Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ҲАЙВОН ВА ПАРРАНДАЛАРНИНГ БАКТЕРИАЛ КАСАЛЛИКЛАРИНИ ДАВОЛАШДА ТИЛОЗИН ТАРТРАТ (ОРАЛ КУКУНИ) ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Ҳайвон ва паррандаларнинг бактериал касалликларини даволашда тилозин тартрат (орал кукуни) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 14 сентябрда тасдиқланган «Ҳайвон ва паррандаларнинг бактериал касалликларини даволашда тилозин тартрат (орал кукуни) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
61-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 61-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ҳайвон ва паррандаларнинг бактериал касалликларини даволашда тилозин тартрат (орал кукуни) препаратини қўллаш бўйича
Қўлланма
I. Умумий маълумотлар
1. Тилозин тартрат (Tylosin tartrate) — 1 г таркибида 1000 мг тилозин тартрат бўлган препарат.
2. Ташқи кўринишига кўра шаффоф сарғиш рангли суюқлик.
3. Препарат алюминий қопқоқли резина тиқинлар билан маҳкамланган жигарранг шишали флаконларга 100 мл дан қадоқланади (ҳар бир қутига 48 та флакондан жойланади).
4. Тилозин 200 Б рўйхати бўйича қуруқ, қоронғи, болаларнинг қўли етмайдиган жойда, 8—15°С ҳароратда сақланади.
Препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 3 йил.
II. Фармакологик хусусиятлари
5. Тилозин — макролидлар гуруҳига мансуб антибиотик, граммусбат бактерияларга, баъзи грамманфий бактерияларга: кокклар, спирохеталар, лептоспиралар, актиномицетлар, микоплазмалар (плевропневмония сифат микроорганизмлар), буқасимон моракселлалар ва бошқаларга нисбатан фаол.
6. Тилозин рибосомалар босқичидаги оқсил синтезига тўсқинлик қилиш орқали бактериостатик таъсир кўрсатади.
7. Парентерал равишда қўлланганда тилозиннинг қондаги даволаш концентрациясига 2 соат давомида эришилади.
8. Тилозин организмдан сафро, сийдик, ахлат ва сут билан ажралади.
III. Қўллаш тартиби
9. Тилозин 200 ҳайвонларнинг тилозинга таъсирчан микроорганизмлар қўзғатган касалликлари, масалан йирик ва майда шохли мол, қўй, эчки ва чўчқаларнинг нафас йўллари инфекциялари, чўчқалар дизентерияси, микоплазмалар томонидан қўзғатилган дизентерия ва артритлар, маститлар, эндометритларни даволашда қўлланилади.
10. Тилозин 200 мушак орасига ёки тери остига қуйидаги дозаларда қўлланилади:
йирик шохли молга — 1 кг ҳайвон вазнига 0,5 — 1 мл, ҳар куни, 3 — 5 кун давомида;
қўй, эчки, бузоқ, тойларга — 50 кг ҳайвон вазнига 1,5 — 2 мл, ҳар куни, 3 кун давомида;
чўчқаларга — 10 кг ҳайвон вазнига 0,5 — 0,75 мл, ҳар 12 соатда, 3 кун давомида;
итлар, мушукларга — 10 кг ҳайвон вазнига 0,5 — 2 мл, ҳар куни, 3 — 5 кун давомида қўлланилади.
11. Қўшимча асоратлар. Баъзида эмлаш жойида локал таъсирлар кузатилиши мумкин.
12. Қарши кўрсатмалар. Тилозинга ва бошқа макролидли антибиотиикларга нисбатан индивидуал ўта таъсирчанлик.
13. Ҳайвонларни сўйишга препарат қўлланилгандан кейин камида 8 кун, сутни истеъмол қилишга эса 4 кун ўтгач рухсат этилади.
Белгиланган муддатдан аввал сўйилган ҳайвонларнинг гўштидан гўштхўр ҳайвонларга емиш сифатида ёки гўшт суяк уни ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Препарат қўлланилиши тугагандан сўнг, 4 кун ичида соғилган сутни, қайнатилгандан сўнг ҳайвонларга берилади.
IV. Норозиликларни баён этиш тартиби
14. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.