Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг
Қарори
Вилоятда 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2013 йил 20 ноябрдаги «2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида»ги 774-II-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси 2013 йил., 11-сон, 305-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги «2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида»ги СҚ-401-II-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан вилоятда 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури прогноз параметрларини атрофлича муҳокама этиб, халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2013 йил 20 ноябрдаги 774-II-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги СҚ-401-II-сонли қарори ижро учун қабул қилинсин.
2. Жиззах вилоятида 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг асосий мақсади ва моҳияти тўғрисида вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б. Яхшибоевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
3. 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ишлаб чиқилган вилоят Дастури иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
4. Вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари, мутасадди бошқарма ҳамда ташкилотлар раҳбарларига:
2013 — 2016 йилларга мўлжалланган дастурлар ижросини тўлиқ таъминлаш ҳисобига дастурда белгиланган янги иш ўринлари яратиш параметрларининг ижросини тўлиқ таъминлаш;
янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни кенгайтириш ва қувватларни янгилаш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил қилиш, якка тартибдаги тадбиркорликни, уй меҳнатининг барча шаклларини, шу жумладан корхоналар билан кооперацияда меҳнат шартномалари асосида касаначиликни ривожлантириш, фермер хўжаликларини, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш, ишламасдан турган, иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ва молиявий соғломлаштириш;
2013-2014 ўқув йилида касб-ҳунар битирувчиларининг тўлиқ бандлигини таъминлаш вазифалари топширилсин ҳамда ушбу топшириқларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар ойда вилоят ҳокимлигига ахборот бериб борилсин.
5. Ушбу қарор «Жиззах ҳақиқати» газетасида эълон қилинсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгаши маҳаллий бюджетини шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу қарор 2014 йил 1 январидан эътиборан кучга киради.
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши раиси С. ИСМАИЛОВ
Жиззах ш.,
2013 йил 30 декабрь,
149/28-сон