Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ОКСИТОЦИН (ИНЪЕКЦИОН ЭРИТМА) ПРЕПАРАТИНИ ВЕТЕРИНАРИЯДА ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Мазкур Буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 15 январдаги 8-сонли «Окситоцин (инъекцион эритма) препаратини ветеринарияда қўллаш бўйича қўлланмани ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Окситоцин (инъекцион эритма) препаратини ветеринарияда қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 14 сентябрда тасдиқланган «Окситоцин (инъекцион эритма) препаратини ветеринарияда қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
59-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 59-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Окситоцин (инъекцион эритма) препаратини ветеринарияда қўллаш бўйича
Қўлланма
I. Умумий маълумотлар
1. Окситоцин (Oxytocin) — 1 мл таркибида синтетик окситоцин 10 ИЕ ҳамда хлорбутол фаол бўлмаган компоненти ва инъекция учун сув мавжуд бўлган препарат.
2. Ташқи кўринишига кўра механик қўшимчаларсиз ва ҳидсиз, шаффоф рангсиз суюқлик.
3. Окситоцин шиша флаконларга 50 мл дан қадоқланади.
4. Препарат ёруғлик тушмайдиган, болалар қўли етмайдиган жойда, 2 дан 25°С гача ҳароратда сақланади. Музлатишга йўл қўйилмайди.
Окситоциннинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 2 йил.
II. Фармакологик хусусиятлари
5. Окситоцин — оқсил-пептид структураси гипофизининг орқа бўлаги гормонидир. Бачадон силлиқ мушакларига стимулловчи таъсир кўрсатади, бачадоннинг қисқариш тезлигини ва камроқ даражада бачадон тонусини оширади.
III. Қўллаш тартиби
6. Окситоцин урғочи ҳайвонларнинг туғруқ фаолиятини стимуллаштиришда (гипотония, бачадон атонияси), туғруқдан кейинги бачадондан қон кетиши; йўлдош тутилиши, туғруқдан кейинги бачадоннинг ўз-ўзини тозалаш жараёнини йўлга қўйишда қўлланилади; бошқа антибиотиклар ва кимётерапевтик воситалари билан қўшилган ҳолда — эндометритларни, шунингдек маститлар, агалактияларни даволашда ва сут соғилишини яхшилашда қўлланилади.
7. Препарат тери остига ёки мушак орасига, бир марта қуйидаги дозаларда қўлланилади:
сигир ва бияларга — 2—4 мл (20—40 ИЕ);
қўй, эчки, чўчқаларга — 1—3 мл (10—30 ИЕ);
итларга — 0,2—1 мл (2—10 ИЕ);
Ап — мушукларга — 0,3—0,5 (3—5 ИЕ).
Зарур ҳолларда тезроқ таъсир кўрсатиши учун препаратни томир орасига аста секинлик билан томчи инфузиясини қўллаш орқали 5 % ли глюкоза эритмаси ёки физиологик эритма билан биргаликда қуйидаги дозаларда юбориш мумкин:
сигир ва бияларга — 0,25—1 мл дан (2,5—10 ИЕ) то 4 мл гача (40 ИЕ), ундан ортиқ эмас;
қўй, эчки, чўчқаларга — 0,05—0,25 мл дан (0,4—2,5 ИЕ) то 0,5 мл гача (5 ИЕ), ундан ортиқ эмас.
Агар биринчи марта кам доза қўлланган бўлса, 20—40 минутдан сўнг такроран юбориш мумкин.
8. Қарши кўрсатмалар. Препарат урғочи ҳайвонларга ҳомила нотўғри жойлашганда то уни тўғриланмагунча, ҳамда бачадон бўйни етарли даражада очилмаганда қўлланилмайди.
9. Юқори дозаларда бачадон қисқаришининг тетания ҳолатида давом этишини юзага келтириши мумкин.
10. Ҳайвонларни сўйиш ва чорвачилик маҳсулотларидан фойдаланишга чекловларсиз йўл қўйилади.
IV. Норозиликларни баён этиш тартиби
11. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.