ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ Муборак тумани ҳокимининг
ҚарорИ
Туманда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 22 майдаги VI-23-2-4-0-K/21-сонли «Қашқадарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 7 сентябрдаги «2007—2010 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишни янада кучайтириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги ПҚ-459-сонли (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 37-38-сон, 376-модда), 2007 йил 6 апрелдаги «Аҳоли бандлигини ошириш ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-616-сонли қарорлари (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 15-сон, 156-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сонли қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида»ги Низом ижросини таъминлаш ҳамда ишга жойлашишга муҳтож, иш билан таъминланмаган аҳолини жумладан, касбга эга бўлмаган ёшларни, ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, шунингдек ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Муборак туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг ишга жойлашишга муҳтож, иш билан банд бўлмаган аҳолини (касбга эга бўлмаган ёшларни) бандлигини таъминлаш, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатишни таъминлаш, шунингдек туманнинг қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига кўмаклашишни ташкил этиш юзасидан «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги таклифи маъқуллансин.
3. Ҳақ тўланадиган ишларни бажариш учун юборилган шахсларга корхоналарда амалда бўлган ставкалар ва лавозим маошлари (ишбай нархлар)дан келиб чиққан ҳолда, амалда бажарилган иш учун, аммо амалда ишлаган вақт учун ишсизлик бўйича нафақа миқдори 15 фоизига кўпайтирилганидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўлансин.
4. Муборак туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган фуқароларнинг касб маҳоратини, иш тажрибасини, ёши, жинси ва бошқа хусусиятларини жамоат ишини ташкил этаётган тегишли корхона, ташкилот ва муассасалардаги ишнинг тури ва зарурий меҳнат шароитларини ҳисобга олган ҳолда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Б. Эгамбердиев зиммасига юклатилсин.
5. Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари учун маблағ ажратиш Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17 ва 22-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сонли қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги Низомининг 23-бандига мувофиқ ҳақ тўланадиган жамоат ишларини маблағ билан таъминлаш иш берувчи томонидан ўз маблағлари, шунингдек маҳаллий бюджет ва Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга ошириш, бунда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинадиган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларининг:
жойлардаги давлат ҳокимияти органларига қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бўйича — эллик фоизи иш берувчилар маблағлари ва эллик фоизи маҳаллий бюджет ва Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига;
бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бўйича — етмиш беш фоизи иш берувчилар маблағлари ва йигирма беш фоизи Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга ошириш белгилансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сонли қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги Низомнинг 25-бандига мувофиқ аҳолини иш билан таъминлашда ноқулай вазиятлар билан боғлиқ истисно ҳолларда, шунингдек ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш учун иш берувчиларни қизиқтириш мақсадида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига қуйидаги миқдорларда:
жойлардаги давлат ҳокимияти органлари мулки бўлган корхоналарда, хўжалик ҳисобидаги корхоналардан ташқари — меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларининг кўпи билан етмиш беш фоизи;
бошқа корхоналарда — меҳнатга ҳақ тўлаш учун харажатларнинг кўпи билан эллик фоизи қоплансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 июлдаги 353-сонли қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги Низомнинг 26-бандига мувофиқ ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг уйига бориб ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган, туман бандликка кўмаклашиш ва ижтимоий муҳофаза қилиш марказида рўйхатга олинган ишсиз фуқароларга иш ҳақи тўлаш харажатлари тўлиқ Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
8. Корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари зиммасига ҳақ тўланадиган жамоат ишларига қатнашаётган фуқаролар тўғрисида тўлиқ маълумотларни (табель) ҳар ойнинг 25-санасига қадар туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига тақдим қилиб бориш ҳамда уларга иш ҳақларини тўлиқ ўз вақтида ойма-ой тўланишини таъминлаш тавсия этилсин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини таъминлаш туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори Б. Эгамбердиев, назорат қилиб бориш эса туман ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Р. Полвонов зиммасига юклатилсин.
10. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким П. АЛЛАҚУЛОВ
Муборак ш.,
2013 йил 26 июнь,
Х-435/06-сон
Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил этувчи ташкилот, муассаса ва фермер хўжаликлари
РЎЙХАТИ
|
Т/р |
Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил этиладиган ташкилот, муассаса ва фермер хўжаликларининг номи |
Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари тури |
Жалб қилинадиган кишилар сони |
Ташкил қилиш даври |
|
1 |
2 |
3 |
4 |
5 |
|
1. |
Лазиз Раҳмат Шаҳриддин фермер хўжалиги |
Ариқ қазиш, кўчат экиш, қишлоқ хўжалик ишлари |
10 |
2013 йил 2-чорак |
|
2. |
Рамазон ўғли Муҳаммад фермер хўжалиги |
қишлоқ хўжалик ишлари |
15 |
2013 йил 2-чорак |
|
3. |
Оқчашма фермер хўжалиги |
қишлоқ хўжалик ишлари |
10 |
2013 йил 2-чорак |
|
4. |
Ободонлаштириш бошқармаси |
ободонлаштириш ишлари |
10 |
2013 йил 3-чорак |
|
5. |
Рўзибой Хусан фермер хўжалиги |
қишлоқ хўжалик ишлари |
10 |
2013 йил 3-чорак |
| |
Жами: |
Х |
55 |
Х |
Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳи
ТАРКИБИ
| 1. | Р. Полвонов | туман ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари, гуруҳ рахбари |
| 2. | Б. Эгамбердиев | Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори |
| 3. | Г. Турсунов | туман молия бўлими бошлиғи |
| 4. | К. Фарходов | «Маҳалла» жамғармаси туман бўлими раиси |