Қашқадарё вилояти Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгашининг
Қарори
Қарши шаҳрида 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг 2021 йил 22 майдаги VI-23-2-4-0-K/21-сонли «Қашқадарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Шаҳарда аҳолини иш билан таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш борасида ишлаб чиқилган аниқ ва манзилли дастурлар асосида 2012 йилнинг ўтган даврида шаҳар ҳокимлиги, тегишли бошқармалар, идоралар, корхона ва ташкилотлар томонидан янги иш жойлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик, кичик бизнес, касаначиликни ва бандликнинг бошқа самарали шаклларини ривожлантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Жорий йилнинг 6 ойида иқтисодиёт тармоқларида турли молиявий манбалар ҳисобидан жами 4433 та янги иш ўринлари (дастурга нисбатан 101,8 фоиз) яратилди.
Таҳлиллар янги иш ўринлари яратиш юзасидан йиллик дастур барча параметрлари ортиғи билан бажарилишини кўрсатмоқда.
Асосий вазифалардан бири 2013 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича барча имкониятларни инобатга олган ҳолда аниқ ва манзилли дастур ишлаб чиқилишини таъминлашдан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан аҳолини иш билан таъминлашни яхшилаш ва унинг турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири қилиб белгилаб берилган.
Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш 2013 йилда ҳам энг устувор масалалардан бири бўлишини чуқур ҳис қилган ҳолда ҳокимлик, корхона ва ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда шаҳарда 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг лойиҳасини тайёрлаш бўйича қизғин ишлар олиб борилмоқда.
Дастур лойиҳасини ишлаб. чиқиш бўйича шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари бошчилигида ишчи гуруҳ иш олиб бормоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан, ҳар бир фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари ва аҳоли пунктларидаги мавжуд имкониятлар. бундан ташқари жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига киритилган объектлар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг режаларини инобатга олиб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кесимида аниқ ва манзилли дастурлар тайёрланмоқда.
Дастурда молиявий маблағ миқдори ва манбалари аниқ ҳисоб-китоб қилинмоқда.
Ижтимоий объектларни фойдаланишга топшириш, «Саноат корхоналарини кенгайтириш, техник қайта қуроллантириш ва модернизация қилиш чора-тадбирлари» дастури ва бошқа янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган дастурлардаги кўрсаткичлар аниқланиб иш ўринлари яратиш дастурига киритилмоқда.
Шунингдек, шаҳардаги тижорат банклари ва уларнинг жойлардаги бўлинмаларининг кредит портфелидан келиб чиқиб, аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига бериладиган имтиёзли кредитлари ҳисобига яратиладиган иш ўринлари ҳам инобатга олинмоқда.
Шаҳарда 2012 — 2015 йилларга мўлжалланган дастурнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигига эришиш, аҳолини иш билан таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишни таъминлаш мақсадида «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан Кенгаш қарор қилади:
* 1-илова берилмайди.
2. Шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари мавжуд табиий ресурслар ва халқ хўжалигида алоҳида аҳамиятга эга бўлган соҳаларида ишлаб чиқарилаётган хом ашё ҳамда ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаб тайёр маҳсулот чиқаришга ихтисослашган корхоналар барпо этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналар қувватидан тўлиқ фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминласин.
3. Шаҳар иқтисодиёт бўлими (О. Каримов)га ушбу дастур кўрсаткичлари параметрлари бўйича икки кун муддатда корхоналар билан келишилган ҳолда 2013 йилда ҳар бир ҳудуд (маҳаллалар)да ташкил этиладиган иш ўринлари параметрлари бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқиб шаҳар ҳокимлигига тақдим этсин.
4. Шаҳар ҳокимлиги, Давлат мулки бошқармаси билан биргаликда молиявий соғломлаштириш чоралари қўлланилган шароитда иш жойларини тиклаш, улардаги бўш иш жойлари ва ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш имконияти бўлган иқтисодий ночор корхоналар ҳисобига яратиладиган янги иш ўринларига аниқлик киритсин.
5. Тижорат банклари раҳбарлари янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, биринчи навбатда меҳнат бозорида танглик кузатилаётган ҳудудларда, кичик ҳажмдаги корхоналар ташкил этишга кредитлар, шу жумладан имтиёзли кредитлар ажратишни 2-иловага мувофиқ тасдиқланган дастур кўрсаткичлари параметрларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
6. Савдо-саноат палатаси шаҳар бўлими (О. Боймуродов) 2013 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан янги иш жойлари ташкил этилиши ва аҳолини иш билан таъминлашга кенг жалб этиш бўйича ишларни фаоллаштирсин.
7. Шаҳар ҳокимлигининг мажмуалари реал сектор корхоналарини, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфраструктурани қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, касаначиликни ривожлантириш ҳисобига янги иш жойларини кўпайтиришни 2-иловага мувофиқ тасдиқланган дастур кўрсаткичлари параметрларига мослаштирсин.
8. Ишчи гуруҳига:
янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни кенгайтириш ва қувватларни янгилаш йўналиши бўйича иш жойлари шаҳарнинг 2013 йилга мўлжалланган инвестиция ва тармоқ дастурларига мувофиқ;
саноатда кичик корхоналар микрофирмаларни ташкил қилиш ҳисобига барпо этиладиган иш ўринлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 26 январдаги ПҚ-1047 сонли «Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2009 йил 28 январдаги ПҚ-1050-сонли «Маҳаллий ноозик-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига, тармоқ ва ҳудудий дастурларига мувофиқ;
қурилиш-пудрат ишларини кенгайтириш, жумладан уй-жой қурилиши ва таъмирлаш йўналишида ташкил қилинадиган иш жойлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 29 январдаги ПҚ-1051 сонли «Уй-жой фондини фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича пудрат ишларини кенгайтиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига, тармоқ ва ҳудудий дастурларига мувофиқ;
ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига ташкил этиладиган иш жойлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 20 январдаги ПҚ-1041-сонли «Ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига, тармоқ ва ҳудудий дастурларига мувофиқ;
кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил этиш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, микрокредитлаш тизимини кўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш;
уй меҳнатининг барча шаклларини, шу жумладан корхоналар билан меҳнат шартномаларига биноан кооперация асосида касаначиликни ташкил этиш, миллий ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш;
норасмий тарзда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларни аниқлаб, уларни расмийлаштириш ва янгидан тадбиркорлик ташкил этиш иштиёқида бўлган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
ишламасдан турган корхоналар фаолиятини тиклаш натижасида яратиладиган (тикланадиган) иш ўринлари шаҳар ҳокимлиги, Давлат мулки бошқармаси билан биргаликда молиявий соғломлаштириш чоралари қўлланилган шароитда иш жойларини тиклаш, улардаги бўш иш жойлари ва ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш имконияти бўлган иқтисодий ночор корхоналар ҳисобига шакллантирилиши ва қарорларда белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этиш орқали бандлик масаласини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратсинлар.
9. Ишчи гуруҳига жойларда қабул қилинган янги иш ўринлари ташкил этиш дастурларини ҳудудларнинг ижтимоий -иқтисодий ривожлантириш бўйича истиқболли дастурлари билан мутаносиблигини таъминлаш, ҳар чоракда таҳлил қилиб тегишли ўзгартиришларни киритиш ҳамда муҳокама қилиб бориш вазифаси юклатилсин.
10. Шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (О. Болтаев)га:
Ушбу дастур кўрсаткичларни. параметрларидан келиб чиққан ҳолда, шаҳар иқтисодиёт бўлими билан биргаликда иш ўринлари ташкил этилиши бўйича ҳудудлар, тармоқлар ва корхоналар кесимида, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлаш ҳудудий дастурларини бажарилишининг доимий мониторингини амалга оширсин ва бу борадаги таҳлилий маълумот ҳамда ҳисоботларни Ишчи комиссияга тақдим этиб бориш топширилсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари С. Бобоев, Ғ. Пўлатов ва М. Муродовалар зиммасига юклатилсин.
Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг раиси Ш. ТУРСУНОВ
Қарши ш.,
2012 йил 19 июль,
103/22-4-сон
Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг 2012 йил 19 июлдаги 103/22-4-сонли қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш
ДАСТУРИ
| Т/р |
Йўналишлар |
Сони |
| I. | Жами яратиладиган иш ўринлари | 8709 |
| | шу жумладан: | |
| 1. | Янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни кенгайтириш ва қувватларни янгилаш |
920 |
| 2. | Кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил қилиш | 2185 |
| | шундан: | |
| 2.1. | саноатда | 201 |
| 2.2. | қурилиш-пудрат ишларини кенгайтириш, жумладан уй- жой қурилиши ва таъмирлаш | 205 |
| 2.3. | хизмат кўрсатиш ва сервис | 1779 |
| 3. | Якка ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш | 1706 |
| 4. | Уй меҳнатининг барча шаклларини ривожлантириш | 2588 |
| 4.1. | шу жумладан, корхоналар билан кооперацияда меҳнат шартномалари асосида касаначилик | |
| 5. | Фермер хўжаликларини ривожлантириш (паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва бошқалар) | |
| 6. | Ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш | 1110 |
| 7. | Ишламасдан турган корхоналар фаолиятини тиклаш | 200 |
| II. | Иш ўринларининг таркиби | |
| 1. | Аёллар учун | 3795 |
| 2. | Ёшлар учун (15 ёшдан — 30 ёшгача) | 5590 |
| 2.1. | шу жумладан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун | 4112 |
| 3. | Квоталанган (захираланган) иш ўринлари | 1055 |