Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳокимининг
Қарори
Туманда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 22-моддаси (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 25-26-сон, 225-модда, 2009 йил 52-сон, 553-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19-июлдаги 353-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 йил, 7-сон, 40-модда) билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида»ги низом ижросини таъминлаш, иш қидираётган шахс сифатида туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш марказида рўйхатга олинган фуқароларга уларнинг вақтинча иш ҳақи олиши ва иш қидираётган даврида уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, Марказ томонидан «ишсиз» деб эътироф этилган фуқароларни вақтинча иш билан таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, ишсизлар ўртасида боқимандаликнинг олдини олиш, биринчи марта иш қидираётган ҳамда касби бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятига жалб қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 22-моддасига асосан туманда 2014 йил давомида ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иловада кўрсатилган корхона, муассаса ва ташкилотларда амалга оширилиши ташкил этилсин.
2. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (К. Қўзиев)га:
иш қидираётган ва ишсиз шахслар таркиби ва сонини ҳисобга олган ҳолда ишчи кучига бўлган талаб ва таклифларни таҳлил қилиш асосида аҳолини иш билан таъминлаш минтақавий дастурининг махсус бўлимига киритиладиган ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича таклифларни тайёрлаш ва туман ҳокимлигига тақдим этиш вазифаси юклатилсин.
3. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этувчи корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларига:
иловада қайд этилган ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш таъминлансин;
жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сон қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида»ги низомнинг 23-бандига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бўйича эллик фоиз иш берувчилар маблағлари ва эллик фоизи маҳаллий бюджет ва Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига;
бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бўйича етмиш беш фоизи иш берувчилар маблағлари ва йигирма беш фоизи Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
4. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази йўлланмаси бўйича ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган фуқароларнинг ҳақ тўланадиган жамоат ишига қабул қилинганлиги тўғрисидаги маълумот 3 кун муддатда марказга ёзма равишда хабар қилинсин.
5. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг уйига бориб ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган, меҳнат бўлимларида рўйхатга олинган ишсиз фуқароларга иш ҳақи тўлаш харажатлари тўлиқ Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
6. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (К. Қўзиев)га:
корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан мазкур қарорнинг тўлиқ бажарилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатилсин;
ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган иш билан таъминланган фуқаролар белгиланган тартибда ҳисобга олинсин.
7. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари И. Алимқулов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким А. ТИЛАБОВ
Ғаллаорол т,
2014 йил 14 январь,
27-сон
Ғаллаорол туман ҳокимининг 2014 йил 14 январдаги 27-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Туманда ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг турлари ва мазкур ишларни 2014 йилда ташкил қиладиган корхона, ташкилот ва муассасалар
РЎЙХАТИ
| Т/р | Корхона, ташкилот ва муассасалар номи | Иш турлари | Иш мазмуни |
| 1. | «Ғалла» ИИЧБ, Санзор Парранда хусусий корхонаси |
Агросаноат комплексидаги мавсумий ишлар | Ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, ўтказилган дарахтларни парвариш қилиш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларни йиғиштириш, хирмонни тайёрлаш, мол боқиш ва бошқа иш турлари |
| 2. | Туман тиббиёт бирлашмаси, вилоят болалар санаторияси, «Маржон-сув» санаторияси |
Ҳудудни ободонлаштириш | Беморларга қараш ва ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатиш |
| 3. | Йўл қурилиш бошқармаси | Йўл атрофларини ободонлаштириш | Ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, ўтказилган дарахтларни парвариш қилиш, қор кураш, яхмалакни йўқ қилиш, қор музини кўчириш |
| 4. | «Сув тармоқлари» давлат корхонаси | Қурилиш-монтаж ишлари | Сув қувурларининг тармоқларини қуриш ва траншея қазиш |
| 5. | «Ободонлаштириш» бошқармаси, Туятортор КЛИ ирригация тизими бошқармаси | Кўчаларни ободонлаштириш | Ҳудудларни тозалаш, қишки ва ёзги йиғиштиришлар, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, ўтказилган дарахтларни парвариш қилиш, қор ва қор музини кўчириш |
| 6. | Ғаллаорол деҳқон бозори, Пайшанба деҳқон бозори ва Лалмикор деҳқон бозори |
Ҳудудларни ободонлаштириш | Қишлоқ хўжалик маҳсулотларни сақлаш ва саралаш |
| 7. | Тумандаги фаолият кўрсатаётган барча фермер хўжаликлари | Мавсумий дала ишлари | Қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларни бажариш, маҳсулотларни сақлаш ва саралаш |