Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида
Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида
Конвенция
ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Молдова Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
карантин объектларини олиб кириш ва тарқатишни бартараф этишда ҳамкорлик қилиш зарурлигини эътироф этиб,
ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорликни давом эттириш ва давлат карантин тадбирларини мувофиқлаштириш истагида,
тижорий контрактларни амалга ошириш ҳамда Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида хўжалик алоқаларини ривожлантириш чоғида карантин объектларини олиб кириш ва тарқатишдан ўз давлатлари ҳудудини биргаликда асраш манфаатларидан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ушбу Конвенцияда қуйидаги атамалар қўлланади:
«карантинли организмлар» — давлат ҳудудида учрамайдиган ёки кам тарқалган, аммо ўсимликлар ва улардан олинадиган маҳсулотларга хийла зиён етказиши мумкин бўлган ўсимлик зараркунандалари ва касаллик қўзғовчилари ҳамда ёввойи ўтлар;
«энтомофаглар» — ҳашаротларни еб кун кўрадиган организмлар;
«феромонлар» — ҳашаротлар тур ичида иси орқали таъсир этиш учун чиқарадиган кимёвий модда;
«биопрепаратлар» — латент ҳолатида зарарли ҳашаротларга қарши курашишда қўлланадиган, таркибида касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар бор бўлган препаратлар;
«карантин қилинадиган материаллар» — карантинли объектларнинг тарқалишига омил бўладиган ёки шунга восита бўладиган ҳар қандай материаллар (уруғлар, экиш материаллари, ўсимликлар ва уларнинг қисмлари, ўсимликлардан олинган бошқа маҳсулотлар).
2- модда
Ушбу Конвенцияни амалга ошириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш учун қуйидагилар Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари этиб тайинланади:
Ўзбекистон Республикаси тарафидан — Давлат ўсимликлар карантини бош инспекцияси;
Молдова Республикаси тарафидан — Давлат фитосанитария карантини хизмати.
3- модда
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Конвенциянинг таркибий қисми ҳисобланган 1- ва 2-иловаларга мувофиқ карантин объектлари рўйхати бўйича карантин қилинадиган материалларни Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари чегараларидаги ўсимликлар карантини бўйича пунктлардан импорт, экспорт қилиш ва транзит ўтказишда карантин текширувидан ўтказиш тадбирларини ўтказадилар.
* 1, 2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Карантин қилинадиган материалларни карантин текширувидан ўтказиш харажатларини юк эгаси Томонлар давлати ҳудудидаги тарифларга мувофиқ тўлайди.
4- модда
Аҳдлашувчи Томонлар бир давлатдан бошқасига юборилаётган карантин қилинадиган материалларни импорт, экспорт қилиш ва транзит ўтказишда улар давлатларининг амалдаги қонунларига мувофиқ тасдиқланган фитосанитария низомларига риоя қилиш мажбуриятини оладилар.
5- модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўсимликлар карантини соҳасида самарали ҳамкорлик қилиш мақсадида қуйидаги мажбуриятларни оладилар:
бир Аҳдлашувчи Томон давлатидан иккинчиси давлатига карантин қилинадиган материалларни импорт, экспорт қилиш ва транзит ўтказишда карантин объектлари ўтиб қолишининг олдини олиш учун лозим чоралар кўриш;
Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудида ўсимликлар карантини бўйича тадбирларни тартибга солувчи қоидалар, низомлар ва йўриқномаларни алмашиш;
Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудида карантин объектлари пайдо бўлиб, тарқалаётгани тўғрисида ахборот алмашиш;
ўсимликлар карантини соҳасида ахборот ва фан ютуқларини алмашиш;
карантин объектларига қарши курашда қўл келадиган энтомофаглар, биологик дори-дармонлар, феромон ва бошқа моддаларни алмашиш;
мутахассисларни хизмат сафарига юбориш орқали карантин қилинадиган материалларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш жойида карантин текширувидан ўтказишни, чегара пунктларида ўсимликлар карантини масаласининг зудлик билан ҳал этилиши юзасидан танлаб текширувдан ўтказишни амалга ошириш, шунингдек ўсимликлар карантини соҳасида фан ва амалиёт ютуқларини ўрганиш мақсадида алмашиш;
ўсимликлар карантини бўйича тадбирларни ўтказишга, карантин ўчоқларини аниқлаш, ажратиб қўйиш, тугатиш, зарарсизлантириш ҳамда бошқа ишларда ўзаро техникавий ва маслаҳат ёрдамини бериш;
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига кўра фавқулодда вазиятларда биргаликда ошиғич тадбирларни амалга ошириш учун ўсимликлар карантини бўйича мутахассислардан ташкил топган экспедицияни хизмат сафарига юбориш.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар импорт давлатида ўсимликлар карантини бўйича амалдаги қонунларга мувофиқ, карантин объектларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига экспорт қилинаётган ёки транзит ўтказилаётган карантин қилинадиган материаллар билан кириб қолишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўриш мажбуриятини оладилар.
Бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига олиб ўтилаётган карантин қилинадиган материалнинг ҳар бир туркумига экспорт давлатининг ўсимликлар карантини бўйича маҳкамаси берадиган фитосанитария сертификати илова қилиниши лозим. Бу сертификатда карантин қилинадиган материаллар импорт қилувчи томоннинг импорт учун карантин рухсатини олиш бўйича белгилаган талабларига мувофиқ келиши тасдиқланган бўлиши керак.
Фитосанитария сертификати ва импорт учун карантин рухсатини бериш харажатларини юк эгаси мамлакатдаги тарифлар асосида тўлайди.
Карантин қилинадиган материалларнинг айрим туркумини сотиб олганда Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари бундай материалларнинг фитосанитария ҳолатига қўшимча талаблар қўйиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар. Бундай ҳолларда иккала Томон карантин инспекторлари иштирокида карантин қилинадиган материалларни экспорт учун текшириб кўриш экспортчи давлат ҳудудида амалга оширилиши мумкин.
Аҳдлашувчи Томонлар давлатидан бири ҳудуди орқали бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига транзит олиб ўтилаётган карантин қилинадиган материалларнинг ҳар бир туркуми фитосанитария сертификати ва транзит ўтказиш учун рухсатнома бўлиши керак.
7- модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатлари ҳудудида карантин қилинадиган материалларни импорт, экспорт қилиш ва транзит ўтказиш амалга ошириладиган чегара пунктларини белгилайдилар, бу пунктларда улар текширилади ва карантин объектлари ўтиб қолишини бартараф этиш чоралари кўрилади.
8- модда
Карантин қилинадиган материалларни экспорт қилишда ўраш материали сифатида карантин объектлари бўлмаган қиринди, қипиқ, қоғоз, пластик ва бошқа материаллар қўлланади, уларга тупроқ тегмаган бўлиши лозим. Пичан, сомон, хазон, барг ва бошқа ўсимлик материалларини бу мақсадда фойдаланиш учун Аҳдлашувчи Томонлар ваколатли органларининг розилигини олиш лозим.
Бир Аҳдлашувчи Томоннинг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига карантин материалини ташийдиган транспорт воситалари яхшилаб тозаланиши, лозим бўлса қатрон қилиниши керак.
9- модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари экспорт мамлакатининг чегара пунктида фитосанитария текширувидан ўтказиш чоғида карантин материаллари тушганлиги аниқланса, уни экспортчига қайтариши ёки эгаси ҳисобига зарарсизлантириш, материални қайтариб юбориш ёки зарарсизлантиришнинг иложи бўлмаса, эгасининг розилигига кўра уни йўқ қилиб юбориш ҳуқуқига эга. Ҳар бир бундай ҳолда бошқа Томоннинг ваколатли органига олдиндан хабар бериш лозим.
10- модда
Ушбу Конвенцияни бажаришга тааллуқли амалий масалаларни ҳал этиш учун Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари зарур ҳолларда қўшма кенгашлар ташкил этадилар, бундай кенгашлар навбатма-навбат ҳар иккала мамлакатда ўтказилади.
Ушбу Конвенцияни талқин этиш ва қўллаш юзасидан келиб чиққан баҳсли масалалар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг розилигига кўра маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этилади.
Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилигига кўра ушбу Конвенцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар алоҳида баённома тарзида расмийлаштирилади ва ушбу Конвенциянинг таркибий қисми ҳисобланади. Бу баённомалар 12-моддада кўзда тутилган процедурага мувофиқ кучга киради.
11- модда
Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
12- модда
Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Томонлар уни кучга киритиш учун зарур ички процедуралар бажарилганлиги тўғрисида охирги хабарнома олинганидан сўнг 30-куни кучга киради.
Ушбу Конвенция 5 йил муддатга тузилади. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч қайсиси бошқа Томонга унинг фаолиятини тўхтатиш нияти тўғрисида тегишли муддат тугашидан камида олти ой аввал хабарнома йўлламаса, унинг амал қилиши ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяди.
Кишинёв шаҳрида, 2000 йилнинг 19 декабрида икки нусхада, ҳар бири ўзбек, молдован ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир кучга эга.
Ушбу Конвенция моддаларини талқин қилиш ва қўллашда ҳар хилликлар келиб чиқса, рус тилидаги матн, асосий матн сифатида фойдаланилади.
(имзолар)