Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси БОШЛИҒИнинг
БУЙРУҒИ
ВЕТЕРИНАРИЯ АМАЛИЁТИДА «ДОРОГОВНИНГ АНТИСЕПТИК СТИМУЛЯТОРИ» ПРЕПАРАТИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАСИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2007 йил 22 февраль 20-15-57/11-сон]
Мазкур Буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 17 январдаги 18-сонли «Ветеринария амалиётида «Дороговнинг антисептик стимулятори» препаратидан фойдаланиш қоидасини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги қонуни талабларини бажариш мақсадида буюраман:
1. Ветеринария амалиётида «Дороговнинг антисептик стимулятори» препаратидан фойдаланиш Қоидаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтганидан кейин кучга киради.
3. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш бошлиқ ўринбосари Ш. Маматов зиммасига юклатилсин.
Бошлиқ Т.ОМАРОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 16 февраль,
8-сон
Давлат ветеринария Бош бошқармаси бошлиғининг
2007 йил 16 февралдаги 8-сонли буйруғи билан
ТАСДИҚЛАНГАН
2007 йил 16 февралдаги 8-сонли буйруғи билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Ветеринария амалиётида «Дороговнинг антисептик стимулятори» препаратидан фойдаланиш
Қоидаси
1. Дороговнинг антисептик стимулятори (кейинги ўринларда ДАС дейилади) препарати антисептик ва вужудни (организмни) рағбатлантирувчи таъсирга эга бўлган препаратлар турига киради.
2. Препаратнинг иккита тури: ДАС 2-Ф (2-Фракция) ва ДАС 3-Ф (3-Фракция) деб номланадиган фракциялари мавжуд.
3. ДАС 2-Ф сариқ ёки тўқ қизил рангли, ўзига хос ҳидга эга, ишқорий муҳитли учувчан суюқлик. Сақлаш даврида ДАС 2-Ф солинган флаконнинг тубида смоласимон модда чўкмага тушиши мумкин. Бу унинг фаоллигини пасайтирмайди чўкма пахта ёки дока орқали фильтрлаб йўқотилади.
ДАС 2-Ф жадвалда кўрсатилган миқдорда оғиз орқали ичириш ва суртиш учун қўлланилади.
ДАС 2-Ф сувда яхши эрийди, ичириш учун ДАС 2-Ф препарати оддий сувда эритилади, маҳаллий даволаш учун эса унинг стерил дистилланган сув ёки икки марта қайнатиб фильтрланган сувда ёки стерил физиологик эритмада эритилган ҳолда ишлатилади. Маҳаллий даволаш учун ДАС 2-Ф ни тоза, эритилмасдан ҳам ишлатиш мумкин.
Агар касал ҳайвоннинг ички аъзоларида йирингли жароҳатлар (метастаз) борлигига гумон қилинса, ДАС 2-Ф препаратини оғиз орқали ишлатиш мумкин эмас, чунки абцесслар тез етилиб, улар ички бўшлиқларда ёрилиб кетиши мумкин.
4. ДАС 3-Ф қуюқ, қора рангли суюқлик бўлиб ўзига хос ҳидли, спиртда, ўсимлик ва ҳайвонлар ёғида эрийди, сувда деярли эримайди.
ДАС 3-Ф маҳаллий даволаш учун соф ҳолда ёки ёғли эритма ва малҳам (кунгабоқар, пахта, каноп ёки балиқ ёғида) ҳолида қўлланилади.
5. ДАС препаратининг фракциялари флаконлардан оғзи маҳкам беркитилган ва кавшарланган ҳолда чиқарилади. Препаратни уй ёки 4 — 8 даража ҳароратда сақлаш лозим.
6. ДАС препарати ҳайвонларнинг қуйидаги касалликларини даволашда ишлатишга тавсия этилади:
а) етарли миқдорда озиқлантирмаслик, озуқалар ҳазм қилинишининг ва моддалар алмашинувининг бузилишида, касалликлари оқибатида организмнинг умумий ҳолсизланишида.
Касаллигининг сабаби бартараф этилади, озиқлантириш ва сақлаш шароитлари яхшиланиб, ДАС 2-Ф ни белгиланган микдорда оғиз орқали қўлланилади. Даволаш кунига бир марта 5 кун давомида ўтказилади, уч кун дам берилади, яна қўллашга эҳтиёж сезилса, даволаш яна 5 кун давом эттирилади. Чўчқа ва чўчқа болаларига препаратни гуруҳ усулида озуқага аралаштириб бериш мумкин.
б) қорамолларнинг бирламчи тимпаниясида-ДАС 2-Ф препаратининг даволовчи миқдори 500 мл сувда эритилиб оғиз орқали ичирилади ёки зонд ёрдамида катта қоринга қуйилади. Бир вақтнинг ўзида ҳайвон юргизиб, катта қорин уқаланади (массаж қилинади), эҳтиёж туғилса, препарат шу миқдорда яна ичирилади;
в) овқат ҳазм қилиш трактининг атониясида-ДАС 2-Ф препаратида касал ҳайвонга белгиланган миқдорда кунига 1 марта 5 кун давомида ичирилади, ҳайвонни озиқлантириш ва сақлаш шароити яхшиланади;
г) инфекция тушган яраларда-яра тозаланиб, ДАС 2-Ф препаратининг 15-20% ли сувдаги эритмаси шимдирилган тампонли боғлама қўйилади. Даволаш кунига бир марта ўтказилади. Оқма яраларда йирингли эксудат оқиши тугагунча даволаш давом эттирилади. Яралар тозалангач, тўқималарнинг регенерациясини ва яранинг битишини тезлаштириш мақсадида ДАС 3-Ф препаратининг 20 — 50% ли малҳамларидан фойдаланилади.
Организмни рағбатлантириш мақсадида ДАС 2-Ф препаратидан иловада кўрсатилган миқдорда оғиз орқали ичирилади.
д) некробацеллиоз касаллигида оёқларнинг жароҳатларини даволашда ДАС 2-Ф ва ДАС 3-Ф препаратларидан қўлланилади. Жароҳат юзаси тозалангач, ДАС 3-Ф ни соф ҳолда суртилиб боғлаб қўйилади ва даволаш 3 — 5 кун, агар эҳтиёж туғилса, ундан ҳам кўп давом эттирилади. ДАС 2-Ф ни инфекция тушган яраларни даволашдаги тартибда қўлланилади.
е) қўйларнинг туёқ чириши касаллигида-касалланган туёқлар тозаланиб, туёқларнинг зарарланган жойларига ДАС 3-Ф ни соф ҳолда клиник тузалгунга қадар суртиб турилади.
ж) қорамолларнинг жинсий-сийдик ажратиш системаси касалликларида сигирлар йўлдошининг ушланиб қолишида йўлдош олиб ташлангандан кейин ДАС 2-Ф препаратининг 3 — 5 % ли 40 даражагача иситилган сувдаги эритмаси билан қин ювилади. Муолажа хар 4-5 кунда бир марта такрорланади. Бир марта даволаш учун препарат эритмасидан 1-2 л сарфланади. Агар бачадоннинг бўйни очиқ бўлса, эритмадан 200 — 300 мл бевосита бачадонга юборилади.
Жинсий органлар касалликлари-трихомоноз, бола ташлаш ҳамда сигирларда пиометрит ва эндометрит касалликларини даволашда ДАС 3-Ф препаратининг 20% ли ёғдаги (кунгабоқар, каноп, пахта, балиқ ёғи) эритмаси Жанэ шприци ёрдамида қинга юборилади. Бир марта даволаш учун 200 — 300 мл гача ёғли эритма сарфланади. Қинга ДАС 3-Ф нинг 20% ли ёғли эритмаси шимдирилган тампон қўйилиши ҳам мумкин. Даволаш ҳайвон бутунлай клиник соғайгунча кунига 1 марта ўтказилади.
Агар бачадоннинг бўйни очиқ ва яллиғланган бўлса (пиометрит, эндометрит), даволашда ДАС 2-Ф препаратининг 15% ли сувдаги эритмаси йўлдошнинг ушланиб қолишини даволашдагидек тартибда қўлланилади.
Сигирларни умумий даволаш учун ДАС 2-Ф белгиланган миқдорда оғиз орқали қўлланилади.
7. Буқаларни ўткир кечаётган трихономоз касаллигидан даволашда буқанинг жинсий органи препуций 2-3 % ли ДАС-2 сувдаги эритмаси билан ювилади. Эритма эбонитли катетр ёрдамида Эсмарх идиши билан юборилади. 1 — 1,5 л атрофидаги эритма юборилгач, препуций халтаси 3 — 5 дақиқа давомида қўл билан қисиб ушлаб турилади ва ташқаридан енгил уқаланади. Даволаш 5 — 10 кун давомида ўтказилади. Даволаш даврида амалдаги трихономоз касалига қарши курашиш йўриқномасида кўрсатилган барча чора тадбирлар ўтказилиши шарт.
8. Ушбу қоидаларнинг бажарилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария назорати органлари томонидан назорат қилиб борилади.
Ветеринария амалиётида «Дороговнинг антисептик стимулятори» препаратидан фойдаланиш Қоидасига
илова
илова
ДАС 2-Ф препаратини бир марта оғиз орқали қўлланиш миқдори
|
Ҳайвоннинг тури, ёши |
Препаратнинг миқдори, мл |
Сувнинг миқдори, мл |
|
Отлар |
|
|
|
3 ёш ва ундан катта |
10 — 20 |
200 — 600 |
|
1 ёшдан 3 ёшгача |
10 — 15 |
200 — 400 |
|
1 ёшгача |
5 |
100 |
|
Йирик шохли моллар |
|
|
|
3 ёш ва ундан катта |
20 — 30 |
200 — 400 |
|
1 ёшдан 3 ёшгача |
10 — 15 |
100 — 400 |
|
1 ёшгача |
2 — 5 |
40 — 100 |
|
Майда шохли моллар |
|
|
|
1 ёшдан ката |
2 — 5 |
40 — 100 |
|
6 ойликдан 1 ёшгача |
1 — 3 |
20 — 60 |
|
6 ойликгача |
0,5 — 2 |
10 — 40 |
|
Чўчқалар |
|
|
|
1 ёшдан катта |
5 — 10 |
100 — 200 |
|
6 ойликдан 1 ёшгача |
2 — 5 |
40 — 100 |
|
6 ойликгача |
1 — 3 |
20 — 60 |
Эслатма: кўрсатилган миқдорлар ўртача вазнли ҳайвонлар учун белгиланган.