Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ҲАЙВОНЛАРНИНГ БАКТЕРИАЛ КАСАЛЛИКЛАРИНИ ДАВОЛАШДА ТИЛОЗОМИКОЛ (5 % ЛИ ВА 20 % ЛИ ИНЪЕКЦИОН ЭРИТМА) ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ УЧУН ҚЎЛЛАНМАСИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Ҳайвонларнинг бактериал касалликларини даволашда тилозомикол (5% ли ва 20% ли инъекцион эритма) препаратини қўллаш учун Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2006 йил 14 сентябрда тасдлиқланган «Ҳайвонларнинг бактериал касалликларини даволашда тилозомикол (5% ли ва 20% ли инъекцион эритма) препаратини қўллаш учун Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
63-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 63-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ҳайвонларнинг бактериал касалликларини даволашда тилозомикол (5% ли ва 20% ли инъекцион эритма) препаратини қўллаш бўйича
қўлланма
I. Умумий маълумотлар
1. Тилозомикол — 1 мл таркибида таъсир этувчи моддаси сифатида тилозин тартрат 50 мг (5%) ёки 200 мг (20%) бўлган препарат.
2. Ташқи кўринишига кўра бир турдаги ёпишқоқ, сариқ рангли эритма.
3. Тилозомикол шиша флаконларда 10, 20, 50 ва 100 мл дан қадоқланади.
4. Препарат қуруқ, қоронғи, болалар қўли етмайдиган жойда, 5 дан 25°С гача ҳароратда сақланади.
Яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 2 йил.
II. Фармакологик хусусиятлари
5. Тилозин макролидлар гуруҳига мансуб антибиотик. Тилозин таъсири 50 S рибосомал суббирликларни ўзаро боғлаш ва оқсил синтезларини ингибирлашдан иборат.
6. Тилозин граммусбат (Staphylococcus spp., Streptococcus spp., Bacillus anthracis, Corynebacterium spp., Clostridium spp., Listeria, Erysipelothrix spp.) ва баъзи грамманфий микроорганизмларнинг штаммларига Haemophilus spp., Pasteurella spp. ва Brucella spp нисбатан фаол.
Шу билан бирга тилозин баъзи штаммларнинг таъсирини пасайтиради: Actinomyces, Mycoplasma, Chlamydia, Ureplasma ва Rikettsia.
III. Қўллаш тартиби
7. Тилозомикол йирик шохли мол, қўй, эчки, чўчқа, ит, мушук, қуёнларнинг бронхопневмония, пневмония, артритлар, дизентерия, маститлар ва тилозинга таъсирчан қўзғатувчилар чақирган бошқа ўткир ва сурункали касалликларида, шунингдек операциядан кейинги ва туғруқдан кейинги инфекцияларда, вирусли касалликлардаги иккиламчи бактериал инфекциялар ва аралаш бактериал инфекцияларни (нафас йўллари, ошқозон-ичак тракти) даволаш мақсадида қўлланилади.
8. Тилозомикол ҳайвонларга мушак орасига кунига бир мартадан 3 — 5 кун давомида қуйидаги дозаларда қўлланилади:
|
Ҳайвон турлари |
Тилозин тартрат (мг 1 кг ҳайвон вазнига) | Тилозомикол 5% (мл 10 кг ҳайвон вазнига) | Тилозомикол 20% (мл 10 кг ҳайвон вазнига) |
| Йирик шохли мол | 4-10 | 0,5-1,0 | 0,2-0,5 |
| Қўй ва эчкилар | 6-12 | 1,2-2,4 | 0,3-0,6 |
| Чўчқалар | 10 | 2,0 | 0,5 |
| Ит ва мушуклар | 2-10 | 0,5-2,0 | 0,15-0,5 |
| Қуёнлар | 15 | 2,4-3,0 | 0,6-1,2 |
Катта ёшдаги йирик шохли молга бир жойига 20 мл дан ортиқ юбориш; бузоқ, қўй, эчкиларга 10 — 15 мл дан ортиқ; чўчқа болалари, чўчқаларга 5—10 мл дан ортиқ юбориш мумкин эмас. Рухсат этилган дозадан ортиқ, қўллаш заруриятида, уни бир неча қисмга бўлинади ва бир нечта жойга юборилади.
Қўллашдан олдин препарат 25 — 300С гача қиздирилади.
9. Тилозомикол пенициллинлар, цефалоспоринлар ва линкомицин билан бир вақтда қўлланилмайди, чунки у ҳолда бактерияларга қарши таъсир сусаяди, шунингдек препаратга ошиқча таъсирчанлиги бўлган ҳайвонларга қўлланилмайди.
10. Ҳайвонларни сўйиш ва сутни истеъмол қилишга, препарат сўнгги марта қўлланилгандан сўнг 8 ва 4 кун ўтгач рухсат этилади. Белгиланган муддатдан аввал сўйилган гўшт ва сутни маҳсулот бермайдиган ҳайвонларга берилади ёки яроқсизлантирилади.
IV. Норозиликларни баён этиш тартиби
11. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.