Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Билан Миср Араб Республикаси Ҳукумати Ўртасида
Битим
САВДО ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Миср Араб Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
иккала мамлакат халқлари ўртасидаги анъанавий дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ҳар икки давлат ўртасидаги савдо муносабатларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш ниятида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ҳар бир давлатнинг амалдаги қонун ва қоидаларига, шунингдек халқаро савдо ҳуқуқига мувофиқ, иккала мамлакат ўртасидаги савдони ривожлантириш ва бунинг учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратиш учун барча чора-тадбирларини кўрадилар.
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонга иқтисодий зиён етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тияди ва ушбу мақсадга эришиш учун ушбу Битим доирасида бор кучини сафарбар этади.
2-модда
Савдо ҳамкорлигини ривожлантириш учун ўзаро манфаатли шароитлар яратиш мақсадида Томонлар қуйидагиларга тааллуқли барча масалалар борасида бир-бирлари учун энг қулай режим яратадилар:
1. Импорт ва экспортга нисбатан қўлланадиган божхона божлари, солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан бундай тўловлар, солиқлар ва йиғимларни ундириш усуллари.
2. Божхона расмиятчиликлари, товарлар транзити, уларни жойлаш, қайта юклаш ва шу сингари бошқа хизматларга тааллуқли низом ва қоидалар.
3. Солиқлар ва бевосита ёки билвосита тарзда ундириладиган исталган турдаги бошқа ички йиғимлар.
4. Бундай тўловларни тўлаш ва ўтказиш методлари.
5. Ички бозорда товарларни сотиш, сотиб олиш, ташиш, тақсимлаш ва фойдаланишга доир қоидалар.
6. Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг миллий қонунларига мувофиқ импорт ва экспорт лицензияларини бериш.
3-модда
Энг қулай режим қоидалари қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
1. Чегарабўйи савдоси ва юк ташишни енгиллаштириш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлардан бири қўшни давлатлар учун яратадиган имтиёзлар.
2. Томонлардан бирининг ҳозирда мавжуд бўлган ёки келгусида ташкил этиладиган божхона уюшмалари, эркин савдо зоналари, ёки савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг бошқа шаклларидаги иштироки муносабати билан учинчи мамлакатларга яратиладиган имтиёзлар.
3. Преференциялар умумий тизимига мувофиқ бериладиган имтиёзлар.
4-модда
Товарлар импорти ва экспорти ҳар икки давлатнинг халқаро савдо фаолияти юритиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ва юридик шахслари томонидан (қуйида шахслар деб аталади) контрактлар тузиш орқали, иккала давлатнинг амалдаги қонунларига риоя қилган ҳолда, амалга оширилади.
5-модда
Ушбу Битимга мувофиқ, товарлар нархи халқаро бозор нархларига мувофиқ белгиланади.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида савдо — иқтисодий ҳамкорлигига тааллуқли барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар, агар Аҳдлашувчи Томонлар бошқача келишиб олмаган бўлсалар, халқаро банк амалиётида қабул қилинган шартлар асосида, шунингдек ҳар бир давлатнинг амалдаги валюта қонунчилигига мувофиқ равишда эркин муомаладаги валюталарда амалга оширилади.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар давлатлараро савдо-иқтисодий муносабатларини тартибга солиш борасидаги қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, шунингдек ўзаро етказиб бериладиган маҳсулотлар ва товарлар тўғрисидаги маълумотларни бир-бирига тақдим этишни ташкил қиладилар.
8-модда
Томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларини тарифли ва тарифсиз равишда тартибга солиб бориш, статистик маълумотларни алмашиш, божхона тартиботларини ўтказиш учун Жаҳон Божхона Ташкилоти (ЖБТ)нинг Халқаро Уйғун Тизимидан фойдаланишга аҳдлашиб олдилар.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар юк ташиш, транспорт ҳаракати, шу жумладан транзит юклар ва йўловчиларни ташиш, шунингдек транспорт тизимларининг ўзаро ҳаракати тартиби ва шартлари Халқаро юк ташиш қоидаларига мувофиқ тартибга солиб борилишига ва/ёки Аҳдлашувчи Томонларнинг алоҳида битимларига биноан белгиланишига розилик билдирдилар.
10-модда
Икки хил мақсадда қўлланадиган маҳсулотлар борасида экспорт назорати сиёсатини белгилаш учун Аҳдлашувчи Томонлар мунтазам равишда маслаҳатлашув ўтказадилар ва бундай экспорт назоратининг самарали тизимини яратиш учун келишилган чора-тадбирларни қўллайдилар.
11-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатлари ҳудудида савдо ярмаркалари, кўргазмаларни ташкил этиш ва ўтказишга ёрдам берадилар, шунингдек савдо делегациялари ва гуруҳларининг сафарларида кўмаклашадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг амалдаги қонунларига мувофиқ бошқа Томоннинг кўргазмалар, ярмаркалар ҳамда шу сингари бошқа экспозицион мақсадлар учун мўлжалланган экспонатлари ва товар намуналарини импорт божи тўловлари ва солиқларидан озод қиладилар.
Бундай экспонат ва намуналар намойиш қилинаётган мамлакатда шу мамлакат ваколатли органларининг рухсатисиз, шунингдек импорт божи ва солиқлар тўловисиз сотилиши мумкин эмас.
12-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимни бажариш ва савдо муносабатларини ривожлантириш йўллари ва усулларини белгилаш учун ҳокимият вакилларидан иборат Қўшма савдо комитетни (бундан кейин Комитет деб аталади) таъсис этадилар.
2. Комитет ушбу Битимни бажариш жараёнида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш ҳамда иккала мамлакат ўртасидаги тижорий алмашувни ривожлантириш бўйича таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилиш учун ҳар йили бир марта навбатма-навбат Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикасида йиғилади.
13-модда
Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин қилиш ёки қўллаш борасида низолар юзага келса, Аҳдлашувчи Томонлар уларни халқаро ҳуқуқ меъёрларини ҳисобга олган ҳолда музокаралар ва маслаҳатлашувлар ўтказиб ёки бошқа мақбул усуллар ёрдамида ҳал этадилар.
14-модда.
Томонларнинг розилигига биноан зарур ҳолларда ушбу Битимнинг 15-моддасида кўрсатилган тартибларга мувофиқ ушбу Битимга тўлдиришлар киритилиши мумкин.
15-модда.
Ушбу Битим Томонлар уни кучга киритиш учун зарур барча юридик процедуралар бажарилганлигини бир-бирларига маълум қилган кундан кучга киради ва беш йил мобайнида амал қилади. Аҳдлашувчи Томонлардан биронтаси бошқа Аҳдлашувчи Томонни ушбу Битим фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ниятидан камида олти ой аввал ёзма равишда хабардор қилмаса, у ўз-ўзидан кейинги бир йиллик даврларга узайтирилади.
Ушбу Битим фаолияти тўхтатилса, унинг қоидалари Битим амалда бўлган даврда юзага келган, аммо мажбуриятлари бажарилмаган, узоғи билан беш йиллик муддатли барча контрактларга нисбатан қўлланаверади.
Тошкент шаҳрида 2001 йил 19 июнда икки асл нусхада, ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устун кучга эга ҳисобланади.
(имзолар)