Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Элчихоналар фаолиятига тааллуқли масалаларни ўзаро тартибга солиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
суверенитет принципларига, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг қоидаларига эҳтиром изҳор этиб, Дипломатик алоқалар тўғрисида Венада 1961 йилнинг 18 апрелида имзоланган конвенция ҳамда халқаро ҳуқуқнинг бошқа меъёрларига асосланиб,
икки томонлама дўстона алоқаларни ўзаро ҳурмат, тенглик ва манфаатдорлик руҳида ривожлантиришга интилиб,
Ўзбекистон Республикасининг Боку шаҳридаги Элчихонаси, Озарбайжон Республикасининг Тошкент шаҳридаги Элчихонаси фаолиятига тааллуқли масалаларни тартибга солишга ўзаро ҳаракат қилиш ниятида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар, умум манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Боку шаҳридаги Элчихонаси ҳамда Озарбайжон Республикасининг Тошкент шаҳридаги Элчихонаси фаолиятига тааллуқли масалаларни тенглик асосида ҳал этишга келишиб олдилар.
2-модда
Озарбайжон Республикаси Ҳукумати Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига Боку шаҳрининг Насимий тумани Бакиханов кўчасидаги манзилда жойлашган № 631 даҳадаги С.Ғозиева истироҳатгоҳи ҳудудидан 0,7 га майдондаги ер участкасини тақдим этади.
Мазкур участканинг аниқ ўрни ҳамда чегаралари ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган тарҳ-режада (1-илова*) белгиланган.
* 1-илова берилмайди
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Озарбайжон Республикаси Ҳукуматига Тошкент шаҳар Халқлар Дўстлиги шоҳкўчасида (Шарқ тонги, № 25, 39) жойлашган 0,48 га майдондаги ер участкасини тақдим этади.
Мазкур участканинг аниқ ўрни ҳамда чегаралари ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган тарҳ-режада (2-илова*) белгиланган.
* 2-илова берилмайди
Тенглик тартибига риоя қилиш мақсадида ўзбек томони озарбайжон томонига қўшимча равишда 0,22 га ер майдони ажратиб беради.
Томонлар ер участкаларини элчихоналар биноларининг, элчиларнинг қароргоҳлари, турар жой ва бошқа иморатлар қурилиши, таъмирланиши учун тақдим этадилар.
Озарбайжон Республикасида ушбу моддада кўрсатилган участкада Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати маблағига қурилган бинолар Ўзбекистон Республикасининг мулки ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасида ушбу моддада кўрсатилган участкада Озарбайжон Республикаси Ҳукумати маблағига қурилган бинолар Озарбайжон Республикасининг мулки ҳисобланади.
Ушбу Битим имзоланган пайтга қадар Тошкент шаҳар Халқлар Дўстлиги (Шарқ тонги, 25, 39) манзилида мавжуд бўлган бинолар кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан Озарбайжон Республикаси Элчихонасига фойдаланиш учун ижарага берилади.
3-модда
Томонлар ер участкаларини бир-бирларига 49 йил муддатга беришга келишдилар. Ер участкалари, шунингдек мазкур ер участкаларида жойлашган бино ҳамда иншоотлар газ, электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув, канализация, иситиш, телефон ва бошқа шу каби конкрет хизматлар ҳақидан ташқари давлат ёки маҳаллий маъмурлар томонидан жорий этилган ҳар қандай турдаги солиқлардан озод қилинади.
4-модда
Томонлар ушбу Битимнинг 2-моддасида кўзда тутилган ер участкаларидан фойдаланиш учун берилган ҳуқуқларни ўз мамлакатлари қонунчилигига мувофиқ расмийлаштирадилар ва тегишли ҳужжатларни берадилар.
5-модда
Ҳар бир Томон ўз бюджет маблағи ҳисобига ишларнинг қурилиш паспортини тайёрлашга, шунингдек коммунал хизматлар (электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув билан таъминлаш, канализация, иситиш, газ), телефон ва элчихоналарга кўрсатиладиган бошқа шу каби хизматлар ҳақини тўлашига рози бўлди.
Ер участкасини тақдим этган Томонлар тақдим этилган ер участкаси чегарасигача давлат бюджети ҳисобидан йўл қурадилар, муҳандислик робиталари(биринчи тоифа бўйича электр таъминоти, телефон алоқаси, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, канализация, иситиш, газ ва б.)ни ўтказадилар ҳамда бу робиталарни шаҳар тармоқларига улайдилар.
6-модда
Мазкур объектлар қурилиши учун мўлжалланган қурилиш материаллари ва ускуналар, буларнинг рўйхати ва кўлами қурилиш контрактларида келишиб олинади, ҳар қандай солиқлар, йиғимлар ва божхона божларидан озод қилинади.
7-модда
Томонлар элчихоналар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига дипломатик ваколатхоналарнинг ходимларига хизмат қиладиган шифо масканларида бепул тиббий хизмат кўрсатилишини кафолатлайдилар.
8-модда
Томонлар элчихоналар ходимлари фарзандларининг давлатга қарашли мактабгача тарбия муассасаларига жойлаштирилишини, умумтаълим мактаблари ва ўрта ўқув юртларида бепул таълим олишларини кафолатлайдилар.
9-модда
Томонлар ушбу мажбуриятларни ўз зиммаларига оладилар:
ер участкаларидан мўлжалланганига биноан ва ушбу Битим шартларига мувофиқ фойдаланиш;
айни давлатнинг шаҳар ижроия маъмурлари ҳамда тегишли муассасаларига қурилиш, реконструкция ва қайта режалаштириш учун лойиҳа ва бошқа ҳужжатларни келишиб олиш мақсадида киришга имкон бериш;
айни давлатнинг ер участкаларидан фойдаланишга дахлдор барча қонун ҳужжатларига амал қилиш;
ер усти ва ер ости робиталаридан, йўллардан фойдаланиш шартларини фойдаланиш хизматлари талабларига мувофиқ бажариш, уларни таъмирлаш ва тузатишга монелик қилмаслик.
10-модда
Ушбу Битимни амалга ошириш давомида юзага келиши мумкин бўлган барча баҳслар Томонлар ўртасида музокаралар орқали ҳал этилади.
11-модда
Томонлар ўзаро келишиб, ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишлари мумкин. Барча ўзгартиш ва қўшимчалар алоҳида баённомалар тарзида расмийлаштирилади ва ушбу Битимнинг таркибий қисми ҳисобланади.
12-модда
Ушбу Битим Томонларнинг уни бажариш учун давлат ички процедуралари бажарилганлиги тўғрисида берган охирги билдиришномалари санасидан бошлаб кучга киради ва Томонлардан биронтаси унинг амал қилиши кутиладиган муддат тугашидан камида олти ой илгари унинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги ниятидан иккинчи Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмагунича амал қилади.
Тошкент шаҳрида, 1999 йилнинг 23 июлида икки нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга
Ушбу Битим қоидаларини талқин этишда рус тилидаги матн қўлланади.
(имзолар)