Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва
Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида
Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида
Битим
Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Исроил Давлати Ҳукумати (бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар)
ўз мамлакатлари ўртасида соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истагида,
ушбу Битимни туздилар:
1- модда
Томонлар тенглик, ҳамжиҳатлик ҳамда ўзаро фойда асосида соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар. Ҳамкорликнинг конкрет соҳалари Томонларнинг тегишли манфаатлари ҳисобга олинган ўзаро келишув орқали белгиланади.
2- модда
Томонлар, жумладан қуйида кўрсатилган соҳаларда ҳамкорликка алоҳида эътибор берадилар:
соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро манфаатли бўлган ахборот алмашиш;
ушбу Битимнинг 5-бандида кўзда тутилган Ҳамкорлик режасига биноан мутахассисларни ўқитиш ва маслаҳат олиш учун алмашиш;
иккала мамлакатнинг институтлари ва ташкилотлари орасидаги тўғридан-тўғри алоқалар;
тиббиёт ва ижтимоий соғлиқни сақлаш соҳасига доир янги ускуналар, дори-дармонлар ва технологик тараққиёт бўйича ахборот алмашиш; шунингдек
тиббиёт ва ижтимоий соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро манфаатли бўлиши мумкин бўлган бошқа шакллардаги ҳамкорлик.
3- модда
Томонлар ўз мамлакатларида бўлиб ўтадиган соғлиқни сақлаш ва тиббиёт масалаларига бағишланган халқаро конгресс ҳамда симпозиумлар ҳақидаги ахборотларни алмашадилар. Бир Томоннинг сўровига кўра иккинчи Томон ўтказилган шундай тадбирларнинг эълон этилган тегишли материалларини юборади.
4- модда
Томонларнинг тегишли ваколатли органлари тиббий асарлар рўйхати ва соғлиқни сақлаш бўйича фильмларни алмашадилар.
5- модда
Томонлар Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Исроил Давлатининг Соғлиқни сақлаш вазирлигига ушбу Битимни бажаришни топширадилар.
Вазирликлар ушбу Битимни бажариш учун Ҳамкорлик режасини тузиб имзолайдилар, унда бошқа масалалар билан бирга молиявий таъминлаш масалалари ҳам белгилаб олинади.
6- модда
Ушбу Битимни бажариш чоғида юзага келадиган масалалар Томонларнинг маслаҳатлашуви орқали ҳал қилинади. Ушбу Битимга тўлдиришлар Томонларнинг розилиги билан қўшилади ва ушбу Битимнинг 7-моддасидаги қоидаларга мувофиқ кучга киради.
7- модда
Ушбу Битим Томонлар бир-бирини ушбу Битим ҳар қайси мамлакатда амал қиладиган қонунчилик процедураларига мувофиқ равишда тасдиқланганлиги тўғрисида хабардор қилиб берган иккинчи дипломатик нота олинган санадан бошлаб кучга киради.
Битим 5 (беш) йиллик муддатга тузилади ва Томонлардан ҳеч қайсиси иккинчи Томонни тегишли муддат тугашидан камида олти ой илгари ушбу Битим фаолиятини тўхтатиш истаги тўғрисида дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмаса, ўз-ўзидан кейинги 5 (беш) йиллик муддатларга узаяди.
Қуддус шаҳрида 1998 йил 15 сентябрда, бу 5758 йилнинг 24 Элулига тўғри келади, икки нусхада, ўзбек, иврит ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин қилишда ҳар хилликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устун ҳисобланади.
(имзолар)