Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
Қарздорлар ва уларнинг дебиторлари банк ҳисобварақларини қидиришда Банк депозиторларининг Миллий ахборот базасидаги маълумотлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 2 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2448]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 11 сентябрдаги 395-мҳ-сонли «Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 2448-1, 11.09.2019 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 169-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ–1900-сонли «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 2-сон, 16-модда) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Қарздорлар ва уларнинг дебиторлари банк ҳисобварақларини қидиришда Банк депозиторларининг Миллий ахборот базасидаги маълумотлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Марказий банки Бошқарувининг 2010 йил 20 февралдаги 13, 7/1-сон «Қарздорлар ва уларнинг дебиторлари банк ҳисобварақларини қидиришда Банк депозиторларининг Миллий ахборот базасидаги маълумотлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2085, 2010 йил 3 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 9-сон, 72-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Адлия вазири Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2013 йил 23 март,
1-сон
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 23 март,
7/12-сон
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Марказий банк Бошқарувининг 2013 йил 23 мартдаги 1, 7/12сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қарздорлар ва уларнинг дебиторлари банк ҳисобварақларини қидиришда Банк депозиторларининг Миллий ахборот базасидаги маълумотлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 169-модда), «Банк сири тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 144-модда) ва «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 20-сон, 230-модда) қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги ПҚ–1900-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнида Банк депозиторлари Миллий ахборотлар базаси (кейинги ўринларда БДМАБ деб юритилади) бўйича қарздорлар ва уларнинг дебиторлари томонидан миллий ва хорижий валютада очилган банк ҳисобварақларини (кейинги ўринларда банк ҳисобварақлари деб юритилади) қидиришда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ахборотлаштириш Бош Маркази (кейинги ўринларда АБМ деб юритилади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг (кейинги ўринларда Суд департаменти деб юритилади) органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартибини белгилайди.
I боб. Умумий қоидалар
1. Суд департаменти БДМАБдан электрон сўров асосида маълумотларни фақат суднинг ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги ёки уларнинг мол-мулкини хатлаш ҳақидаги қонуний кучга кирган қарори бўлган тақдирда сўрашга ҳақлидир. Суд департаменти БДМАБга жўнатиладиган электрон сўровнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини таъминлайди.
2. АБМнинг Суд департаменти билан маълумот алмашинувидаги ўзаро ҳамкорлиги:
суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини;
ундирувчининг ҳуқуқлари амалга оширилишини;
маълумотларнинг тезкор электрон алмашинувини;
суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг бажарилиши устидан самарали назоратни ташкил этишни таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
II боб. Маълумотлар алмашинуви
3. АБМ Суд департаментининг электрон сўровига асосан унда кўрсатилган қарздорларнинг (юридик шахс, жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг) банк ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотларни электрон сўровни олган куннинг эртасидан кечиктирмасдан тақдим қилади.
4. Қарздор ва унинг дебиторлари тўғрисидаги банк ҳисобварақларини аниқлаш ва олиш учун Суд департаменти ҳар бир қарздор бўйича алоҳида-алоҳида тарзда АБМга қуйидаги маълумотларни электрон сўров орқали жўнатади:
қарздор солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
жисмоний шахслар учун паспорт серияси ва рақами;
қарздорнинг номи (жисмоний шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми);
Суд департаментининг ҳудудий бошқармаси ва тегишли туман (шаҳар) суд ижрочилари бўлими номи;
ижро ҳужжатини чиқарган орган номи;
ижро ҳужжати рақами ва санаси.
5. БДМАБга электрон сўровнома юбориш ва электрон маълумотларни олиш тартиби АБМ ва Суд департаменти томонидан тасдиқланадиган маълумотларни алмашиш баённомаси билан тартибга солинади.
6. Маълумотларнинг ишончлилигини, тўлиқлилигини, тўғрилигини ва сақланилишини таъминлаш мақсадида БДМАБ маълумотлари шифрланган ҳолда тақдим қилинади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Суд департаментига дешифрация дастурини беради.
Маълумотларнинг бузиб кўрсатилиши ҳолатларининг олди олинишини ҳамда маълумот жўнатувчининг идентификацияланишини таъминлаш мақсадида, маълумот электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
7. БДМАБ томонидан узатиладиган электрон жавоб қуйидаги маълумотлардан иборат:
қарздор солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
қарздорнинг номи (жисмоний шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми);
қарздорга банк ҳисобварағини очган банк номи;
қарздорга банк ҳисобварағини очган банк коди;
қарздорнинг банк ҳисобварағи очилган сана;
қарздорнинг асосий банк ҳисобварағи;
қарздорга иккиламчи банк ҳисобварағини очган банк номи;
қарздорга иккиламчи банк ҳисобварағини очган банк коди;
қарздорнинг иккиламчи банк ҳисобварақлари;
қарздор асосий банк ҳисобварағининг бошқа банкка ўтказилган санаси;
қарздор асосий банк ҳисобварағи ўтказилган банк коди;
қарздор банк ҳисобварағи ёпилиш асоси белгилари;
қарздор банк ҳисобварағи ёпилган сана.
8. БДМАБ маълумотларининг Суд департаментига тақдим қилиниши, банкларни Суд департаменти органларининг ёзма сўровларига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарздорларнинг банк ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотларни бериш мажбуриятидан озод этмайди.
III боб. Маълумотлардан фойдаланиш
9. БДМАБдан олинган маълумотлардан фойдаланиш тартиби Суд департаменти директори томонидан тасдиқланадиган Йўриқномага асосан белгиланади.
10. Суд департаменти томонидан БДМАБдан олинган маълумотларга ўзгартириш киритиш тақиқланади.
11. Суд департаменти БДМАБ маълумотларидан қонун ҳужжатлари доирасида фойдаланади ва маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.
12. Суд департаменти БДМАБ маълумотларини ўрганиб боради ва зарур ҳолларда уларни мукаммаллаштириш борасида тегишли таклифларни беради.
IV боб. Якуний қоидалар
13. АБМ мазкур Низом бўйича берилаётган электрон маълумотларнинг тўлиқлигини ва ўз вақтида берилишини таъминлайди.
14. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
15. Электрон маълумот алмашинуви билан боғлиқ харажатларни ҳисоб-китоб қилиш тартиби АБМ ва Суд департаменти ўртасида тузиладиган шартномага асосан белгиланади.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 14-сон, 191-модда)