Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
буйруғи
Солиқ маслаҳати миллий стандарти (4-сонли СММС) «Солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш»ни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 18 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2526]
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 23 январдаги 100-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2526-1, 05.02.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2024 й., 10/24/2526-1/0096-сон)
1. Солиқ маслаҳати миллий стандарти (4-сонли СММС) «Солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 14 октябрь,
95-сон
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2013 йил 14 октябрдаги 95-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Солиқ маслаҳати миллий стандарти (4-сонли СММС) «Солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш»
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Солиқ маслаҳати миллий стандарти (4-сонли СММС) (бундан кейинги ўринларда стандарт деб юритилади) солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 23 январдаги 100-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2526-1, 05.02.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2024 й., 10/24/2526-1/0096-сон)
I боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур стандарт талаблари барча солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари томонидан қўлланилиши мажбурийдир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур стандарт билан тартибга солинмаган муносабатлар қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек тарафлар ўртасида тузиладиган шартномалар билан тартибга солинади.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
2. Мазкур стандарт қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
бир марталик (бир йўла) хизмат кўрсатиш шартномалари бўйича солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан кўрсатиладиган хизматларга;
солиқ маслаҳатчиларининг жиноий ишни кўриб чиқиш вақтида иштирок этишига.
3. Солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилишга солиқ маслаҳати бўйича хизматлар шартнома асосида кўрсатилади.
4. Хизматлар кўрсатишда солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб ўз ихтиёрига кўра ҳаракат қилади, бундан мазкур стандартга ёхуд тузилган шартномага мувофиқ ҳаракатларни мижоз (ишонч билдирувчи) билан келишиш талаб этиладиган ҳоллар мустасно.
II боб. Солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш учун солиқ маслаҳати бўйича хизматлар
5. Солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш учун солиқ маслаҳати бўйича хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
солиқ текшируви материаллари, уларни кўриб чиқиш тартиби, шунингдек солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органи қарорининг қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини таҳлил қилиш;
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
давлат солиқ хизмати органининг қарори устидан шикоят қилиш учун ҳуқуқий нуқтаи назарни ишлаб чиқиш;
мижознинг (ишонч билдирувчининг) нуқтаи назарини тасдиқловчи ҳужжатларни йиғиш;
давлат солиқ хизмати органининг қарори устидан юқори давлат солиқ хизмати органига шикоят тайёрлаш ва бериш;
давлат солиқ хизмати органининг қарори устидан шикоят кўриб чиқилаётганда юқори давлат солиқ хизмати органларида мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш.
6. Мазкур стандартга мувофиқ хизматлар кўрсатадиган солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижозга (ишонч билдирувчига) солиққа оид низо бўйича барча вазиятлар ва юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни тушунтиради.
7. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиққа оид низо бўйича ўз нуқтаи назарини ва кўзда тутилаётган хатти-ҳаракатларни мижоз (ишонч билдирувчи) билан келишади.
8. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиққа оид низони ҳал этиш бўйича иштирок этиш учун мижознинг (ишонч билдирувчининг) ваколатли вакилларини, шунингдек мижознинг (ишонч билдирувчининг) розилиги билан учинчи шахсларни жалб этишга ҳақли.
III боб. Судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилишда солиқ маслаҳати бўйича хизматлар
9. Агар солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида хизматлар кўрсатиш бўйича шартномада судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш бўйича хизматлар кўрсатиш назарда тутилган бўлса, давлат солиқ хизмати органининг қарори устидан юқори давлат солиқ хизмати органига берилган шикоят қаноатлантирмай қолдирилган тақдирда, алоҳида шартнома тузиш талаб қилинмайди.
Бунда солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида хизматлар кўрсатиш бўйича шартнома, шунингдек стандартнинг мазкур бобида белгиланган талабларга ҳам жавоб бериши керак.
10. Судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилишда солиқ маслаҳати бўйича хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
солиқ текшируви материаллари, уларни кўриб чиқиш тартиби, шунингдек солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органи қарорининг қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини таҳлил қилиш;
(10-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
шикоят қилиш учун ҳуқуқий нуқтаи назарни ишлаб чиқиш ва давлат солиқ хизмати органининг қарори устидан судга шикоят қилиш;
мижознинг (ишонч билдирувчининг) нуқтаи назарини тасдиқловчи ҳужжатларни йиғиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат солиқ хизмати органининг қарори устидан судга даъво киритиш ва суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш;
(10-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш.
11. Агар бир шартномада солиққа оид низони судгача ҳал этиш вақтида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилишга хизматлар кўрсатиш назарда тутилган бўлса ва юқори давлат солиқ хизмати органига берилган шикоят қаноатлантирмай қолдирилган тақдирда қўшимча таҳлил, ҳуқуқий нуқтаи назарни ишлаб чиқиш ва ҳужжатлар йиғиш талаб этилмайди. Бироқ шартномада олдин тайёрланган ҳужжатларга аниқликлар ва қўшимчалар киритилиши зарурлиги назарда тутилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ берилган ишончнома асосида амалга оширилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Мазкур стандартга мувофиқ хизматларни кўрсатиш учун солиқ маслаҳатчилари ташкилоти судда исбот сифатида мижознинг (ишонч билдирувчининг) розилиги билан у тақдим этган ҳужжатлардан, қонунчилик ҳужжатларидан, ваколатли органларнинг тушунтиришларидан ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланиши мумкин.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
14. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижоз (ишонч билдирувчи) билан тузилган шартномада ва ишончномада белгилаб берилган барча суд инстанцияларида иштирок этади.
IV боб. Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг жавобгарлиги
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилишга хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномани бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида мижозга (ишонч билдирувчига) зарар етказганлиги учун жавобгар бўлади. Мижозга (ишонч билдирувчига) етказилган зарарларнинг, шу жумладан бой берилган фойданинг ўрни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши керак.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
16. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти кўрсатилган хизмат оқибатлари учун жавобгар бўлмайди, агарда бундай оқибатлар мижоз (ишонч билдирувчи) томонидан нотўғри маълумотлар тақдим қилиниши натижасида юзага келган бўлса.
V боб. Якуний қоида
17. Мазкур стандарт Ўзбекистон Республикасининг Олий суди, Олий хўжалик суди ва Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган.
Олий суд раиси Б. МУСТАФАЕВ
2013 йил 11 октябрь
Олий хўжалик суди раиси К. КАМИЛОВ
2013 йил 11 октябрь
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
2013 йил 11 октябрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 47-сон, 620-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон; 05.02.2024 й., 10/24/2526-1/0096-сон)