Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
10 % ЛИ КАЛЬЦИЙ ХЛОРИД ИНЪЕКЦИОН ЭРИТМАСИНИ ВЕТЕРИНАРИЯДА ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Мазкур Буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 15 январдаги 7-сонли «10 % ли кальций хлорид инъекцион эритмасини ветеринарияда қўллаш бўйича қўлланмани ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли баёнига мувофиқ буюраман:
1. «10 % ли кальций хлорид инъекцион эритмасини ветеринарияда қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 17 августда тасдиқланган «10 % ли кальций хлорид инъекцион эритмасини ветеринарияда қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
53-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 53-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
10 % ли кальций хлорид инъекцион эритмасини ветеринарияда қўллаш бўйича
ҚўлланмА
I. Умумий маълумотлар
1. 10% ли кальций хлорид эритмаси 10ml ли флаконларга ёки 100, 200 ва 400 ml ли қон ва қон ўрнини босадиган моддаларга мўлжалланган шиша бутилкаларга қадоқланган рангсиз, тиниқ суюқликдан иборат.
2. Бутилкаларда TSh 64-15368831-06:2007 нинг 1.4.1 банди талабларига мувофиқ равишда этикетка бўлиши керак. Препарат ўраб жойлаштирилган гофрирланган картон яшикларда TSh 64-15368831-06:2007 нинг 1.4.2 банди талабларига мувофиқ равишда этикетка бўлиши керак.
3. Шикастланган флаконлар ва бутилкалардан фойдаланиш рухсат этилмайди.
4. Доривор препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинган тақдирда (плюс 25°С гача ҳароратда) ишлаб чиқарилган кундан бошлаб беш йил.
II.Фармокологик хоссалари
5. Кальций хлориднинг резорбтив таъсири юрак қисқаришларининт тезлашуви ва секинлашувида намоён бўлади. Қоннинг қуюлиш хусусияти сезиларли ошади. Қон томирлари деворлари зичланиб, шу билан уларнинг алоҳидалиги кучаяди, кальций хлорид шишларнинг ривожланишини олдини олади. Кальций хлорид марказий асаб тизими қўзғалишини босади. Симпатик иннервациянинг кучли таъсири, ретикулоэндотелиал тизимнинг фаоллашуви ва лейкоцитларнинг фагоцитар функциясининг кучайиши ҳисобига препарат яллиғланишга қарши таъсир қилади. Кальций хлорид ўртача даволаш дозаларида қон томири орқали юборилса диурезни кўтаради.
III. Қўллаш тартиби
6. 10% ли кальций хлорид эритмасидан яллиғланиш шишлари, аборт (насл тушиши)ни олдини олиш, бачадон ва туғиш йўллари яллиғланишида, шунингдек ушланиб қолинган йўлдошни ажратиб туширишда; таъсирчан даволаш воситасида тетаиияда, спазмофилияда, остеопатиянинг турли шаклларида, аллергик ҳолатларда ва жигарнинг заҳарланиб зарарланишида, эшак еми ва безгак касалликларида, септикопиемия ва сигирлардаги туғиш парезида, ички қон кетишида қон тўхтатувчи сифатида фойдаланилади.
Препарат ҳайвонларга қуйидаги дозаларда (g ларда) қон томири орқали юборилади:
отларга: 5,0—30,0;
йирик шохли молларга: 10,0—40,0;
майда шохли молларга: 1,0—15,0.
7. Ҳайвонлар ветеринар врачнинг доимий кузатувида бўлиши керак.
8. Агар препарат томир орқали қуйилаётганда эритманинг бир қисми периваскуляр фазога тушса, ушбу жойларда яллиғланиш бошланиб, қаттиқ, узоқ кетмайдиган шишлар пайдо булади. Салбий таъсирни камайтириш учун кальций хлорид инъекцияси киритилган жойнинг атрофидаги бир нечта жойдан катта миқдорда натрий хлорид изотоник эритмаси ёки кам миқдордаги (5—15 ml) 10% ли натрий сульфат эритмаси киритилади. Натрий сульфат зиёд бўлиб кетса, у ҳам яллиғлантириши мумкин.
9. Препарат ҳайвонларга киритилгандан сўнг, йирик шохли моллар гўшти ва сутини, қўйнинг гўштини 7 кун давомида истеъмол қилиш рухсат этилмайди.
IV. Махсус эҳтиёткорлик чоралари
10. Препарат қўлланилаётган пайтда доривор ветеринария препаратлари билан ишлашнинг шахсий гигиена ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш керак.
V. Норозиликларни баён этиш тартиби
11. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.