Жиззах вилояти Жиззах шаҳар ҳокимининг
Қарори
Шаҳар ҳудудида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги ПФ-2100-сон Фармони (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси 1998 й., 10-11-сон, 203-модда) ижросини таъминлаш ҳамда шаҳар ҳудудидаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчилик билан ўтказилиши кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги сабабли бундай ҳолатларга чек қўйиш, фуқаролар соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, Маънавият тарғибот маркази, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгашини тузиш таклифи маъқулланиб, иловага асосан тасдиқлансин.
2. Хотин-қизлар қўмитаси (Н. Мухторова), «Маҳалла» хайрия жамоат фонди (Б. Мелиев), «Нуроний» жамғармаси (Х. Маматқулов), Маънавият тарғибот Маркази (А. Султонов)га:
жамоатчилик Кенгашининг мақсад ва вазифаларини белгилаб, ўтказиладиган тўй-ҳашам, маросим, оилавий тантаналар ва бошқа тадбирларни ўтиш ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда тўй ва маросим эгалари билан ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш;
кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар асосида ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, тарғибот орқали жамият ҳаётига татбиқ этиш;
тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маросимларни ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилиш, ушбу масалани маҳалла ва меҳнат жамоасида муҳокама этиш, таъсир чорасини кўриш ва тушунтириш ишларини ўтказиш тизимини яратиш вазифалари топширилсин.
3. Шаҳар бош имом-хатиби (Д. Файзуллаев)га:
тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, мараъка ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ихчам ўтказишни, дабдабали ўтказилаётган тадбирлар ўрнига маблағни кам таъминланган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтиришни тарғиб қилиш;
диний ташкилотлар имом-хатиблари тўйлар ва маросимлардаги маърузаларида аҳолининг эътиборини ёшлар тарбияси, ота-онанинг масъулияти, жамият ҳаётига хавф солаётган таҳдидларнинг олдини олиш, тинчлик ва мустақиллик неъматини асраш каби масалаларга қаратиши тавсия этилсин.
4. Шаҳардаги давлат бошқаруви органлари, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат унумдорлигини сақлаш мақсадида ресторан, кафе ва тўйхоналарда иш кунлари тўй ва маросим муносабати билан соат 07.00 дан 09.00 гача ёки 12.00 дан 14.00 гача ош бериш ва аксинча иш вақтида соат 09.00 дан 12.00 гача, 14.00 дан 18.00 гача ош бермаслик ҳамда соат 23.00 дан кейин тўй ва базмларни давом эттириш ҳолатларини олдини олиш бўйича жамоатчиликнинг таклифлари қўллаб-қувватлансин.
5. Шаҳар Давлат солиқ инспекцияси (Б. Қулматов)га:
Ресторан, кафе ва тўйхонада тўй-ҳашам ва турли маросимларни ўтказишда пластик карточкалар, пул ўтказиш йўли ва банк кредити орқали ўтказиладиган тўловларни қабул қилишда ҳеч қандай чекловларсиз, бир хил нархда амалга оширилиши назоратга олинсин.
6. Шаҳар Ички ишлар бўлими (Ж. Болиев)га:
Барча ресторан, кафе ва тўйхона эгалари тўй ва маросимларда фуқаролар ҳаётига хавф солувчи техникалар, кўргазмалар ва пиротехникадан фойдаланмаслик ҳамда тўйхона атрофида яшовчи аҳолининг тинчи бузилмаслиги учун тўй-ҳашамдан сўнг шовқинли ҳолатлар бўлмаслигини таъминлаш, тўй-ҳашам муносабати билан келин-куёв ва уларнинг яқинлари шаҳарда айланиши ва суратга олиши жараёнида фуқаролар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигига қатъий риоя этилишини назорат қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиласин.
7. Шаҳар Маданият ва спорт ишлари бўлими (Р. Суяров)га:
тўйлар ва базмларда санъаткорлар иштироки ва уларнинг кийиниш маданиятига риоя қилиниши, шунингдек хонандалик ва раққосалик лицензияси мавжудлиги назоратга олинсин, раққосалик касбига номуносиб бўлган қиз-жувонларнинг тўй-ҳашам ва базмларга раққоса номи остида чиқиши қатъий чеклансин.
8. Шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси (Н. Мухторова), «Маҳалла» хайрия жамоат фонди (Б. Мелиев), «Нуроний» жамғармаси (Ҳ. Маматқулов), Маънавият тарғибот Маркази (А. Султонов) ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раислари, диний ташкилотлар имом-хатибларига ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва меҳнат жамоаси ўртасида кенг тарғиб қилиш вазифаси топширилсин.
9. Мазкур қарор шаҳардаги барча ресторан, кафе ва тўйхона эгаларига етказилсин ва ижроси тўлиқ назоратга олинсин.
10. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш шаҳар ҳокими ўринбосарлари С. Ортиқов ва Н. Мухторова зиммасига юклатилсин.
11. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким А. ҚОБИЛОВ
Жиззах ш.,
2014 йил 29 январь,
129-сон
Шаҳар ҳудудида тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгаши
ТАРКИБИ
| Т/р | Исми, шарифи | Лавозими |
| 1. | Н. Мухторова | Шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Кенгаш раиси |
| 2. | Ж. Болиев | Шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи |
| 3. | Б. Мелиев | «Маҳалла» ҳайрия жамоат фонди раиси в. б. |
| 4. | Х. Маматқулов | «Нуроний» жамғармаси раиси |
| 5. | А. Султонов | Маънавият тарғибот Маркази раҳбари |
| 6. | Д. Файзуллаев | Шаҳар бош имом-хатиби |
| 7. | Р. Суяров | Шаҳар Маданият ва спорт ишлари бўлими мудири |