Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Малайзия Ҳукумати ўртасида
Битим
ИККИЁҚЛАМА СОЛИҚ СОЛИНИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ҲАМДА ДАРОМАД ВА ФОЙДА СОЛИҚЛАРИНИ ТЎЛАШДАН БОШ ТОРТИШНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Малайзия Ҳукумати,
иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш ҳамда даромад ва фойда солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида Битим тузиш истагини билдириб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Қўлланиш доираси
Қўлланиш доираси
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Давлатларнинг бири ёки ҳар иккисининг резиденти бўлган шахсларга нисбатан қўлланилади.
2-модда
Битим татбиқ этиладиган солиқлар
Битим татбиқ этиладиган солиқлар
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Давлат томонидан ундириладиган даромад ва фойда солиқларига нисбатан, уларни ундириш услубидан қатъи назар, татбиқ этилади.
2. Ушбу Битим қўлланиладиган амалдаги солиқлар, жумладан, қуйидагилардир:
(a) Малайзияга нисбатан:
(i) даромад солиғи; ва
(ii) нефтдан олинадиган даромад солиғи;
(бундан кейин «Малайзия солиқлари» деб аталади);
(b) Ўзбекистон Республикасига нисбатан:
(i) корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлар даромади ва фойдасидан олинадиган солиқ;
(ii) Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, ажнабий фуқаролардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи;
(бундан кейин «Ўзбекистон солиқлари» деб аталади).
3. Ушбу Битим имзолангандан сўнг солиқларга қўшимча ёки мавжудлари ўрнига киритилган ҳар қандай муносиб ёки аслида ўхшаш солиқларга нисбатан ҳам қўлланилади. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли ташкилотлари ўзларининг тегишли солиқ қонунчилигида бўлган муҳим ўзгаришлар ҳақида бир-бирларига хабар берадилар.
3-модда
Умумий таърифлар
Умумий таърифлар
1. Ушбу Битимнинг мақсадлари учун, агар матннинг мазмунидан ўзга маъно чиқмаса:
(a) «Малайзия» атамаси Малайзия Федерацияси ҳудудини, Малайзиянинг ҳудудий сувларини, денгиз тубини ва ҳудудий сувлари тагидаги ерларни ва Малайзиянинг Малайзия қонунлари ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ Малайзия жонли ёки жонсиз табиий ресурсларни ёки минералларни тадқиқ этиш ҳамда ишлаб чиқиш мақсадида суверен ҳуқуқларга эга бўладиган макон сифатида белгиланган ёки белгиланиши мумкин бўлган Малайзиянинг ҳудудий сувлари чегаралари доирасидан четда ёйилиб кетган ҳар қандай кенгликни ва денгиз тубини ва ҳар қандай шундай макон тагидаги ерларни англатади;
(b) «Ўзбекистон» атамаси Ўзбекистон Республикасини ва жуғрофий маънода ишлатилганида, Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуққа ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ табиий ресурсларни тадқиқ этиш ҳамда ишлаб чиқиш мақсадида суверен ҳуқуқларга эга бўладиган ҳудудини ва ҳудудий сувларини ва улар устидаги ҳаво кенглигини, шу жумладан, ер остини ва табиий ресурсларини англатади;
(c) «бир Аҳдлашувчи Давлат» ва «ўзга Аҳдлашувчи Давлат» атамалари матнда ишлатилиш ўрнига қараб Малайзияни ёки Ўзбекистонни англатади;
(d) «шахс» атамаси солиққа тортиш мақсадида шахс сифатида қараладиган жисмоний шахсни, компанияни ва шахсларнинг ҳар қандай бошқа бирлашмасини англатади;
(e) «компания» атамаси солиққа тортиш мақсадларида корпоратив бирлашма сифатида қараладиган ҳар қандай корпоратив бирлашма, қўшма корхона ёки ҳар қандай бошқа ташкилотни англатади;
(f) «Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси» ва «бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонаси» атамалари ўз ўрни билан Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқаруви остида иш юритаётган корхонани ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бошқаруви остида иш юритаётган корхонани англатади;
(g) «солиқ» атамаси матн мазмунига қараб Малайзия солиқларини ёки Ўзбекистон Республикаси солиқларини англатади;
(h) «миллий шахс» атамаси:
(i) Аҳдлашувчи Давлат миллатига ёки фуқаролигига эга бўлган ҳар қандай жисмоний шахсни;
(ii) Аҳдлашувчи Давлатнинг амалдаги қонунларига мувофиқ ўз мақомини олган ҳар қандай юридик шахсни, ҳамжамият, ассоциация ва ҳар қандай бошқа ташкилотни англатади;
(i) «халқаро ташиш» атамаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси томонидан фойдаланиладиган денгиз, ҳаво кемаси, темир йўл ёки автотранспортда ҳар қандай ташишни англатади, денгиз, ҳаво кемаси, темир йўл ва автотранспортнинг бошқа Аҳдлашувчи Давлат ҳудудида жойлашган пунктлар ўртасидагина фойдаланилиши бундан мустасно;
(j) «ваколатли орган» атамаси:
(i) Малайзияга нисбатан — Молия вазирини ёки унинг ваколатли вакилини англатади;
(ii) Ўзбекистон Республикасига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Раисини ёки унинг ваколатли вакилини.
2. Ушбу Битимни Аҳдлашувчи Давлат қўллаганида ҳар қандай унда белгиланмаган ибора, агар матннинг мазмунидан ўзга маъно чиқмаса, ўша пайтда ушбу Давлатдаги мавжуд Битим тегишли бўладиган солиқларга нисбатан шу Давлатнинг қонунларига мувофиқ маънони англатади.
4-модда
Резидент
Резидент
1. Ушбу Битимнинг мақсадлари учун «Аҳдлашувчи Давлат резиденти» атамаси:
(a) Малайзияга нисбатан — Малайзиядаги солиққа тортиш мақсадларида Малайзия резиденти ҳисобланадиган шахсни англатади; ва
(b) Ўзбекистон Республикасига нисбатан — Ўзбекистондаги солиққа тортиш мақсадларида Ўзбекистон резиденти ҳисобланадиган шахсни.
2. Агар 1-банд қоидаларига мувофиқ жисмоний шахс Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳар иккисининг резиденти бўлса, унинг мақоми қуйидаги тарзда белгиланади:
(a) жисмоний шахс фақат тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйи жойлашган Давлатнинг резиденти ҳисобланади. Агар у ҳар икки Давлатда тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйга эга бўлса, шахсий ва иқтисодий алоқалари энг чуқур бўлган (ҳаётий манфаатлар маркази) Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
(b) агар унинг ҳаётий манфаатлари маркази жойлашган Давлатни аниқлаб бўлмаса ёки Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳеч бирида тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйи бўлмаса, у одатда яшаб турган Давлатининг резиденти ҳисобланади;
(c) агар шахс одатда ҳар икки Давлатда яшаса ёки уларнинг ҳеч бирида яшамаса, у Аҳдлашувчи Давлатларнинг қай бирининг миллий шахси бўлса, шу Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
(d) агар у ҳар иккала Давлатнинг миллий шахси бўлса ёки шундай бўлмаса, Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли ташкилотлари бу масалани ўзаро келишув йўли билан ҳал қиладилар.
3. Агар 1-банд қоидаларига мувофиқ жисмоний шахс бўлмаган шахс Аҳдлашувчи Давлатнинг ҳар иккисининг резиденти бўлса, у ўзининг амалдаги раҳбар органи жойлашган Давлатнинг резиденти ҳисобланади.
5-модда
Доимий муассаса
Доимий муассаса
1. Ушбу Битим мақсадлари учун «доимий муассаса» атамаси корхона тўлиқ ёки қисман тадбиркорлик фаолиятини олиб борадиган доимий фаолият жойини билдиради.
2. «Доимий муассаса» атамаси, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
(a) бошқарув жойи;
(b) бўлим;
(c) офис;
(d) фабрика;
(e) устахона;
(f) шахта, нефть ёки газ қудуғи, карьер ёки табиий ресурслар қазиб олинадиган ҳар қандай бошқа жой, шу жумладан ўрмон материаллари ёки бошқа ҳар қандай ўрмон маҳсулотлари;
(g) ферма ёки плантация;
(h) 12 ойдан ортиқ амал қиладиган қурилиш майдончаси ёки қурилиш, монтаж ёки йиғиш объекти.
3. «Доимий муассаса» атамаси қуйидагиларни ўз ичига олмайди:
(a) иншоотлардан шу корхонага тегишли товарлар ёки буюмларни сақлаш, намойиш қилиш ёки етказиб бериш мақсадларидагина фойдаланиш;
(b) шу корхонага тегишли товарлар ёки буюмлар захирасининг фақат сақлаш, намойиш қилиш ёки етказиб бериш мақсадларида ушлаб турилиши;
(c) шу корхонага тегишли товарлар ёки маҳсулотлар захирасининг фақат бошқа корхона томонидан қайта ишлов берилиши мақсадларида ушлаб турилиши;
(d) доимий фаолият жойининг фақат товарлар ёки буюмлар сотиб олиш ёки ушбу корхона учун ахборот йиғиш мақсадлари учун ушлаб турилиши;
(e) доимий фаолият жойининг ушбу корхона учун фақат бошқа ҳар қандай тайёргарлик ёки ёрдамчи тусдаги фаолиятни амалга ошириш мақсадлари учун ушлаб турилиши.
4. Агар Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонаси ана шу бошқа Давлатда 12 ойдан ортиқ вақт мобайнида шу Давлатда амалга ошириладиган қурилиш майдончаси ёки қурилиш монтаж ёки йиғиш объекти билан боғлиқ назорат этувчи фаолиятни амалга оширса, шу Давлатда доимий муассасага эга деб ҳисобланади.
5. Аҳдлашувчи Давлатда бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонаси номидан иш юритадиган шахс (брокер, комиссионер ёки 6-банд тааллуқли бўлган мустақил мақомга эга агент бўлган шахслардан ташқари) биринчи эслатилган Давлатда доимий муассасага эга деб қаралади, агар шахс:
(a) биринчи эслатилган Давлатда корхона номидан шартномалар тузиш ваколатига эга бўлса ва бундан одатда фойдаланса, агар унинг фаолияти корхона учун товарларни ёки буюмларни харид қилиш билан чекланиб қолмаса;
(b) у биринчи эслатилган Давлатда мунтазам равишда буюртмаларини шу корхона номидан ижро этган ҳолда шу корхонага тегишли товарлар ёки буюмлар захирасини тутиб турса; ёки
(c) у биринчи эслатилган Давлатда корхона учун ушбу корхонага тегишли товарлар ёки буюмларни ишлаб чиқарса ёки қайта ишласа.
6. Корхона, агар Аҳдлашувчи Давлатда брокер, комиссионер ёки ҳар қандай бошқа мустақил мақомли агент орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, бу шахслар ўзининг одатдаги фаолияти чегарасида иш юритган тақдирда, шу Давлатда доимий муассасага эга деб қаралмайди.
Бироқ, бундай агентнинг фаолияти бутунлай ёки деярли бутунлай корхона номидан амалга оширилса, агар агент билан корхона ўртасидаги тижорат операциялари мустақил иштирокчилар ўртасидаги каби шароитда амалга оширилмаган бўлса, унда у мустақил мақомга эга агент деб ҳисобланмайди.
7. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компаниянинг бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлган компанияни назорат қилиши ёки назоратни ўзга Давлат компанияси устидан юритиши ёки ушбу компания ўзга Давлатда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши (доимий муассаса орқали ёки бошқа тарзда) факти ўз-ўзидан бу компанияларнинг бирини бошқаси учун доимий муассасага айлантириб қўймайди.
6-модда
Кўчмас мулкдан олинадиган даромадлар
Кўчмас мулкдан олинадиган даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентининг бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган кўчмас мулкдан олган даромадлари ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Ушбу Битим мақсадлари учун «кўчмас мулк» атамаси кўриб чиқилаётган мулк жойлашган Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ белгиланади. Ҳар қандай ҳолда ҳам ушбу атама ер устидаги мулк ҳақидаги умумий қонунчиликнинг қоидалари билан ҳақ-ҳуқуқлари белгиланган кўчмас мулкка нисбатан ёрдамчи бўлган мулкни, чорва моллари, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги воситалари, кўчмас мулк натижаси бўлган атроф мулкни (узуфрукт) ишлатганлик учун товон сифатида тўланадиган ўзгарувчан ёки қатъий белгиланган тўловларга бўлган ҳуқуқ ёки минераллар, нефть ва газ қудуқлари жойлашган ерга ва бошқа қазиб олинадиган табиий ресурсларни ишлашга бўлган ҳуқуқни ўз ичига қамрайди.
3. 1-банд қоидалари кўчмас мулкдан тўғридан-тўғри фойдаланиш, ижарага бериш ёки ўзга ҳар қандай шаклда фойдаланиб олинган даромадга нисбатан қўлланилади.
7-модда
Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда
Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонасининг фойдаси шу Давлатда солиққа тортилади, фақат корхона ўз тадбиркорлик фаолиятини Аҳдлашувчи бошқа Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали амалга оширмаётган бўлса. Агар корхона, юқорида айтилганидек, тижорат фаолиятини амалга ошираётган бўлса, корхонанинг фойдаси бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин, аммо шу доимий муассасага тегишли бўлган қисмидагина солиққа тортилиши мумкин.
2. 3-банд қоидаларига мувофиқ, агар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси тадбиркорлик фаолиятини бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали амалга ошираётган бўлса, доимий муассаса алоҳида ва мустақил корхона сифатида худди шундай ёки шунга ўхшаш фаолиятни амалга ошираётган, худди шундай ёки шунга ўхшаш шартлар асосида ва доимий муассасаси бўлган корхонадан мутлақо мустақил равишда иш кўраётган бўлганда олиши мумкин бўлган фойда ҳар бир Аҳдлашувчи Давлатда шу доимий муассасага ўтказилади.
3. Доимий муассаса фойдасини аниқлашда мабодо ушбу доимий муассаса мустақил корхона бўлганида ҳисоблаб чиқилиши мумкин бўладиган ушбу доимий муассаса фаолияти мақсадлари учун сарфланган харажатларни чиқариб ташлашга йўл қўйилади, чунки бундай харажатлар доимий муассасага унинг жойлашган Давлатида ёки ҳар қандай бошқа жойда вужудга келганидан қатъи назар, оқилона равишда ҳисобланган (ёзилган) бўлади.
4. Агар ваколатли орган олиши мумкин бўлган ахборот корхонанинг доимий муассасасига ҳисобланадиган фойдани белгилаш учун етарли бўлмаса, ушбу моддадаги ҳеч бир нарса ушбу Давлатнинг шахснинг солиқ тўловларига доир қарзини аниқлашга тегишли қандайдир қонунларини қўллашга тааллуқли бўлмайди, бунда ваколатли орган қонунлар қўлланилиши лозимлиги шарти билан ушбу қарзни баҳолашда эҳтиёткорликка риоя қилиши лозим, чунки ваколатли орган олиши мумкин бўлган ахборот бу ишни ушбу модда тамойилларига мувофиқ амалга ошириш имконини беради.
5. Корхона учун доимий муассаса томонидан товарлар ёки буюмларнинг харид қилинишигагина асосланиб доимий муассасага бирон-бир фойда ёзилмайди.
6. Аввалги бандлар мақсадлари учун доимий муассасага мансуб фойда, агар бошқаси учун салмоқли ва етарли сабаблар бўлмаса, ҳар йили бир хил услубда аниқланади.
7. Агар фойда, ушбу Битимнинг бошқа моддаларида алоҳида айтиб ўтилган фойда турларини қамраб оладиган бўлса, ушбу моддалар қоидаларига ушбу модда қоидалари таъсир этмайди.
8-модда
Халқаро ташишлардан олинадиган даромад
Халқаро ташишлардан олинадиган даромад
1. Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонаси халқаро ташишларда кемалар, самолётлар, темир йўл ёки автотранспортдан фойдаланишдан олган даромад ва фойдага фақат шу Давлатда солиқ солинади.
2. 1-банд қоидалари, шунингдек бир Аҳдлашувчи Давлат резидентининг пульда, қўшма корхонада иштирок этишдан олган даромад ва фойдаларига ҳам қўлланилади.
9-модда
Бирлашган корхоналар
Бирлашган корхоналар
1. Агар:
(a) Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонаси ўзга Аҳдлашувчи Давлат корхонасини бошқаришда, назорат қилишда ёки унинг сармоясида бевосита ёки билвосита қатнашса, ёки
(b) ўша шахслар Аҳдлашувчи Давлатларнинг унисининг ҳам корхонасини, бунисининг ҳам корхонасини бошқаришда, назорат қилишда ёки унинг сармоясида бевосита ёки билвосита қатнашса,
корхоналар ўртасида уларнинг тижорат ва молиявий муносабатларидан мутлақо мустақил бўлган корхоналар ўртасида бўладигандан фарқли шароитлар вужудга келтирилса ёки белгиланса, унда бундай муносабатлар натижасида бир корхонада тўпланган фойда ана шундай муносабатлар сабабли бундай ҳажмда бўлмаса ҳам, ушбу корхона фойдасига қўшилиши ва тегишли даражада солиққа тортилиши мумкин.
10-модда
Дивидендлар
Дивидендлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания томонидан ўзга Аҳдлашувчи Давлат резидентига тўланган дивидендлар ана шу ўзга Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Бироқ бундай дивидендлар уларни тўлаётган компания қайси Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, ушбу Давлатнинг қонунларига биноан ҳам солиққа тортилиши мумкин, аммо агар олувчи дивидендларнинг ҳақиқий эгаси бўлса, унда шу тарзда олинадиган солиқнинг миқдори дивидендларнинг ялпи суммасининг 10 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Бу банд дивидендлар тўланадиган фойдага нисбатан компаниянинг солиққа тортилишига тааллуқли эмас.
3. «Дивидендлар» ибораси ушбу моддада қўлланилганда, акциялардан ёки фойдада иштирок этиш ҳуқуқини берувчи қарз талаблари ҳисобланмаган бошқа ҳуқуқлардан олинадиган даромадни, шунингдек бошқа корпоратив ҳуқуқлардан олинадиган фойдани тақсимловчи компания резиденти бўлган Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунларига мувофиқ акциялардан олинадиган фойда сифатида солиқ соҳасида тартибга солинадиган даромадни англатади.
4. Агар дивидендларнинг ҳақиқий эгаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлгани ҳолда ана шу дивидендларни тўлаётган компания резиденти бўлган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда фаолиятни унда жойлашган доимий муассаса орқали амалга оширса ва дивидендлар олинадиган холдинг, аслида шу доимий муассаса билан боғлиқ бўлса, 1- ва 2-бандлардаги қоидалар қўлланилмайди. Бундай ҳолда 7-модда қоидалари қўлланилади.
5. Агар Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирининг резиденти бўлган компания бошқа Аҳдлашувчи Давлатда фойда ёки даромад олаётган бўлса, бу бошқа Аҳдлашувчи Давлат компаниянинг ушбу бошқа Давлатнинг резидентлари бўлмаган шахсларга тўлаётган дивидендларига солиқ солиши мумкин эмас, шунингдек компаниянинг тақсимланмаган фойдасидан солиқлар олинмайди, ҳатто-ки тўланаётган дивидендлар ёки тақсимланмаган фойда ана шу бошқа Давлатда тўла ёки қисман ҳосил бўлган фойда ёки даромаддан ташкил топган бўлса ҳам.
11-модда
Фоизлар
Фоизлар
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирида ҳосил бўлган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига тўланадиган фоизлар ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Аммо бундай фоизлар ҳосил бўлган Аҳдлашувчи Давлатда шу Давлатнинг қонунларига биноан ҳам солиққа тортилиши мумкин, аммо фоизларни олувчи уларнинг ҳақиқий эгаси бўлса шу тариқа ундириладиган солиқнинг миқдори фоизлар ялпи суммасининг 10 фоизидан ошмаслиги керак.
3. 2-банднинг қоидаларига қарамай, бир Аҳдлашувчи Давлатнинг Ҳукумати ушбу бошқа Давлатда оладиган фоизларга нисбатан бошқа Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортишдан озод қилинади.
4. 3-банд мақсадларида «Ҳукумат» атамаси:
(a) Малайзияга нисбатан Малайзия Ҳукуматини англатади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:
(i) Штатлар ҳукуматлари;
(ii) маҳаллий ҳокимиятлар;
(iii) қонунда белгиланган органлар;
(iv) Малайзия Берхад (ЭКСИМП Банк) Экспорт ва Импорт Банки; ва
(v) Негара Малайзия Банки;
(b) Ўзбекистон Республикасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматини англатади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:
(i) маҳаллий ҳокимиятлар;
(ii) қонунда белгиланган органлар;
(iii) Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки; ва
(iv) Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки.
5. «Фоизлар» ибораси ушбу моддада қўлланилганида моҳияти билан ипотека таъминотидан қатъи назар, ҳар қандай турдаги қарз талабномаларидан олинадиган даромадни ва шу жумладан, ҳукуматнинг қимматли қоғозларидан олинадиган даромадни ва облигациялар ёки қарз мажбуриятларидан олинадиган даромадни англатади.
6. Агар фоизларнинг ҳақиқий эгаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўла туриб, тадбиркорлик фаолиятини фоизлар ҳосил бўлаётган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали олиб бораётган бўлса, фоизлар тўланаётган қарз талабномалари шундай доимий муассасага ҳақиқатан мансуб бўлса, 1- ва 2-бандлар қоидалари қўлланилмайди. Бу ҳолда 7-модда қоидалари қўлланилади.
7. Фоизларни тўловчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ўзи ёки шу Давлатнинг маъмурий бўлинмаси, маҳаллий ҳокимиятлари ёки қонунга кўра белгиланган шу Давлатнинг органи ёки резиденти бўлса, фоизлар ушбу Давлатда ҳосил бўлган деб ҳисобланади. Лекин фоизларни тўловчи шахс Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда қарз бўйича тўланадиган фоизлар вужудга келган доимий муассасага эга бўлса ва бундай фоизлар шундай доимий муассаса томонидан тўланадиган бўлса, бундай ҳолда фоизлар доимий муассаса жойлашган Аҳдлашувчи Давлатда вужудга келган деб ҳисобланади.
8. Агар тўловчи ва амалда фоизлар ҳуқуқига эга бўлган шахс ўртасидаги, ёки улар иккаласи ва ҳар қандай ўзга шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида қарз талабномасига нисбатан тўланаётган фоизлар миқдори тўловчи ва амалда фоизлар ҳуқуқига эга шахс ўртасида келишилиши мумкин бўлган миқдордан ошиқ бўлса, бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда, ушбу модда қоидалари фақат охирги эслатилган миқдорга нисбатан қўлланилади. Бундай ҳолда тўловларнинг ортиқча қисмидан ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ ушбу Битимнинг бошқа қоидалари инобатга олинган ҳолда, аввалгидек солиқ олинади.
12-модда
Роялти
Роялти
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирида ҳосил бўладиган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига тўланадиган роялтилар ушбу ўзга Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Бироқ бундай роялтилар улар вужудга келадиган Аҳдлашувчи Давлатда унинг қонунларига мувофиқ ҳам солиққа тортилиши мумкин, лекин агар бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти роялтининг ҳақиқий эгаси бўлса, унда бу тариқа ундириладиган солиқ роялтининг ялпи суммасининг 10 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
3. «Роялти» атамаси ушбу моддада қўлланилганда қуйидагиларнинг қопланиши сифатида олинадиган ҳар қандай турдаги тўловларни англатади:
(а) ҳар қандай патент, товар маркаси, чизма ёки модель, режа, махфий формула ёки жараён ёки илмий ишланмага ёки саноат, тижорат ёки илмий ускунадан фойдаланишга муаллифлик ҳуқуқлари ёки саноат, тижорат ёки илмий тажрибага мансуб ахборот учун мукофот тарзида олинган ҳар қандай кўринишдаги тўловларни билдиради;
(b) адабиёт ёки санъат асарларига ҳар қандай муаллифлик ҳуқуқи, радиоэшиттириш ёки телевидение учун тасмалар ёки кассеталардан фойдаланиш ёки фойдаланиш ҳуқуқи учун.
4. Роялтига нисбатан амалда ҳуқуққа эга бўлган шахс Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлиб, роялти ҳосил бўлаётган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали тадбиркорлик фаолиятини юритаётган бўлса ва роялти тўланаётган ҳуқуқ ёки мулк амалда шундай доимий муассаса билан боғлиқ бўлса, 1- ва 2-бандлар қоидалари қўлланилмайди. Бундай ҳолда 7-модданинг қоидалари қўлланилади.
5. Агар тўловчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ўзи, маъмурий бўлинмаси, унинг маҳаллий ҳокимиятлари ёки шу Давлатнинг қонунлари билан белгиланган органлари ёки резиденти бўлса, роялти шу Аҳдлашувчи Давлатда ҳосил бўлган, деб ҳисобланади. Бироқ, агар, роялтини тўловчи шахс Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага эга бўлса, шу туфайли роялтини тўлаш мажбурияти пайдо бўлса ва тўлов харажатларини бу доимий муассаса тўласа, бундай роялти доимий муассаса ёки доимий база жойлашган шу Аҳдлашувчи Давлатда ҳосил бўлган, деб ҳисобланади.
6. Агар тўловчи билан амалда роялти ҳуқуқига эга шахс ўртасидаги, ёки уларнинг иккови ва бошқа бирон бир шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида роялтидан фойдаланишга, фойдаланиш ҳуқуқига ёки роялти тўланадиган ахборотга тааллуқли роялтининг тўланган миқдори тўловчи ва амалдаги шу даромадлар ҳуқуқига эга шахс ўртасида келишилиши мумкин бўлган миқдордан ошиқ бўлса, бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда, ушбу модда қоидалари фақат охирги эслатилган миқдорга нисбатан қўлланилади. Бундай ҳолда тўловнинг ортиқча қисмига ушбу Битимнинг бошқа қоидалари инобатга олинган ҳолда, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ аввалгидек солиқ солинади.
13-модда
Мол-мулкнинг бегоналаштирилишидан олинадиган фойда
Мол-мулкнинг бегоналаштирилишидан олинадиган фойда
1. 6-модданинг 2-бандида белгиланганидек, кўчмас мол-мулкнинг бегоналаштирилишидан олинадиган фойдага ана шу мол-мулк жойлашган Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассаса амалий мулкининг бир қисмини ташкил этувчи кўчар мулкни бегоналаштиришдан олинган ёки Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлатда касбий хизматларни амалга оширишида бемалол фойдаланиши мумкин бўлган кўчар мулкни бегоналаштиришдан олинган даромадларга, бунга шу доимий муассасани (алоҳида ёки корхона билан биргаликда) бегоналаштиришдан олинган даромадни ҳам қўшиб мана шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
3. Аҳдлашувчи Давлат корхонаси халқаро ташишларда фойдаланиладиган кемалар ёки самолётларни бегоналаштириш ва шундай кемалар ёки самолётлардан фойдаланишга тааллуқли кўчар мол-мулкни сотишдан олинган даромадлар корхона резиденти ҳисобланадиган шу Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади.
4. Ушбу модданинг 1-, 2- ва 3-бандларида эслатилганлардан фарқли ўлароқ, ҳар қандай мол-мулкни ёки активларни бегоналаштиришдан олинган фойдага мол-мулкни бегоналаштирувчи шахс резиденти ҳисобланган Аҳдлашувчи Давлатдагина солиқ солинади.
14-модда
Шахсий хизматлар
Шахсий хизматлар
1. 15-, 16-, 17-, 18-, 19- ва 20-моддалар қоидаларини ҳисобга олиб, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти ҳисобланадиган жисмоний шахс ёллаш бўйича, шу жумладан шахсий хизматлари (жумладан касбий хизматлари ҳам) учун оладиган тақдирлаш пулларига (пенсиядан ташқари), агар шу ёллаш билан боғлиқ иш бошқа Аҳдлашувчи Давлатда амалга оширилмаётган бўлса, мана шу Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин. Агар ёлланма иш шу тариқа бажариладиган бўлса, унда шу муносабат билан олинган рағбатлантириш пулига ана шу ўзга Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. 1-банднинг қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти ҳисобланадиган жисмоний шахс Аҳдлашувчи Давлатлардан бошқасида амалга оширадиган ёллаш бўйича иш (шу жумладан касбий хизматлар) учун оладиган тақдирлаш пулларига (пенсиядан ташқари) фақат биринчи эслатилган Давлатда солиқ солинади, бунда:
(a) тақдирлаш пули олувчи бошқа Аҳдлашувчи Давлатда кўриб чиқилаётган тақвимий йилда бошланаётган ёки тугаётган кейинги 12 ойлик даврга тегишли давр мобайнида жами 183 кундан ошмайдиган давр ёки даврлар мобайнида яшаётган бўлса; ва
(b) тақдирлаш пули бошқа Давлат резиденти бўлмаган шахс томонидан ёки унинг номидан тўланади; ва
(c) тақдирлаш пули бўйича харажатларни доимий муассаса ўз зиммасига олмайди, ва рағбатлантириш пулини тўловчи шахс бошқа Давлатда жойлашган бўлади.
3. Ушбу модданинг аввалги қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонаси халқаро юк ташишларда фойдаланадиган денгиз, ҳаво кемалари бортида, темир йўл ва автомобиль транспорти воситаларида амалга ошириладиган ёлланма иш учун олинадиган тақдирлаш пулларига ана шу Давлатда солиқ солиниши мумкин.
4. «Касбий хизматлар» атамаси жумладан мустақил илмий, адабий, артистлик, маърифий ёки ўқитувчилик фаолиятларини, шунингдек врачлар, юристлар, муҳандислар, меъморлар, стоматологлар ва бухгалтерларнинг мустақил фаолиятини қамраб олади.
15-модда
Директорларнинг гонорарлари
Директорларнинг гонорарлари
Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлган компаниянинг Директорлар кенгаши ёки шу каби органи аъзоси сифатида оладиган директорларнинг гонорарлари ва шу каби тўловлар ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
16-модда
Санъат ходимлари ва спортчилар
Санъат ходимлари ва спортчилар
1. 14-модда қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти театр, кино, радио ёки телевидение артисти ёки мусиқачи каби санъат ходими сифатида ёки спортчи сифатида бошқа Аҳдлашувчи Давлатда амалга ошираётган шахсий фаолияти туфайли оладиган даромадига шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Санъат ходими ёки спортчи амалга оширган шахсий фаолиятидан олинадиган даромад санъат ходими ёки спортчининг ўзига эмас, бошқа шахсга ёзилса, 7- ва 14-моддалар қоидаларига қарамай, ушбу даромадга санъат ходими ёки спортчи фаолият кўрсатаётган ўша Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
3. Агар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирида амалга ошириладиган фаолият бевосита ёки билвосита, бутунлай ёки асосан бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг унинг маъмурий бўлинмасининг, маҳаллий ҳокимиятларининг ёки қонунга кўра белгиланган органнинг ижтимоий жамғармалари ҳисобидан амалга оширилса, унда 1- ва 2-бандларнинг қоидалари Аҳдлашувчи Давлатдаги фаолиятдан олинадиган рағбатлантириш пулига ёки фойдага тегишли бўлмайди.
17-модда
Пенсиялар
Пенсиялар
18-модданинг 2-банди қоидаларига мувофиқ, Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига унинг илгариги ёлланиш бўйича ишлаган иши учун товон сифатида тўланадиган пенсиялар ва бошқа шу сингари рағбатлантириш пулларига фақат шу Давлатда солиқ солинади.
18-модда
Ҳукумат хизмати
Ҳукумат хизмати
1. (а) Аҳдлашувчи Давлатнинг ўзи ёки унинг маъмурий бўлинмаси, унинг маҳаллий ҳокимиятлари ёки шу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунлари билан белгиланган органи томонидан шу Аҳдлашувчи Давлатга, маъмурий бўлинмаси, унинг маҳаллий ҳокимиятларига ёки шу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунлари билан белгиланган органига кўрсатган хизматларига нисбатан ҳар қандай жисмоний шахсга тўланадиган пенсиядан бошқа тақдирлаш пулига фақат ана шу Давлатда солиқ солинади.
(b) Бироқ бундай тақдирлаш пулига агар хизматлар мана шу бошқа Давлатда амалга оширилаётган бўлса, тўловни олувчи шахс шу бошқа Давлатнинг резиденти бўлса,
(i) ва шу бошқа Давлатнинг миллий шахси бўлса,
ёки
(ii) фақат хизматларни амалга ошириш мақсадида шу бошқа Давлатнинг резиденти бўлган бўлмаса фақат ана шу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлатнинг ўзи, ёки унинг маъмурий бўлинмаси, унинг маҳаллий ҳокимиятлари ёки шу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунлари билан белгиланган органи ёки улар тузган фондлар томонидан шу Давлатга, ёки унинг маъмурий бўлинмаси, унинг маҳаллий ҳокимиятлари ёки шу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунлари билан белгиланган органига кўрсатган хизматларига нисбатан ҳар қандай жисмоний шахсга тўланадиган ҳар қандай пенсияга фақат мана шу Давлатдагина солиқ солинади.
3. 14-, 15- ва 17-моддаларнинг қоидалари Аҳдлашувчи Давлат, ёки унинг маъмурий бўлинмаси, унинг маҳаллий ҳокимиятлари ёки шу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунлари билан белгиланган органи амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти муносабати билан кўрсатиладиган хизматларга нисбатан тўланадиган тақдирлаш пулларига нисбатан қўлланади.
19-модда
Талабалар ва амалиётчилар
Талабалар ва амалиётчилар
Бошқа Аҳдлашувчи Давлатга келгунга қадар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти ҳисобланиб турган ва бошқа Давлатда фақат:
(a) ушбу бошқа Давлатдаги эътироф этилган университет, коллеж, мактаб ёки шунга ўхшаган эътироф этилган таълим юртларида талаба сифатида;
(b) тижорат ёки техника ўқув юртида ўқувчи сифатида;
ёки
(c) асосан таълим олиш, илмий тадқиқот ёки амалиёт мақсадлари учун Давлатлардан хоҳлаган бирининг ҳукуматидан ёки илмий, маърифий, диний ёки хайрия ташкилотидан ёки Давлатлардан хоҳлаган бирининг ҳукумати жорий қилган техникавий ёрдам дастури бўйича стипендия, пуллик ёрдам ёки мукофот олувчи сифатида вақтинча бўлиб турган жисмоний шахс ушбу бошқа Давлатда қуйидагиларнинг солиққа тортилишидан озод қилинади:
(i) унинг ўқиши, таълим олиши, илмий тадқиқоти ёки амалиёти мақсадларида хориждан оладиган ҳамма пуллик ўтказмалари;
(ii) бундай стипендия, пуллик ёрдам ёки мукофот; ва
(iii) унинг ушбу бошқа Давлатдаги ўқиши, илмий тадқиқоти ёки амалиёти билан боғлиқ ҳолда кўрсатиладиган хизматлар ёки унинг яшаши мақсадлари учун йил давомида бериладиган 3000 АҚШ долларидан ошмайдиган ҳар қандай рағбатлантириш ҳақи.
20-модда
Ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар
Ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар
1. Бошқа Аҳдлашувчи Давлатга бевосита келгунига қадар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлиб турган ёки шундай резидент ҳисобланиб турган ва асосан тадқиқотчилик мақсадлари учун ҳар қандай давлат университети, коллежи, ўқув юртининг ёки бошқа шунга ўхшаган давлат ўқув юртларининг таклифига кўра ушбу бошқа Давлатда икки йилдан ошмайдиган давр мобайнида фақат бундай давлат ўқув юртида ўқитиш ёки тадқиқот ўтказиш ёки шундай ҳар иккала мақсадда бўлиб турадиган жисмоний шахснинг мана шу бошқа Давлатда ўқитганлиги ёки тадқиқоти учун оладиган биринчи эслатилган Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши лозим бўлган ҳар қандай рағбатлантириш ҳақи ушбу бошқа Давлатда солиққа тортишдан озод қилинади.
2. Агар илмий тадқиқот асосан муайян шахснинг ёки шахсларнинг шахсий фойдаси учун қилинаётган бўлса, унда ушбу модда бундай илмий тадқиқотдан олинадиган даромадга тегишли бўлмайди.
21-модда
Бошқа даромадлар
Бошқа даромадлар
Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентининг ушбу Битимнинг олдинги моддаларида аниқ тилга олинмаган даромад турларига фақат мана шу Давлатдагина солиқ солинади, агар бошқа Аҳдлашувчи Давлатдаги манбалардан олинган бундай даромад ушбу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустаснодир.
22-модда
Икки томонлама солиққа тортишни бартараф этиш
Икки томонлама солиққа тортишни бартараф этиш
1. Малайзиянинг Малайзиядан бошқа ҳар қандай мамлакатда тўланиши лозим бўлган солиқдан Малайзиянинг солиғига қарши кредит сифатида рухсат этилишига тегишли Қонунларини ҳисобга олиб, Малайзиянинг резиденти томонидан Ўзбекистон қонунларига ва ушбу Битимга мувофиқ тўланадиган Ўзбекистонда олинадиган даромадга нисбатан Ўзбекистон солиғи ушбу даромадга нисбатан тўланадиган Малайзия солиғига қарши кредит сифатида рухсат қилинади. Бундай даромад Ўзбекистон резиденти ҳисобланадиган компания томонидан Малайзиянинг резиденти ҳисобланадиган ва дивидендни тўлайдиган компаниянинг ҳал қилувчи овозларининг камида 10 фоизига эга компанияга тўланадиган дивиденд ҳисобланганида, бундай кредит ушбу компаниянинг дивиденд сифатида олинадиган даромадига нисбатан тўланадиган Ўзбекистон солиғини ҳисобга олиши керак. Бироқ кредит даромаднинг шундай турига тўғри келадиган кредит берилгунига қадар ҳисобланган Малайзия солиғи қисмидан ортиқ бўлмаслиги керак.
2. Биринчи банд мақсадлари учун «тўланиши лозим бўлган Ўзбекистон солиғи» атамаси тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини, агар ушбу Битим қоидаларига мувофиқ ёки Ўзбекистоннинг ушбу Битимни имзолаш пайтида амал қилиб турган қонунлари берадиган махсус стимулларига ёки кейинчалик Ўзбекистонда ушбу қонунларни ўзгартириш ёки қўшимча киритиш сифатида жорий этилиши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай қоидаларга биноан, Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари бу масалани келишган ҳолда, бу ўз моҳиятига кўра бирдек тусга эга деб ҳал этадиларки, солиқдан озод қилинмаган ёки камайтирилмаган бўлганда, шундай солиқ суммасини ўз ичига олади.
3. Ўзбекистоннинг Ўзбекистондан бошқа ҳар қандай мамлакатда тўланиши лозим бўлган солиқдан Ўзбекистоннинг солиғига қарши кредит сифатида рухсат этилишига тегишли қонунларини ҳисобга олиб, Ўзбекистоннинг резиденти томонидан Малайзия қонунларига ва ушбу Битимга мувофиқ тўланадиган Малайзияда олинадиган даромадга нисбатан Малайзия солиғи ушбу даромадга нисбатан тўланадиган Ўзбекистон солиғига қарши кредит сифатида рухсат қилинади. Бундай даромад Малайзия резиденти ҳисобланадиган компания томонидан Ўзбекистоннинг резиденти ҳисобланадиган ва дивидендни тўлайдиган компаниянинг ҳал қилувчи овозларининг камида 10 фоизига эга компанияга тўланадиган дивиденд ҳисобланганида, бундай кредит ушбу компаниянинг дивиденд сифатида олинадиган даромадига нисбатан тўланадиган Малайзия солиғини ҳисобга олиши керак. Бироқ кредит даромаднинг шундай турига тўғри келадиган кредит берилгунига қадар ҳисобланган Ўзбекистон солиғи қисмидан ортиқ бўлмаслиги керак.
4. Учинчи банд мақсадлари учун «тўланиши лозим бўлган Малайзия солиғи» атамаси тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини, агар ушбу Битим қоидаларига мувофиқ ёки Малайзиянинг ушбу Битимни имзолаш пайтида амал қилиб турган қонунлари берадиган махсус стимулларига ёки кейинчалик Малайзияда ушбу қонунларни ўзгартириш ёки қўшимча киритиш сифатида жорий этилиши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай қоидаларга биноан, Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари бу масалани келишган ҳолда, бу ўз моҳиятига кўра бирдек тусга эга деб ҳал этадиларки, солиқдан озод қилинмаган ёки камайтирилмаган бўлганда, шундай солиқ суммасини ўз ичига олади.
23-модда
Камситмаслик
Камситмаслик
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг миллий шахслари бошқа Аҳдлашувчи Давлатда ушбу бошқа Давлат миллий шахсларига айни бир хил шароитларда солинадиган ёки солиниши мумкин бўлгандан ортиқ ҳар қандай солиқ солинишига ёки унга алоқадор мажбуриятларга, солиқ солинишидан кўра мушкулроқ ёки унга алоқадор ҳолатларга дучор қилинмайдилар.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассасасига солиқ солиш ана шу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда ушбу бошқа Давлатнинг айнан шундай фаолиятни амалга оширувчи корхоналарига солиқ солишдан кўра ёмонроқ бўлмайди. Мазкур қоида бир Аҳдлашувчи Давлатни бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентига солиқ солиш мақсадларида ўз резидентларига уларнинг фуқаролик мавқеи ёки оилавий мажбуриятлари асосида берадиган ҳар қандай хусусий имтиёзлар, озод қилишлар ёки чегирмалар беришга мажбурловчи тарзида талқин қилинмаслиги лозим.
3. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхоналари, қайсики уларнинг мол-мулки тўлиқ ёки қисман Аҳдлашувчи бошқа Давлатнинг бир ёки ундан кўп резидентларига тегишли бўлса ёки улар томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилинса, биринчи эслатилган Давлатда биринчи эслатилган Аҳдлашувчи Давлатнинг шундай корхоналарига солинадиган ёки солиниши мумкин бўлган ҳар қандай солиқ солиниши ёки унга алоқадор ҳолатлар, бошқа ёки солиқ солинишдан кўра мушкулроқ ҳолатларга дучор қилинмайди.
4. Ушбу моддадаги ҳеч бир нарса ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлатнинг ўз миллий шахсларининг ушбу Давлатдаги иқтисодий ривожланишни чуқурлаштириш учун мўлжалланган солиқ имтиёзларидан фойдаланишини чеклашига тўсқинлик қиладиган қоида сифатида талқин этилмаслиги керак.
24-модда
Ўзаро келишув тартиблари
Ўзаро келишув тартиблари
1. Агар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти Аҳдлашувчи Давлатлардан бири ёки ҳар иккаласининг фаолияти унга мазкур Битимда назарда тутилганга мувофиқ келмайдиган солиқ солинишига олиб келади ёки олиб келиши мумкин деб ҳисобласа, у мазкур Давлатларнинг солиқ қонунчилигида назарда тутилган ҳимоя воситаларидан қатъи назар, ўз аризасини ўзи резидент бўлган Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органига ёки агарда унинг ҳолати Битимнинг 23-модда 1-бандига мувофиқ келса, ўзи миллий шахси бўлган Аҳдлашувчи Давлатга тақдим этиши мумкин. Бундай ариза ушбу Битим қоидаларига номувофиқ солиқ солинишига олиб келувчи хатти-ҳаракатлар тўғрисида биринчи бор билдирилган кундан бошлаб уч йил мобайнида берилиши керак.
2. Ваколатли орган ушбу эътирозни асосли деб топса ва унинг ўзи қониқтирадиган қарорга кела олмаса, масалани Битимга мувофиқ келмайдиган солиқ солинишидан қочиш мақсадларида Аҳдлашувчи бошқа Давлатнинг ваколатли органи билан ўзаро келишиб ҳал қилишга ҳаракат қилади.
3. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган ҳар қандай қийинчилик ва иккиланишларни ўзаро келишув асосида ҳал қилишга ҳаракат қиладилар. Улар ушбу Битимда кўзда тутилмаган ҳолларда икки томонлама солиққа тортишни бартараф этиш мақсадида ҳам бир-бирлари билан маслаҳатлашишлари мумкин.
4. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари аввалги қоидалар хусусида келишувга эришиш мақсадида бир-бирлари билан бевосита мулоқотга киришишлари мумкин.
25-модда
Ахборот алмашиш
Ахборот алмашиш
Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ушбу Битим қоидаларини қўлланиш учун ёки ушбу Битим татбиқ этиладиган солиқларни тўлашдан бўйин товлашни бартараф этиш ёки уларни аниқлаш учун зарур ахборот билан алмашиб турадилар. Шундай алмашиш орқали олинган ҳар қандай ахборот махфий ҳисобланади ҳамда фақат аниқлаш, олиб қўйиш, мажбурий чора кўриш, суд орқали таъқиб этиш билан боғлиқ ёки ушбу Битим тааллуқли бўлган солиқларга нисбатан апелляцияларни кўриб чиқувчи шахслар ва органларгагина (судлар ва тафтиш органларига ҳам) очилади. Бундай шахслар ёки органлар ахборотдан фақат шундай мақсадларда фойдаланадилар.
Ҳеч қандай ҳолатда ҳам ушбу модданинг 1-банди қоидалари Аҳдлашувчи Давлатлар зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юкловчи қоидалар сифатида талқин қилинмайди:
(a) у ёки бошқа Аҳдлашувчи Давлат қонунчилиги ёки маъмурий амалиётига зид маъмурий чоралар ўтказиш;
(b) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига кўра ёки одатдаги маъмурий амалиётга мувофиқ олиниши мумкин бўлмаган ахборотни тақдим этиш;
с) савдо, саноат, тижорат ёки хизмат сири ёки савдо жараёнини фош этувчи ахборотни ёки очилиши давлат сиёсатига зид келувчи ахборотни тақдим этиш.
26-модда
Дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчилари
Дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчилари
Ушбу Битимнинг ҳеч бир қоидаси дипломатик ваколатхоналар ходимлари ёки консуллик муассасалари ходимларининг халқаро ҳуқуқ умумий нормаларига ёки махсус битимлар қоидаларига мувофиқ белгилаб қўйилган солиқ имтиёзларига дахл қилмайди.
27-модда
Битимнинг кучга кириши
Битимнинг кучга кириши
Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳар бири ушбу Битимнинг кучга кириши учун уларнинг қонунларига кўра талаб қилинадиган зарур русум-қоидаларнинг тутаганлиги тўғрисида бир-бирларига дипломатик йўллар орқали маълум қиладилар. Ушбу Битим айтиб ўтилган ана шундай охирги хабар олинган кундан бошлаб қуйидагича амал қилади:
(a) Битим кучга кирган йилдан кейинги тақвимий йилнинг биринчи январидан бошлаб ёки шу санадан кейин солиққа тортиладиган даромадлар манбаидан ундириладиган солиқларга нисбатан;
(b) Битим кучга кирган йилдан кейинги бевосита иккинчи йилнинг биринчи январи ёки бундан кейинги санадан бошланадиган ва кейинги солиққа тортиш йилларида солиқ солинадиган бошқа даромад солиқларига нисбатан.
28-модда
Битимнинг амал қилишини тўхтатиш
Битимнинг амал қилишини тўхтатиш
Ушбу Битим номаълум муддатгача ўз кучида қолади, бироқ ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат Битимнинг амал қилишини Битим кучга кирган кундан кейин беш йил ўтгач бошланадиган ҳар қандай тақвимий йилнинг 30 июнида ёки 30 июнигача дипломатик йўл орқали Битимнинг амал қилишини тўхтатиш ҳақида хабар бериб тўхтатиши мумкин.
Бундай ҳолатда Битимнинг амал қилиши:
(a) денонсация ҳақида хабардор қилинган тақвимий йилдан кейин бевосита келадиган йилнинг биринчи январидан ёки ундан сўнгги санадан бошлаб солиққа тортиладиган даромадлар манбаидан ундириладиган солиқларга нисбатан;
(b) денонсация ҳақида хабардор қилинган тақвимий йилдан кейин бевосита келадиган йилнинг биринчи январидан ёки бундан кейинги санадан бошланадиган ҳар қандай солиққа тортиш йилига тааллуқли даромад солиқларига нисбатан.
Ўз Ҳукуматлари томонидан тегишли тартибда ваколат берилган қуйидаги имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб ушбу Битимни имзоладилар.
Куала-Лумпур шаҳрида 1997 йил 6 октябрда икки нусхада, ҳар бир матн ўзбек, малай ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битимнинг талқин қилишида ёки қўлланилишида келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн асос учун қабул қилинади.
(имзолар)
ПРОТОКОЛ
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Малайзия Ҳукумати ўртасида иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш ҳамда даромад ва фойда солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисидаги Битимни тузишда қуйида имзо чекувчилар қуйидаги қоида Протоколнинг ажралмас таркибий қисмини ташкил этиши лозим, деб келишиб олишди.
2. 7-«Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда» моддасининг 1-банди муносабати билан мазкур моддадаги ҳеч қандай ҳолат Аҳдлашувчи Давлатга ушбу Давлатда мазкур Аҳдлашувчи Давлатдаги доимий муассаса орқали сотилган товарлар ва буюмларга ўхшаган ёки шунга ўхшаган турдаги товарлар ва буюмларнинг сотилишидан олинадиган фойдани, бундай сотиш фақат доимий муассасанинг солиғини камайтириш мақсадида амалга оширилмаган бўлса, солиққа тортишига тўсқинлик қилмаслиги керак.
Ўз Ҳукуматлари томонидан тегишли тартибда ваколат берилган қуйидаги имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб ушбу Протоколни имзоладилар.
Куала-Лумпур шаҳрида 1997 йил 6 октябрда икки нусхада, ҳар бир нусха ўзбек, малай ва инглиз тилларида тузилди, бунда ҳамма матнлар бир хилдаги кучга эга бўлади. Ушбу Протоколнинг талқин қилиш ёки қўллашда тафовутлар вужудга келса, инглиз тилидаги матн асос учун қабул қилинади.
(имзолар)