жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳокимининг
Қарори
2014 йилда туманда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майдаги «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 22-моддаси (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 25-26-сон, 225-модда, 2009 й., 52-сон, 553-модда) ҳамда (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами 1999 й., 7-сон, 40-модда) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сонли «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида»ги низомни ижросини таъминлаш, иш қидираётган шахс сифатида туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш марказига рўйхатга олинган фуқароларга уларнинг вақтинча иш ҳақи олиши ва иш қидираётган даврида уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, Марказ томонидан «ишсиз» деб эътироф этилган фуқароларни вақтинча иш билан таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, ишсизлар ўртасида боқимандаликнинг олдини олиш, биринчи марта иш қидираётган ҳамда касби бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятига жалб қилиш ва Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 22-моддасига асосан туманда 2014 йил давомида ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иловада* кўрсатилган корхона, муассаса ва ташкилотларда амалга оширилиши ташкил этилсин.
илова берилмайди.
2. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (И. Қобулов)га иш қидираётган ва ишсиз шахслар таркиби ва сонини ҳисобга олган ҳолда ишчи кучига бўлган талаб ва таклифларни таҳлил қилиш асосида аҳолини иш билан таъминлаш минтақавий дастурининг махсус бўлимига киритиладиган ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича таклифларни тайёрлаш ва туман ҳокимлигига тақдим этиш вазифаси юклатилсин.
3. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этувчи корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларига;
иловада қайд этилган ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш таъминлансин;
жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сон қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида»ги низомнинг 23-бандига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли корхоналар ва ташкилотлар бўйича 50 фоизи иш берувчилар маблағлари ва 50 фоизи маҳаллий бюджет ва Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига;
бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бўйича 75 фоизи иш берувчилар маблағлари ва 25 фоизи Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобига амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
4. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази йўлланмаси бўйича ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган фуқароларнинг ҳақ тўланадиган жамоат ишига қабул қилинганлиги тўғрисидаги маълумот 3 кун муддатда марказга ёзма равишда хабар қилинсин.
5. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг уйига бориб, ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган меҳнат бўлимларида рўйхатга олинган ишсиз фуқароларга иш ҳақи тўлаш харажатлари тўлиқ Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
6. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (И. Қобулов)га корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан мазкур қарорнинг тўлиқ бажарилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатилсин. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган ва иш билан таъминланган фуқаролар белгиланган тартибда ҳисобга олинсин.
7. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2013 йил 21 январь кунги 63-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
9. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари А. Бобобеков зиммасига юклатилсин.
Ҳоким М. БОБОБЕКОВ
Гагарин ш.,
2014 йил 19 февраль,
100-сон