НАВОИЙ ВИЛОЯТИ Томди тумани ҳокимининг
Қарори
ТУМАНДА ГЕОГРАФИК ОБЪЕКТЛАРНИНГ НОМЛАРИ СОҲАСИДАГИ ИШЛАРНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
«Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги 295-сонли ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг 2012 йил 23 октябрдаги Қ-167-сонли қарорларини ижро этиш, шунингдек географик объектларни номлаш ва қайта номлаш соҳасидаги давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ҳамда самарали амалга ошириш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги 295-сонли ҳамда Навоий вилоят ҳокимининг 2012 йил 23 октябрдаги 167-Қ-сонли қарорлари раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссияси тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссиясининг (кейинги ўринларда туман комиссияси деб юритилади) таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2-илова берилмайди.
3. Туман комиссияси ўз ваколатларига мувофиқ қуйидагиларни таъминласин:
географик объектларни номлаш ва қайта номлаш бўйича таклифларни ушбу таклифларни киритган овул фуқаролар йиғинларига тегишли хулосалар берган ҳолда атрофлича ўрганиш;
географик объектларнинг тарихий-маданий мерос, Ўзбекистон халқининг маънавий-этник қадриятлари билан боғлиқ номларини асраш, уларни асоссиз қайта номлашнинг олдини олиш;
географик объектларни Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган номлар билан қайта номлашга ва уларга ном беришга йўл қўймаслик;
географик объектларни номлаш ва қайта номлашда маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилиш ҳолларини истисно қилиш;
қарорлар қабул қилишда холислик ва ошкоралик, шунингдек географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқиш тартиб-қоидаси ва муддатларига риоя қилиш;
географик объектларни одамларнинг исмлари билан, шунингдек тарихий воқеалар шарафига номлаш ва қайта номлаш соҳасида белгиланган чекловларга риоя қилиш;
маҳаллий аҳолининг географик, тарихий, миллий, этник, тилга оид ва бошқа хусусиятларини ўрганиш ҳамда ҳисобга олиш;
бир маъмурий-ҳудудий бирлик доирасида географик объектларга бир хил номлар берилишига йўл қўймаслик;
бериладиган номларнинг географик объектлар номларининг географик объект жойлашган жойдаги мавжуд тизимига мувофиқлигини таъминлаш;
географик объектлар номларининг янглишишларга сабаб бўлувчи ўхшашлигини, ушбу номлар мазмунларининг Ўзбекистон халқининг тарихи, анъаналари ва маданиятига тўғри келмаслигини назарда тутган ҳолда, истисно қилиш;
ҳудудий комиссия раҳбари зиммасига географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари сўзсиз бажарилишининг таъминланиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.
4. Туман ҳокимлиги ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими билан биргаликда:
2013 йил 25 декабргача «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддаси талабларига мувофиқ расмий картография ва маълумотнома нашрлари, статистика, архив, тарихий ва бошқа манбалар маълумотлари асосида қишлоқлар, овуллар, аҳоли пунктлари ҳамда уларнинг таркибий қисмлари номларини хатловдан ўтказиш ва мақбуллаштириш ишларини амалга оширсинлар;
амалга оширилган ишлар якунлари бўйича вилоят комиссиясига, халқ депутатлари туман кенгашига белгиланган тартибда тегишли таклифлар киритсинлар.
5. Туман комиссияси 2014 йил 1 февралгача бўлган муддатда «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича вилоят комиссиясига географик объектларни номлаш соҳасидаги ишларни тартибга солиш борасида бажарилган ишларнинг якунлари тўғрисида ахборот ва пайдо бўлаётган масалаларни ҳал этиш ҳамда қонун талабларининг ижро этилишини назорат қилишга оид тегишли умумлаштирилган таклифлар киритсин.
6. Қуйидагилар:
туман ҳокимининг «Тумандаги маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, ташкилотларга ва бошқа топонимик объектларга ном бериш ишларини тартибга солиш тўғрисида»ги 2004 йил 10 сентябрдаги 210-Қ-сонли қарори;
туман ҳокимининг «Топонимик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи туман комиссиясининг янги таркибини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2010 йил 4 июндаги 173-Қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
8. Ушбу қарорнинг расмий нашрда эълон қилиниши таъминлансин.
Томди тумани ҳокими К. АЛДАБЕРГЕНОВ
Томди т.,
2012 йил 24 октябрь,
251-Қ-сон
Туман ҳокимининг 2012 йил 24 ноябрдаги 251-Қ-сонли қарорига 1-илова
Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссияси (кейинги ўринларда туман комиссияси деб юритилади) географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалаларини кўриб чиқувчи, шунингдек географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг бажарилишини назорат қилувчи махсус орган ҳисобланади.
2. Туман комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
Туман комиссиясининг таркиби манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда ходимларидан, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари вакилларидан, экспертлардан, мутахассислардан ҳамда тегишли фаолият соҳаларида махсус билимларга эга бўлган бошқа шахслардан шакллантирилади.
Туман комиссияси аъзоларининг шахсий таркиби туман ҳокими томонидан тасдиқланади.
II. Туман комиссиясининг вазифалари ва функциялари
3. Қуйидагилар туман комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
географик объектларнинг Ўзбекистон халқининг тарихий-маданий қадриятлари ва мероси билан боғлиқ номлари асралишини таъминлаш, уларнинг асоссиз қайта номланишининг олдини олиш;
географик объектларни Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ҳамда менталитетига ёт бўлган номлар билан қайта номлашга ва уларга ном беришга йўл қўймаслик;
географик объектларни номлаш ва қайта номлашда маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилиш ҳолларини истисно қилиш.
4. Туман комиссияси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни атрофлича ўрганишни ташкил этадилар ҳамда тегишли хулосалар берадилар, уларни ушбу таклифларни киритган овул фуқаролари раисларига жўнатади;
қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб боради;
топонимик ва бошқа тадқиқотлар ўтказиш, картографик, архивга оид, тарихий ва бошқа материалларни атрофлича ўрганиш, географик объектларнинг номларини мақбуллаштириш ишларини мувофиқлаштиради;
географик объектларни асоссиз қайта номлашнинг, уларга Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган номлар берилишининг олдини олиш, ушбу соҳада маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилиш ҳолларига йўл қўймаслик мақсадида географик объектларни номлаш ва қайта номлаш жараёнининг холисона ҳамда ошкора бўлишини таъминлаш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
ўз ваколатлари доирасида географик объектларнинг номларидан фойдаланиш ва уларни асраш юзасидан назоратни амалга оширадилар;
ўз ваколатлари доирасида қишлоқлар, овуллар, аҳоли пунктлари ва уларнинг таркибий қисмларини номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларнинг давлат экспертизасидан ўтказилишини тайинлайди.
«Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини самарали амалга оширишга қаратилган бошқа функцияларни амалга оширадилар.
III. Туман комиссиясининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
5. Туман комиссияси ўзига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхона, муассаса ва ташкилотлардан географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни атрофлича ўрганиш учун зарур бўлган маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
зарурат бўлганда, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхона, муассаса ҳамда ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек тегишли фаолият соҳаларида махсус билимларга эга бўлган бошқа шахсларни географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни атрофлича ўрганиш учун жалб этиш;
ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳудудий комиссия раҳбарининг ҳисоботларини эшитиш;
ҳудудий комиссиялар қарорларининг қабул қилиниши ва ижро этилишини тизимли мониторингини амалга ошириш ҳамда уларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар киритиш.
6. Туман комиссияси ўзига юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши учун жавоб беради.
Туман комиссияси ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича вилоят комиссиясига ахборот тақдим этади.
Туман комиссияси ўз фаолияти тўғрисида ҳар йили Халқ депутатлари Томди туман Кенгашига ҳисобот беради.
IV. Туман комиссиясининг фаолиятини ташкил қилиш
7. Туман комиссиясига унинг раиси ҳисобланадиган туман ҳокими бошчилик қилади.
8. Туман комиссиясининг раиси:
туман комиссияси фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва унга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
туман комиссияси аъзоларининг вазифаларини белгилайди ва уларга юкланган вазифаларни бажариш ишларини мувофиқлаштиради;
туман комиссиясининг иш режаларини, тушган ҳужжатларни кўриб чиқиш жадвалларини тасдиқлайди;
туман комиссияси мажлисларининг кун тартибини ва чақирилишини белгилайди;
туман комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этади;
туман комиссиясининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ишларни амалга оширади.
9. Туман комиссиясининг аъзолари:
туман комиссияси мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишда ва ҳал этишда иштирок этадилар;
туман комиссиясига географик объектларни номлаш ва қайта номлашнинг долзарб масалалари бўйича таклифлар киритадилар;
туман комиссияси муҳокама қиладиган масалалар бўйича хулосалар тақдим этадилар.
Туман комиссияси аъзолари туман комиссиясидаги ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.
10. Туман комиссиясининг котиби:
туман комиссиясининг навбатдаги мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
кун тартибидаги масалалар бўйича туман комиссиясининг мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
мажлисларнинг ўтказиладиган вақти ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар контингентини туман комиссиясининг раиси билан келишади;
туман комиссиясининг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;
туман комиссияси қарорларининг бажарилиши мониторингини юритади ва унинг натижаларини туман комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим этади;
туман комиссияси мажлиси баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни туман комиссиясининг аъзоларига ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларга жўнатади.
11. Туман комиссияси ўз ишини ўзи тасдиқлаган режалар асосида ташкил қилади ва ўз мажлисларини заруратга кўра ўтказади. Туман комиссиясининг раиси томонидан туман комиссияси аъзоларининг навбатдан ташқари мажлис ўтказиш учун сабаблар ва асослар баён этилиши лозим бўлган ёзма илтимосномалари асосида навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.
12. Туман комиссиясининг мажлисини унинг раиси олиб боради. Туман комиссиясининг раиси бўлмаган тақдирда мажлисни туман комиссияси аъзоларидан бири бошқаради.
Туман комиссиясининг мажлиси ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда қонуний ҳисобланади.
Мажлисни ўтказиш учун кворум йиғилмаган тақдирда, туман комиссиясининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади. Янги мажлисни ўтказишда кун тартибини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
13. Туман комиссиясининг мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига қараб давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассислари таклиф этилиши мумкин.
V. Туман комиссияси томонидан қарорлар қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини ташкил этиш
14. Туман комиссиясининг қарори туман комиссиясининг мажлисда қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда туман комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Туман комиссиясининг узил-кесил қарорини қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси томонидан ўтказиладиган давлат экспертиза хулосаси инобатга олинади.
Туман комиссиясининг ҳар бир аъзоси қабул қилинадиган қарорлар бўйича ўз фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақлидир.
15. Туман комиссиясининг раиси қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида туман комиссиясининг қарорларини унинг аъзолари билан сўров ўтказиш йўли билан келишилган айрим масалалар бўйича тасдиқлаши мумкин.
16. Туман комиссиясининг қарорлари туман комиссияси мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Туман комиссияси мажлисининг баённомасига унинг барча аъзолари томонидан келишилганлик ҳақида имзо қўйилади, уни котиб имзолайди, туман комиссиясининг раиси тасдиқлайди ва у бир ҳафта муддатда туман комиссиясининг аъзоларига ҳамда манфаатдор ташкилотларга жўнатилади.
17. Туман комиссияси мажлиси баённомасининг асл нусхаси ва унга тегишли материаллар туман ҳокимлигининг ижро этувчи аппаратида сақланади.
18. Туман комиссиясининг котиби комиссия аъзолари ёрдамида комиссия қарорларининг бажарилишини мунтазам ўрганиб боради, зарурат бўлганда туман комиссияси раисига тегишли таклифлар киритади.
19. Туман комиссияси қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мунтазам равишда ўз мажлисларида кўриб чиқади.
20. Туман комиссиясининг иш тартиби Регламент билан белгиланади. Регламент туман комиссияси томонидан қабул қилинади.
21. Туман комиссиясига тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати уч ойдан ошмаслиги керак.
VI. Туман комиссиясининг атрибутлари
22. Туман комиссияси белгиланган намунадаги, ўз номи ёзилган бланкаларга эга бўлади ва туман ҳокимлигининг муҳридан фойдаланади.