ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ИШЛАРИ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
Спорт тури бўйича спортчи, тренер ва ҳакам касбларига қўйиладиган малака талабларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 30 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2592-1]
Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 15 июлдаги ПҚ-2003-сонли «Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг 2014 йил 26 майдаги 1-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2592, 2014 йил 3 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 23-сон, 280-модда) билан тасдиқланган Спорт тури бўйича спортчи, тренер ва ҳакам касбларига қўйиладиган малака талабларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир М. ХОДЖИМАТОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 24 июль,
2-сон
Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг 2014 йил 24 июлдаги 2-сонли буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Спорт тури бўйича спортчи, тренер ва ҳакам касбларига қўйиладиган малака талабларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«тренер — тегишли рухсатномага эга, ўқув-машқ машғулотлари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари ўтказилишини таъминловчи ҳамда спорт натижаларига эришиш мақсадида мусобақа фаолиятига раҳбарлик қилувчи жисмоний шахс;».
2. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Спорт тури бўйича тренер ва тренер-ўқитувчи жисмоний тарбия бўйича олий ёки ўрта махсус маълумотига, тренер-инструктор эса, жисмоний-тарбия ва спорт соҳаси бўйича етарли билим ва амалий тажрибага эга бўлиши лозим. Тренер ва тренер-ўқитувчиларнинг жисмоний тарбия маълумотига эга бўлишлари талаб этилмайдиган спорт турлари рўйхатида (рўйхат рақами 2559, 2014 йил 5 февраль) белгиланган спорт турлари бўйича тренер ва тренер-ўқитувчилар бундан мустасно.
Тренер Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 июлдаги 214-сонли «Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномага эга бўлиши лозим.».
3. Мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши билан келишилган.
Халқ таълими вазири У. ИНОЯТОВ
2014 йил 22 июль
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Т. НАРБАЕВА
2014 йил 22 июль
Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши раиси Р. НИЯЗОВ
2014 йил 22 июль
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 31-сон, 389-модда)