Самарқанд вилояти Тайлоқ тумани ҳокимининг
Қарори
2014 йил учун ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сонли «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ва вилоят ҳокимининг 1999 йил 27 августдаги 222-Қ-сонли қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда меҳнат бозоридаги вазиятни яхшилаш учун 2014 йил туманда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш мақсадида туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг шу хусусидаги 2013 йил 28 сентябрдаги 79-сонли хатини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 22-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сонли қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида»ги низоми ва 2002 йил 29 мартдаги 106-сонли «Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатишни кучайтириш тўғрисида»ги ва шу хусусидаги вилоят ҳокимининг 2002 йил 3 апрелдаги 98-Қ-сонли қарорлари талабларидан келиб чиқиб, иш қидираётган шахс сифатида туман Бандликка кўмаклашиш марказида рўйхатга олинган фуқароларга уларнинг вақтинча иш ҳақи олиши, иш қидираётган даврда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2014 йил учун туман ҳудудидаги корхона, ташкилот, муассаса ҳамда фермер хўжаликларида ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил қилинсин.
2. Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил қилувчи корхона, ташкилот, муассаса ва хўжаликларда бажариладиган ишлар рўйхати иловага* асосан тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил қилишда таклиф билан чиқадиган барча ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (М. Гадоев) билан шартномалар тузсинлар.
4. Белгилаб қўйилсинки:
ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг уйига бориб ижтимоий хизмат кўрсатишга «Қизил ярим ой» жамияти орқали жалб этиладиган ишсиз фуқароларга иш ҳақи тўлаш билан боғлиқ харажатларни маблағлар билан таъминлаш тўлиқ Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
бажариладиган ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этган ишсиз фуқароларнинг иш ҳақиси давлат ҳокимияти органларидаги корхоналарда 50 фоизи мазкур корхона томонидан, қолган 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан, бошқа корхоналарда 75 фоизи корхона томонидан қолган 25 фоизи тақдим қилинган ҳужжатлар бўйича туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан молиялаштирилади;
аҳолини иш билан таъминлашда ноқулай вазиятлар билан боғлиқ истисно ҳолларда, давлат ҳокимияти органлари корхоналарида иш ҳақи харажатининг кўпи билан 75 фоизи, бошқа корхоналарда кўпи билан 50 фоизи миқдорида қопланади.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Ғ. Қулиев зиммасига юклатилсин.
6. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким П. АХМЕДОВ
Тайлоқ т.,
2013 йил 8 октябрь,
563-қ-сон