Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
5% ЛИ, 10% ЛИ, 20% ЛИ ВА 40% ЛИ ГЛЮКОЗА ИНЪЕКЦИОН ЭРИТМАСИНИ ВЕТЕРИНАРИЯДА ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Мазкур Буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 15 январдаги 11-сонли «5 % ли, 10% ли, 20% ли ва 40% ли глюкоза инъекцион эритмасини ветеринарияда қўллаш бўйича қўлланмани ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. «5 % ли, 10% ли, 20% ли ва 40% ли глюкоза инъекцион эритмасини ветеринарияда қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 17 августда тасдиқланган «5 % ли, 10% ли, 20% ли ва 40% ли глюкоза инъекцион эритмасини ветеринарияда қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
48-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 48-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
5 % ли, 10% ли, 20% ли ва 40% ли глюкоза инъекцион эритмасини ветеринарияда қўллаш бўйича
ҚЎЛЛАНМА
I. Умумий маълумотлар
1. 5, 10, 20 ва 40 % ли глюкоза эритмаси 100, 200 ва 400 ml ли қон ва қон ўрнини босадиган моддаларга мўлжалланган шиша бутилкаларга қадоқланган рангсиз ёки сал сарғишроқ тиниқ, ҳидсиз, ширинроқ таъмдаги суюқликдан иборат.
2. Бутилкаларда TSh 64-15368831-06:2007 нинг 1.4.1 банди талабларига мувофиқ равишда этикетка бўлиши керак. Препарат ўраб жойлаштирилган гофрирланган картон яшикларда TSh 64-15368831-06:2007 нинг 1.4.2-1-банди талабларига мувофиқ бўлган этикетка бўлиши керак.
3. Шикастланган бутилкалардан фойдаланишга рухсат этилмайди.
4. Доривор препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинган тақдирда (қуруқ жойда, плюс 5°С дан 25°С гача ҳароратда) ишлаб чиқарилган кундан бошлаб икки йил.
II. Фармокологик хусусиятлари
5. Глюкоза марказий асаб тизими, вегетатив асаблар, юрак каби органларнинг функционал фаолиятига самарали таъсир кўрсатади. Глюкоза таъсири остида вегетатив иннервациянинг бошқарув таъсири сезиларли яхшиланади. Бунинг таъсири натижасида юрак-томир ва овқат ҳазм қилиш тизимларининг фаолияти яхшиланади.
Глюкоза ички секреция безлари функциясида муҳим аҳамиятга эга.
Глюкоза жуда қимматли заҳарга қарши восита ҳисобланади. Бу мишьяк, морфин, стрихнин, натрий нитрити каби заҳарлар билан заҳарланганда ҳам намоён бўлади.
III. Қўллаш тартиби
6. Глюкозани қўллаш бўйича кўрсатмалар жуда турли-туман. Ушбу препарат марказий асаб тизими толиққанда, вегетатив иннервация бузилганда, юрак фаолияти заифлашишининг турли кўринишларида, жигар касалликларида, туғиш парезида, интоксикацияларда тавсия қилинади. Глюкоза иштирокида наркотиклар, адреналин, пенициллин ва бошқа қатор доривор моддаларнинг таъсир этиш вақти узаяди.
Препарат қуйидаги дозаларда (g ларда) қон томири орқали юборилади:
отларга: 30,0—120,0;
йирик шохли молларга: 30,0—150,0
майда шохли молларга: 6,0—30,0
итларга: 2,0—8,0
7. Ҳайвонлар ветеринар врачнинг доимий кузатувида бўлиши керак.
8. Глюкоза қўлланилганда унинг тўғри келмаслигини кўрсатувчи белгилар кузатилмаган.
9. Препарат ҳайвонларга киритилгандан сўнг, йирик қорамолнинг гўшти ва сутини, қўйнинг гўштини 7 кун давомида истеъмол қилишга рухсат этилмайди.
IV. Эҳтиёткорлик чоралари
10. Препарат қўлланилаётган пайтда доривор ветеринария препаратлари билан ишлашнинг шахсий гигиена ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш керак.
V. Норозиликларни баён этиш тартиби
11. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.