Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ЧОРВАЧИЛИК ВА ВЕТЕРИНАРИЯДА АСКОРБИН КИСЛОТАСИ (ВИТАМИН С-СУБСТАНЦИЯ) ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Мазкур Буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 15 январдаги 12-сонли «Чорвачилик ва ветеринарияда аскорбин кислотаси (витамин с-субстанция) препаратини қўллаш бўйича қўлланмани ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Чорвачилик ва ветеринарияда аскорбин кислотаси (витамин с-субстанция) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 26 декабрда тасдиқланган «Чорвачилик ва ветеринарияда аскорбин кислотаси (витамин с-субстанция) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
44-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 44-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Чорвачилик ва ветеринарияда аскорбин кислотаси (витамин с-субстанция) препаратини қўллаш бўйича
Қўлланма
I. Умумий маълумотлар
1. Аскорбин кислотаси (Acidum ascorbinicum) — g-Лактон 2,3-дегидро-L-гулон кислота.
Синонимлари: Acidum ascorbicum, Ascorbin, Ascorbit, Ascorvit, Cantan, Cantaxin, Cebione, Cecon, Celin, Ceneton, Cevalin, Cevex, Laroscorbine, Redoxon, Scorbumine, Vicin, Vitascorbol ва бошқалар.
2. Ташқи кўринишига кўра нордон таъмли, ҳидсиз, сувда яхши эрувчан (1:3, 5), спиртда — секин эрийдиган, эфир ва хлороформда эримайдиган, оксидланувчилар билан мослашмайдиган, эритмалари ҳавода осон оксидланувчан оқ кристаллик кукун.
3. Банкаларга, картонли ва четлари мустаҳкамланган барабанларга ёки полиэтилен қаватли қоғоз қопларга қадоқланган кукун шаклида чиқарилади.
4. Препарат қуруқ, салқин, ҳаво кирмайдиган ва ёруғлик тушмайдиган жойда сақланади.
Яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 3 йил.
II. Фармакологик хусусиятлари
5. Аскорбин кислотаси оксидланиш-тикланиш жараёнларини тартибга солишда, оқсил ва углевод алмашинуви, қон ивиши, тўқималар янгиланиши, гормонлар ҳосил бўлиши, проколлаген ва коллаген синтезида, қон томирлари ўтказувчанлигини йўлга қўйишда иштирок этади.
6. Аскорбин кислотаси кам заҳарли препаратларга киради. Сўйиш ва ҳайвонлардан олинган маҳсулотлардан фойдаланиш муддатларига таъсир кўрсатмайди.
III. Қўллаш тартиби
7. Аскорбин кислотасини гипо ва С авитаминозида, шунингдек моддалар алмашинуви бузилганда, организм резистентлигини ошириш мақсадида интоксикацияларда, анемия, диатез, гепатит, метрит, нефрит, плеврит, суяк синишларида, ошқозон-ичак тракти ферментлари фаоллигининг пасайишида, оғир металл ва барбитуратлар билан заҳарланишларда заҳарга қарши восита сифатида қўлланилади.
8. Аскорбин кислотасини озуқа ёки витамин аралашмалари билан қўшиб, профилактика мақсадида қуйидаги дозаларда берилади (мг/кг озуқага ФТЭМ бўйича): паррандаларга (товуқлар, бройлерлар, ғозлар, куркалар, ўрдаклар, жўжалар) 50, сут эмувчи чўчқа болаларига 50, тойларга 100—150, бузоқларга 150—200; даволаш мақсадида қуйидаги дозаларда (мг/кг тирик вазнга ФТЭМ бўйича): ичга отларга 1—6, сигирларга 2,5—10 , қўйларга 6—20, чўчқаларга 2-8,5, итларга 2,5-8,5, тулки ва шимол тулкиларига 6—12, сувсарларга 2,5-25, товуқларга 3—5; томир орасига отларга 1—3, сигирларга 1,25-5, итларга 1,6-4,1.
9. Аскорбин кислотаси тавсия этилган дозаларда қўлланилганда қўшимча ва оғир асоратлар кузатилмайди.
Аскорбин кислотасини қўллашга қарши кўрсатмалар мавжуд эмас.
IV. Норозиликларни баён этиш тартиби
10. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.