Тошкент шаҳар ҳокимининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 майдаги «2008 — 2010 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида»ги ПҚ-879-сонли қарорининг ижроси тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 4 июндаги 390/41-6-сонли «Тошкент шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 майдаги «2008 — 2010 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тўғрисида»ги ПҚ-879-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда замонавий импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда ўтказилган Республика саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа якунларини ҳисобга олиб қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 майдаги «2008 — 2010 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни махаллийлаштириш Дастури тўғрисида»ги ПҚ-879-сонли қарори ижро учун қабул қилинсин.
Мазкур қарорга мувофиқ қуйидагилар:
1.1. 2008 — 2010 йилларда саноат маҳсулоти асосий турларини ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳаллийлаштириш даражасининг мақсадли параметрлари (Тошкент шаҳрига тегишли корхоналар рўйхати 1-илова*);
2008 — 2010 йилларда бутловчи қисм ва деталларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари рўйхати (Тошкент шаҳрига тегишли корхоналар рўйхати 2-2а-иловалар*);
2008 — 2010 йилларда тайёр маҳсулот турлари, материаллар ва хом ашё ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари рўйхати (Тошкент шаҳрига тегишли корхоналар рўйхати 3-3а-иловалар*);
2008 йилда тугалланадиган спорт анжомлари ва ўқув ускуналари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари рўйхати (Тошкент шаҳрига тегишли корхоналар рўйхати 4-илова*) тасдиқланганлиги;
1.2. 2 ва 3 иловаларга* киритилган корхоналар 2011 йилнинг 1 январигача:
четдан олиб келинадиган технология ускуналари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шунингдек республикада ишлаб чиқарилмайдиган, маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотни ишлаб чиқаришдаги технология жараёнида фойдаланиладиган компонентлар учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштирувчи учун йиғимлар бундан мустасно);
маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотдан олинган даромад (фойда) солиғи, ягона солиқ тўлови (соддалаштирилган солиқ тизими қўлланиладиган субъектлар учун) тўлашдан;
маҳаллийлаштириладиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган асосий ишлаб чиқариш фондлари бўйича мулк солиғи тўлашдан озод қилинганлиги;
2а, 3а ва 4 иловаларга* кирган корхоналар учун имтиёзлар 2009 йил 1 январга қадар берилганлиги;
* 1 — 4-иловалар берилмайди.
1.3. Мазкур қарорда назарда тутилган имтиёзлар бериш ҳисобига бўшайдиган маблағлар технология ускуналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, маҳаллийлаштириш Дастурини амалга оширишга жалб этилган корхоналарнинг мухандис-техник ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилиши белгиланганлиги инобатга олинсин.
2. Иқтисодиёт бош бошқармаси (З. Тўйчиев), Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси (О. Алимов), Статистика бошқармаси (Б. Магай), Божхона бошқармаси (Т. Рахманов) билан биргалиқда:
2.1. Маҳаллийлаштириш Дастурига киритилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатилсин ҳамда ҳар ой Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Иқтисодиёт вазирлигига ахборот бериб борилсин.
2.2. Маҳалийлаштириш Дастурини амалга оширишга жалб этилган маҳаллий тасарруфда бўлган корхоналар томонидан лойиҳаларни ўз вақтида бажармаган тақдирда уларни дастурдан чиқариш ва янги лойиҳаларни киритиш юзасидан таклифлар бериб бориш амалиёти жорий этилсин.
3. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2006 йил 8 августдаги «2006 — 2008 йилларда маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тўғрисида»ги 413-сонли қарори ва 2007 йил 17 майдаги «2006 — 2008 йилларда маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастурига тузатишлар киритиш тўғрисида»ги 422-сонли қарорнинг 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Р.Ж. Усманов, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.И. Тохиров зиммаларига юклатилсин.
Ҳоким А. ТЎХТАЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 18 июнь,
437-сон