Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ҲАЙВОН ВА ПАРРАНДАЛАРДАГИ ЭНДО ВА ЭКТОПАРАЗИТЛАРГА ҚАРШИ ИНТЕРМЕК (ИНЪЕКЦИОН ЭРИТМА) ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Ҳайвонлардаги эндо — ва эктопаразитларга қарши интермек (инъекцион эритма) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 30 мартда тасдиқланган «Ҳайвонлардаги эндо — ва эктопаразитларга қарши интермек (инъекцион эритма) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
52-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 52-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ҳайвонлардаги эндо — ва эктопаразтазтрга қарши интермек (иньекцион эритма) препаратини кўллаш бўйича
Қўлланма
I Умумий маълумотлар
1. Интермек (lntermek) — 1 мл таркибида 10 мг ивермектин таъсир этувчи моддаси, қўшимча моддалар ва эритувчиси бўлган паразитларга қарши препарат.
2. Ташқи кўринишига кўра препарат кучсиз ўзига хос ҳидга эга бўлган, механик қўшилмаларсиз ёпишқоқ, рангсиз шаффоф суюқликдир.
3. Препарат қаҳрабо рангли шиша флаконларга 20, 50 ва 100 мл дан қадоқланади.
4. Препарат қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган ва болалар қўли етмайдиган жойда +10 °С дан +25 °С гача ҳароратда сақланади.
Яроқлилик муддати белгиланган сақлаш шартларига риоя қилинганда 2 йил.
II Фармакологик хусусиятлари
5. Ивермектин ошқозон-ичак тракти ва ўпка нематодларининг личинка ва вояга етган шакллари, тери ости, ҳалқум, ошқозон сўналари, битлари, қон сўрувчилари ва саркоптоид кана личинкаларига нисбатан кенг кўламдаги паразитларга қарши таъсирга эга.
Препарат тормозланиш нейромедиатори бўлган гамма-аминомойли кислота ажралиб чиқишини кучайтиради, бу паразитларда асаб импульсларининг қабул қилинишига путур етказади ва ўз навбатида уларни фалажлик ва ҳалок бўлишга олиб келади.
Тери остига юборилганда препарат эмлаш жойидан тезда сўрилиб, ҳайвон аъзо ва тўқималарига тарқалади, ҳамда 12—14 кун мобайнида паразитар таъсирни таъминлаб беради.
6. Препарат тавсия этилган дозаларда сенсибилловчи, эмбриотоксик, тератоген ва мутаген таъсирларга эга эмас. Организмдан асосан сийдик ва ахлат орқали, соғин ҳайвонларда эса сут орқали ажралади. Препарат ташқи муҳитда тез парчаланади.
III Қўллаш тартиби
7. Препарат қуйидаги касалликларда:
йирик шохли мол, кўй ва эчкилар, от, чўчқа, ит, қуён ва паррандаларда нематодларнинг барча вояга етган турлари, шунингдек (III ва IV босқичдаги): Cooperia spp., Trichostrongylus spp., Ostertagia ostertagi, Haemonchus placei, H. Contortus, Bunostomum phlebotomum, Chabertia ovina, Nematodirus filicollis, N. Spathiger личинкалари қўзғатган ошқозон-ичак тракти нематодозларида;
кавш қайтарувчи ҳайвонлар, отлар, чўчқаларнинг ўпка нематодозларида, шунингдек III ва IV босқичдаги Dictyocaulus viviparous ва D. Filarial личинкаларида;
йирик шохли мол телязиозида (фақат вояга етган босқичдаги);
йирик шохли мол парафиляриози ва стефанотеляриозида (фақат вояга етган босқичдаги);
йирик шохли мол сетариозида;
барча турдаги ҳайвонлар қичимасида;
итлар, чўчқа ва йирик шохли мол демодекозида;
барча турдаги ҳайвонларнинг тери паразитларида (бит, бурга, қон сўрувчилар, иксод каналари, қўй жунхўри);
гўшт пашшаси личинкаларида;
йирик шохли мол гиподермозида (личинкалар миграцияси босқичида);
отлар гастрофилезида;
қўйлар эстрозида (личинкаларнинг ҳамма босқичларидаги) даволаш ва олдини олиш мақсадида қўлланилади.
8. Препарат фақат тери остига курак соҳасига, чўчқаларга — бўйин соҳасига қуйидаги дозаларда юборилади:
йирик шохли мол, қўй, эчки, от, қуёнларга 10 кг тирик вазнга 0,2 мл дан бир маротаба;
чўчқаларга 10 кг тирик вазнга 0,3 мл дан бир марта;
итларга 10 кг тирик вазнга 0,2—0,4 мл дан бир маротаба қўлланилади;
9. Йирик шохли мол гиподермозида дастлабки кимёвий терапияни препаратнинг камроқ дозасида (ҳар бир ҳайвонга 1,5-2,0 мл) ўтказиш мумкин.
10. Қичима, демодекоз, хориоптоз, сифункулатоз ва кнемидокоптозларни даволашда, 8—10 кундан сўнг бир хил дозаларда такроран эмланади.
11. Беш ва ундан ортиқ мл препаратни қўллаш зарурияти туғилганда, доза иккига бўлинади ва турли жойларга юборилади.
12. Препарат соғин сигирларга ва туғуруққа 28 кун қолганда қўлланилмайди. Барча зотдаги майда итлар ва лайчаларга, шунингдек ҳолсизланган ҳайвонларга қўллаш тавсия этилмайди.
13. Ҳайвонларни сўйишга препарат сўнгги марта қўлланилгандан 28 кун ўтгач рухсат этилади. Белгилантан муддатдан аввал сўйиш зарурияти пайдо бўлганда , гўштдан гўштхўр ҳайвонларга емиш сифтида ёки гўшт суяк уни ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
IV Шахсий профилактика чоралари
14. Препарат билан ишлаганда шахсий ҳимоя воситалари: респиратор, резина қўлқоплар, махсус кийимдан фойдаланилади.
V Норозиликларни баён этиш тартиби
15. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.