НАВОИЙ ВИЛОЯТИ Кармана тумани ҳокимининг
ҚароРИ
ГЕОГРАФИК ОБЪЕКТЛАРНИНГ НОМЛАРИ СОҲАСИДАГИ ИШЛАРНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
«Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги 295-сонли ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг 2012 йил 23 октябрдаги Қ-167-сонли қарорларини ижро этиш, шунингдек географик объектларни номлаш ва қайта номлаш соҳасидаги давлат сиёсатини янада такомиллаштириш мақсадида ҳамда Адлия бошқармасининг 2012 йил 30 октябрдаги 05-2778-сонли хатини инобатга олиб қарор қиламан:
1. Навоий вилояти ҳокимининг 2012 йил 23 октябрдаги «Вилоятда географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қ-167-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Кармана туман комиссияси тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Кармана туман комиссиясининг (кейинги ўринларда туман комиссияси деб юритилади) таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2-илова берилмайди.
3. Туман комиссияси ўз ваколатига мувофиқ қуйидагиларни таъминласин:
географик объектларнинг тарихий-маданий мерос, Ўзбекистон халқининг маънавий-этник қадриятлари билан боғлиқ номларини асраш, уларни асоссиз қайта номлашнинг олдини олиш;
географик объектларни Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган номлар билан қайта номлашга ва уларга ном беришга йўл қўймаслик;
географик объектларни номлаш ва қайта номлашда маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилиш ҳолларини истисно қилиш;
комиссия қарорларини қабул қилишда холислик ва ошкоралик, шунингдек географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқиш тартиб - қоидаси ва муддатларига риоя қилиш;
географик объектларни одамларнинг исмлари билан, шунингдек тарихий воқеалар шарафига номлаш ва қайта номлаш соҳасида белгиланган чекловларга риоя қилиш;
маҳаллий аҳолининг географик, тарихий, миллий, этник, тилга оид ва бошқа хусусиятларини ўрганиш ҳамда ҳисобга олиш;
бир маъмурий-ҳудудий бирлик доирасида географик объектларга бир хил номлар берилишига йўл қўймаслик;
бериладиган номларнинг географик объектлар номларининг географик объект жойлашган жойдаги мавжуд тизимига мувофиқлигини таъминлаш;
географик объектлар номларининг янглишишларга сабаб бўлувчи ўхшашлигини, ушбу номлар мазмунларининг Ўзбекистон халқининг тарихи, анъаналари ва маданиятига тўғри келмаслигини назарда тутган ҳолда, истисно қилиш;
Туман комиссияси аъзолари зиммасига географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари сўзсиз бажарилишининг таъминланиши учун шахсий жавобгарлик юклатилсин.
4. Туман комиссияси:
2013 йил 25 ноябргача «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддаси талабларига мувофиқ расмий картография ва маълумотнома нашрлари, статистика, архив, тарихий ва бошқа манбалар маълумотлари асосида тумандаги посёлкалар, қишлоқлар, овуллар, аҳоли пунктлари ҳамда уларнинг таркибий қисмлари номларини хатловдан ўтказиш ва мақбуллаштириш ишларини амалга оширсинлар;
амалга оширилган ишлар якунлари бўйича вилоят комиссиясига, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашларига белгиланган тартибда тегишли таклифлар киритсинлар.
5. Туман комиссияси 2014 йил 15 январгача бўлган муддатда «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича вилоят комиссиясига географик объектларни номлаш соҳасидаги ишларни тартибга солиш борасида бажарилган ишларнинг якунлари тўғрисида ахборот ва пайдо бўлаётган масалаларни ҳал этиш ҳамда қонун талабларининг ижро этилишини назорат қилишга оид тегишли умумлаштирилган таклифлар киритсин.
6. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2010 йил 5 июндаги «Навоий вилояти ҳокимининг 2010 йил 3 июлдаги «Топонимик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи вилоят комиссиясининг янги таркибини тасдиқлаш тўғрисида»ги 148-Қ-сонли қарори ҳақида»ги 547-Қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
8. Ушбу қарорнинг расмий нашрда эълон қилиниши ҳамда адлия бошқармасига давлат ҳисобига олиш учун тақдим этилиши таъминлансин.
Кармана тумани ҳокими Ш.Исматов
Кармана т.,
2012 йил 31 октябрь,
778-Қ-сон
Туман ҳокимининг 2012 йил 31 октябрдаги 778-Қ-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Кармана туман комиссияси тўғрисидаги
НИЗОМ
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Кармана туман комиссияси (кейинги ўринларда туман комиссияси деб аталади) географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалаларини кўриб чиқувчи, шунингдек «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг бажарилишини назорат қилувчи махсус орган ҳисобланади.
2. Туман комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, вилоят ҳокимининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
Туман комиссиясининг таркиби манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда ходимларидан, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан, шунингдек фан ва маданият арбобларидан, экспертлардан, мутахассислардан ҳамда тегишли фаолият соҳаларида махсус билимларга эга бўлган бошқа шахслардан шакллантирилади.
II. Туман комиссиясининг вазифалари ва функциялари
3. Қуйидагилар туман комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
географик объектларнинг Ўзбекистон халқининг тарихий-маданий қадриятлари ва мероси билан боғлиқ номлари асралишини таъминлаш, уларнинг асоссиз қайта номланишининг олдини олиш;
географик объектларни Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ҳамда менталитетига ёт бўлган номлар билан қайта номлашга ва уларга ном беришга йўл қўймаслик;
географик объектларни номлаш ва қайта номлашда маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилиш ҳоллари истисно қилинади.
4. Туман комиссияси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисида атрофлича ўрганилган таклифларни тайёрлайди ҳамда ушбу таклифларни вилоят комиссиясига тақдим этадилар;
қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб борадилар;
топонимик ва бошқа тадқиқотлар ўтказиш, картографик, архивга оид, тарихий ва бошқа материалларни атрофлича ўрганиш, географик объектларнинг номларини мақбуллаштириш ишларини мувофиқлаштирадилар;
географик объектларни асоссиз қайта номлашнинг, уларга Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган номлар берилишининг олдини олиш, ушбу соҳада маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилиш ҳолларига йўл қўймаслик мақсадида географик объектларни номлаш ва қайта номлаш жараёнининг холисона ҳамда ошкора бўлишини таъминлаш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар;
ўз ваколатлари доирасида географик объектларнинг номларидан фойдаланиш ва уларни асраш юзасидан назоратни амалга оширадилар;
«Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини самарали амалга оширишга қаратилган бошқа функцияларни амалга оширадилар.
III. Туман комиссиясининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
5. Туман комиссияси унга юкланган вазифаларнинг ижро этилишини таъминлаш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлардан географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни атрофлича ўрганиш учун зарур бўлган маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
зарурат бўлганда, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар мутахассисларини, етакчи олимларни, фан ва маданият арбобларини, шунингдек тегишли фаолият соҳаларида махсус билимларга эга бўлган бошқа шахсларни географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни атрофлича ўрганиш учун жалб этиш;
ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш.
6. Туман комиссияси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб берадилар.
Туман комиссияси ўз фаолияти тўғрисида ҳар йили тегишли равишда халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашига ҳисобот берадилар.
Туман комиссияси ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича вилоят комиссиясига ахборот тақдим этадилар.
IV. Туман комиссиясининг фаолиятини ташкил қилиш
7. Туман комиссиясига унинг раиси ҳисобланадиган туман ҳокими бошчилик қилади.
8. Туман комиссияси раиси:
туман комиссияси фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва унга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
туман комиссияси аъзоларининг вазифаларини белгилайди ва уларга юкланган вазифаларни бажариш ишларини мувофиқлаштиради;
туман комиссиясининг иш режаларини, тушган ҳужжатларни кўриб чиқиш жадвалларини тасдиқлайди;
туман комиссияси мажлисларининг кун тартибини ва чақирилишини белгилайди;
туман комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этади;
туман комиссиясининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ишларни амалга оширади.
9. Туман комиссиясининг аъзолари:
туман комиссияси мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишда ва ҳал этишда иштирок этадилар;
туман комиссияси томонидан муҳокама қилинадиган масалалар бўйича хулосалар тақдим этадилар.
Туман комиссияси аъзолари комиссиядаги ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.
10. Туман комиссияси котиби:
туман комиссиясининг навбатдаги мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
кун тартибидаги масалалар бўйича туман комиссиясининг мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
мажлисларнинг ўтказиладиган вақти ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар контингентини шаҳар комиссияси раиси билан келишади;
туман комиссияси аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;
туман комиссияси қарорларининг бажарилиши мониторингини юритади ва унинг натижаларини комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун тақдим қилади;
туман комиссиясининг протоколларини расмийлаштиради ва тасдиқланган протоколларни ҳудудий комиссиянинг аъзоларига ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларга жўнатади.
11. Туман комиссияси ўз ишини ўзи тасдиқлаган режалар асосида ташкил қилади ва ўз мажлисларини заруратга кўра ўтказади. Туман комиссияси раиси томонидан туман комиссияси аъзоларининг навбатдан ташқари мажлис ўтказиш учун сабаблар ва асослар баён этилиши лозим бўлган ёзма илтимосномалари асосида навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.
12. Туман комиссиясининг мажлисини унинг раиси олиб боради. Туман комиссияси раиси бўлмаган тақдирда мажлисни комиссия аъзоларидан бири бошқаради.
Туман комиссиясининг мажлиси унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда қонуний ҳисобланади.
Мажлисни ўтказиш учун кворум йиғилмаган тақдирда туман комиссиясининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади. Янги мажлисни ўтказишда кун тартибини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
13. Туман комиссиясининг мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига қараб давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассислари таклиф этилиши мумкин.
V. Туман комиссияси томонидан қарорлар қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини ташкил этиш
14. Туман комиссиясининг қарори мажлисда қатнашаётган ҳудудий комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда ҳудудий комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Туман комиссиясининг ҳар бир аъзоси қабул қилинадиган қарорлар бўйича ўз фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақлидир.
15. Туман комиссиясининг раиси қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида туман комиссиясининг қарорларини унинг аъзолари билан сўров ўтказиш йўли билан келишилган айрим масалалар бўйича тасдиқлаши мумкин.
16. Туман комиссиясининг қарорлари туман комиссияси мажлисининг протоколи билан расмийлаштирилади. Туман комиссияси мажлисининг протоколига унинг барча аъзолари томонидан виза қўйилади, уни котиб имзолайди, туман комиссиясининг раиси тасдиқлайди ва у бир ҳафта муддатда туман комиссиясининг аъзоларига ҳамда манфаатдор ташкилотларга жўнатилади.
17. Туман комиссияси протоколининг асл нусхаси ва унга тегишли материаллар тегишли равишда туманлар, шаҳарлар ҳокимликларининг ижро этувчи аппаратида сақланади.
18. Туман комиссияси котиби комиссия аъзолари ёрдамида комиссия қарорларининг бажарилишини мунтазам ўрганиб боради, зарурат бўлганда туман комиссияси раисига тегишли таклифлар киритади.
19. Туман комиссияси қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мунтазам равишда ўз мажлисларида кўриб чиқади.
20. Туман комиссиясининг иш тартиби Регламент билан белгиланади. Регламент шаҳар комиссияси томонидан қабул қилинади.
21. Туман комиссиясига тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати уч ойдан ошмаслиги керак.
VI. Туман комиссиясининг атрибутлари
22. Туман комиссияси белгиланган намунадаги, ўз номи ёзилган бланкаларга эга бўладилар ва тегишли равишда, туман ҳокимликларининг муҳридан фойдаланадилар.