Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
СОҒИН СИГИРЛАР, ҚЎЙ ВА ЭЧКИЛАРНИНГ МАСТИТЛАРИНИ ДАВОЛАШДА НЕОТИЛ (ИНТРАМАММАР ШПРИЦЛАР) ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Соғин сигирлар, қўй ва эчкиларнинг маститларини даволашда неотил (интрамаммар шприцлар) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 14 сентябрда тасдиқланган «Соғин сигирлар, қўй ва эчкиларнинг маститларини даволашда неотил (интрамаммар шприцлар) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
58-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 58-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Соғин сигирлар, қўй ва эчкиларнинг маститларини даволашда неотил (интрамаммар шприцлар) препаратини қўллаш бўйича
Қўлланма
I. Умумий маълумотлар
1. Неотил (Neotyl) — таркибига фаол таъсир этувчи моддалари сифатида — тилозин базаси ва неомицин сульфат, ҳамда ёрдамчи компонентлар (диметилсульфоксид, сувсиз ланолин, вазелин ва суюқ парафин) кирувчи комплекс препарат.
2. Ташқи кўринишига кўра ўзига хос ҳидли, оч-сариқ рангга эга бўлган гомоген малҳамсимон масса.
3. Неотил таркибида 0,25 г (250000 ИЕ) тилозин база ва 0,1 г (100000 ИЕ) неомицин сульфат бўлган 10 граммли пластмасса интрамаммар шприцларга қадоқланиб, 12 донадан клишеланган картон қутиларга жойланади.
4. Препарат ёпиқ, қуёш нурларидан ҳимояланган, болалар қўли етмайдиган жойда, 15 — 30оС ҳароратда сақланади.
Препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 2 йил.
II. Фармакологик хусусиятлари
5. Тилозин граммусбат ва грамманфий микроорганизмларга (стрепто, стафило-ва микрококклар, коринебактериялар, микоплазмалар, спирохетлар ва бошқ.); неомицин — грамманфий микроорганизмларга (колибактериялар, протеус псевдомонас) нисбатан фаол.
Ҳар иккала антибиотик ўзларининг бактерияларга қарши таъсир кўламини ўзаро тўлдириб туради.
III. Қўллаш тартиби
6. Неотил сигир, қўй ва эчкиларнинг сут бериш давридаги клиник ва субклиник маститларини даволаш мақсадида қўлланилади.
7. Клиник маститларда препарат сут безларидаги аввал сути бутунлай соғиб олинган ва антисептик ишлов берилган елиннинг зарарланган қисмига қуйидаги дозаларда юборилади: сигирларга — битта шприц таркиби, қўй ва эчкиларга — битта шприцнинг ярми юборилади. Зарарланиш даражасига қараб 4 — 10 — 12 соатдан сўнг, елиннинг касалланган қисмидаги сут соғиб ташланади ва препарат қайта юборилади.
Препаратни қўллаш ҳайвон батамом соғайгунча давом эттирилади (одатда 3 — 5 кун давомида).
8. Сут бериш давридаги субклиник маститларда препарат юқорида кўрсатилган дозаларда сигир, қўй ва эчкилар елинининг зарарланган чорагига, кечқурун сутни соғиб олингандан кейин қўлланилади. Эртасига эрталабки соғишдан кейин препарат яна юборилади ва ушбу муолажа кун давомида ҳар 3-4 соатда такрорланади. Бир суткадан сўнг кечқурун препаратни яна қайтадан қўлланилади.
9. Даволаш даврида ва препарат сўнгги марта қўлланилгандан кейин 72 соат давомида сутни (елиннинг соғлом қисмларидан соғилган) истеъмол қилишга йўл қўйилмайди. Елиннинг касалланган қисмидаги сутни алоҳида идишга соғиб олинади ва яроқсизлантирилади, соғлом қисмидан соғилган сутни қайнатиб, сўнгра ҳайвонларга берилади.
Ҳайвонларни сўйишга препарат қўлланилгандан 2 кун ўтгач рухсат этилади. Белгиланган муддатдан аввал сўйилган гўштдан гўштхўр ҳайвонларга емиш сифатида ёки гўшт суяк уни ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
IV. Норозиликларни баён этиш тартиби
10. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.