Ўзбекистон Республикаси ва Украина ўртасида
Шартнома
Озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Украина, бундан кейин Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
давлат суверенитети, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат принципларидан келиб чиқиб,
халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланиб ва жиноят ҳуқуқи соҳасидаги давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришни истаб,
ҳукм этилганларнинг жазони ўзлари фуқароси бўлган давлатда ўташлари жазони ижро этиш мақсадига самаралироқ эришишга, ҳуқуқни бузганларни жамиятда нормал ҳаётга қайтаришга кўмаклашишини ҳисобга олиб,
гуманизм ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш принципларига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Атамаларни аниқлаш
Атамаларни аниқлаш
1. Ушбу Шартнома мақсадларига эришиш учун қуйида кўрсатилган атамалар:
1) «ҳукм чиқарилган давлат» — суди шахсни озодликдан маҳрум этиш тарзида жазолаш тўғрисида ҳукм чиқарган Аҳдлашувчи Томонни;
2) «ҳукм ижро этиладиган давлат» — озодликдан маҳрум этилган шахс жазони ўташни давом эттириш учун ўтказилаётган ва унинг фуқароси бўлган Аҳдлашувчи Томонни;
3) «маҳкум» — жиноят содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш тарзида Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг суди ҳукм этган шахсни;
4) «яқин қариндошлар» —
Ўзбекистон Республикаси учун: қариндош бўлган ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-оналар, ака-укалар ва опа-сингиллар, эр-хотинлар, болалар, жумладан фарзандликка олинганлар, набиралар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари ва опа-сингиллари,
Украина учун: қариндош бўлган шахслар, яъни она, ота, эр, хотин, болалар, туғишган ака-укалар ва опа-сингиллар, набиралар, бува ва буви, фарзандликка олувчилар, фарзандликка олинганлар;
5) «қонуний вакиллар» — ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг қонунлари томонидан ўрнатилган тартибда шундай деб тан олинганларни;
6) «ваколатли органлар» — маҳкумларни ўтказиш тўғрисидаги қарорларни бажарувчи Аҳдлашувчи Томонларнинг органларини;
7) «марказий органлар» —
Ўзбекистон Республикаси учун — Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси;
Украина учун — Украина Адлия вазирлиги.
2. Ушбу Шартномани бажариш масалалари бўйича Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари марказий органлар орқали бир-бирлари билан алоқада бўладилар.
2-модда
Умумий принциплар
Умумий принциплар
1. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартнома шартларига биноан бир-бирларининг сўровномалари бўйича ҳукм чиқарган давлат ҳудудида жиноятлар содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўтаётган ва бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг фуқароси бўлган маҳкумларни ҳукм ижро этиладиган давлатда жазони ўташ учун ўтказиш мажбуриятини оладилар.
2. Маҳкум фуқароси бўлган Аҳдлашувчи Томон суди ҳукм чиқарган Аҳдлашувчи Томонга маҳкумни ўтказиш имконияти тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаат этиши мумкин.
3. Суди ҳукм чиқарган Аҳдлашувчи Томон маҳкум фуқароси бўлган Аҳдлашувчи Томонга маҳкумни ўтказиш имконияти тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаат этиши мумкин.
3-модда
Маҳкумни ўтказиш процедурасини қўзғатиш учун асос
Маҳкумни ўтказиш процедурасини қўзғатиш учун асос
Маҳкумни у фуқароси бўлган Аҳдлашувчи Томонга ўтказиш процедурасини қўзғатиш учун асос бўлиб шу шахснинг ёки унинг яқин қариндошларининг, ёки унинг қонуний вакилининг ҳукм чиқарган давлатнинг марказий органига юборилган ариза ҳисобланади.
4-модда
Маҳкумни ўтказиш тўғрисидаги ариза бўйича қарор
Маҳкумни ўтказиш тўғрисидаги ариза бўйича қарор
1. Келиб тушган сўров бўйича ўтказиш учун розилик ёки рад этиш қарорини ушбу Шартноманинг 8-моддаси 1-бандида санаб ўтилган ҳужжатлар олинган кундан бир ойлик муддатдан кечиктирмай Аҳдлашувчи Томоннинг марказий органи томонидан қабул қилинади. Қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда у тўғрисида юборилган сўров юборилган шахсга ёки уни ўтказиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган шахсга хабар қилинади.
2. Маҳкумни ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор асосланган бўлиши лозим.
5-модда
Маҳкумни ўтказиш шартлари
Маҳкумни ўтказиш шартлари
1. Маҳкум қилинган шахс ушбу Шартномага мувофиқ қуйидаги шартлар мавжуд бўлса ўтказилиши мумкин:
1) агар бу шахс ҳукм ижро этиладиган давлат фуқароси бўлса;
2) агар ҳукм қонуний кучга кирган бўлса;
3) агар ўтказиш тўғрисидаги сўровнома олинган вақтда маҳкум яна камида 6 ой мобайнида жазони ўташи керак бўлса;
4) агар маҳкум ёки, унинг ёшини, жисмоний ёки руҳий аҳволини эътиборга олиб, Аҳдлашувчи Томонлардан бири буни зарур деб ҳисобласа, маҳкумнинг қонуний вакили ўтказишга рози бўлса;
5) агар ҳукм чиқаришга асос бўлган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ҳукм ижро этиладиган давлатнинг қонунларига кўра жиноят деб ҳисобланса;
6) агар жиноят туфайли етказилган моддий зарар ундирилган бўлса;
7) агар ҳукм чиқарилган давлат ва ҳукм ижро этиладиган давлат маҳкумни ўтказишга рози бўлишса.
2. Маҳкумни ўтказиш имконияти ва унинг юридик оқибатлари тўғрисида ҳукм чиқарилган давлатнинг жиноий- ижроия тизими бошқарув органларининг мансабдор шахслари томонидан маҳкумга ёки унинг қонуний вакилига тушунтирилган бўлиши керак.
3. Ҳатто агар маҳкумнинг жазони ўташига 6 ойдан кам вақт қолган ёки жиноят туфайли етказилган зарар тўлиқ ҳажмда ундириб олинмаган тақдирда ҳам Аҳдлашувчи Томонлар маҳкумни ўтказишга истисно ҳолларида рози бўлишлари мумкин.
6-модда
Маҳкумни ўтказиш амалга оширилмайдиган шартлар
Маҳкумни ўтказиш амалга оширилмайдиган шартлар
Агар:
1) ушбу Шартноманинг 5-моддаси 1-бандида санаб ўтилган шартларга риоя қилинмаган бўлса;
2) маҳкум фуқароси бўлган Аҳдлашувчи Томон шу Аҳдлашувчи Томон қонунларига мувофиқ жиноий таъқиб муддати ўтганлиги оқибатида жазони амалга ошира олмаса;
3) ушбу Шартноманинг 8-моддаси шартлари сўровчи Аҳдлашувчи Томон тарафидан керакли тарзда бажарилмаган бўлса,
маҳкумни ўтказиш амалга оширилмайди.
7-модда
Маълумот тақдим қилиш
Маълумот тақдим қилиш
Аҳдлашувчи Томонлар ўз зиммаларига қуйидаги мажбуриятларни оладилар:
1) бошқа Аҳдлашувчи Томон фуқароларининг озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилгани, шунингдек уларнинг туриш жойи тўғрисида марказий органлар орқали бир-бирларини ёзма равишда хабардор қилиш;
2) маҳкумларга, уларнинг қонуний вакилларига, ёки яқин қариндошларига, маҳкум фуқароси бўлган давлатга ўтказиш тўғрисидаги ариза билан исталган бир Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органларига мурожаат қилишларининг имкониятини тушунтириш ва амалда таъминлаш.
8-модда
Маҳкумни ўтказиш тўғрисидаги сўровнома ва зарур ҳужжатлар
Маҳкумни ўтказиш тўғрисидаги сўровнома ва зарур ҳужжатлар
1. Маҳкумни ўтказиш тўғрисидаги сўровнома ёзма шаклда тузилади ва унга ҳукм чиқарилган давлатнинг марказий органи томонидан қуйидагилар илова қилинади:
1) маҳкумнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, тутилган санаси ва жойи);
2) маҳкумнинг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат;
3) шахснинг ҳукм қилинишига асос бўлган жиноят ва жазо тўғрисидаги қонун моддаларининг матни;
4) маҳкумнинг ёки ушбу Шартноманинг 5-моддаси 1-банди 4-кичик бандида назарда тутилган ҳолларда унинг қонуний вакилининг ўтказишга розилик тўғрисидаги ёзма аризаси;
5) ҳукмнинг ва юқори турувчи суд органларининг иш бўйича мавжуд қарорларининг, ҳукмнинг қонуний кучга кириши тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхалари;
6) жазонинг ўталган қисми ва жазонинг ўталиши керак бўлган қисми тўғрисидаги ҳужжат;
7) қўшимча жазонинг, агар у тайинланган бўлса, ижроси тўғрисидаги ҳужжат;
8) маҳкум соғлиғининг аҳволи тўғрисида медицина хулосаси ва хулқ-атворининг хусусиятлари тўғрисида маълумотлар;
9) моддий зарар мавжудлиги ва уни ундириш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;
10) бошқа ҳужжатларнинг нусхалари фақат ваколатли органларнинг ўзаро келишувига биноан илова қилиниши мумкин.
2. Санаб ўтилган барча ҳужжатлар бунга ваколати бўлган шахс томонидан имзоланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган бўлиши керак.
9-модда
Розиликнинг ихтиёрийлик кафолати
Розиликнинг ихтиёрийлик кафолати
1. Ҳукм чиқарилган давлат ушбу Шартноманинг 5-модда 1-бандининг 4-кичик бандига мувофиқ ўтказишга розилик бераётган шахс буни ихтиёрий ва бундай розиликнинг ҳуқуқий оқибатларини тўлиқ тушуниб қилишини таъминлайди.
2. Ҳукм чиқарилган давлат ҳукм ижро этиладиган давлатга расмий шахс ёрдамида маҳкум шахсни ўтказишга розилик шу модданинг 1-бандига мувофиқ олинганлигини текшириш имкониятини беради.
10-модда
Маҳкумнинг ўтказиш процедураси
Маҳкумнинг ўтказиш процедураси
Маҳкумни ўтказиш жойи ва тартиби Аҳдлашувчи Томонларнинг жазони ижро этувчи органлари томонидан белгиланади.
11-модда
Харажатлар
Харажатлар
Маҳкумларни ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар фақат ҳукм чиқарилган давлат ҳудудида вужудга келган харажатлардан ташқари, ҳукм ижро этиладиган давлат томонидан қопланади.
12-модда
Жазони ижро этиш
Жазони ижро этиш
1. Ҳукм ижро этиладиган давлат, бунда ўз миллий қонунчилигига амал қилиб, жазони тўлиқ ҳажмда ижро этилишини таъминлашга мажбур.
2. Ҳукм ижро этиладиган давлат маҳкумнинг аҳволини ёмонлаштирмаган ҳолда ўз қонунларига мувофиқ жазони ўташнинг давом этишини таъминлайди. Ҳукмни бошқа Аҳдлашувчи Томон ижро этиши билан боғлиқ масалалар Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг қонунлари бўйича аниқланади.
3. Маҳкумга белгиланган жазо ҳукм чиқарилган давлат судининг ҳукмига асосан ўталади. Ҳукм ижро этиладиган давлат суди чиқарилган ҳукмдан келиб чиқиб уни ижро этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
4. Агар ҳукм ижро этиладиган давлат қонунлари бўйича мазкур қилмиш учун озодликдан маҳрум қилишнинг чекланган муддати ҳукм бўйича тайинланган муддатдан кам бўлса, ҳукм ижро этиладиган давлат суди ушбу давлатнинг қонунларида назарда тутилган озодликдан маҳрум этишнинг энг кўп муддатини белгилайди.
5. Агар ҳукм ижро этиладиган давлатда биттаси ёки бир нечтаси жиноят деб эътироф этилмайдиган икки ёки ундан ортиқ қилмишларга тааллуқли бўлса, ушбу давлат суди жазонинг жиноят деб ҳисобланадиган қилмишга нисбатан қўлланадиган қисмини белгилайди.
6. Қўшимча жазони ижро этиш тўғрисидаги қарор, агар бундай жазо содир этилган қилмиш учун ушбу давлат қонунларида назарда тутилган бўлса, ҳукм ижро этиладиган давлат суди томонидан қабул қилинади.
13-модда
Афв этиш ва амнистия
Афв этиш ва амнистия
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўтказилган маҳкумга афв этиш ва амнистияни қўллашга ҳақлидир.
14-модда
Судларнинг ваколатлари
Судларнинг ваколатлари
1. Ўтказилган маҳкумга нисбатан ҳукмнинг асослилигини қайта кўриб чиқиш қонуний ҳуқуқига фақат ҳукм чиқарилган давлат эгадир.
2. Ҳукм қайта кўриб чиқилган тақдирда уни чиқарган давлат ҳукм ижро этиладиган давлатга суднинг ҳукм бекор қилингани ёки ўзгартирилгани тўғрисидаги қарорининг тасдиқланган нусхасини дарҳол жўнатади.
3. Агар маҳкум жазони ўташ учун ўтказилгандан кейин ҳукм чиқарилган давлатда ҳукм бекор қилинган ва ишни янгидан кўриб чиқиш ёки судда кўриш назарда тутилган бўлса, бу тўғридаги қарор нусхаси, жиноий иш материаллари ҳамда маҳкум йўқлигида мумкин бўлган зарур процессуал ҳаракатларни ўтказиш натижалари бўйича бошқа материаллар, жиноий ишнинг барча материаллари рус тилига таржима қилинган ҳолда, ҳукм ижро этиладиган давлатга ушбу давлат қонунларига кўра жиноий таъқибни амалга ошириш учун жўнатилади.
4. Оқлаш асосидаги қўшимча тергов натижалари бўйича жиноий иш тўхтатилган ёки суд томонидан оқлов ҳукми чиқарилган ҳолда асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортиш туфайли шахсга етказилган зарар асоссиз равишда ҳукм қабул қилинган давлат томонидан қопланади.
5. Агар маҳкум жазони ўташ учун ўтказилгандан кейин ҳукм уни чиқарган давлат томонидан ўзгартирилса, бу тўғридаги қарор нусхаси ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳукм ижро этиладиган давлатнинг марказий органига жўнатилади. Ҳукм ижро этиладиган давлат суди бундай қарорни ижро этиш тўғрисидаги масалани ушбу Шартноманинг 12-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал қилади.
15-модда
Ўтказишнинг ҳуқуқий оқибатлари
Ўтказишнинг ҳуқуқий оқибатлари
1. Ҳукм ижро этиладиган давлатга жазони ўташ учун ўтказилган шахсга нисбатан ҳам худди шундай қилмишларни содир этганлик учун ушбу давлат ҳудудида ҳукм этилган шахсларга нисбатан ҳукм қилишнинг худди шундай ҳуқуқий оқибатлари содир бўлади.
2. Бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг суди чиқарган ҳукмни ижро этиш учун ўтказилган шахс ҳукм ижро этиладиган давлат ҳудудида қонуний кучга кирган ҳукмни чиқаришга сабаб бўлган айни шу қилмиш учун қайта жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
16-модда
Транзит олиб ўтиш
Транзит олиб ўтиш
1. Бир Аҳдлашувчи Томон ўз қонунларига мувофиқ, агар бошқа Аҳдлашувчи Томон унга шундай илтимос билан мурожаат қилса ва агар мурожаат қилган Аҳдлашувчи Томон учинчи давлат билан шундай шахсни унинг ҳудудига ёки унинг ҳудудидан ўтказиш тўғрисида келишган бўлса, унинг ҳудуди бўйлаб маҳкум шахсни транзит тарзда олиб ўтиш тўғрисидаги илтимосни қондириши мумкин. Бунда маҳкумни қамоқда сақлашнинг зарур шароитлари таъминланади.
2. Маҳкум шахсни транзит тарзда олиб ўтишни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган харажатларни шундай олиб ўтиш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат қилган Аҳдлашувчи Томон қоплайди.
17-модда
Вужудга келадиган масалаларни ҳал этиш
Вужудга келадиган масалаларни ҳал этиш
Ушбу Шартномани қўллашда пайдо бўладиган масалаларни Аҳдлашувчи Томонларнинг марказий органлари ҳал этадилар.
18-модда
Тил
Тил
1. Ушбу Шартномани бажаришда Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлат тилларидан фойдаланадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг давлат тилларида бажарилган ҳужжатларга рус тилидаги тасдиқланган таржималар илова қилинади.
19-модда
Қўллаш вақти
Қўллаш вақти
Ушбу Шартноманинг амал қилиши Аҳдлашувчи Томонлар судлари томонидан Шартнома кучга киргунича ҳукм этилган шахсларга ҳам татбиқ этилади.
20-модда
Бошқа халқаро шартномаларга муносабат
Бошқа халқаро шартномаларга муносабат
Ушбу Шартноманинг қоидалари Аҳдлашувчи Томонларнинг улар қатнашчилари бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
21-модда
Кучга кириш
Кучга кириш
1. Ушбу Шартнома ратификация қилинади ва Аҳдлашувчи Томонлар ратификация ёрлиқлари билан алмашгандан кейин ўттиз кун ўтгач кучга киради.
2. Шартнома белгиланмаган даврга тузилади.
3. Ушбу Шартноманинг амал қилиши Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисидаги ёзма билдиришномасини олган санадан бошлаб олти ой ўтгач тўхтатилади.
Киев шаҳрида 1998 йил 19 февралда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, украин ва рус тилларида тузилди, барча матнлар аутентикдир.
Ушбу Шартнома матнини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда Аҳдлашувчи Томонлар рус тилида баён қилинган матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)