Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Автомобиль йўлларининг айрим участкаларидан фойдаланиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
1994 йил 30 январдаги Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Ягона иқтисодий маконни барпо қилиш тўғрисида Шартномага, 1997 йил 10 январдаги Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисида Шартномага амал қилиб,
мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликнинг эришилган даражасига таяниб,
транспорт коммуникацияларидан самарали фойдаланишни таъминлашни истаб ҳамда автомобиль йўлларидан биргаликда ва келишилган ҳолда фойдаланишнинг аҳамияти ва заруратини англаб,
транспорт тизимлари технологик бирликларини сақлаш ва транспорт воситаларини уринтиришни камайтириш заруратидан келиб чиқиб,
йўловчилар ва юкларнинг эркин кўчиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Жетисой-Чордара автомобиль йўлининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтадиган, узунлиги 24,5 километрдан иборат, йўл қатнов қисмининг ҳар иккала тарафида 30 метрлик санитария-ҳимоя зонаси бўлган участкаси Қозоғистон Республикасига ўн йил муддат билан вақтинча фойдаланиш учун бепул асосда (тўловсиз) берилади.
Автомобиль йўлининг бу участкаси Чордара сув омборининг ғарбий қирғоқлари бўйлаб Махтали қишлоғининг ғарброғида жойлашган Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан давлат чегарасидан умумий йўналиши бўйича Арнасой қишлоғини оралаб ўтиб шимоли-шарққа йўналади ва шимоли-ғарбда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан давлат чегарасида, Арнасой ташламасининг дамбасидан шимоли-ғарбга йўналиб, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан давлат чегарасига қадар етиб боради.
2-модда
Сирдарё-Жиззах автомобиль йўлининг Қозоғистон Республикаси ҳудудидан ўтадиган, узунлиги 24,3 километрдан иборат, йўл қатнов қисмининг ҳар иккала тарафида 30 метрлик санитария-ҳимоя зонаси бўлган участкаси Ўзбекистон Республикасига ўн йил муддат билан вақтинча бепул асосда (тўловсиз) берилади.
Алмати-Бишкек-Тошкент-Термиз М-39 автомобиль йўлининг мазкур участкаси Махтажан қишлоғининг шимоли-шарқроғида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан давлат чегарасидан бошланиб, жануби-ғарб томонга умумий йўналишда Целинное қишлоғи яқинида Қозоғистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси ўртасигача етиб боради.
3-модда
Томонлар ушбу Битимнинг 1- ва 2-моддаларида кўрсатиб ўтилган санитария-ҳимоя зонасида ҳар қандай мақсаддаги объектларни қурмаслик мажбуриятини оладилар.
Томонлар бир-бирларига ушбу Битимнинг 1- ва 2-моддаларида санаб ўтилган автомобиль йўллари участкаларида йўловчилар ва юкларни эркин ташишга кўмаклашадиган шароитлар яратиб берадилар.
Томонлар ушбу Битимнинг 1- ва 2-моддаларида кўрсатиб ўтилган автомобиль йўллари участкаларида транспорт воситаларининг кириш-чиқиш божхона масканлари ва пунктларини жойлаштиришни тартибга соладилар.
4-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро розилиги бўйича ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган алоҳида протокол билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
5-модда
Ушбу Битим Томонларнинг уни кучга киритиш учун давлат ички процедураларини бажариб бўлганликлари тўғрисида бир-бирларини хабардор қилган кундан бошлаб кучга киради.
Шу билан биргаликда ушбу Битим 1998 йил 27 мартда Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси автомобиль ва темир йўл магистраллари бўйича бораётганда йўловчи, юк ва багажларни транзит ташиш, уларнинг сақланишини ва хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида битимга сўзсиз амал қилинган тақдирдагина кучга эга бўлади.
Бунда Томонлар ўз ҳудудлари бўйича бошқа Томон автотранспорт воситаларининг ўтиши учун қулай шароитларни таъминлаш юқорида айтиб ўтилган битим бўйича ўзаро мажбуриятларини бажаришнинг зарур шарти эканлигини тасдиқлайдилар.
Ушбу Битим ўн йил давомида амал қилади, ундан кейин Томонлардан бири тегишли амал қилиш даври тугашидан камида олти ой илгари унинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида хоҳишини билдирмагунча ўз-ўзидан кейинги даврларга узайтирилади.
Тошкент шаҳрида 1998 йил 27 мартда икки нусхада, ўзбек, қозоқ ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш учун рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)