Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Литва Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Автомобиль транспортида халқаро йўловчилар ва юкларни ташиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Литва Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
ўзаро дўстлик асосида ҳар икки мамлакат ўртасида ва улар ҳудудлари бўйича транзит тарзда автомобилда йўловчилар ва юкларни ташишга хоҳиш билдириб, шунингдек бу ташишларни осонлаштиришни истаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битимга мувофиқ равишда Аҳдлашувчи Томонлар ҳудудларида рўйхатга олинган автотранспорт воситалари билан ҳар икки давлат ўртасида ва улар орқали транзит тарзда, халқаро автомобиль алоқалари учун йўллар бўйлаб йўловчилар ва юкларни мунтазам ва номунтазам ташиш амалга оширилади.
I. ЙЎЛОВЧИЛАР ТАШИШ
2-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида йўловчиларни мунтазам ташишларни амалга ошириш учун Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органлари томонидан бериладиган рухсатномалар талаб этилади. Рухсатномалар ваколатли органлар келишган тартибда ва 3 йилгача даврга берилади.
2. Бундай ташишларни ташкил этиш ҳақидаги таклифлар Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари томонидан бир-бирларига олдиндан берилади. Бу таклифларда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак: ташувчининг (фирма) номи ва манзили, юриш йўналиши, ҳаракат жадвали, чегарани кесиб ўтишнинг мўлжалланаётган вақти, тариф, ташувчи йўловчиларни чиқариш ва туширишни амалга оширадиган тўхташ пунктлари, шунингдек ташишларни бажаришнинг мўлжалланаётган даври ва мунтазамлиги.
3-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида ёки улар ҳудудлари бўйлаб транзит тарзда йўловчиларни номунтазам ташишларни амалга ошириш учун Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари берадиган рухсатномалар талаб этилади, ушбу Битимнинг 4-моддасида кўзда тутилган ташишлар бундан мустаснодир.
2. Ушбу модданинг 1-бандида кўзда тутилган йўловчиларни номунтазам ташишни амалга оширишга рухсатнома бериш ҳақидаги илтимоснома ташувчи томонидан ўз мамлакати ваколатли органига йўлланади, у эса бу илтимосномани иккинчи Аҳдлашувчи Томон ваколатли органига жўнатади.
3. Йўловчиларни ҳар бир ташиш учун алоҳида рухсатнома берилиши керак, у агар рухсатноманинг ўзида бошқа нарса қайд этилмаган бўлса, у томонга ва орқага битта қатновни амалга ошириш ҳуқуқини беради, ушбу Битимнинг 4-моддасида кўзда тутилган ташишлар бундан мустаснодир.
Рухсатномада ташишларнинг характери ва автотранспорт воситасининг борадиган мамлакатда бўлиши давомийлиги ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак.
4. Томонларнинг ваколатли органлари ҳар йили бир-бирларига йўловчиларни мунтазам ташиш учун ўзаро келишилган миқдордаги бланкаларни берадилар. Бу бланкаларда рухсатномани берган ваколатли органнинг муҳри ва масъул шахснинг имзоси бўлиши керак.
4-модда
1. Қуйидаги ҳолларда йўловчиларни номунтазам ташишларни бажаришга рухсатнома талаб этилмайди:
а) агар битта таркибдаги гуруҳ автотранспорт воситаси рўйхатга олинган Аҳдлашувчи Томон мамлакати ҳудудида бошланган ва тугалланадиган бутун сафар давомида битта автотранспорт воситасида ташилса;
б) йўловчиларни номунтазам ташиш автотранспорт воситаси рўйхатга олинган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бошланиб, иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида тугалланса, автотранспорт воситаси у рўйхатга олинган мамлакатга бўш қайтиш шарти билан;
в) аввал худди шу ташувчи автотранспорт воситаси билан олиб бориб қўйилган йўловчилар гуруҳи автотранспорт воситаси рўйхатга олинган мамлакатга ташиладиган бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига автотранспорт воситаси бўш юборилганда.
2. Носоз автотранспорт воситаси бошқасига алмаштирилганда ҳам рухсатнома талаб этилмайди.
3. Ушбу модданинг 1-бандида кўзда тутилган ташишларни бажарганда, автотранспорт воситаси ҳайдовчиси йўловчиларнинг рўйхатига эга бўлиши керак.
II. ЮКЛАРНИ ТАШИШ
5-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида юкларни ташиш автотранспорт воситалари билан рухсатномасиз амалга оширилади.
2. Аҳдлашувчи Томонлар ҳудудлари бўйича транзит тарзда ўтадиган ва учинчи мамлакатга транзит тарзда борадиган ёки учинчи мамлакатдан келадиган юкларни ташиш автотранспорт воситалари билан Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органлари берган рухсатномалар асосида амалга оширилади, ушбу Битимнинг 6-моддасида кўзда тутилган ташишлар бундан мустаснодир.
3. Ушбу модданинг 2-бандида кўзда тутилган юкларни ҳар бир ташиш учун алоҳида рухсатнома бўлиши керак. У, агар рухсатноманинг ўзида бошқа нарса қайд этилган бўлмаса, у томонга ва орқага битта қатновни амалга ошириш ҳуқуқини беради.
Рухсатнома ҳар бир автотранспорт воситасига берилади ва бу рухсатнома берилган ташувчи учунгина ҳақиқийдир.
4. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари ҳар йили бир-бирларига ўзаро келишилган миқдорда транзит тарзда ва учинчи мамлакатларга ёки учинчи мамлакатлардан юкларни татишга рухсатнома бланкларини берадилар. Бу бланкларда Рухсатнома берган ваколатли орган муҳри ва масъул шахснинг имзоси бўлиши керак.
6-модда
1. Ушбу Битимнинг 5-моддасида кўрсатилган рухсатномалар қуйидаги ташишларни бажаришга талаб этилмайди:
а) кўчаётганда кўчадиган мулкни ташишда;
б) ярмарка ва кўргазмалар учун мўлжалланган экспонатлар, ускуналар ва материалларни ташишда;
в) спорт тадбирларини ўтказиш учун мўлжалланган транспорт воситалари, ҳайвонлар, шунингдек турли жиҳозлар ва мулкни ташишда;
г) театр декорациялари ва реквизитлари, мусиқа асбоблари, кино суратга олиш, радиоэшиттиришлари ва телевизион кўрсатувлар учун мўлжалланган ускуналар ва буюмларни ташишда;
д) вафот этганларнинг жасадлари ва хокини ташишда;
е) 3,5 тоннагача юк кўтарадиган ва умумий оғирлиги 6 тоннагача бўлган автомобиллар билан юк ташишда;
ж) шикастланган автотранспорт воситаларини ташишда;
з) почтани ташишда;
и) инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш учун мўлжалланган юкларни ташишда.
2. Юк автотранспорт воситаси рўйхатга олинган мамлакатга қайтарилиши керак бўлган ёки юк учинчи мамлакат ҳудудига ташилиши керак бўлган ҳоллардагина ушбу модданинг б-, в-, г-кичик бандларида назарда тутилган истиснолар амал қилади.
7-модда
1. Битта Аҳдлашувчи Томон автотранспорт воситалари билан хавфли юкларни иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудуди бўйлаб ташиш иккинчи Аҳдлашувчи Томон ваколатли органлари берадиган махсус рухсатномалар бўйича амалга оширилади.
2. Юк ортилган ёки бўш автотранспорт воситаси ўлчамларининг юк оғирлиги иккинчи Аҳдлашувчи Томон Миллий қонунларида белгиланган ўлчамлардан ортиқ бўлган ҳолларда, ташувчи иккинчи Аҳдлашувчи Томон ваколатли органларидан махсус рухсатнома олиши керак.
3. Агар ушбу модданинг 1- ва 2-бандларида кўрсатилган рухсатномаларда ташишнинг муайян йўналишлари белгиланган бўлса, ташиш ана шу йўналишлар бўйича амалга оширилади.
8-модда
Ушбу Битимда кўзда тутилган юкларни ташиш умумий қабул қилинган халқаро намунага мос шаклдаги накладнойлар бўйича амалга оширилиши керак.
III. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
9-модда
Ушбу Битимга мувофиқ ташишларни бажараётган автотранспорт воситалари солиқлар ва йиғимлардан озод қилинади, пулли йўллардан фойдаланганлик ва 7-модданинг 2-бандида кўрсатилган ташишлар учун йиғимлардан ташқари.
10-модда
1. Халқаро ташишларни амалга оширадиган автотранспорт воситалари ўз мамлакатларининг рўйхатга олиш ва фарқловчи белгиларига эга бўлиши керак.
Юк автомобиллари ёки автомобиль шатакчилари Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг рўйхатга олиш ва фарқловчи белгиларига эга бўлгандагина тиркамалар ва ярим тиркамалар бошқа мамлакатларнинг рўйхатга олиш ва фарқловчи белгиларига эга бўлиши мумкин.
2. Ушбу Битимда кўзда тутилган ташишлар фақат ўз мамлакати қонунларига мувофиқ халқаро ташишларни амалга оширишга қўйилган ташувчилар томонидан бажарилиши мумкин.
11-модда
Битта Аҳдлашувчи Томон ташувчиларига, агар иккинчи Аҳдлашувчи Томон ваколатли органининг махсус рухсатномасини олмаган бўлсалар, иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида жойлашган икки пункт орасида, шунингдек иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан учинчи мамлакат ҳудудига ва учинчи мамлакат ҳудудидан иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудига йўловчилар ташишни амалга оширишга рухсат этилмайди.
12-модда
Ушбу Битим асосида йўловчилар ва юкларни ташиш фуқаролик масъулияти албатта суғурта қилингандагина амалга оширилади. Ташувчи ушбу ташишларни бажараётган ҳар бир автотранспорт воситасини олдиндан суғурта қилишга мажбурдир.
13-модда
1. Ушбу Битим қоидалари бузилган ҳолда автотранспорт воситаси рўйхатга олинган Аҳдлашувчи Томон ваколатли органлари ҳудудида, қоида бузилган иккинчи Аҳдлашувчи Томон ваколатли органлари илтимосига кўра, амалдаги қонунлардан қатъи назар, қуйидаги тадбирлардан бирини бажаришга мажбурдирлар:
а) ташувчига огоҳлантириш бериш;
б) ташувчига қоидабузарлик такрорланган ҳолда ташишларни амалга оширишга рухсатнома муайян муддатга бекор қилинади ёхуд мазкур модданинг в) кичик бандига мувофиқ бекор қилинади деган мазмунда огоҳлантириш бериш;
в) ушбу Битим асосида берилган рухсатномани муайян муддатга бекор қилиш ёхуд бекор қилиш.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари кўрилган чоралар ҳақида бир-бирларини хабардор қиладилар.
3. Ушбу модда қоидалари ҳокимият органларининг Аҳдлашувчи Томонлар қонунлари ва бошқа ҳуқуқий актлари билан ана шу қонунлар ва ҳуқуқий актларни бузувчиларга нисбатан белгиланадиган жазоларни қўллаш ҳуқуқларини чекламайди.
14-модда
1. Чегара, божхона ва санитария назоратига нисбатан Аҳдлашувчи Томонлар қатнашчилари бўлган халқаро битимлар қоидалари қўлланади, бу битимлар билан тартибга солинмаган масалаларни ҳал этганда эса ҳар икки Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг ички қонунлари қўлланади.
2. Ваколатли органлар томонидан Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудидан у ёки бу турдаги юкнинг транзит тарзда ўтиши ва ташилиши тўла ёки вақтинча тўхтатилган ҳолда Томонлар бу ҳақда бир-бирларини ўз вақтида хабардор қиладилар.
15-модда
Оғир касалларни ташишда, автобуслар билан йўловчиларни мунтазам ташишларда, шунингдек ҳайвонлар ва тез бузиладиган юкларни ташишда чегара, божхона ва санитария назорати навбатдан ташқари амалга оширилади.
16-модда
1. Ушбу Битимга асосан ташишларни бажараётганда иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудига олиб кирилаётган қуйидаги нарсалар божхона йиғимлари, божлар ва рухсатномалардан ўзаро озод қилинади:
а) ҳар бир автотранспорт воситаси модели учун мўлжалланган, технологияси ва конструкцияси жиҳатидан моторни ёнилғи билан таъминлаш тизими билан боғлиқ сиғимлардаги ёнилғи.
Бу фақат автомобилларда ва автомобиль шатакчиларида ўрнатилган сиғимлардаги ёнилғига, шунингдек тиркамаларда ва ярим тиркамаларда ўрнатилган ҳамда рефрижераторлар совутиш қурилмалари ишлаши учун мўлжалланган сиғимдаги ёнилғига тааллуқли бўлади;
б) ташиш вақтида ишлатиш учун зарур миқдордаги мойлаш материаллари;
в) ташишни амалга ошираётган шикастланган автотранспорт воситасини таъмирлаш учун мўлжалланган эҳтиёт қисмлар ва асбоблар.
2. Фойдаланилмаган эҳтиёт қисмлар орқага олиб чиқиб кетилиши, алмаштирилган эҳтиёт қисмлар эса мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши ёхуд тегишли Аҳдлашувчи Томон ҳудудида белгиланган тартибда топширилиши ёки йўқ қилиниши керак.
17-модда
1. Автобус ёки юк автомобили ҳайдовчиси у бошқараётган автотранспорт воситаси тоифасига мос бўлган миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномасига ҳамда автотранспорт воситасини миллий рўйхатга олиш ҳужжатларига эга бўлиши керак.
2. Миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари йўл ҳаракати ҳақидаги Халқаро конвенция белгилаган намунага мос келиши керак.
18-модда
Ушбу Битим доирасида амалга ошириладиган тўловлар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида амал қилаётган тўловлар ҳақидаги битимга мувофиқ тўлов кунида бажарилади.
19-модда
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлат ҳудудида рўйхатга олинган ташувчи ва автотранспорт воситалари экипажи автотранспорт воситаси ҳудудида бўлган мамлакатнинг ҳаракат қоидалари ва қонунларига риоя этишга мажбурдир.
20-модда
Ушбу Битим, шунингдек ҳар икки Аҳдлашувчи Томон қатнашчилари бўлган халқаро битимлар билан тартибга солинмаган масалалар ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг ички қонунларига мувофиқ ҳал этилади.
21-модда
1. Ушбу Битимни бажариш манфаатлари йўлида, шунингдек ушбу Битимни қўллаш ёки талқин қилиш билан боғлиқ барча баҳсли масалаларни ҳал этиш учун Аҳдлашувчи Томонлар Томонларнинг ваколатли органлари вакилларидан иборат Қўшма комиссия тузадилар.
2. Қўшма комиссия Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига кўра навбати билан улардан ҳар бирининг ҳудудида чақирилади.
3. Агар бир Аҳдлашувчи Томон ушбу Битимни ўзгартириш ёки тўлдиришни таклиф этса, Аҳдлашувчи Томонларнинг Қўшма комиссияси мўлжалланаётган ўзгариш ёки қўшимчалар хусусида музокаралар ўтказади.
Ўзгаришлар ва қўшимчалар улар дипломатик каналлар бўйича ноталарни айирбошлаш орқали тасдиқлангандан кейин кучга киради.
22-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар қатнашчилари бўлган, улар тузган бошқа икки томонлама ёки кўп томонлама шартномалардан келиб чиқадиган Аҳдлашувчи Томонлар ҳуқуқлари ва мажбуриятларини вужудга келтирмайди ва ўзгартирмайди.
23-модда
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларини дипломатик каналлар бўйича унинг кучга кириши учун зарур бўлган барча ички давлат талаблари бажарилди деб хабардор қилган кундан бошлаб 30 (ўттиз) кун ўтгандан кейин кучга киради.
2. Ушбу Битим 5 (беш) йилга тузилади ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири Битим тугашидан камида 3 (уч) ой олдин иккинчи Аҳдлашувчи Томонни ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти ҳақида хабардор қилмаса, бундан кейин унинг амал қилиши навбатдаги йиллик даврларга автоматик равишда узайтирилади.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 20 февралда икки ҳақиқий нусхада, ҳар бири ўзбек, литва ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Литва Республикаси Ҳукумати ўртасида автомобиль транспортида халқаро йўловчилар ва юкларни ташиш тўғрисида Битимни қўллаш ҳақида
ИЖРОИЯ ПРОТОКОЛИ
Ушбу Протокол Тошкент шаҳрида 1997 йил 20 февралда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Литва Республикаси Ҳукумати ўртасида автомобиль транспортида халқаро йўловчилар ва юкларни ташиш тўғрисидаги Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Ушбу Битимни қўллаш мақсадида қуйидагилар тўғрисида келишиб олинди:
1. Ваколатли органлар деганда қуйидагиларни тушуниш керак:
Ўзбекистон Республикаси томонидан:
b) 13-, 17-моддалар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги: 700000, Тошкент ш., Наврўз кўчаси, 1, тел. 33-41-35 ва «Ўзавтойўл» давлат-акционерлик концерни: 700000, Тошкент ш., Пушкин кўчаси, 68-а, тел. 39-14-06, 39-45-87, факс 68-27-11.
Литва Республикаси томонидан:
б) 7-модданинг 1-банди бўйича:
1-хавфли даражадаги юклар бўйича — Литва Республикаси Ўлка ҳимоя вазирлиги Транспортировка хизмати: 2009, Вильнюс ш., Басанавичяус кўчаси, 22/2, тел. 62-68-19, факс 65-03-55;
II-IX хавфли даражадаги юклар бўйича — Литва Республикаси Атроф муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги: 2600, Вильнюс ш., Иозапавичяус кўчаси, 9, тел. 72-84-42, факс 72-80-20;
7-модданинг 2-банди бўйича — Литва Республикаси Йўл транспорти давлат инспекцияси: Вильнюс ш., Швитригайлос кўчаси, 42/31, тел. 23-21-90. факс 23-22-70 ва Литва Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл полиция бошқармаси: 2015, Вильнюс ш., Гирайтес кўчаси, 3, тел. 69-89-64, факс 23-32-31
2. Қуйидагиларни тушуниш керак:
2.1. «автотранспорт воситаси» атамаси остида:
юклар ташишда — юк автомобили, тиркамали юк автомобили, шатакчи автомобиль ёки ярим тиркамали шатакчи автомобилни;
йўловчилар ташишда — йўловчиларни ташишга мўлжалланган ва ҳайдовчи жойини ҳисобламаганда камида 8 ўринга эга бўлган автотранспорт воситаси, шунингдек юк ташиш учун тиркамани;
2.2. «мунтазам ташишлар» атамаси остида — Аҳдлашувчи Томонларнинг автотранспорт воситалари томонидан олдиндан келишилган жадвал, юриш йўналиши бўйича ҳаракатнинг бошланадиган ва тугайдиган пунктлари ва тўхташ пунктлари кўрсатилган ҳолда амалга ошириладиган ташишларни;
2.3. «номунтазам ташишлар» атамаси остида — барча бошқа ташишларни;
2.4. «транзит ташишлар» атамаси остида — Аҳдлашувчи томонлардан бирининг ҳудуди орқали йўловчилар ва юкларни ташишларни, бунда жўнатиш ва бориш пунктлари бу Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан ташқарида бўлади.
3. Ушбу Битимнинг 2-, 3-, 4-, 5-, 6-, 7-моддаларида эслатиб ўтилган рухсатномалар бланкаларини айирбошлаш шартлари ва улардан фойдаланиш тартибини ушбу Битимнинг 21-моддасига биноан ташкил этилган Қўшма комиссия белгилайди.
4. Битимнинг 14- ва 15-моддаларида санитария назорати тушунчаси остида санитария, ветеринария ва фитосанитария назорати кўзда тутилади.
Ушбу Ижроия Протоколи Тошкент шаҳрида 1997 йил 20 февралда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, литва ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Ижроия Протоколи қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)