш пули олувчи иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда ҳар қандай 12 ойлик давр давомида жами 183 кундан ошмайдиган давр ёки даврлар мобайнида бўлса; ва
b) тақдирлаш пули ёлловчи томонидан ёки иккинчи Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлмаган ёлловчи номидан тўланади; ва
с) тақдирлаш пули бўйича харажатларни ёлловчи иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассаса ёки доимий база зиммасига олмайди.
3. Мазкур модданинг аввалги қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлган корхона томонидан халқаро юк ташишларда фойдаланиладиган денгиз ёки ҳаво кемалари воситасида амалга ошириладиган ёлланма иш учун олинадиган тақдирлашларга ушбу Давлатда солиқ солиниши мумкин.
16-модда
Директорларнинг гонорарлари
Директорларнинг гонорарлари ва Аҳдлашувчи Давлат резидентининг иккинчи Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлган компаниянинг Директорлар Кенгаши ёки шунга ўхшаган органи аъзоси сифатида оладиган шу каби тўловлари ушбу Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
17-модда
Санъат ходимлари ва спортчилар
1. Мазкур Битимнинг 14- ва 15-моддалари қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлмиш театр, кино, радио ёки телевидение артисти ёки мусиқачи каби санъат ходими сифатида ёки спортчи сифатида иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдаги шахсий фаолияти туфайли оладиган даромадига шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Санъат ходими ёки спортчи амалга оширган шахсий фаолиятига даромад санъат ходими ёки спортчининг ўзига эмас, бошқа шахсга ёзилса, мазкур Битимнинг 7-, 14- ва 15-моддалари қоидаларига қарамай, ушбу даромадга санъат ходими ёки спортчи фаолият кўрсатган ўша Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
3. Агар санъат ходимлари ёки спортчиларнинг Аҳдлашувчи Давлатда бўлиши бир ёки иккала Аҳдлашувчи Давлатнинг жамоат жамғармаларидан ёки маҳаллий ҳокимиятлари томонидан маблағ билан таъминланаётган бўлса, унда уларнинг Аҳдлашувчи Давлатдаги фаолиятидан оладиган даромадларига 1- ва 2-бандларнинг қоидалари тегишли бўлмайди. Бундай ҳолда уларнинг даромадларига мазкур санъат ходими ёки спортчи резиденти саналган Аҳдлашувчи Давлатдагина солиқ солинади.
18-модда
Пенсиялар ва умрбод ренталар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентига ойдинроқ амалга оширилган ёлланиш бўйича фаолияти ёки хизматлари учун бошқа Давлатдаги манбадан тўланадиган пенсиялар ва бундай резидентга ана шундай манбадан тўланадиган ҳар қандай умрбод рентага ана шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. «Умрбод рента» атамаси умр давомида ёки муайян ёки белгиланган давр мобайнида белгиланган вақтда пул ёки пул кўринишида ўхшаш ва тўла компенсация ўрнига мажбурий тўлов бўйича тўлаб туриладиган белгиланган суммани билдиради.
19-модда
Ҳукумат хизмати
1. а) Аҳдлашувчи Давлатлардан бири ёки унинг маҳаллий ҳокимиятлари томонидан ҳар қандай жисмоний шахсга мана шу Аҳдлашувчи Давлатга ёки унинг маҳаллий ҳокимиятларига кўрсатган хизматлари учун тўланадиган тақдирлаш пулига, пенсия бундан мустасно, фақат мана шу Давлатдагина солиқ солинади.
b) Бироқ бундай тақдирлаш пулига агарда хизматлар мана шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда амалга оширилса ва жисмоний шахс шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти; яъни:
(i) шу Давлатнинг миллий шахси бўлса, ёки
(ii) фақатгина хизмат кўрсатиш мақсадларида шу Давлатнинг резиденти бўлмаган бўлса, фақат ана шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдагина солиқ солинади.
2. а) Аҳдлашувчи Давлат ёки ҳокимиятнинг маҳаллий идоралари томонидан ёки улар тузган жамғармалардан шу Давлатга ёки унинг маҳаллий ҳокимият идораларига кўрсатган хизматларига нисбатан ҳар қандай жисмоний шахсга тўланадиган ҳар қандай пенсияга фақат ана шу Аҳдлашувчи Давлатдагина солиқ солинади.
b) Бироқ агар жисмоний шахс шу Аҳдлашувчи Давлат резиденти ва миллий шахси бўлса, бундай пенсияга фақат иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солинади.
3. Мазкур Битимнинг 15-, 16- ва 18-моддалари қоидалари Аҳдлашувчи Давлат ёки унинг маҳаллий ҳокимиятлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти муносабати билан кўрсатиладиган хизматларга нисбатан тўланадиган тақдирлаш пуллари ва пенсияларига нисбатан қўлланади.
20-модда
Талабалар
Аҳдлашувчи Давлатга келгунга қадар иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ҳозирда резиденти ҳисобланиб турган ёки бўлган ва биринчи эслатилган Давлатда фақат ўқиш ёки маълумот олиш мақсадларидагина яшаб турган талаба ёки практикантнинг яшаш, ўқиш ва маълумот олиш учун мўлжалланган оладиган тўловлари мана шу биринчи эслатилган Давлатда, агарда бундай тўловлар шу Давлат ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олиб тўланадиган бўлса, солиқ солинмайди.
21-модда
Ўқитувчилар
Аҳдлашувчи Давлатга келгунга қадар иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ҳозирда резиденти ҳисобланиб турган ёки бўлган ва биринчи эслатилган Давлатда фақат ўқув юртларида ёки илмий-тадқиқот институтларида ўқитиш, лекциялар ўқиш ёки тадқиқотлар ўтказиш мақсадларидагина яшаб турган биринчи эслатилган Давлатнинг Ҳукумати томонидан таклиф бўйича аккредитация қилинган жисмоний шахсга бериладиган тўловлари мана шу биринчи эслатилган Давлатда ушбу Давлатга келган пайтидан бошлаб икки йил мобайнида солиққа тортилмаслиги керак.
22-модда
Бошқа даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири резидентининг мазкур Битимнинг олдинги моддаларида тилга олинмаган даромад турларига, даромадларнинг қаерда пайдо бўлишидан қатъи назар, фақат мана шу Давлатдагина солиқ солинади.
2. Мазкур модда 1-бандининг қоидаси кўчмас мулкдан олинган даромад ҳисобланмайдиган 6-модданинг 2-бандида белгилангани сингари даромадга нисбатан, агарда бундай даромадни олувчи Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўла туриб, иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасасини жойлаштириш орқали фаолиятни амалга оширса ёки у ерда доимий базани жойлаштириб, мустақил шахсий хизматларни амалга оширса ва даромад тўланадиган ҳуқуқ ёки мулк ҳақиқатан ҳам бундай доимий муассаса ёки база билан боғланган бўлса, қўлланмайди. Бу ҳолатда мазкур Битимнинг 7- ёки 14-моддалари қоидалари қўлланади.
3. 1- ва 2-бандларнинг қоидаларига қарамасдан, бир Аҳдлашувчи Давлат резидентининг ушбу Битимнинг олдинги моддаларида айтиб ўтилмаган ва иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда вужудга келадиган даромад турларига ушбу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
23-модда
Икки томонлама солиққа тортишни бартараф этиш усуллари
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти мазкур Битимнинг қоидаларига мувофиқ ва иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунларига биноан ана шу иккинчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин бўлган даромад (фойда) олганида биринчи эслатилган Давлат иккинчи Давлатда тўланган солиққа тенг суммани унинг даромад (фойда) солиғи ҳисобидан чиқариб ташлашга имкон бериши керак. Бироқ ҳисобдан чиқариб ташланадиган сумма биринчи эслатилган Давлатнинг солиқ қонунларига биноан ҳисоблаб чиқилган даромад (фойда) солиғи суммасидан ошиб кетмаслиги лозим.
2. Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти олган даромад мазкур Битимнинг қайсидир бир қоидасига биноан ушбу Давлатда солиққа тортишдан чиқариб ташланган бўлса, унда бу Давлат бу резидентнинг даромадининг қолган қисмига солиқ суммасини ҳисоб-китоб қилишда, барибир, даромадни солиққа тортишдан чиқариб ташланган суммани ҳисобга олиши керак.
3. Мазкур модданинг 1- ва 2-бандлари мақсадларида Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти олган ва мазкур Битимга кўра иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин бўлган фойда ва даромад шу иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдаги манбалардан олинган, деб ҳисобланади.
4. Аҳдлашувчи Давлатнинг ички қонунларига мувофиқ бериладиган муайян махсус имтиёзли чораларга биноан солиққа тортишдан озод қилинган ёки камайтирилган солиқ миқдори Аҳдлашувчи Давлатда тўланган деб ҳисобланади ва у иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдаги солиқдан чиқариб ташланиши керак бўлади.
24-модда
Камситмаслик
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг миллий шахслари иккинчи Аҳдлашувчи Давлатда иккинчи Давлат миллий шахсларига айни бир хил шароитларда солиниши мумкин бўлгандан ортиқ ҳар қандай солиқ ёки унга алоқадор мажбуриятларга, солиқ солишдан кўра мушкулроқ ёки унга алоқадор ҳолатларга дучор қилинмайдилар.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси иккинчи Аҳдлашувчи Давлатдаги доимий муассасасига солиқ солиш ушбу Аҳдлашувчи Давлатнинг бошқа айнан шундай фаолиятини амалга оширувчи корхоналарига солинадиган солиқдан ошиқ бўлмайди. Мазкур қоида ҳар бир Аҳдлашувчи Давлатни иккинчи Аҳдлашувчи Давлат резидентига солиқ солиш мақсадларида ўз резидентларига уларнинг фуқаролик мавқеи ёки оилавий шароити асосида берадиган ҳар қандай якка тартибдаги имтиёзлар, озод қилишлар ёки чегиришларга мажбурловчи тарзда талқин қилинмаслиги лозим.
3. Ушбу Битим 9-моддасининг 1-банди, 11-моддасининг 6-банди ёки 12-моддасининг 6-банди қоидалари қўлланганидан ташқари ҳолларда, Аҳдлашувчи Давлат корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентига бундай корхонанинг солиққа тортиладиган фойдасини аниқлаш мақсадида тўлайдиган фоизлар, роялтилар ва бошқа қарз тўловлари агар бундай тўловлар биринчи эслатилган Давлат резидентига тўланган бўлса, бундай шароитда чегириб ташланади.
4. Аҳдлашувчи Давлатларнинг корхоналари, агар уларнинг мол-мулклари тўлиқ ёки қисман иккинчи Аҳдлашувчи Давлатга тегишли бўлса ёхуд бир ёки бир неча резидентлари томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилинса, биринчи эслатилган Давлатда Аҳдлашувчи биринчи эслатилган Давлатнинг шундай корхоналарига солинадиган ҳар қандай солиқ ёки унга алоқадор ҳолатлар ёки бошқа солиқ солишдан кўра мушкулроқ ҳолатларга дучор қилинмайди.
5. Ушбу модданинг 3-банди қоидалари Аҳдлашувчи Давлатнинг солиққа тортишдан бўйин товлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган операциялар ёки тадбирларга тўсқинлик қилиш учун яратилган солиқ соҳасидаги қонунлар қоидаларига таъсир қилмайди.
6. Мазкур моддада «солиққа тортиш» атамаси фақат ушбу Битим тегишли бўладиган солиқни англатади.
25-модда
Ўзаро келишув тартиблари
1. Агарда Аҳдлашувчи Давлат резиденти Давлатлардан бири ёки ҳар иккаласининг фаолияти унга мазкур Битимда назарда тутилганга мувофиқ келмайдиган солиқ солинишига олиб келади ёки олиб келиши мумкин, деб ҳисобласа ёки агарда унинг ҳолати мазкур Битимнинг 24-моддаси 1-бандига мувофиқ келса, у мазкур Давлатларнинг ички қонунчилигида назарда тутилган ҳимоя воситаларидан қатъи назар, ўз аризасини ўзи резидент бўлган Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли идорасига тақдим этиши мумкин. Ариза мазкур Битим қарорларига номувофиқ солиқ. солинишига олиб келувчи ҳаракатлар тўғрисида биринчи бор билдирилган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида берилиши керак.
2. Бир Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли идораси унинг аризасини асосли, деб топса ва унинг ўзи аризасини қониқтирадиган қарорга кела олмаса, масалани Битимга мувофиқ келмайдиган солиқ солинишидан қочиш мақсадларида иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли идораси билан ўзаро келишиб ҳал этишга ҳаракат қилади.
3. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари Битимни талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган ҳар қандай қийинчилик ва иккиланишларни ўзаро келишув асосида ҳал этишга ҳаракат қиладилар. Улар мазкур Битимда назарда тутилмаган ҳолатларда ҳам икки томонлама солиқ солинишига йўл қўймаслик мақсадларида бир-бирлари билан маслаҳатлашишлари мумкин.
4. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари олдинги бандлар маъноларини тушунишида ҳамфикрликка эришиш мақсадларида бир-бирлари билан бевосита алоқада бўлиб турадилар. Ваколатли органлар маслаҳатлашишлар орқали мазкур моддада назарда тутилган ўзаро келишув тартибларини амалга ошириш учун тегишли икки томонлама русум-қоидалар, шарт-шароитлар, усулларни ишлаб чиқадилар.
26-модда
Ахборот алмашиш
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари мазкур Битим қоидаларини қўллаш учун ёки мазкур Битим татбиқ этиладиган Аҳдлашувчи Давлатларнинг солиқларга тегишли ички қонунчилиги ушбу қонунчиликдан мазкур Битимга зид тушмайдиган даражада фойдаланиш, шу жумладан, солиқларни тўлашдаги алдаш ёки бўйин товлашни бартараф қилиш учун зарур ахборотлар билан алмашиб турадилар. Аҳдлашувчи Давлат олаётган ҳар қандай ахборот мазкур Давлатнинг ички қонунлари ҳақида олинган маълумот каби махфий ҳисобланади ҳамда фақат аниқлаш, олиб қўйиш, мажбурий чора кўриш билан боғлиқ ёки Битим татбиқ этиладиган солиқларга нисбатан қарорларни ижро этувчи шахслар ва идораларгагина, хусусан, судлар ва маъмурий идораларгагина очилади. Бу шахслар ёки идоралар ахборотдан фақат шундай мақсадларда фойдаланадилар. Улар ушбу ахборотни очиқ суд мажлисида ёки ҳуқуқий қарорлар қабул қилиш чоғида ошкор қилишлари мумкин.
2. Ҳеч қандай ҳолатда ҳам мазкур модданинг 1-банди қоидаси Аҳдлашувчи Давлатлар зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юкловчи қоида сифатида талқин қилинмайди:
a) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлат қонунчилиги ёки маъмурий амалиётига зид маъмурий чоралар ўтказиш;
b) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига кўра ёки одатдаги маъмурий амалиётга мувофиқ олиниши мумкин бўлмаган ахборотни тақдим этиш; ёки
c) савдо, саноат, тижорат ёки хизмат сири ёки савдо жараёнини фош этувчи ахборотни ёки ошкор этилиши давлат сиёсатига зид келувчи ахборотни тақдим этиш.
27-модда
Дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчилари
Мазкур Битимнинг ҳеч бир қоидаси дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчиларига халқаро ҳуқуқ умумий меъёрлари ёки ҳар икки Аҳдлашувчи Давлат ўртасидаги махсус Битим қоидаларига мувофиқ белгилаб қўйилган солиқ имтиёзларига дахл қилмайди.
28-модда
Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳар бири мазкур Битимнинг кучга кириши учун талаб қилинадиган зарур ички давлат тартибларининг тугаганлиги тўғрисида бир-бирларига дипломатик йўл орқали маълум қиладилар. Мазкур Битим айтиб ўтилган сўнгги огоҳлантириш берилган санадан бошлаб кучга киради ва шундан кейин:
a) мазкур Битим кучга кирган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан бошлаб олинадиган даромадлар манбаларидан ундириладиган солиқларга нисбатан;
b) Битим кучга кирган йилдан кейинги тақвимий йилнинг биринчи январи ва бундан кейинги санадан бошлаб ҳар бир солиқ солинадиган йил учун ундириладиган бошқа даромад солиқларига нисбатан қўлланади.
29-модда
Битимнинг амал қилишини тўхтатиш
Мазкур Битим Аҳдлашаётган Давлатлардан бири унинг амал қилишини тўхтатмагунча ўз кучида қолади. Ҳар бир Аҳдлашаётган Давлат Битимнинг амал қилишини Битим кучга кирган кундан кейин беш йил ўтгач бошланадиган исталган календарь йилнинг тугашидан камида 6 ой олдин дипломатик йўл орқали хабар бериб тўхтатиши мумкин.
Мазкур ҳолатда Битимнинг амал қилиши:
a) Битимни бекор қилиш тўғрисидаги билдириш берилган йилдан кейинги тақвимий йилнинг биринчи январидан бошлаб олинадиган даромадлар манбаларидан ундириладиган солиқларга нисбатан;
b) Битимни бекор қилиш тўғрисидаги билдириш берилган йилдан кейинги тақвимий йилнинг биринчи январи ва бундан кейинги санадан бошлаб ҳар бир солиқ солинадиган йил учун ундириладиган бошқа даромад солиқларига нисбатан тўхтатилади.
Тегишли тартибда ваколат берилган қуйидаги имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб мазкур Битимни имзоладилар.
Жакарта шаҳрида 1996 йил 27 августда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, индонезия ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар вужудга келса, инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)