Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт ва импорт қилишда билвосита солиқлар ундириш принциплари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга интилиб,
халқаро савдо-сотиқнинг умумий равишда қабул қилинган норма ва қоидаларини назарда тутиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Умумий таърифлар
Умумий таърифлар
Ушбу Битим мақсадларида:
а) «билвосита солиқлар» атамаси — қўшилган қиймат солиғини ва акциз солиғини англатади;
б) «нол ставка» атамаси — Аҳдлашувчи Томонларнинг солиқ қонунчилигига мувофиқ қўшилган қийматга нол фоиз ставкаси бўйича солиқ солишни англатади;
в) «ваколатли орган» атамаси — Аҳдлашувчи Томонларнинг молия вазирликларини англатади.
2-модда
Экспорт қилишда солиқни ундириш принципи
Экспорт қилишда солиқни ундириш принципи
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонга экспорт қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар)га билвосита солиқ солмайди.
2. Ушбу модданинг 1-банди қоидаси қўшилган қиймат солиғига нисбатан нол ставка қўлланилишини англатади.
3-модда
Импорт қилишда солиқни ундириш принципи
Импорт қилишда солиқни ундириш принципи
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудидан экспорт қилиниб бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига импорт қилинган товарлар (ишлар, хизматлар)га импорт қилувчи мамлакатда унинг қонунчилигига мувофиқ солиқ солинади. Билвосита солиқлар солиш Аҳдлашувчи Томоннинг бож олинадиган ҳудудига товарлар импорт қилинганда импорт қилувчи Томоннинг божхона органлари томонидан амалга оширилади.
2. Бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан экспорт қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) импортига солиқ солишда Аҳдлашувчи Томонлар Аҳдлашувчи Томонларнинг қонунчилиги билан белгиланган солиқ ставкаларини қўллашади.
3. Импорт қилинаётган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва божхона пошлиналарини чегирмасдан, товарларнинг божхона қийматидан ундирилади.
4-модда
Низоли масалаларни ҳал этиш
Низоли масалаларни ҳал этиш
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги ушбу Битим қоидаларини қўллаш чоғидаги келишмовчиликлар Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
2. Аҳдлашувчи Томонлар учинчи мамлакатлар билан савдо-сотиқ қилишда ўз қонунчилиги доирасида билвосита солиқ солишнинг ўхшаш тизимини яратишга қаратилган келишилган ҳаракатлар қиладилар. Ваколатли органлар, солиқ қонунчилигига риоя этиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам соҳасида илгари эришилган аҳдлашувлар қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу банднинг амал қилиш аниқ тартибини ишлаб чиқадилар.
5-модда
Битимнинг кучга кириши
Битимнинг кучга кириши
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар ўз миллий қонунчилигига мувофиқ ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган барча ички давлат тартиб-қоидаларини бажарганлиги тўғрисида дипломатик ноталар айирбошлаган санадан эътиборан кучга киради ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисидаги ёзма билдиришномани юборган санадан бошлаб ўн икки ой ўтгунгача ўз кучида қолади.
2. Ушбу Битим фақат у кучга киргандан кейин етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар)га нисбатан қўлланади.
1997 йил 20 сентябрда Бишкек шаҳрида ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)