Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Украина Вазирлар Маҳкамаси ўртасида
Битим
Махфий ахборотни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Украина Вазирлар Маҳкамаси, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
бир Томон давлатида махфийлаштирилган ва бошқа Томон давлатига берилган барча махфий ахборотнинг ўзаро ҳимоясини таъминлаш ниятида,
махфий ахборот алмашишни назарда тутадиган, Томонлар ўртасида тузиладиган ҳамкорлик тўғрисидаги барча битимларга ҳамда Томонлар давлатлари ташкилотлари ўртасида тузиладиган контрактларга тааллуқли бўладиган махфий ахборотни ўзаро ҳимоя қилиш қоидаларини белгилашга интилишдан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Атамаларни аниқлаш ва қиёслаш
Атамаларни аниқлаш ва қиёслаш
Ушбу Битимда атамалар қуйидаги маънода ишлатилади:
«махфий ахборот» — Томонлар давлатлари миллий хавфсизлиги манфаатларида, уларнинг амалдаги қонунларига мувофиқ рухсатсиз фойдаланишдан ҳимояланадиган ва тегишли равишда махфийлаштирилган исталган шаклдаги ахборот ҳамда ахборотни ўз ичига олган ёки унга ахборот ёзилиши мумкин бўлган, жумладан ҳамкорлик доирасида Томонлар ташкилотлари биргаликда яратган ва ушбу Битим мезонларига мувофиқ Томонлар давлатларининг амалдаги қонунлари асосида махфийлаштирилган исталган ҳужжат, буюм, модда ёки физик майдонлар;
«жўнатувчи Томон» — махфий ахборотни махфийлаштирган ва берган Томон;
«олувчи Томон» — махфий ахборот берилаётган Томон;
«ташкилот» — давлатлараро ҳамкорликда ёки ушбу Битим қоидалари тааллуқли бўлган контрактларни бажаришда иштирок этадиган вазирлик, бошқа давлат органи, юридик ёки жисмоний шахс;
«ваколатли орган» — ушбу Битимни ёки унинг алоҳида моддаларини бажариш учун масъул бўлган ва ушбу Битимнинг 11-моддасига мувофиқ шундай деб белгиланган давлат органи;
«контракт» — унинг доирасида давлатлараро махфий ахборотни бериш амалга ошириладиган ёки махфий ахборот яратиладиган халқаро шартнома (битим) ёки Томонлар давлатларининг ташкилотлари ўртасидаги контракт;
«буюртмачи» — контракт доирасида буюртма берадиган ташкилот;
«пудратчи» — контракт доирасида буюртма оладиган ташкилот.
2-модда
Махфийлик даражаларини таққослаш
Махфийлик даражаларини таққослаш
Томонлар махфийлик даражалари қуйидагича таққосланади деб келишдилар:
| Ўзбекистон Республикасида | Украинада |
| Алоҳида муҳим | «Особливоi важливостi» |
| («Особой важности») | («Алоҳида муҳим») |
| Ўта махфий | «Цiлком таемно» |
| («Совершено секретно») | («Ўта муҳим») |
| Махфий | «Таемно» |
| («Секретно») | («Махфий») |
3-модда
Ҳимоя чоралари
Ҳимоя чоралари
1. Томонлар ушбу Битимга ва ўз давлатлари миллий қонунларига мувофиқ бериладиган ёки яратиладиган махфий ахборотни ҳимоя қилиш бўйича барча зарур чораларни кўрадилар. Улар бундай махфий ахборотга нисбатан, ҳеч бўлмаганда, тегишли махфийлик даражасидаги ўз махфий ахборотига тааллуқли худди шундай ҳимояни таъминлайдилар.
2. Томонлар мазкур махфий ахборотдан талабига биноан у махфийлаштирилган жўнатувчи Томоннинг аввалдан бериладиган ёзма розилигисиз учинчи томоннинг фойдаланишига йўл қўймайдилар. Бу қоида, хусусан, Томонлар ўрнатган архивлаштириш ва нашр қилиш тартиби борасида амал қилади. Махфий ахборот фақатгина шартлашилган мақсадларда ишлатилиши керак. Махфий ахборотдан хизмат вазифаларини бажариш учун зарур бўлган шахсларнинггина фойдаланишига рухсат этилади.
3. Махфий ахборотдан фойдаланиш бунга ваколати бўлган шахсларгагина тақдим этилади. Ваколат бериш учун ўз давлатининг шунга тенг махфий ахборотидан фойдаланишга рухсат олишда қўйиладиган талабларга жавоб бера оладиган фойдаланиш рухсатини расмийлаштириш учун текшириш ўтказишни кўзда тутади.
4. Томонлар ўз давлати ҳудудида махфий ахборотни ҳимоя қилиш бўйича зарур назорат текширувлари ўтказишни ҳамда нормаларга амал қилинишини таъминлайдилар.
4-модда
Махфий ахборот беришни тайёрлаш
Махфий ахборот беришни тайёрлаш
Агар жўнатувчи Томон махфий ахборотни олувчи Томон ташкилотига бермоқчи бўлса ёки буни ўз ташкилотига топширса, у олувчи Томоннинг давлат фаолияти тегишли соҳасидаги ваколатли органига олувчи Томон ташкилоти зарур махфийлик даражасидаги махфий ахборот билан ишлаш учун текширувдан ўтганлигини ва рухсат олганлигини ҳамда махфий ахборотнинг зарур бўлган ҳимоясини таъминлаш учун тегишли имкониятларга эга эканлигини тасдиқлаш хусусида аввалдан сўров юборади. Бу тасдиқлаш текширувдан ўтган ташкилот амалга оширадиган ҳимоя чоралари сирларни сақлашнинг миллий қоидаларига мувофиқ келишини ва ваколатли орган улар устидан назорат қилишини таъминлаш бўйича мажбуриятни ўз ичига олиши керак.
5-модда
Махфий ахборот беришни амалга ошириш
Махфий ахборот беришни амалга ошириш
1. Жўнатувчи Томон ваколатли органи контракт доирасида бериладиган ёки яратиладиган барча махфий ахборотга махфийлик устхати берилиши учун масъул бўлади. У олувчи Томон ваколатли органининг сўрови бўйича топширилган махфий ахборотга берилган махфийлик устхатларини рўйхат (махфийлик устхатлари рўйхати) кўринишида маълум қилади. Бу ҳолда жўнатувчи Томоннинг ваколатли органи бир вақтнинг ўзида олувчи Томон ваколатли органини пудратчи буюртмачи олдида ўз давлати махфий ахборотининг бўлганидек махфий ахборотнинг тегишли ҳимоясини таъминлаш учун тенг масъул бўлиши тўғрисида хабардор қилади. Зарур бўлганида Томонларнинг ваколатли органлари тегишли декларацияларни (махфий ахборотни ҳимоя қилиш бўйича мажбурият) алмашадилар.
2. Махфийлик устхатлари рўйхатини олган ваколатли орган бу тўғрида жўнатувчини мажбурий равишда хабардор қилади.
3. Томонларнинг ваколатли органлари бошқа Томоннинг махфий ахборотига нисбатан ўз давлатининг махфий ахборотига нисбатан бўлганидек махфийлик режимига риоя қилишни таъминлайдилар.
4. Агар субпудратчилар ваколатли органларнинг рухсатини олган бўлса, ушбу модданинг 1 — 3-бандлари уларга тааллуқли бўлади.
5. Томонлар контрактлар тузилгунига ёки ишлар бошлангунига қадар пудратчилар махфий ахборотнинг ҳимояси бўйича зарур чораларни кўришларини таъминлайдилар.
6-модда
Махфийлик устхатларини қўйиш
Махфийлик устхатларини қўйиш
1. Олувчи Томон жўнатувчи Томоннинг махфий ахборотига ушбу Битимнинг 2-моддасига мувофиқ тегишли махфийлик устхатларини беради.
2. Жўнатувчи Томон махфий ахборотининг нусхалари ва таржималаридан фойдаланиш, шунингдек уларга махфийлик устхатларини бериш асл нусхалар сингари бўлади.
3. Жўнатувчи Томон юборган махфий ахборот асосида олувчи Томон давлатида яратиладиган махфий ахборотга юборилган махфий ахборотнинг махфийлик устхатидан паст бўлмаган махфийлик устхати берилади.
4. Олувчи Томон жўнатувчи Томоннинг талаби бўйича юборилган махфий ахборотнинг махфийлик даражасини ўзгартиради ёки олиб ташлайди. Жўнатувчи Томон махфийлик даражасини ўзгартириш ёки олиб ташлаш нияти тўғрисида олувчи Томонни олти ҳафта аввал хабардор қилади.
5. Томонлар ўз ташкилотларига ушбу Битим кучга кирган санадан бошлаб бир йил мобайнида бошқа Томон давлатига тегишли махфий ахборотни инвентарлаш ва ўз давлатлари қонунларининг талабларига риоя қилиб, зарур бўлган ҳолда, кўрсатилган ахборотни ошкор қилиш ёки махфийлик даражасини ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни таъминлаш мажбуриятини юклайдилар. Ахборотни ошкор қилиш ёки махфийлик даражасини ўзгартириш тўғрисида бир Томон ташкилотлари бошқа Томоннинг манфаатдор ташкилотларини хабардор қиладилар.
7-модда
Махфий ахборотни бериш
Махфий ахборотни бериш
1. Махфий ахборот бир давлатдан бошқа давлатга, одатда, дипломатик каналлар орқали берилади. Ваколатли орган махфий ахборот олинганлигини тасдиқлайди ва кейин уни ўз давлатининг махфий ахборотни ҳимоя қилиш бўйича қонун чиқарувчи-меъёрий ҳужжатларига мувофиқ олувчига йўллайди.
2. Ваколатли органлар алоҳида ҳолда ушбу модданинг 3-бандида кўрсатилган шартлар бажарилганида дипломатик каналлардан фойдаланиш махфий ахборотни беришни беҳуда қийинлаштирса, улардан фойдаланмасдан бошқа йўл билан махфий ахборот берилиши тўғрисида умумий кўринишда ёки чеклашлар ўрнатилган ҳолда келишиб олишлари мумкин.
3. Ушбу модданинг 2-бандида кўрсатилган ҳолларда:
беришни амалга ошираётган шахсга тегишли махфийлик даражасидаги махфий ахборотдан фойдаланиш расмийлаштирилиши;
беришни амалга ошираётган ташкилотда берилаётган махфий ахборотнинг рўйхати қолиши; бу рўйхатнинг бир нусхаси кейин ваколатли органга бериш учун олувчига берилади;
махфий ахборотни ўраб жойлаш давлат ичида ташиш учун ўрнатилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилиши;
махфий ахборотнинг берилиши унинг олинганлиги тўғрисидаги тилхат билан тасдиқланиши;
ташишни амалга оширувчи шахс, Томонлар давлатларининг қонунларига мувофиқ, ташилаётган хат-хабарларнинг божхона, чегара ва бошқа шундай ваколатга эга бўлган органлар текширувисиз махфий ахборотни давлат чегарасидан олиб ўтишни кўзда тутувчи ваколатли орган томонидан берилган курьер гувоҳномасига эга бўлиши зарур.
4. Катта ҳажмдаги махфий материалларни беришда Томонларнинг ваколатли органлари маълум бир ҳолда транспортда ташиш, маршрут ва кузатиб борувчи қўриқчиларни белгилайдилар.
8-модда
Ташрифлар
Ташрифлар
1. Қабул қилувчи Томон ваколатли органининг аввалдан берилган ёзма рухсатномаси бўлган тақдирдагина бир Томон давлати ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудудига ташриф буюрувчи шахслар махфий ахборотдан фойдаланишлари ва махфий ахборот ишланадиган объектларга боришлари мумкин. Зарур текширишдан ўтганидан сўнггина ўз давлатида махфий ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқи расмийлаштирилган шахсларга рухсатнома берилади.
2. Ташрифни ўтказиш хусусида ҳудудида ана шу ташриф ўтадиган Томоннинг ваколатли органига шу ҳудудда амал қиладиган қоидаларга мувофиқ ёзма сўров юборилади.
3. Ташриф учун сўров қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
а) ташриф буюрувчининг исми, фамилияси, туғилган санаси ва жойи, паспортининг тартиб рақами;
б) ташриф буюрувчининг фуқаролиги;
в) ташриф буюрувчининг лавозими ва уни юборган ташкилот номи;
г) ташриф қилувчи махфий ахборотдан фойдаланишига берилган рухсатнинг шакли;
д) сафар мақсади ва унинг кўзда тутилган санаси;
е) улар хусусида сўров берилаётган ташкилот ва объектларнинг номлари;
ж) учрашиш мўлжалланган шахсларнинг исм ва фамилиялари.
9-модда
Томонлар махфий ахборотини ҳимоя қилишни бузиш
Томонлар махфий ахборотини ҳимоя қилишни бузиш
1. Агар махфий ахборотни овоза қилиш эҳтимоли бўлса, ёки бу кутилаётган бўлса, ёхуд аниқланса, бу тўғрида бошқа Томонга зудлик билан хабар қилиш керак.
2. Бошқа Томон махфий ахборотини ҳимоя қилишнинг бузилишларини давлати ҳудудида бу ҳол содир бўлган Томон давлатининг давлат органлари текширади ва судлари кўриб чиқади, бунда айбдор бўлган шахслар эса шу давлатнинг амалдаги қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилади. Томонларнинг ваколатли органлари сўров бўлган ҳолда текшириш ўтказишда ёрдам кўрсатадилар, шунингдек унинг натижалари тўғрисида маълумот алмашадилар.
3. Томонлар ўз мамлакатларининг махфий ахборотни алмашиш билан боғлиқ бўлган ҳамкорликни амалга оширадиган ташкилотларига контрактларда махфий ахборотни ўзаро ҳимоя қилиш бўйича чораларни, махфий ахборотни овоза қилиш ёки унинг моддий ташувчиларини йўқотиш натижасида кўрилган зиённи аниқлаш процедурасини ва уни қоплаш тартибини белгилаш мажбуриятини юклайдилар.
10-модда
Харажатлар
Харажатлар
Томонлар давлатларининг махфий ахборотини ҳимоя қилиш бепул асосда амалга оширилади.
11-модда
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
Томонлар давлат фаолиятининг тегишли соҳаларида ушбу Битимни ёки унинг алоҳида моддаларини бажаришда қайси давлат органлари ваколатли эканликлари тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.
12-модда
Баҳсли масалаларни ҳал этиш
Баҳсли масалаларни ҳал этиш
Ушбу Битим қоидаларини изоҳлаш ёки қўллаш хусусидаги барча баҳсли масалалар Томонлар ўртасидаги музокаралар йўли билан ҳал этилади. Бундай музокаралар давомида Томонлар ушбу Битимга мувофиқ ўз мажбуриятларини бажаришни давом эттирадилар.
13-модда
Маслаҳатлашишлар
Маслаҳатлашишлар
1. Томонларнинг ваколатли органлари бошқа Томон давлати ҳудудида амал қилувчи махфий ахборотни ҳимоя қилиш қоидалари билан танишадилар.
2. Ушбу Битимни бажаришда яқиндан ҳамкорликни таъминлаш мақсадида Томонларнинг ваколатли органлари улардан бирининг сўрови бўйича бир-бирларига маслаҳат берадилар.
3. Ҳар бир Томон бошқа Томон ваколатли органи ёки ўзаро розилик бўйича белгиланган бирор-бир бошқа давлат органи вакилларига бошқа Томон тақдим этган махфий ахборотни ҳимоя қилишнинг ўз усул ва воситаларини ваколатли орган вакиллари билан муҳокама қилиш учун ўз давлати ҳудудига ташриф буюришларига рухсат беради. Ҳар бир Томон бу вакилларга бошқа Томон унга тақдим этган махфий ахборот етарлича ҳимоя қилинганлигини аниқлашда кўмаклашади. Тафсилотлар ваколатли органлар томонидан аниқлаштирилади.
14-модда
Кучга кириш, амал қилиш муддати, ўзгартишлар, амал қилишнинг тўхтатилиши
Кучга кириш, амал қилиш муддати, ўзгартишлар, амал қилишнинг тўхтатилиши
1. Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги охирги ёзма хабарнома олинган санадан кучга киради.
2. Ушбу Битимнинг амал қилиш муддати чекланмайди.
3. Ҳар бир Томон исталган вақтда ушбу Битимга ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш тўғрисида ёзма равишда таклиф киритиши мумкин. Томонлардан бири тегишли таклиф киритганида Томонлар ушбу Битимга ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш тўғрисида музокаралар ўтказадилар. Ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар унинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган протоколлар билан расмийлаштирилади ҳамда ушбу Битим 14-моддасининг 1-бандига мувофиқ кучга киради.
4. Ҳар бир Томон 6 ой илгари дипломатик каналлар орқали ёзма билдиришнома юборган ҳолда ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиши мумкин. Ушбу Битимнинг амал қилиши тўхтатилган ҳолда олувчи Томонга берилган ёки унинг пудратчисида яратилган махфий ахборот бўйича 3-модданинг қоидалари жўнатувчи Томон давлатида махфийлаштириш тартиби қанча вақтни талаб қилса, шунча муддат давомида ўз кучида қолади.
Киев шаҳрида 1999 йил 7 октябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, украин ва рус тилларида тузилди, барча матнлар аутентикдир.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда Томонлар рус тилида баён этилган матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)