Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ПАРРАНДАЛАРНИНГ БАКТЕРИАЛ ИНФЕКЦИЯЛАРИДА ПЕРОРАЛ ҚЎЛЛАНИЛУВЧИ ЭНРОКСИМ 5 % ЛИ ВА 10% ЛИ ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Паррандаларнинг бактериал инфекцияларида перорал қўлланилувчи энроксим 5 % ли ва 10 % ли препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 14 августда тасдиқланган «Паррандаларнинг бактериал инфекцияларида перорал қўлланилувчи энроксим 5 % ли ва 10 % ли препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
56-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 56-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Паррандаларнинг бактериал инфекцияларида перорал қўлланилувчи энроксим 5 % ли ва 10 % ли препаратини қўллаш бўйича
Қўлланма
I. Умумий маълумотлар
1. Энроксим (Aenroximum) — таъсир этувчи моддаси сифатида энрофлоксацин ва эритувчиси бўлган микробларга қарши препарат.
Синонимлари: ренровет, энрофлокс, энроксил, энрофлоквет, колмик Е.
2. Препарат ташқи кўринишига кўра оч сариқ рангли шаффоф эритма.
3. Чиқарилиш шакли.
4. Энроксим 5 % ли эритма, 1 мл таркиби 50 мг энрофлоксацин ва ёрдамчи моддалардан иборат.
5. Энроксим 10 % ли эритма, 1 мл таркибида 100 мг энрофлоксацин ва ёрдамчи воситалар мавжуд.
6. Препарат шиша флаконларга ёки полиэтилен идиш ва қопқоқли полиэтилен флаконларга 10, 20, 50, 100, 200, 500 ва 1000 мл дан қадоқланади.
Препарат қуруқ бинода, болалар қўли етмайдиган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда, «Б» рўйхати бўйича сақланади.
Препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 3 йил.
II. Фармакологик хусусиятлари
7. Энроксим таркибига кирувчи энрофлоксацин фторхинолонлар гуруҳига мансуб ва кенг кўламдаги бактерияларга қарши таъсирга эга, граммусбат ва грамманфий микроорганизмлар, шу жумладан эшерихиялар, сальмонеллалар, пастереллалар, стафилококклар, клебсиеллалар, псевдомонадлар, бордетеллар, кампилобактериялар, кориебактериялар, протея ва микоплазмаларга нисбатан фаол.
8. Энроксим парранда ошқозон-ичак трактидан яхши сўрилади ва организмнинг барча орган ва тўқималарига тарқалади. Препаратнинг қондаги максимал концентрациясига 1,5-2 соатдан кейин эришилади ва у 6 соат давомида сақланади, терапевтик концентрация эса 24 соат мобайнида сақланиб туради.
9. Препаратнинг оғиз орқали юборилган асосий қисми ўзгармаган ҳолда сийдик ва сафро орқали ажралади.
III. Қўллаш тартиби
10. Энроксим паррандаларга колибактериоз, сальмонеллез, некротик энтерит, стрептококкоз, гемофилез, кампилобактерияли гепатит, микоплазмоз ва бошқа қўзғатувчилари энрофлоксацинга таъсирчан бўлган касалликларида даволаш ва олдини олиш мақсадида қўлланилади.
11. Препарат ичга сувга қўшилган ҳолда 1 л сувга 0,5 мл дозада (0,5 л — 1000 л сувга) 3—5 кун давомида, сальмонеллезда эса 5—7 кун давомида қўлланилади. Эритмани парранданинг 1 кунлик сувга эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда тайёрланади. Даволаш даврида паррандага фақатгина энроксимли сув берилади.
12. Тавсия этилган дозаларда қўшимча асоратлар кузатилмайди.
13. Препарат энрофлоксацин тухум билан ажралиб чиқиши туфайли тухум қўювчи товуқларга қўлланилмайди, ҳамда антагонстик таъсир пайдо бўлиши сабабли левомицетин, тетрациклин ва макролидлар гуруҳига мансуб препаратлар билан биргаликда қўлланилмайди.
14. Паррандаларни сўйишга препарат сўнгги марта қўлланилгандан кейин 12 кун ўтгач рухсат этилади. Белгиланган муддатдан аввал сўйилган гўштдан гўштхўр ҳайвонларга емиш сифатида ёки гўшт суяк уни ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
IV. Норозиликларни баён этиш тартиби
15. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.