Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Молдова Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
халқаро жиноятчилик, айниқса уюшган шаклдаги жиноятчилик, шу жумладан терроризм ривожланиш миқёсларининг ўсиши ва йўналишларидан ташвишланаётганликларини билдириб,
ўз мамлакатлари фуқароларининг ҳаёти, ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини, жамият ҳамда давлат манфаатларини жиноий тажовузкорликдан ишончли ҳимоя қилишга интилиб,
жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга алоҳида аҳамият бериб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жиноятчилик олдини олиш ва жиноий одил судлов соҳасидаги халқаро конвенция ва қарорларини эътиборга олиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Битимнинг қўлланиш доираси ва субъектлари
Битимнинг қўлланиш доираси ва субъектлари
1. Томонлар миллий қонунлар ва халқаро ҳуқуқ нормаларига таяниб, ўз давлатларининг марказий ваколатли органлари орқали ушбу Битим қоидаларига мувофиқ жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорликни амалга оширадилар.
2. Ушбу Битим мақсадларида қуйидагилар марказий ваколатли органлар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасидан — Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Миллий банк;
Молдова Республикасидан — Бош Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот ва хавфсизлик хизмати, Давлат Бош солиқ инспекцияси, Божхона департаменти, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк.
3. Ушбу Битим кучга киргандан кейин бир ой ичида Томонлар марказий ваколатли органларнинг уларнинг ваколати, манзили ва бошқа муҳим маълумотларининг чегараси кўрсатилган рўйхатларни алмашадилар. Бу рўйхатлардаги барча ўзгаришлар тўғрисида Томонлар бир-бирларини дарҳол хабардор қиладилар.
4. Марказий ваколатли органлар ушбу Битимни бажариш мақсадида бир-бирлари билан бевосита ҳамкорлик қиладилар.
Томонларнинг марказий ваколатли органлари ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш мақсадида алоҳида битимлар тузишлари мумкин.
5. Ушбу Битим жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва экстрадиция масалаларига дахл қилмайди.
2-модда
Ҳамкорлик йўналишлари
Ҳамкорлик йўналишлари
1. Томонлар жиноятнинг қуйидаги турларига қарши курашда ҳамкорлик қиладилар:
а) терроризм, гаровга олиш ва жамоат хавфсизлигига бўлган бошқа тажовузлар;
б) шахсга қарши жиноятлар;
в) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ғайриқонуний юргизилиши (кейинги ўринларда — гиёҳвандлик моддалари);
г) ўқ отар қуроллар ва ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари, шунингдек радиоактив материалларнинг ғайриқонуний операциялари;
д) иқтисод соҳасидаги жиноятлар, ғайриқонуний молиявий операциялар, шу жумладан жиноий фаолиятдан олинган фойдаларни қонунийлаштириш;
е) сохта паспортлар ва шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни тайёрлаб тарқатиш;
ж) олиб кетиш мумкин бўлган маданий тарихий бойликларга жиноий тажовуз;
з) божхона қонунларини бузиш;
и) автотранспорт воситаларида ғайриқонуний операциялар;
к) фоҳишабозликдан фойдаланиш;
2. Томонлар, шунингдек қуйидаги соҳаларда хам ҳамкорлик қиладилар:
а) тергов ва суддан яшириниб юрган, жиноий жавобгарликни ўташдан бош тортаётган шахсларни, шунингдек бедарак йўқолган шахсларни қидириш;
б) рақам ёки ўзига хос ажралиб турадиган белгиларга эга ҳамда етарли даражада қимматбаҳо бўлган тўғриланган предмет ва буюмларни, паспорт ва шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар, рақамли қимматбаҳо қоғозлар ҳамда кредит карточкаларини қидириш;
в) шахсларни, шунингдек кимлиги ноаниқ мурдаларни аниқлаш;
г) йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш;
д) аэропорт, темир йўл станциялари ва метрополитенда хавфсизликни таъминлаш, шунингдек шахслар ҳамда объектларни турли хил жиноий тажовузлардан муҳофаза қилиш;
е) ахборотлаштириш соҳасида хавфсизликни таъминлаш;
ж) жиноий жазоларни ижро этишни ташкил қилиш.
3-модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
1) Томонлар миллий қонунлар ва ушбу Битим доирасида қуйидаги шаклларда ҳамкорлик қиладилар:
а) жиноятларни фош қилиш, бартараф этиш ва очиб ташлашга, шунингдек ушбу Битимнинг 2-моддасига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳал этишга кўмаклашадиган ахборотни алмашиш;
б) ушбу Битимнинг 2-моддасида кўзда тутилган жиноят фактларини тергов қилишда жисмоний ҳамда юридик шахслар фаолиятини ўрганиш, шахсларни, предмет ва ҳужжатларни тегишли равишда рўйхатга олиш орқали кўмаклашиш;
в) ошиғич-қидирув тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги сўровларни бажариш;
г) уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига қарши қаратилган мувофиқлаштирилган чораларни амалга ошириш;
д) иш тажрибасини, шу жумладан стажировка, консультация ва семинарлар ўтказиш орқали алмашиш;
е) жиноятга қарши кураш масалалари бўйича қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни алмашиш.
2. Ҳамкорликнинг ҳажми ва муайян шакллари Томонлар давлатларининг марказий ваколатли органлари тарафидан заруратга кўра шартнома бўйича, шунингдек бошқа муҳим ҳолларда белгиланади.
4-модда
Ҳамкорликнинг бошқа шакллари ва кадрларни тайёрлаш
Ҳамкорликнинг бошқа шакллари ва кадрларни тайёрлаш
1. Томонлар миллий қонунлар доирасида ушбу Битимнинг 2-моддасида кўзда тутилган жиноятлар йўлини кесиш учун ҳуқуқ-тартибот чораларининг самарадорлигини ошириш мақсадида бир-бирлари билан яқиндан ҳамкорлик қиладилар.
2. Томонлар ўз давлатларининг марказий ваколатли органларига, имкон қадар қисқа муддат ичида агар тузилмаган бўлса, қуйидагиларни кўзда тутадиган конкрет битимларни ишлаб чиқиш ва тузишни топширадилар:
а) улар ўртасида алоқа ўрнатиш ҳамда тутиб-туриш, жиноятнинг барча жиҳатларига алоқадор ахборотни ишончли ва тез алмашиш ҳамда ушбу Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган бошқа вазифаларни ҳал қилиш;
б) ушбу Битимнинг 2-моддасида кўзда тутилган ва халқаро характерга эга бўлган жиноятларни тафтиш этиш, бундай жиноятларни содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни фош этиш мақсадида қидириш;
в) бундай жиноятларни, айниқса, гиёҳвандлик моддаларининг ғайриқонуний юргизилишини тўхтатишдаги бошқа ҳаракатлар, агар бундай ҳаракатлар миллий қонунларга зид келмаса ва юқорида кўрсатилган мақсадларга эришиш учун муҳим деб топилса.
3. Томонлар жиноятчиликка қарши кураш, махсус билимларни алмашиш мақсадида фан ва техника соҳасидаги тадқиқотлар дастурларини лойиҳалаштириш ҳамда амалга оширишда бир-бирларига кўмаклашадилар.
4. Томонлар ўзаро манфаатдорлик асосида алоҳида битимларга мувофиқ жиноят адлияси органлари, божхона ва солиқ хизматлари учун кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилишга шартлашиб олдилар.
5-модда
Ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини кенгайтириш
Ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини кенгайтириш
Томонлар жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтириш мақсадида имкон қадар қисқа муддат ичида икки давлат ўртасида тегишли шартномаларни, жумладан жиноий иш бўйича ҳуқуқий ёрдам ва экстрадиция тўғрисида шартномаларни тайёрлаш ва тузишга олдилар.
6-модда
Муайян жиноятлар тўғрисида ахборот алмашиш
Муайян жиноятлар тўғрисида ахборот алмашиш
Ушбу Битимнинг 3-моддаси 1-банди «а» кичик бандида кўзда тутилган ахборотни алмашиш, конкрет жиноятларга, жумладан қуйидагиларга тааллуқли бўлади:
а) Бир Томон давлатининг ҳудудида уюшган гуруҳлар тарафидан тайёрланаётган ёки амалга оширилган жиноятларга, агар бундай гуруҳлар таркибига бошқа Томон давлатининг фуқаролари кирса ёки бундай жиноятлар бу давлатнинг манфаатларига бирон-бир тарзда таъсир этаётган бўлса;
б) бир Томон давлатига бошқа Томон давлатидан гиёҳвандлик моддаларининг ғайриқонуний юргизилишини ташкил этадиган гиёҳвандлик моддалари киритилаётган бўлса, шу жумладан учинчи давлатлардан транзит тарзида, шунингдек гиёҳвандлик моддаларнинг ғайриқонуний тайёрланиши ёки савдосида бир Томон давлатида бошқа Томон давлатининг фуқароси алоқадор бўлса;
в) бир Томон давлатининг ҳудуди ёки муассасаси бошқа Томон давлатининг фуқаролари тарафидан жиноий фаолиятдан келадиган даромадларни қонунийлаштириш билан боғлиқ равишда фойдаланилса.
7-модда
Жиноий фаолият тўғрисида ахборот алмашиш
Жиноий фаолият тўғрисида ахборот алмашиш
Томонлар миллий қонунлар ҳамда ушбу Битим доирасида қуйидагилар тўғрисида ахборот алмашадилар:
а) террорчилик фаолиятининг шакл ҳамда методлари, фош қилинган террорчилар гуруҳларининг тузилиши ва таркиби, улар томонидан фойдаланадиган техника воситалари, тайёрланаётган ҳамда амалга оширилган террорчилик хуружлари ва уларга алоқадор шахслар, ёки бундай жиноятлар бу Томон давлатининг манфаатларига бирон-бир тарзда дахл қилса.
б) гиёҳвандлик моддаларини яширишнинг янги усуллари ва уларни ошкор қилиш методлари, уларни ғайриқонуний ташишнинг янги йўналишлари, ғайриқонуний юргизилишга келиб тушаётган гиёҳвандлик моддаларнинг янги турлари, уларнинг хусусияти ва тайёрлаш технологияси;
в) уюшган гуруҳлар тарафидан жиноятларни амалга ошириш усуллари, уларнинг таркиби, тузилиши, фаолият доираси ва жиноий алоқалари;
г) жиноий фаолиятдан топилган даромадларни қонунийлаштириш усуллари, ташкилот, банк муассасалари ва фирмаларда бундай турдаги фаолиятда шу аҳдланилаётганлар;
д) ушбу Битимнинг 2-моддасида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда шубҳаланилаётган, бошқа Томон давлати ҳудудида доимий яшайдиган ёки вақтинча бўлиб турган бир Томон давлати фуқаролари.
8-модда
Ҳамкорликни амалга оширишнинг шартлари
Ҳамкорликни амалга оширишнинг шартлари
1. Ахборотни тақдим этиш ва ушбу Битимнинг 3-моддасида кўзда тутилган бошқа фаолиятларни марказий ваколатли органлар берган сўровларга мувофиқ амалга оширилади. Бундай сўровлар Халқаро жиноят полицияси ташкилоти — Интерпол орқали ёки бевосита, шу жумладан электр алоқа воситалари ёрдамида йўлланади.
2. Ёрдам тўғрисидаги сўровда қуйидагилар акс эттирилади:
а) сўраётган ва сўралаётган марказий ваколатли органнинг номи;
б) айни иш бўйича ўтувчи ёки унга дахлдор шахс ёки шахсларга тааллуқли иш моҳияти тўғрисида имкон қадар тўлароқ маълумот, фактлар, предмет ва ҳужжатлар тўғрисида талаб қилинадиган ахборот;
в) бажарилиши сўралаётган конкрет процедуранинг қўлланиш сабаблари ва лозим бўлса, тавсифи;
г) зарур бўлганда, сўровнинг бажарилиши кутилаётган муддат.
3. Зарур бўлса, сўровга ҳужжатларнинг тегишли равишда тасдиқланган нусхалари ёки улардан олинган, сўровнинг бажарилишини енгиллаштирадиган кўчирмалар илова қилинади.
4. Сўровни бажаришда сўралаётган Томон давлатининг қонунлари қўлланади. Марказий ваколатли органлар зарур бўлса, сўровни енгиллаштирадиган қўшимча маълумотларни сўраб олиш ҳуқуқига эга. Сўровнинг бажарилиши жиноий қидирув ишига ёки сўралаётган Томон давлатида амалга оширилаётган бошқа тадбирга халал берса, бу ҳолда унинг бажарилиши кейинга қолдирилиши мумкин ёки сўраётган Томон билан келишиладиган муайян шароитларга боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин.
5. Марказий ваколатли органлар ўз ташаббусига кўра агар ахборот бошқа Томонда қизиқиш уйғотишига асос бўлса, ушбу Битим доирасида ахборотни сўровсиз алмашишлари мумкин.
9-модда
Сўровни бажаришни рад этиш
Сўровни бажаришни рад этиш
1. Сўровнинг бажарилиши инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келиши, давлат суверенитети ёки хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлса ёхуд сўралаётган Томон давлатининг қонунларига зид бўлса, сўровни бажариш бутунлай ёки қисман рад этилиши мумкин.
2. Шунингдек, ёрдам кўрсатиш тўғрисида келиб тушган сўровга асос бўлган қилмиш сўралаётган Томон давлати қонунларига мувофиқ жиноят ҳисобланмаса, сўровни бажариш рад этилиши мумкин.
3. Сўровни бажаришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинса, марказий ваколатли органлар рад этиш сабабини ёзма равишда изоҳлаб, бир-бирларини хабардор қиладилар.
10-модда
Ахборотдан фойдаланиш
Ахборотдан фойдаланиш
1. Томонлар бир-бирларидан олинадиган ахборот ёпиқ характерга эга бўлса ёки тақдим этувчи Томон бирон сабабга кўра унинг ошкор қилиниши мақсадга мувофиқ эмас деб топса, ўз давлатларининг марказий ваколатли органлари ахборот махфийлигини миллий қонунларга мувофиқ сақлашни кафолатлайди, деб келишиб олдилар. Ахборотнинг махфийлик даражасини тақдим этувчи Томон белгилайди. Бу тартиб Томонлар ушбу Битим доирасида бир-бирларига тақдим этадиган техник воситалар, ускуна ва материалларга хам бирдек тааллуқли.
2. Зарур бўлса, ушбу Битим доирасида олинган ахборот, техник воситалар, ускуна ва материалларнинг учинчи томонга тақдим этилишида уларни берган марказий ваколатли органларнинг ёзма розилиги олиниши лозим.
3. Жисмоний шахслар тўғрисида Томонлар бир-бирларидан олган маълумотдан фақат ушбу Битимда кўрсатилган мақсадда фойдаланиш мумкин. Маълумотни берувчи Томон унинг ҳаққонийлигини, шунингдек зарур бўлса, тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар ўз вақтида етказиб берилишини таъминлайди. Жисмоний шахслар тўғрисидаги ахборотни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, сақлаш, фойдаланиш ва йўқ қилиш уни қабул қилиб олган Томоннинг давлат қонунларига мувофиқ амалга оширилади.
4. Томонлар давлатларининг қонунларида белгиланган ҳолларда ва тартибда манфаатдор шахсларга уларнинг илтимосига кўра унга тааллуқли ҳужжатлар тўғрисида маълумотнома берилиши мумкин.
5. Барча ҳолларда Томонлар ахборотни бегона шахслар қўлига тушиб қолишидан, унга рухсат этилмаган ўзгартишлар киритилишидан, йўқ қилиб юборилишидан ёки ошкор этилишидан самарали ҳимоя қиладилар.
11-модда
Назорат қилинадиган етказиб беришлар
Назорат қилинадиган етказиб беришлар
Томонлар миллий қонунларга мувофиқ ва ўз имкониятларига кўра зарур ҳолларда, шу жумладан шартнома бўйича исталган учинчи томон билан юргизилиши тегишли равишда махсус қоидаларга кўра бошқариладиган нарса, модда ва воситаларни бундай нарсалар, восита ва моддаларни ноқонуний юргизишда қатнашаётган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий таъқиб қилиш мақсадида назорат қилинадиган етказиб бериш методидан фойдаланадилар.
12-модда
Жиноятчиликнинг олдини олишда ҳамкорлик қилиш
Жиноятчиликнинг олдини олишда ҳамкорлик қилиш
1. Томонлар жиноятчиликнинг олдини олиш, шу жумладан ҳуқуқбузарлик қилган, хусусан вояга етмаган шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий интеграциялаш бўйича дастурларда, шунингдек гиёҳвандлик моддаларига бўлган талабни ва ўз давлатларида гиёҳвандлик кўламларини қисқартириш мақсадида ҳамкорлик қиладилар. Шу мақсадда, жумладан пенитенциар системаларнинг амалий тажрибасидан фойдаланилади, қамоққа олинганларни озодликдан маҳрум қилиш жойларида тутиб туриш шароитларини яхшилашда, жиноят қилганликлари учун берилган жазони ўтаб келган шахсларни ижтимоий кўниктириш марказларининг ишида ўзаро ҳамкорлик қилинади.
2. Томонлар давлат органлари ва ўз давлатлари жамоат уюшмаларининг миллий қонунларга зид келмайдиган исталган хатти-ҳаракатларини улар ўртасида жиноятни бартараф этиш, унинг ўсишига ёрдам берадиган шароитни бартараф этиш мақсадида ҳамкорлик ўрнатилиши юзасидан хатти-ҳаракатларни рағбатлантирадилар.
13-модда
Харажатлар
Харажатлар
1. Томонлар, агар хар бир муайян ҳолатда бошқача тартиб келишиб олинган бўлмаса, ушбу Битимни бажаришда юзага келадиган харажатларни мустақил қоплайдилар.
2. Томонлар жиноятчиликка қарши кураш бўйича конкрет масалаларни ҳал қилишда зарур техника воситалари ва материалларни бир-бирларига ёрдам сифатида бепул беришлари мумкин.
14-модда
Ҳамкорлик тили
Ҳамкорлик тили
1. Ушбу Битим доирасида ҳамкорлик қилишда Томонлар рус тилидан фойдаланадилар.
2. Зарур холларда Томонлар рус тилига оғзаки ва ёзма таржима қилинишини таъминлайдилар.
15-модда
Маслаҳатлашув ва музокаралар
Маслаҳатлашув ва музокаралар
1. Ушбу Битим қоидаларини бажариш бўйича масалаларни кўриб чиқиш ва ҳамкорлик самарадорлигини ошириш мақсадида Томонлар вакиллари учрашув ҳамда маслаҳатлашувлар ўтказишлари мумкин.
2. Ушбу Битимни талқин қилиш ёки бажаришда юзага келадиган барча баҳсли масалалар Томонлар ўртасида музокаралар орқали ҳал қилинади.
16-модда
Бошқа шартномаларга муносабат. Тузатишлар
Бошқа шартномаларга муносабат. Тузатишлар
1. Ушбу Битим Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбурият ва ҳуқуқларига дахл қилмайди.
2. Томонларнинг ўзаро келишувларига кўра ушбу Битимга ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин. Улар алоҳида баённомалар тарзида расмийлаштирилади, 17-модданинг қоидаларига мувофиқ кучга киради ва ушбу Битимнинг таркибий қисми ҳисобланади.
17-модда
Кучга кириши, амал қилиш муддатлари, фаолиятнинг тўхтатилиши
Кучга кириши, амал қилиш муддатлари, фаолиятнинг тўхтатилиши
1. Ушбу Битим Томонлар уни кучга киритиш учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги хабарнома олинган кундан бошлаб кучга киради.
2. Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади. Томонлардан биронтаси унинг фаолияти тўхтатилиши кўзланган санадан камида олти ой илгари бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали уни бекор қилиш нияти тўғрисида ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг фаолияти ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяди.
Кишинёв шаҳрида 2000 йил 19 декабрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, молдаван ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)