Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ҲАЙВОНЛАРНИ ДЕГЕЛЬМИНТИЗАЦИЯЛАШДА АЛЬБЕНТ ПРЕПАРАТИ 2,5% ВА 10% ЛИ СУСПЕНЗИЯЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Ҳайвонларни дегельминтизациялашда альбент препарати 2,5% ва 10% ли суспензияларини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 14 августда тасдиқланган «Ҳайвонларни дегельминтизациялашда альбент препарати 2,5% ва 10% ли суспензияларини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
42-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 42-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ҳайвонларни дегельминтизациялашда альбент препарати 2,5% ва 10% ли суспензияларини қўллаш бўйича
қўлланма
I. Умумий маълумотлар
1. Альбент суспензияси (Albent suspensio) — таркибида фаол таъсир этувчи моддаси сифатида альбендазол ва тўлдирувчиси бўлган гижжаларга қарши препарат. Синонимлари: альбендазол суспензияси, альбенол суспензияси, альвет суспензияси, вальбазен суспензияси.
2. Препарат ташқи кўринишига кўра қуюқ, қаймоқсимон, нордон таъмли суюқлик; 10% ли суспензия — оқ рангда, 2,5% ли суспензия нимпушти рангга эга.
Чиқарилиш шакли:
1 мл таркибида 0,1 г альбендазол ва ёрдамчи моддалари бўлган 10% суспензия;
1 мл таркибида 0,025 г альбендазол ва ёрдамчи моддалари бўлган 2,5% суспензия.
Препарат полиэтилен идишларга, шиша флаконларга ёки полимер ўрамларга 10, 20, 50, 100, 200, 500 ва 1000 мл дан қадоқланади.
Препарат қуруқ бинода, болалар қўли етмайдиган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда, «Б» рўйхати бўйича сақланади. Музлатишга йўл қўйилмайди.
Препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 2 йил.
II. Фармакологик хусусиятлари
3. Альбендазол карбаматбензимидазоллар гуруҳига мансуб бўлиб, паразит ҳужайраларидаги микротубуляр аппарати функциясини бузиб, тубулин оқсили зарарланишига олиб келади. Бунинг натижасида ҳужайрада биокимёвий бузилишлар вужудга келади, яъни — метафаза босқичида ҳужайра бўлинишини бостирувчи глюкоза ва фумаратредуктаза транспортини шикастлайди. Гижжаларнинг тухум қўйиши ва личинкаларининг ривожланишига йўл қўймаслик айнан шу механизмга боғлиқ.
4. Препарат кенг таъсир кўламига эга, жинсий етилган трематодлар, жинсий етилган ва жинсий етилмаган цестод ва нематодларга нисбатан фаол. Овоцид таъсирга эга бўлиб, яйловларнинг гижжалар билан зарарланишини камайтиради.
5. Препарат ҳайвонлар учун кам заҳарли, тавсия этилган дозаларда маҳаллий қўзғатувчи ва сенсибилловчи хусусиятларга эга эмас.
6. Организмдан ахлат билан (тахминан 95%), буйрак орқали (тахминан 2—5%) ажралади.
III. Қўллаш тартиби
7. Альбент суспензиясини нематодозлар, трематодозлар ва цестодозларни даволаш ва олдини олиш мақсадида, индивидуал равишда бир марта, оғиз орқали, аввалдан очлик диетасисиз ва бўшаштирувчи воситаларсиз: йирик шохли мол ва отларга 10% ли суспензия ҳолатида, қўй ва эчкиларга 2,5% ёки 10% ли суспензия ҳолатида қўлланилади.
8. Препарат йирик шохли молга индивидуал равишда 10% ли суспензия ҳолатида монезиоз, ўпка ва ошқозон-ичак нематодозларида 100 кг вазнга 7,5 мл дан, сурункали фасциолезда 100 кг вазнга 10 мл дан қўлланилади, бу эса ўз навбатида 75 мг/кг ва 10 мг/кг альбендазолни ташкил этади.
9. Отларга препарат индивидуал равишда 10% ли суспензия ҳолатида оғиз орқали 100 кг ҳайвон вазнига 7,5 мл дозада (7,5 мг/кг альбендазол) қўлланилади.
10. Майда шохли молга препарат индивидуал равишда 2,5% ёки 10% ли суспензия ҳолатида қуйидаги дозаларда қўлланилади:
|
Касалликлар |
10 кг тана вазнига препарат дозаси | ||
|
мг а.д.в. |
мл 2,5% | мл 10% | |
| Монезиоз, ошқозон-ичак ва ўпка нематодозлари | 5,0 | 2,0 | 0,5 |
| Сурункали фасциолез | 7,5 | 4,0 | 0,75 |
| Сурункали дикроцелиоз | 15 | 6,0 | 1,0 |
11. Препаратни қўллашда ушбу Қўлланмага кўра қўшимча ва оғирлаштирувчи асоратлар кузатилмайди.
12. Суспензияни ўткир фасциолезда, урчитиш даврида, қўйларга бўғозликнинг биринчи ярмида, бошқа турдаги урғочи ҳайвонларга — дастлабки уч ойида, шунингдек инфекцион касалликлар билан касалланган ва ориқлаган ҳайвонларга қўллаш тавсия этилмайди.
13. Йирик шохли мол, қўй ва эчкиларни сўйишга дегельминтизациялашдан сўнг камида 14 кун ўтгач, отларни камида 7 кун ўтгач рухсат этилади.
Сутни истеъмол қилишга препарат қўлланилгач 4 кундан сўнг рухсат этилади.
Белгиланган муддатдан аввал сўйилган гўшт ва сутдан гўштхўр ҳайвонларга емиш сифатида ёки гўшт суяк уни ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
IV. Шахсий профилактика чоралари
14. Препарат билан ишлашда шахсий гигиена ва хавфсизлик техникасининг умумий қоидаларига риоя этиш лозим.
V. Норозиликларни баён этиш тартиби
15. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.