Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ РЕФЕРЕНДУМ ОРҚАЛИ УЗАЙТИРИЛГАН ЎЗ ВАКОЛАТЛАРИНИ ПРЕЗИДЕНТЛИК ЛАВОЗИМИДА БЎЛИШИНИНГ ИККИНЧИ МУДДАТИ ДЕБ ЭЪТИРОФ ЭТИШ ТЎҒРИСИДАГИ БАЁНОТИ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президенти референдум орқали 1997 йилдан 2000 йилгача узайтирилган ўз ваколатларини давлат раҳбари лавозимида бўлишининг иккинчи муддати деб эътироф этиш тўғрисида қўйган масалани қараб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. Таъкидлаб ўтилсинки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 9-моддасига ҳамда Референдум тўғрисидаги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ умумхалқ овоз бериши йўли билан қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади. Референдум орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатлари 1997 йилдан 2000 йилгача узайтирилган муддатни унинг давлат раҳбари лавозимида бўлишининг иккинчи муддати деб эътироф этиш тўғрисидаги таклиф референдумга киритилган масала доирасидан чиқиб кетади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш киритишни тақозо этади.
2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига мувофиқ ҳамда 90-моддасига амал қилиб, сайловчиларнинг ушбу масала хусусидаги фикрлари ўрганиб чиқилсин ҳамда таклифлар Олий Мажлис Кенгашига киритилсин. Шу мақсадда иловага* мувофиқ таркибдаги Комиссия тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Комиссия ўрганиб чиқилган материалларни белгиланган тартибда умумлаштирсин ва Олий Мажлисга маълум қилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 5 май,
47-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 95-модда)