Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ЧЎЧҚАЛАР ДИЗЕНТЕРИЯСИ ВА ПАРРАНДАЛАРНИНГ БАКТЕРИАЛ КАСАЛЛИКЛАРИНИ ДАВОЛАШ ВА ОЛДИНИ ОЛИШДА ТИЛОВЕТ 25 % (КУКУН) ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Чўчқалар дизентерияси ва паррандаларнинг бактериал касалликларини даволаш ва олдини олишда тиловет 25 % (кукун) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 14 сентябрда тасдиқланган «Чўчқалар дизентерияси ва паррандаларнинг бактериал касалликларини даволаш ва олдини олишда тиловет 25 % (кукун) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
60-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 60-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Чўчқалар дизентерияси ва паррандаларнинг бактериал касалликларини даволаш ва олдини олишда тиловет 25 % (кукун) препаратини қўллаш бўйича
Қўлланма
I. Умумий маълумотлар
1. Тиловет 25 % (Tylovetum 25 %) — 1 г таркибига 250 мг тилозин фосфат антибиотики ва ёрдамчи компонентлар кирувчи препарат.
2. Ташқи кўринишига кўра ўзига хос ҳидли, оч жигаррангли ўртача йирик аморф кукун.
3. Препарат қопларга 20 кг дан қадоқланади.
4. Тиловет 25 % Б рўйхати бўйича қуруқ, ёруғлик тушмайдиган жойда +15 дан + 25°С гача ҳароратда сақланади.
Препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 2 йил.
II. Фармакологик хусусиятлари
5. Тилозин макролидли антибиотик бўлиб, граммусбат ва баъзи грамманфий микроорганизмларга (кокклар, клостридиялар, эризипелотрикслар, пастереллалар, кампилобактериялар, спирохеталар, лептоспиралар, бруцеллалар, нейсериялар, риккетсиялар, гемофилюслар, хламидиялар, ҳамда микоплазмаларга) нисбатан фаол таъсир кўрсатади.
6. Препарат рибосомалар босқичида оқсил синтезларига тўсқинлик қилиш орқали (50S-рибосома субирликларини узлуксиз боғлаш йўли билан) бактериостатик таъсир кўрсатади.
7. Препарат перорал равишда қўлланганда ошқозон-ичак трактидан яхши сўрилади, ҳайвонларнинг деярли барча орган ва тўқималарига тарқалади. Организмдан асосан сафро ва сийдик орқали, соғин сигирларда — сут билан ажралиб чиқади.
8. Препарат тетрациклинлар, сульфаниламидлар, нитрофуранли ва нитроимидазолли бирикмалар, спектиномицин билан биргаликда қўлланилиши мумкин.
III. Қўллаш тартиби
9. Тиловет 25 % чўчқалар дизентерияси, паррандаларнинг тилозинга таъсирчан микоплазмалар ва спирохетлар қўзғатган касалликларини даволаш ва олдини олиш учун қўлланилади.
10. Препарат ичга, озуқага аралаштирилган ҳолда, қуйидаги дозаларда қўлланилади:
чўчқалар дизентериясини олдини олиш учун, 25 кг гача вазндаги чўчқаларга — 1 тонна озуқага 400 г, 25 дан 45 кг гача вазндаги чўчқаларга — 1 тонна озуқага 160 г, 45 кг дан ортиқ вазнлиларга — 1 тонна озуқага 80 г дан 10 кун давомида қўлланилади;
чўчқа болаларининг дизентериясини даволаш учун — дастлаб 4—8 литр ичимлик сувига 1,0 г тилозин тартрат (900000—940000 ME) 3—5 кун мобайнида, сўнгра 1 тонна озуқага 400 г тиловет 25 %, 10 кун давомида қўлланилади;
бройлер-жўжалари ва курка болаларининг сурункали респиратор касалликлари ва инфекцион синовитининг олдини олишда — 1 тонна озуқага 3,2 — 4 кг миқдорида ҳаётининг 3—5 кунларида ва тўртинчи ҳафтасида 2 кун давомида қўлланилади;
паррандаларнинг боррелиозини даволаш ва олдини олишда — 1 тонна озуқага 2 кг миқдорида 5—7 кун давомида берилади.
11. Қўшимча асоратлар. Камдан-кам ҳолатларда препарат аллергик таъсирлар қўзғатиши мумкин.
12. Қарши кўрсатмалар. Тухумларини истеъмол қилинувчи курк товуқларга қўлланилмайди. Препаратни бентонит билан биргаликда қўллаш тавсия этилмайди.
13. Паррандаларни ва чўчқаларни сўйишга препарат қўлланилгандан кейин камида 5 кун ўтгач рухсат этилади. Белгиланган муддатдан аввал сўйилган парранда ва ҳайвонларнинг гўштидан гўштхўр ҳайвонларга емиш сифатида ёки гўшт суяк уни ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
IV. Шахсий профилактика чоралари
14. Препарат билан ишлаганда шахсий гигиена ва техника хавфсизлигининг умумий қоидаларига риоя этиш керак.
15. Препарат билан барча ишлар махсус кийим ва индивидуал ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади (резина қўлқоплар, ҳимоя кўзойнаклари, респиратор).
16. Препарат билан ишлаш вақтида чекиш, ичиш ва овқатланиш ман этилади.
V. Норозиликларни баён этиш тартиби
17. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.