Қашқадарё вилояти ҳокимининг
Қарори
ВИЛОЯТНИНГ «2013 ЙИЛДА ИШ ЎРИНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА АҲОЛИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ҲУДУДИЙ ДАСТУРИ» ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг 2021 йил 22 майдаги VI-23-2-4-0-K/21-сонли «Қашқадарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳолини, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида фаол сиёсатни ўтказиш, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, бозор ҳамда ижтимоий инфратузилма, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, шунингдек халқ хўжалигининг алоҳида аҳамиятга молик бўлган бошқа соҳаларини ривожлантириш ҳисобига бандликни ошириш ва шу орқали аҳолининг иқтисодий аҳволини янада юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 24 июндаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги 310-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 24 июндаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги 310-сонли қарорига асосан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва Иқтисодиёт бош бошқармалари ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, хўжалик бошқаруви органлари, йирик корхоналар билан биргаликда шаҳар ва туманлар кесимида ишлаб чиқилган «2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлаш ҳудудий Дастури»нинг асосий прогноз кўрсаткичлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари мавжуд табиий ресурсларни ва халқ хўжалигида алоҳида аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ишлаб чиқарилаётган хомашё ҳамда ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот чиқаришга ихтисослашган корхоналар барпо этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналар қувватидан тўлиқ фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминласин.
3. Қарши шаҳар ва туманлар ҳокимлари:
янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни кенгайтириш ва қувватларни янгилаш йўналиши бўйича иш жойлари – вилоятнинг 2013 йилга мўлжалланган инвестиция ва тармоқ дастурларига мувофиқ;
саноатда кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил қилиш ҳисобига барпо этиладиган иш ўринлари — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 26 январдаги ПҚ–1047 сонли «Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2009 йил 28 январдаги ПҚ–1050-сонли «Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига, тармоқ ва ҳудудий дастурларига мувофиқ;
қурилиш-пудрат ишларини кенгайтириш, жумладан уй-жой қурилиши ва таъмирлаш йўналишида ташкил қилинадиган иш жойлари — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 29 январдаги ПҚ–1051 сонли «Уй-жой фондини фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича пудрат ишларини кенгайтиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига, тармоқ ва ҳудудий дастурларига мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2012 йил 23 декабрдаги 579-II-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги 344-сонли «2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида»ги қарорлари топшириқлари ва ҳудудий дастурларга мувофиқ;
ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига ташкил этиладиган иш жойлари — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 20 январдаги ПҚ-1041-сонли «Ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига, тармоқ ва ҳудудий дастурларига мувофиқ;
ишламасдан турган корхоналар фаолиятини тиклаш натижасида яратиладиган (тикланадиган) иш ўринлари — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 25 октябрдаги 6-сонли қарори ва ҳудудий дастурларга мувофиқ шакллантирилиши ва қарорларда белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этиш орқали бандлик масаласини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратсинлар.
Бунда:
янги корхоналарни ишга тушириш, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш, фаолият юритаётган корхоналарни кенгайтириш, қайта таъмирлаш ва модернизациялаш;
кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил этиш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, микрокредитлаш тизимини қўллаб-қувватлаш;
уй меҳнатининг барча шаклларини, шу жумладан корхоналар билан меҳнат шартномаларига биноан кооперация асосида касаначиликни ташкил этиш, миллий ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш;
енгил ва озиқ-овқат саноатларининг, маҳаллий хом ашёларни қайта ишлаш ва тайёр, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган, кўп меҳнат талаб қиладиган соҳаларини тезкор ривожлантириш;
хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш;
ихтисослашган деҳқон ва фермер хўжаликларида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, барча жойларда иссиқхоналарни ташкил этиш;
замонавий ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфраструктурасини ривожлантириш;
норасмий тарзда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларни аниқлаб, уларни расмийлаштириш ва янгидан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этадиган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
ҳудудларнинг ўзига хос анъаналарини, касбий мойиллигини ва мавжуд имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ҳунармандчилик ва халқ бадиий косибчилигини ривожлантириш ҳамда ёшларни «Уста-шогирд» усулида косибчиликка ўқитиш ҳисобига дастурда белгиланган барча кўрсаткичлар ижросини таъминлаш;
ишсизларни ишга жойлаштириш, шу жумладан касб-ҳунарга қайта ўқитиш ва қайта тайёрлаш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига йўллаш орқали ишга жойлаштириш, шунингдек бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказишни ташкил этиш чора-тадбирларини сўзсиз бажарилишини таъминлаш;
жойларда қабул қилинган «Бандлик» дастурларини ҳудудларнинг ижтимоий - иқтисодий ривожлантириш бўйича истиқболли дастурлари билан мутаносиблигини таъминлаш, ҳар чоракда таҳлил қилиб тегишли ўзгартиришларни киритиш ҳамда муҳокама қилиб бориш вазифаси юклатилсин.
4. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси (М.Нуримов) ва шаҳар ва туманлар ҳокимлари бу борадаги вазифаларни амалга оширишни мувофиқлаштириш ва ҳар чорак якунида дастурнинг бажарилиши юзасидан вилоят ҳокимлигига тегишли таклифларни киритиш топширилсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокими ўринбосари Ғ. Джавлиев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Т.И. ЖЎРАЕВ
Қарши ш.,
2012 йил 28 декабрь,
Х-376/12-сон
Вилоят ҳокимининг 2012 йил 28 декабрдаги Х-376/12-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қашқадарё вилоятида 2013 йилда «Аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастури»нинг
АСОСИЙ ПРОГНОЗ КЎРСАТКИЧЛАРИ
| Т/р |
Кўрсаткичла |
Жами |
шу жумладан шаҳар ва туманлар бўйича: | |||||||||||||
| Қарши шаҳри |
Ғузор тумани |
Деҳқонобод тумани |
Қамаши тумани | Қарши тумани | Касби тумани | Китоб тумани | Косон тумани | Миришкор тумани | Муборак тумани | Нишон тумани | Чироқчи тумани | Шаҳрисабз тумани | Яккабоғ тумани | |||
| 1. | Янгидан ташкил қилинадиган иш ўринлари сони | 88777 | 8709 | 6108 | 5176 | 5187 | 6782 | 5462 | 6099 | 5687 | 3940 | 5168 | 4557 | 9007 | 11090 | 5805 |
| 2. | Ишга жойлаштирилади | 39325 | 4015 | 2514 | 1545 | 3150 | 2955 | 2180 | 2850 | 2870 | 1456 | 1690 | 1545 | 4785 | 4650 | 3120 |
| 3. | Ижтимоий ҳимоя чоралари кўрилади | 3599 | 215 | 415 | 305 | 58 | 250 | 152 | 145 | 650 | 230 | 85 | 30 | 530 | 208 | 326 |
| | шу жумладан: | | | | | | | | | | | | | | | |
| 3.1. | Касбга ўқитилади | 655 | 65 | 75 | 85 | 20 | 45 | 35 | 30 | 110 | 30 | 15 | 5 | 60 | 35 | 45 |
| 3.2. | Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинади | 1914 | 80 | 250 | 135 | 18 | 125 | 40 | 35 | 390 | 160 | 50 | 10 | 320 | 44 | 275 |
| 3.3. | Ишсизлик нафақаси тайинланади | 1030 | 70 | 90 | 85 | 20 | 80 | 77 | 80 | 150 | 40 | 20 | 15 | 150 | 129 | 24 |