Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида
Конвенция
ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Молдова Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
ветеринария соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш истагидан келиб чиқиб, ҳайвонларда инфекцион касалликлар тарқалишининг олдини олиш ҳамда ўз давлатлари ҳудудини эпизоотия юқишидан биргаликда ҳимоя қилиш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар юқумли касалликларнинг ташувчилари бўлиши мумкин бўлган тирик ҳайвонлар, ҳайвонлардан олинган маҳсулотларни қайта ишлаш натижасида тайёрланган материаллар, ҳайвонлардан тайёрланган озиқ-овқатлар, озуқа ва нарсаларни импорт, экспорт ва транзит қилишда уларнинг ҳудудларини эпизоотиядан ҳимоя қилиш учун ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
1. Аҳдлашувчи Томонлар нобоп соналар, объектлар, касалланган ҳайвонлар тури ва сони, касалликларнинг шакли ва кечиши ҳамда инфекциялар тарқалишининг тахмин қилинаётган йўллари, қўзғатувчи тури, шунингдек касалликни чеклаш ва бартараф қилиш учун кўрилган чораларни кўрсатган ҳолда Халқаро эпизоотия бюросининг (ХЭБ) «А» рўйхатидаги касалликлар пайдо бўлиши тўғрисида бир-бирини хабардор қиладилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар зооантропоноз касалликлар пайдо бўлиши тўғрисида, ҳайвонларда ёки ҳайвонлардан тайёрланган озиқ-овқатларда одамлар ва ҳайвонлар саломатлиги учун хавфли, келиб чиқиши биологик, кимёвий бўлган моддалар ҳамда механик аралашмалар мавжудлиги тўғрисида ахборот алмашадилар.
3. Зарур ҳолларда Аҳдлашувчи Томонлар ҳайвонларда пайдо бўлган касалликларга ташхис қўйиш борасида бир-бирларига ўзаро ёрдам кўрсатадилар, бу борада ўрнатилган халқаро ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда бактерия ва вирус штаммларни алмашишлари мумкин.
2-модда
Ушбу Конвенцияни амалга ошириш юзасидан қуйидагилар Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари ҳисобланиб, бажарилаётган ишларни уйғунлаштириш билан шуғулланадилар:
Ўзбекистон Республикаси томонидан — Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринар тиббиёт бош бошқармаси;
Молдова Республикаси томонидан — Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат инспекцияси билан Ветеринар тиббиёт бош бошқармаси.
3-модда
Ушбу Конвенция қоидалари қуйидагиларга қўлланади:
а) барча турдаги жониворлар (жумладан қушлар, мўйнали ҳайвонлар, лаборатория, ҳайвонот боғи, уй ҳайвонлари ва ёввойи ҳайвонлар, денгиз жониворлари, асаларилар, балиқлар ва бошқа гидробионтлар, ҳайвонларнинг ҳомила, сигот, тухумҳужайралари ва спермаси, инкубация учун тухум ва уруғлантирилган икра);
б) ҳайвонлардан тайёрланган озиқ-овқатлар (гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, балиқ, тухум ва асаларичилик маҳсулотлари),
в) ҳайвонлардан тайёрланган хом ашё (тери, жун, мўйна, пар, пат, эндокрин ва ошқозон хом ашёси, қон, суяк ва хом ашёнинг бошқа турлари),
г) ҳайвонлар учун озуқа,
д) ветеренария препаратлари, биологик материаллар ва коллекциялаш учун ҳайвонлардан тайёрланган нарсалар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ҳайвонлар юқумли касалликларининг олдини олиш ва уларга қарши кураш борасидаги муайян давлатда мавжуд бўлган йўриқ ва дастурларни қўллашнинг шарт-шароити ҳамда усуллари тўғрисида бир-бирини хабардор қиладилар.
Ҳайвонлар ва ҳайвонлардан олинган озиқ-овқатларни, озуқа ва давлат ветеринария хизмати томонидан назорат қилинадиган нарсаларни импорт, экспорт ҳамда транзит қилишдаги ветеринария-санитария талаблари, шунингдек катта миқдорда иқтисодий зарар келтириши мумкин бўлган заҳарли озиқ-овқатлар, радиоактив моддалар ва бошқаларга тегишли юқумли бўлмаган касалликлар юзага келганда қўлланиладиган чоралар тўғрисида ахборот алмашадилар.
5-модда
Ветеринария соҳасида ҳамкорликни кучайтириш учун Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари қуйидагиларни амалга оширадилар:
1. Ветеринария фаолиятига тааллуқли норматив ҳужжатлар ва бошқа махсус нашрларни алмашиш.
2. Иккала Томон мутахассислари иштирок этиши мумкин бўлган ветеринария соҳасидаги учрашув ва йиғилишлар тўғрисида бир-бирини хабардор қиладилар.
3. Ветеринария фаолиятини ривожлантириш ва янада мукаммаллаштириш учун, ветеринарларнинг касбий малакасини ошириш учун мутахассислар алмашиш, тажриба ва билим алмашиш орқали ветеринария фани, таълим ва ветеринария хизматини амалий ташкил қилиш соҳасида ҳамкорликни амалга оширадилар.
Ушбу Конвенциянинг 4-моддасида кўрсатилган ҳужжатларни алмашишга тааллуқли барча харажатларни юборувчи Аҳдлашувчи Томон кўтаради.
Мутахассисларни алмашиш иккала Аҳдлашувчи Томон ваколатли органлари ўртасида ўзаро келишув бўйича амалга оширилади. Бу ҳолларда йўл харажатларини юборувчи томон, уларнинг бўлиши бўйича харажатларни эса қабул қилувчи томон қоплайди.
6-модда
Ушбу Конвенция учун ўзбек, рус ёки инглиз ва молдован, рус ёки инглиз тилларида нашр этиладиган ХЗБ Халқаро зоосанитария кодекси талаблари асосида Томонлар тарафидан ишлаб чиқилган ва келишилган ветеринария сертификатлари ҳақиқий ҳисобланади.
7-модда
Олиб кирилаётган товар (тирик ҳайвонлар, ҳайвонлардан тайёрланган озиқ-овқатлар ва озуқа юкланган алоҳида транспорт воситаси) чегарада ветеринария кўригидан ўтказилаётганда у санитария ва гигиена талаблари жиҳатидан ветеринария сертификати талабларига жавоб бермаслиги аниқланса ёки товар ташилаётган транспорт воситалари ташишнинг ветеринария талабларига жавоб бермаса, импорт қилувчи давлатнинг давлат ветеринария органлари экспорт қилувчи давлатнинг давлат ветеринария органларини хабардор қиладилар ҳамда амалдаги ветеринария қонунларига мувофиқ ҳайвонларда юқумли касалликлар ва одамларда антропозоонлар тарқалишидан давлат ҳудудини сақлаш учун ҳаракат қиладилар.
8-модда
Томонлардан бири давлати ҳудудида Халқаро Эпизоотия Бюросининг «А» рўйхатида кўрсатилган касалликлар мавжудлиги аниқланса, ушбу Аҳдлашувчи Томоннинг марказий давлат ветеринария органи бошқа Томоннинг тегишли марказий давлат ветеринария органини дарҳол хабардор қилиши ҳамда мазкур Конвенциянинг 3-моддасида кўрсатилган чорвачилик юкларини олиб чиқишни тўхтатиши лозим.
Чорвачилик юкларини олиб чиқиш бўйича ўрнатилган тартиб Томонларнинг марказий давлат ветеринария органлари ўртасидаги дастлабки маслаҳатлашув ва ўзаро келишувдан кейингина тикланиши мумкин.
9-модда
Ушбу Конвенция қоидаларини талқин қилиш ва кўллашда юзага келадиган барча баҳсли масалаларни Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан музокара ҳамда маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилинади.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилигига кўра ушбу Конвенцияга унинг таркибий қисми ҳисобланадиган ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин. Булар алоҳида баённомалар тарзида расмийлаштирилади. Ушбу Баённома ушбу Конвенциянинг 12-моддасида кўзда тутилган процедурага мувофиқ кучга киради.
11-модда
Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Томонларнинг улар тузган ёки ветеринария бўйича халқаро ташкилотлардаги уларнинг иштироки билан боғлиқ бўлган бошқа шартнома, конвенция ва битимлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
12-модда
Ушбу Конвенция иккала Аҳдлашувчи Томоннинг унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабар олингандан сўнг 30-кун кучга киради.
Ушбу Конвенция 5 йиллик муддатга тузилади. Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни, тегишли муддат тугашидан камида олти ой олдин унинг фаолиятини тўхтатиш нияти ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг фаолияти ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатга узаяди.
Кишинёв шаҳрида, 2000 йил 19 декабрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, молдаван ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Конвенция моддаларини талқин қилиш ва қўллашда ҳар хилликлар келиб чиқса, рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)