Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва
Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида
Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида
Битим
савдо ва иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Исроил Давлати Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
барқарор, адолатли ва узоқ муддатли асосдаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда савдо ва иқтисодий ҳамкорлик муҳим ва зарур омил эканлигини эътироф этиб,
икки мамлакат ўртасидаги савдо ва иқтисодий алоқаларни адолат ва ўзаро фойда асосида ривожлантиришни истаб,
иккала мамлакатнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш ҳамда ўзаро манфаатли соҳаларда савдо ва иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантиришга интилиб,
Тарифлар ва савдо бўйича бош битим (ГАТТ 1994) ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)ни таъсис этиш тўғрисидаги Битимнинг асосий принципларига мувофиқ ўз савдо алоқаларини ривожлантириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Мақсадлар
Мақсадлар
Мазкур Битимнинг мақсади Томонлар ўртасидаги ўзаро савдо ва иқтисодий алоқаларни амалга ошириш принциплари, қоидалари ва тартибини ўрнатишдан иборат. Томонлар ўзларининг ички қонунчиликлари ва халқаро мажбуриятлар доирасида икки томонлама савдони, шунингдек савдо ва иқтисодий ҳамкорликнинг турли шаклларини рағбатлантириш ва уйғунликда ривожлантириш мажбуриятини оладилар.
2-модда
Энг қулай режим
Энг қулай режим
1. Томонлар қуйидагиларга тааллуқли барча соҳаларда бир-бирлари учун энг қулай режим яратадилар:
а) импорт ва экспортга нисбатан қўлланиладиган бож тўловлари ва ҳар қандай турдаги йиғимлар, шу жумладан бундай тўлов ва йиғимларни ундириш усуллари;
б) товарларнинг божхона расмийлаштирилиши, транзити, уларни жойлаш, қайта юклаш ва шу сингари бошқа хизматларга тааллуқли бўлган низомлар ва қоидалар;
в) бир Томоннинг бошқа Томон ҳудудига импорт қилинадиган товарлари борасида бевосита ёки билвосита қўлланиладиган солиқлар ва ҳар қандай турдаги бошқа ички йиғимлар;
г) бир Томоннинг товарларини бошқа Томоннинг ички бозорида сотиш, сотиб олиш, транспортировка қилиш, тақсимлаш, жойлаштириш ва фойдаланиш;
д) товарлар савдосига тааллуқли бўлган тўловлар ва шундай тўловларни ўтказиш усуллари.
2. Ҳар бир Томон бошқа Томон ҳудудида ишлаб чиқарилган ёки унинг ҳудудига экспорт қилинадиган маҳсулотлар учун миқдорий чекловлар, лицензиялар бериш ҳамда валютани тартибга солиш қоидалари ва тартиботлари борасида нодискриминацион режим яратади.
3. Ушбу модда 1- ва 2-бандларининг қоидалари исталган Томоннинг:
а) чегара яқинида юк ташишни енгиллаштириш мақсадида қўшни мамлакатлар учун;
б) 1994 ГАТТнинг 24-моддасида белгиланганидек, исталган Томон аъзоси ҳисобланадиган ёки келгусида аъзо бўлиши мумкин бўлган божхона иттифоқи, эркин савдо зонаси ёки минтақавий иқтисодий ташкилотда иштирок этиш мақсадида;
с) ГАТТ/ЖСТга мувофиқ ривожланаётган мамлакатлар учун яратган ёки яратадиган имтиёзларига татбиқ этилмайди.
3-модда
Нодискриминация
Нодискриминация
Бошқа Томон ҳудудида экспорт ёки импортга нисбатан тақиқлаш ёки миқдорий чекловлар, шу жумладан лицензиялаш чоралари қўлланилмайди, агар учинчи давлатлардан импорт қилинадиган ёки учинчи давлатларга экспорт қилинадиган шу сингари товарлар борасида бундай тақиқлаш ёки чекловлар татбиқ этилмаса. Бундай чораларни қўлловчи Томон уларни бошқа Томонга имкон қадар кам зарар етказиладиган тарзда татбиқ этиши лозим.
4-модда
Транзит
Транзит
1. Томонлар товарларнинг эркин транзити принципи мазкур Битим мақсадларига эришишнинг муҳим шарти ҳисобланишига розилик билдирдилар.
2. Шу муносабат билан, 1994 ГАТТнинг 5-моддасига мувофиқ ва унинг қонунлари ҳамда норматив ҳужжатларига мувофиқ ҳар бир Томон унинг ҳудуди орқали ёки ҳудуди бўйлаб бошқа Томоннинг божхона ҳудудидан келиб чиқувчи ёхуд божхона ҳудуди учун мўлжалланган товарларнинг чексиз транзитини таъминлайди.
5-модда
Миллий режим
Миллий режим
Бир Томон ҳудудидан бошқа Томон ҳудудига импорт қилинадиган товарлар учун ички солиқлар ва бошқа ички йиғимларга ҳамда 1994 ГАТТнинг 3-моддасига мувофиқ уларнинг ички сотувига, уларни сотиш, харид қилиш. транспортировка қилиш, тақсимлаш ёки улардан фойдаланиш хусусидаги таклифларга таъсир кўрсатувчи барча қонунлар, норматив ҳужжатлар ва талаблар борасида маҳаллий товарларга яратилган режимдан кам бўлмаган қулай режим яратилади.
6-модда
Либерализация
Либерализация
Ҳар бир Томон ўзининг қонунлари ва норматив ҳужжатларига мувофиқ бошқа Томоннинг товарлар импорти борасида энг юқори даражали либерализация яратади. Либерализация жараёни Томонлар ўртасидаги савдонинг ривожланишини, бозор шароитларини, Ўзбекистонда ва Исроилда савдога тааллуқли бўлган қоидалардаги ўзгаришларни ҳамда ушбу Битимни бажариш мақсадида амалга ошириладиган тараққиётни назарда тутади.
7-модда
Келиб чиқиш мамлакати
Келиб чиқиш мамлакати
Келиб чиқиш мамлакати ҳар бир Томоннинг қонунлари ва норматив ҳужжатлари асосида ҳамда иккала Томон ҳам қатнашчиси бўлган халқаро битимларга мувофиқ белгиланади.
8-модда
Тўловлар
Тўловлар
1. Икки мамлакат ўртасидаги товарлар савдоси ва уларга тааллуқли хизматлар билан боғлиқ тўловлар эркин муомаладаги валютада, агар хўжалик фаолияти юритувчи субъектлар ўртасида махсус равишда ўзга тарзда келишилган бўлмаса, ҳар бир Томоннинг қонунлари ва валютани тартибга солиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади
2. Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Исроил Давлати резидентлари ўртасида мазкур Битим қоидаларига мувофиқ амалга ошириладиган товарлар ҳаракати билан боғлиқ ҳар қандай жорий тўловларни амалга оширишга рухсат бериш мажбуриятини оладилар.
9-модда
Антидемпинг ва компенсация чоралари
Антидемпинг ва компенсация чоралари
Ушбу Битимнинг ҳеч қайси қоидаси 1994 ГАТТнинг 6-моддасига, ГАТТнинг 6-моддасини қўллаш бўйича битимга ҳамда Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги битимга мувофиқ исталган Томоннинг ҳар қандай антидемпинг ёки компенсация чораларини амалга оширишига зарар етказмайди ёхуд унга ҳеч қандай тарзда таъсир кўрсатмайди.
10-модда
Бошқа амалий шароитлар
Бошқа амалий шароитлар
1. Томонларнинг хўжалик фаолияти юритувчи субъектлари ўртасида товарлар савдоси бозорга мўлжалланган нархлар бўйича амалга оширилади. Давлат органлари ва давлат корхоналари нархлар, сифат ва миқдорни ўз ичига олувчи ҳар қандай импортни сотиб олиш ва экспортга сотишни фақатгина тижорат мақсадларида амалга оширадилар. Шундай битишувлар ва оммавий савдоларда иштирок этиш мақсадида ҳар бир Томон рақобат учун бошқа Томоннинг корхоналарига нодискриминацион режим ва айнан шундай имкониятлар яратади.
2. Ҳеч қайси Томон бартер битишувлари ёки ўзаро савдо битишувларини амалга ошириш учун Томонлардан якка тартибдаги битишувларни талаб қилмайди, ҳеч қайси Томон бу борада уларни қувватламайди. Бартер битишувлари ёки давлат хариди бўйича ўзаро савдо битишувлари амалга оширилган ҳолда ҳар бир Томон бошқа Томоннинг етказиб берувчилари учун энг қулай режим ва бир хил фойдаланиш имкониятларини беради.
11-модда
Импорт ва экспорт солиқларидан махсус тарзда озод этиш
Импорт ва экспорт солиқларидан махсус тарзда озод этиш
Томонлар ҳар бир мамлакатда амалда бўлган қонунлар ва норматив ҳужжатларга мувофиқ бож тўловлари, қўшимча қиймат солиқлари, акциз солиқлари ёки шу сингари бошқа солиқлар ёхуд йиғимларни ундирмаган ҳолда маълум предметларнинг вақтинчалик импорти ва экспортига рухсат берадилар. Бундай предметлар, хусусан, тижорат мақсадлари учун мўлжалланмаган намуналар ва реклама материалларини, вақтинчалик асосда импорт қилинадиган, ярмаркалар ва кўргазмалар учун мўлжалланган предметларни, халқаро конвенцияларга мувофиқ, алмашув асосида халқаро савдода қўлланиладиган махсус контейнерлар ва ўров-тахлов воситаларини ўз ичига олади.
12-модда
Иқтисодий ҳамкорлик
Иқтисодий ҳамкорлик
1. Томонлар уларнинг савдо ва иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилувчи барча масалалар бўйича, хусусан, савдога таъсир кўрсатувчи қонунчилик ва тартиботларга тааллуқли ахборот, шунингдек статистик маълумотлар билан алмашишни рағбатлантирадилар.
2. Томонлар ўзаро савдони енгиллаштириш мақсадида чоралар кўриш йўли билан савдо ва иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантиришга, шу жумладан қуйидагиларга келишдилар:
ярмаркалар, кўргазмалар, конференциялар, реклама компаниялари, маслаҳатлашишлар ва бошқа тижорат хизматлари кўрсатишни ташкил этиш ва ўтказиш;
иккала мамлакатнинг ишлаб чиқариш ассоциациялари, савдо палаталари ва бошқа тадбиркорлик ассоциациялари ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва ривожлантириш;
қўшма иқтисодий ва саноат ҳамкорлигини ривожлантириш.
13-модда
Фавқулодда чоралар
Фавқулодда чоралар
1. Бошқа Томон ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импорти мамлакатдаги шу сингари ёхуд бевосита рақобатлашувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари учун зарар етказган ёки зарар етказиш хавфи туғилган ҳолларда Томонлар муаммоларни бевосита ҳал қилиш мақсадида исталган Томоннинг талабига мувофиқ дарҳол маслаҳатлашадилар.
2. Агар қайд этилган маслаҳатлашишлар натижасида Томонлар маълум вақт мобайнида зарарнинг олдини олиш воситаси ёки зарардан суд ҳимояси воситасини танлаш хусусида муросага келолмасалар, импорт қилувчи Томон импорт ҳажми ва зарар етказиш ҳолатининг олдини олиш учун қанча вақт зарурлиги борасида маҳсулот импортига доир тегишли чораларни эркин равишда амалга оширади.
3. Бундай зарарнинг олдини олиш ёки уни қоплаш учун фавқулодда чоралар талаб қилинадиган кескин вазиятларда, агар шундай чоралар кўрилгандан сўнг дарҳол маслаҳатлашишлар ўтказиш таклиф этилган бўлса, импорт қилувчи Томон дастлабки маслаҳатлашишларсиз тегишли чораларни амалга ошириши мумкин.
4. Мазкур моддага мувофиқ воситаларни танлашда Томонлар имкон қадар ушбу Битим амал қилишини бузмайдиган чоралар кўришга ҳаракат қиладилар.
14-модда
Маслаҳатлашишлар
Маслаҳатлашишлар
Томонлар мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллаш борасида юзага келадиган ҳар қандай келишмовчиликларни музокаралар йўли билан ҳал этишга ҳаракат қиладилар.
15-модда
Тижорат ваколатхоналари
Тижорат ваколатхоналари
Томонлар мамлакатларининг амалдаги қонунлари ва норматив ҳужжатларига мувофиқ ўз мамлакатлари ҳудудида бошқа мамлакат юридик шахсларининг тижорат ваколатхоналарини очишга рухсат берадилар ҳамда бундай фаолиятни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар билан таъминлаш борасида барча зарурий ишларни бажарадилар.
16-модда
Асосий истиснолар
Асосий истиснолар
1. Ушбу Битимнинг ҳеч бир қоидаси Томонларга хавфсизлик, жамият ахлоқи ва жамоат тартиби манфаатларини ҳимоялаш; инсон ҳаёти ва саломатлигини, ўсимликлар ва ҳайвонларни муҳофаза қилиш; миллий санъат асарларини, шунингдек тарихий ва археологик аҳамиятга эга бўлган бойликларни муҳофаза қилишга қаратилган чораларни, ёхуд 1994 ГАТТнинг 20-моддасида санаб ўтилган бошқа ҳар қандай чора-тадбирларни амалга оширишга тўсқинлик қилолмайди. Бундай тақиқлар, ҳар қандай ҳолатда ҳам, ихтиёрий ёки асоссиз дискриминация ёхуд Томонлар ўртасидаги савдони яширинча чеклаш воситаларини юзага келтирмайди.
2. Мазкур Битим исталган Томоннинг 1994 ГАТТнинг 21- моддасига мувофиқ асосланган ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини чекламайди.
17-модда
Интеллектуал мулк
Интеллектуал мулк
1. Савдо ва иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантириш учун интеллектуал мулкнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътиборга олган ҳолда, Томонларнинг ички қонунчиликлари интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқнинг тўлиқ ва самарали муҳофазасини, шу жумладан ихтирочилик соҳаси, саноат намуналари, интеграл схемалар топографияси ва ноу-хау тўғрисидаги махфий маълумотлар борасида муаллифлик ва ўзаро боғланган ҳуқуқлар, савдо маркалари, географик кўрсаткичлар, патентларнинг дискриминациясиз, айнан бир хил ва самарали муҳофазасини таъминлайди.
2. Томонлар келгусида интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро конвенцияларга қўшилишга ҳаракат қиладилар.
18-модда
Инвестициялар
Инвестициялар
1994 йил 4 июлдаги Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоялаш тўғрисидаги битимга мувофиқ ва ундан сўнг инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоялаш тўғрисида Томонлар тузган бошқа ҳар қандай битимга мувофиқ ҳар бир Томон бошқа Томоннинг фуқаролари ва юридик шахслари инвестицияларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашини тасдиқлайди.
19-модда
Стандартлар
Стандартлар
1. Ҳар бир Томон бошқа Томоннинг илтимосига биноан стандартлар билан боғлиқ чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
2. Томонлар савдодаги техник тўсиқларни камайтириш мақсадида стандартлар соҳасида, шу жумладан сифат стандартлари соҳасида ҳамкорлик қиладилар ва мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатларни ўзаро эътироф этиш тўғрисидаги битимлар юзасидан музокаралар ўтказадилар.
20-модда
Қўшма комиссия
Қўшма комиссия
1. Мазкур Битимни амалга ошириш жараёнига кўмаклашиш мақсадида Томонлар Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия таъсис этишга келишдилар. Комиссия исталган Томоннинг илтимосига биноан навбатма-навбат Тошкентда ва Қуддусда йиғилади. Бундай учрашувлар вақтини Томонлар ҳамкорликда белгилайдилар.
2. Комиссия:
а) ушбу Битимнинг бажарилиш жараёнини кўриб чиқади ва унинг қоидаларини бажариш мақсадида амалга оширилиши мумкин бўлган чора-тадбирларни қабул қилади;
б) икки мамлакат ўртасидаги савдо ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва кенгайтиришни кўриб чиқади;
в) савдо ва иқтисодий алоқаларни, шу жумладан ўзаро манфаатдорлик асосидаги саноат ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш имкониятларини ўрганади ҳамда шундай ҳамкорлик учун янги соҳаларни белгилайди;
г) икки мамлакат ўртасида иқтисодий ва савдо алоқаларини ривожлантириш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар хусусида маслаҳатлар беради;
д) янгича ривожланишни эътиборга олиш мақсадида мазкур Битимга киритиладиган тузатишларни ифодалайди ҳамда кўриб чиқиш учун уларни Томонларнинг маъмурларига тақдим этади.
3. Комиссия ўзаролик асосида Томонларга юқорида қайд этилган масалалар хусусидаги ахборот ва тавсияларни тақдим этади.
21-модда
Эволюцион банд
Эволюцион банд
Ушбу Битимнинг амалда қўлланишини лозим тарзда таъминлаш, шунингдек Томонлар ўртасидаги савдони янада либерализациялаш мақсадида исталган Томоннинг илтимосига биноан ўзаро келишув бўйича зарурий ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
22-модда
Кучга кириш
Кучга кириш
Ушбу Битим унинг кучга кириши учун талаб қилинадиган ички процедуралар якунланганлиги тўғрисида Томонлар дипломатик каналлар орқали бир-бирини хабардор қилиб сўнгги нота юборган кундан кейинги ойнинг биринчи кунида кучга киради ва исталган Томон бошқа Томонни Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма тарзда дипломатик каналлар орқали хабардор қилмагунича ўз кучини сақлайди. Бундай ҳолда бошқа Томондан юқорида қайд этилган хабарнома олинган санадан бошлаб 6 ой ўтганидан сўнг Битим амал қилишини тўхтатади.
Ушбу Битимнинг амал қилиши тўхтатилган ҳолда унинг қоидалари мазкур Битим хусусида тузилган, аммо унинг амал қилиши тўхтатилгунича тугатилмаган барча келишувларга нисбатан ўз кучини сақлаб қолади.
Қуддус шаҳрида 1998 йилнинг 15 сентябрида, бу 5758 йилнинг 24 Элулига тўғри келади, икки асл нусхада ўзбек, иврит ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида инглиз тилидаги матн устувор кучга эга бўлади.
(имзолар)