Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Малайзия Ҳукумати ўртасида
Битим
ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА ЎЗАРО ҲИМОЯЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Малайзия Ҳукумати, (бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар),
узоқ муддат асосидаги иқтисодий ва саноат ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлашни, хусусан бир Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестициялари учун бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида энг қулай режим яратишни истаган ҳолда,
ҳар икки Аҳдлашувчи Томоннинг иқтисодий равнақини тақдирлаш мақсадида иккала Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестицияларини ҳимоялаш ҳамда инвестициялар тўпланиши ва индивидуал ишчан ташаббусни рағбатлантириш заруратини эътироф этган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
1. Ушбу Битимнинг мақсадлари учун:
(a) «инвестициялар» атамаси мулкнинг барча кўринишларини англатади ва жумладан қуйидагиларни, аммо истисно эмас, ўз ичига олади:
(i) мол-мулк ва кўчмас мулк ҳамда ипотека, чегириб қолиш ҳуқуқи ва гаров сингари ҳар қандай ўзга мулкий ҳуқуқлар;
(ii) компанияларнинг акциялари, қимматбаҳо қоғозлари ва қарз мажбуриятлари ёки шундай компанияларнинг мулкидаги ҳуқуқлар;
(iii) пул воситалари бўйича талабномалари ёки молиявий қийматга эга бўлган ҳар қандай ижро этиш талабномалари;
(iv) интеллектуал мулк ва саноат мулкига бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан муаллифлик ҳуқуқлари, патентлар, савдо маркалари, саноат номлари, саноат намуналари, ишлаб чиқариш сирлари, техник жараёнлар, ноу-хау ва гуд вил;
(v) қонун ёки контрактга биноан берилган концессиялари, шу жумладан табиат ресурсларни излаб топиш, қайта ишлаш, қазиб олиш, улардан фойдаланиш учун концессиялар;
(b) «даромадлар» атамаси инвестициялардан олинган суммаларни ва хусусан, бироқ истисно эмас, фойда, фоизлар, сармоялар ўсишидан келган даромадлар, дивидендлар, роялти ва мукофотларни билдиради;
(c) «инвестор» атамаси қуйидагиларни билдиради:
(i) фуқароликка эга бўлган ёки Аҳдлашувчи Томон ҳудудида унинг қонунларига мувофиқ доимий равишда яшовчи ҳар қандай жисмоний шахс; ёки
(ii) ана шу Аҳдлашувчи Томоннинг амалдаги қонунларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган ёки ташкил этилган ҳар қандай корпорация, ширкат, трест, қўшма корхона, ташкилот, уюшма ёки корхоналар;
(d) «ҳудуд» атамаси қуйидагиларни билдиради:
(i) Малайзияга нисбатан, Малайзия Федерациясини қамраб олган бутун қуруқликдаги ҳудудни, ҳудудий денгиз, унинг туби ҳамда ер ости бойликлари ва ундаги ҳаво фазоси;
(ii) Ўзбекистон Республикасига нисбатан, халқаро ҳуқуққа мувофиқ у ўзининг суверен ҳуқуқлари ва юрисдикциясини амалга ошириши мумкин бўлган давлат ҳудуди;
(е) «эркин муомаладаги валюта» атамаси АҚШ доллари, фунт стерлинг, немис маркаси, француз франки, япон йени ёки халқаро шартномалар бўйича тўловларни амалга ошириш учун кенг қўлланиладиган ва марказий халқаро валюта биржаларида кенг сотиб олинадиган ҳамда сотиладиган ҳар қандай бошқа валютани билдиради.
2. (i) 1-банд (а)-кичик бандда қайд этилган «инвестициялар» атамаси фақат Аҳдлашувчи Томонларнинг қонунлари, қоидалари ва миллий сиёсатига мувофиқ амалга оширилган инвестицияларга тааллуқлидир.
(ii) мулк инвестицияланган шаклдаги ҳар қандай ўзгариш, агар бундай ўзгариш дастлаб инвестицияланган мулкка нисбатан билдирилган маъқуллашга хилоф бўлмаса, уларнинг инвестиция сифатидаги квалификациясига таъсир кўрсатмайди.
2-модда
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоялаш
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоялаш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзининг амалдаги қонунлари, қоидалари ва миллий сиёсатига мувофиқ ўз ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг сармояларини инвестициялашни рағбатлантиради ва улар учун қулай шароитлар яратади, шундай инвестицияларга рухсат беради.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестицияларига исталган вақтда бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида адолатли ҳуқуқли режим, тўла ва мувофиқ муҳофаза ва хавфсизлик яратилиши лозим.
3-модда
Энг қулай режим тўғрисидаги қоидалар
Энг қулай режим тўғрисидаги қоидалар
1. Бир Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалга оширилган инвестициялари учун учинчи давлат инвесторларининг инвестицияларига яратилганидан кам бўлмаган адолатли ва тенг режим яратилиши лозим.
2. Ушбу Битимнинг учинчи давлат инвесторларига яратилганидан кам бўлмаган қулай режим яратишга тааллуқли қоидалари Аҳдлашувчи Томонлардан бирини қуйидагилар туфайли бошқа Томон инвесторларига режим, преференций ёки енгиллик имтиёзларини татбиқ этишга мажбурловчи омил сифатида талқин қилинмаслиги лозим:
а) Аҳдлашувчи Томонлардан бири бугунги кунда аъзоси бўлган ёки келгусида аъзоси бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай мавжуд ёки келгусида ташкил этиладиган божхона уюшмаси ёки эркин савдо зонаси, умумий бозор, валюта уюшмаси ёки шу сингари халқаро битимлар ёхуд минтақавий ҳамкорликнинг бошқа шакллари; ёки шундай уюшмани ёки мантиқий давр мобайнида ҳудудни ташкил этиш ёхуд уни кенгайтиришга олиб келувчи шартномани қабул қилиш, ёки
в) тўлалигича ёки қисман солиқ солишга тааллуқли бўлган ҳар қандай халқаро битим ёки келишув ёхуд бутунлай ёки асосан солиқ солишга алоқадор бўлган ҳар қандай ички қонун.
4-модда
Зарарлар учун компенсация
Зарарлар учун компенсация
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудидаги уруш, ёки бошқа қуролли тўқнашув, инқилоб, фавқулодда ҳолат, қўзғолон, фуқаролик тартибсизликлари ёки исён оқибатида инвестициялари зарар кўрган бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларига биринчи Аҳдлашувчи Томон учинчи давлат инвесторлари учун яратганидан кам бўлмаган реституция, товон тўлови, компенсацияни кўзда тутувчи режим ёки тартибга солувчи бошқа шароит яратади.
5-модда
Экспроприация
Экспроприация
Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч бири қуйидаги ҳолатлардан истисно равишда бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестицияларини экспроприация қилиш ёки национализация қилиш бўйича чоралар қабул қилмайди:
а) агар чоралар ҳуқуқий ёки давлат манфаатлари йўлида ва зарурий суд тартибида қўлланса;
б) агар чоралар дискриминацион тарзда бўлмаса;
в) агар чоралар кечиктирилмасдан, айнан бир хил ва самарали компенсация тўловлари билан биргаликда амалга оширилса. Бундай компенсация эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича қабул қилинган чоралар эълон қилингунга қадар тегишли инвестицияларнинг бозор қийматига тенг бўлиши ва эркин муомаладаги валютада эркин равишда ўтказиладиган бўлиши лозим. Агар қонунда ўзга курс белгиланмаган бўлса, компенсация тўловларининг асоссиз равишда ҳар қандай тарзда кечиктирилиши Томонлар келишиб олган устун тижорат курси бўйича фоизлар келтириши лозим.
6-модда
Пул ўтказиш
Пул ўтказиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзининг қонунлари, қоидалари ва миллий сиёсатига мувофиқ қуйидагиларнинг исталган эркин муомаладаги валютада асосланмаган кечиктиришларсиз ўтказилишига рухсат беради:
а) соф фойда, дивидендлар, роялти, техник ёрдам учун тўловлар, фоизлар ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг ҳар қандай инвестицияларидан олинадиган ўзга жорий тушумлар;
б) бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг ҳар қандай инвестицияларини бутунлай ёки қисман тугатишдан келадиган тушумлар;
в) иккала Томон инвестициялар сифатида тан олган, бир Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторлари томонидан бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларига берилган заёмлар/кредитлар тўланадиган фондлар;
с) бир Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги инвестициялари муносабати билан у ерда ишловчи ва ишлаш учун рухсат берилган бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг соф фойдаси ва бошқа компенсациялари.
2. Ушбу модданинг 1-бандида қайд этилган бундай пул ўтказишлар учун қўлланиладиган алмаштириш курси пул ўтказилаётган санадаги устун алмаштириш курси бўлиши лозим.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу модданинг 1-бандида қайд этилган пул ўтказишлари учун исталган учинчи давлат инвесторларининг инвестицияларидан келиб чиқувчи пул ўтказишлари учун яратиладиган қулай режимдан кам бўлмаган режим яратиш мажбуриятини оладилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасидаги низоларни ҳал этиш
Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасидаги низоларни ҳал этиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бир Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасида юзага келадиган, қуйидагиларга тааллуқли бўлган ҳар қандай низони Вашингтонда 1965 йил 18 мартда имзолаш учун очилган Давлатлар ва бошқа давлатлар фуқаролари ўртасидаги инвестицион низоларни ҳал этувчи Конвенцияга мувофиқ яраштириш ёки арбитраж йўли билан ҳал этиш учун Инвестицион низоларни ҳал этувчи (бундан кейин «Марказ» деб аталувчи) халқаро Марказга топширишга келишади:
i) ана шу Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторига нисбатан шундай инвесторларнинг инвестициялари хусусида қабул қилган мажбуриятлари;
ii) шундай инвесторнинг инвестицияларига нисбатан ушбу Битимдан келиб чиқувчи ҳар қандай ҳуқуқнинг тахмин қилинган тарзда бузилиши.
2. Бир Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ рўйхатдан ўтказилган ёки ташкил этилган ва низо юзага келгунга кадар акцияларининг кўпчилик қисми бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторига тегишли бўлган компания Конвенциянинг 25 (2) (b)-моддасига мувофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг компанияси ҳисобланади.
3. (i) 1-бандда қайд этилган ҳар қандай низо юзага келган тақдирда, манфаатдор Аҳдлашувчи Томон ва инвестор уни ярашиш ва музокаралар йўли билан ҳал этишга уринишлари лозим. Агар, низо 3 ой мобайнида бундай йўл билан ҳал этилмаса, башарти манфаатдор инвестор ҳам Конвенцияга мувофиқ низони ярашиш ёки арбитраж йўли билан кўриб чиқиш учун Марказга топширишга ёзма равишда розилик билдирса, манфаатдор инвестор низони ушбу низодаги томон хисобланмиш Аҳдлашувчи Томоннинг суди ёки маъмурий органига ёхуд ваколатли юрисдикцияси судига топширмаган ҳолда, низодаги исталган Томон Конвенциянинг 28- ва 36-моддаларида белгиланганидек Марказнинг Бош Котибига мурожаат қилиш йўли билан низони ҳал этиш тартиботларини бошлаши мумкин.
(ii) Низони яраштириш ёки арбитраж йўли билан ҳал этиш энг мақбул тартибот эканлигига рози бўлмаслик ҳолларида манфаатдор инвесторнинг фикри устун ҳисобланади. Низода томон ҳисобланувчи Аҳдлашувчи Томон тартиботнинг исталган босқичида уни ёки қарорнинг бажарилишини тўхтатиш учун эътироз, ҳимоя ёки ҳуқуқ сифатида суғурта шартномаси ёки кафолат шартномасига мувофиқ низода бошқа томон хисобланмиш инвесторнинг етказилган зиён ва зарарнинг ҳаммаси ёки уларнинг бир қисми эвазига товон тўлови ёки ўзга тарзда компенсация олганлиги ёки олиши фактига асосланмаслиги лозим.
4. Ҳеч қайси Аҳдлашувчи Томон дипломатик воситалар орқали Марказга топширилган ҳар қандай низони, токи у:
i) Марказнинг Бош Котиби ёки комиссия томонидан ташкил этилган яраштириш комиссияси ёхуд арбитраж суди низо Марказ ваколатлари доирасидан ташқарида деб қарор қилгунга қадар; ёки
ii) бошқа Аҳдлашувчи Томон арбитраж судининг исталган қарорига риоя қилмагунча ёки бўйсунмагунга қадар ҳал этмайди.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллашга тааллуқли бўлган низолар имкон қадар дипломатик воситалар орқали ҳал этилиши лозим.
2. Агар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низони бундай йўл билан ҳал этиш имконияти бўлмаса, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига кўра у арбитражга топширилади.
3. Бундай арбитраж ҳар бир алоҳида ҳолат учун қуйидаги тартибда ташкил этилади. Низони арбитражда кўриб чиқиш учун сўровнома юборилган кундан бошлаб икки ой мобайнида ҳар бир Аҳдлашувчи Томон арбитраж судининг биттадан аъзосини тайинлайди. Сўнгра бу икки аъзо ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг розилигига кўра суд раиси этиб тайинланадиган учинчи давлат фуқаросини сайлайди. Раис суднинг бошқа икки аъзоси тайинланган санадан сўнг икки ой (2) мобайнида тайинланади
4. Агар ушбу модданинг 3-бандида белгиланган муддат мобайнида зарурий тайинловлар амалга оширилмаса, бошқа келишувлар мавжуд бўлмагани ҳолда, исталган Аҳдлашувчи Томон зарурий тайинловни ўтказиш учун Халқаро Суд Президентини таклиф қилишга ҳақлидир. Башарти, Президент Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса, ёки ўзга сабаблар қайд этилган вазифани бажаришга тўсқинлик қилса, зарурий тайинловни амалга ошириш учун Вице-Президент таклиф этилади. Агар Вице-Президент Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса, ёки у ҳам қайд этилган вазифани бажаролмаса, зарурий тайинловни амалга ошириш учун Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч қайсисининг фуқароси бўлмаган, Халқаро Суднинг лавозими юқорироқ бўлган аъзоси таклиф этилади.
5. Арбитраж суди кўпчилик овоз билан қарор қабул қилади. Ана шундай қарор ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон учун мажбурийдир. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон арбитраж ишидаги ўзининг суд аъзоси ва ваколатхонаси учун харажатларни тўлайди, Раис учун сарфланадиган ва ўзга чиқимларни эса Аҳдлашувчи Томонлар тенг тарзда тўлайдилар. Булардан қатъи назар, суд ўз қарорида Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг зиммасига харажатларнинг кўпроқ қисмини тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин ва бундай қарор ҳар бир Аҳдлашувчи Томон учун мажбурий ҳисобланади. Суд ўз тартиботларини мустақил равишда белгилайди.
9-модда
Суброгация
Суброгация
Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири ёки унинг ваколатли органи исталган инвесторга инвестициялар борасида берилган кафолатлар бўйича тўловларни амалга оширса, бошқа Аҳдлашувчи Томон 7-моддага мувофиқ биринчи томоннинг ҳуқуқларига зиён етмаган ҳолда бундай инвесторнинг ҳар қандай ҳуқуқи ёки мақоми биринчи Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг ваколатли органига ҳамда биринчи Аҳдлашувчи Томон ёки унинг ваколатли органи суброгацияси ҳар қандай ҳуқуқ ёки мақомга ўтишини тан олиши лозим.
10-модда
Инвестицияларга қўллаш
Инвестицияларга қўллаш
Ушбу Битим исталган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон инвестори томонидан унинг қонунлари, қоидалари ёки миллий сиёсатига мувофиқ ушбу Битим кучга киргунга қадар ва у кучга киргандан сўнг амалга оширилган инвестицияларга нисбатан қўлланилади.
11-модда
Қўшимчалар киритиш
Қўшимчалар киритиш
Ушбу Битимга у кучга киргандан сўнг исталган вақтда Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилигига кўра қўшимчалар киритилиши мумкин. Ушбу Битимни исталган тарзда ўзгартириш ёки уни модификациялаш, бундай ўзгартиришлар киритилган санагача ушбу Битимдан келиб чиқувчи ҳуқуқлар ва мажбуриятларга зиён етмаган ҳолда, ана шундай ҳуқуқлар ва мажбуриятлар бутунлай амалга оширгунга қадар амалга оширилиши лозим.
12-модда
Битимнинг кучга кириши, жорий муддати ва тўхтатилиши
Битимнинг кучга кириши, жорий муддати ва тўхтатилиши
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар ҳукуматлари ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган барча конституцион талаблар бажарилганлиги хусусида бир-бирларини ёзма равишда хабардор қилган санадан сўнг ўттиз (30) кун ўтгач кучга киради. Сўнгги хабарнома жўнатилган сана охирги сана ҳисобланади.
2. Ушбу Битим ўн (10) йиллик давр мобайнида қонуний кучга эга бўлади ва ушбу модданинг 3-банди қоидаларига мувофиқ тўхтатилгунга қадар ўз кучини йўқотмайди.
3. Исталган Аҳдлашувчи Томон ўн йиллик муддат туташидан бир (1) ой аввал ёки ундан кейинги исталган вақтда бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда ушбу Битимни тўхтатиши мумкин.
4. Ушбу Битим тўхтатилган санага кадар амалга оширилган ёки қабул қилинган инвестицияларга нисбатан Битим қоидалари у тўхтатилган санадан бошлаб ўн (10) йиллик давр мобайнида ўз кучини йўқотмайди.
Ушбуни тасдиқлаган ҳолда, ўз Ҳукуматлари томонидан лозим тарзда ваколатли этиб тайинланган қуйида имзо чекувчилар ушбу Битимни имзоладилар.
Куала-Лумпур шаҳрида 1997 йил 6 октябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, малай ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган холларда инглиз тилидаги матн асос ҳисобланади.
(имзолар)