Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ҲАЙВОНЛАРНИ ДЕГЕЛЬМИНТИЗАЦИЯЛАШ УЧУН АЛЬБЕНДЕКС 360 (БОЛЮСЛАР) ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Ҳайвонларни дегельминтизациялаш учун альбендекс 360 (болюслар) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 17 декабрда тасдиқланган «Ҳайвонларни дегельминтизациялаш учун альбендекс 360 (болюслар) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
41-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 41-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ҳайвонларни дегельминтизациялаш учун альбендекс 360 (болюслар) препаратини қўллаш бўйича
Қўлланма
I. Умумий маълумотлар
1. Альбендекс 360 (albendex 360) — ҳар бир болюс таркибида таъсир этувчи моддаси сифатида 360 мг альбендазол ва 2,64 г тўлдирувчи мавжуд бўлган антгельминтик препарат.
2. Ташқи кўринишига кўра оқ рангли узунчоқроқ болюслар. Альбендекс 360 препарати 5 болюсдан блистерларга ва 50 блистердан транспорт тарасига қадоқланади.
3. Препарат эҳтиёткорлик билан (Б рўйхати) завод ўрамларида қуруқ, салқин, ёруғлик тушмайдиган ва болаларнинг қўли етмайдиган жойда сақланади.
Яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 3 йил.
II. Фармакологик хусусиятлари
4. Альбендазол — кенг таъсир кўламига эга бўлган антигельминтик, балоғатга етган трематодлар, балоғатга етган ва балоғатга етмаган цестодлар, ҳамда нематодларга нисбатан фаол.
5. Ҳайвонларнинг ошқозон-ичак трактидан альбендазол қонга кам сўрилади (тахминан 5—10%), тезда метаболлашади ва гельминтларда углевод алмашинуви ва микротубуляр функциясини шикастлаб, уларни ҳалок қилади. Максимал таъсирга препарат берилгач 2—5 соатдан сўнг эришилади.
Препарат ишлов берилган ҳайвонлар организмидан асосан ахлат билан (тахминан 95%) ва сийдик билан (тахминан 2—5%) ажралади.
6. Препарат ҳайвонлар учун кам заҳарли ва дозани 3-4 карра орттирилганда ножўя таъсирлар қўзғатмайди. Тавсия этилган дозаларда маҳаллий-яллиғлантирувчи, эмбриотоксик, тератоген ва сенсибилловчи хусусиятларга эга эмас.
III. Қўллаш тартиби
7. Альбенд-360 йирик шохли моллар, қўй, эчки, чўчқа, от, туя, ит ва мушукларни қуйидаги касалликларида дегельминтизациялаш учун қўлланилади:
ошқозон-ичак нематодозлари (гемонхоз, буностомоз, эзофагостомоз, нематодироз, остертагиоз, хабертиоз, коопериоз, стронтилоидоз, трихостронгилез, гиостронгилез, параскаридоз, аскаридоз, аскаридиоз, гетеракидоз, трихоцефалез);
ўпка нематодозлари (диктиокаулез, протостронгилез, мюллериоз, цистокаулез, метастронгилез);
трематодозлар (фасциолез, дикроцелиоз);
цестодозлар (мониезиоз).
8. Альбендекс 360 ҳайвонларга аввалдан очлик диетасисиз, бир маротаба, индивидуал ёки гуруҳ усулида концентрацияланган озуқалар билан аралаштирган ҳолда, нематодоз ва цестодозларда қуйидаги дозаларда берилади:
йирик шохли молга 2 болюсдан 80 кг ҳайвон вазнига;
қўй ва эчкиларга 1 болюсдан 60 кг ҳайвон вазнига;
от, туя ва чўчқаларга 1 болюсдан 60 кг ҳайвон вазнига;
ит ва мушукларга 1 болюсдан 10 кг ҳайвон вазнига 5 кун давомида қўлланилади.
Трематодозларда:
йирик шохли молга 4 болюсдан 80 кг ҳайвон вазнига;
қўй ва эчкиларга 2 болюсдан 60 кг ҳайвон вазнига.
9. Болюслар ҳайвонларга мажбуран тил ўртасига берилади ёки майдаланган ҳолда озуқага аралаштириб қўлланилади.
Гуруҳ усулида қўллашда белгиланган препарат дозаси комбикормга аралаштирилади (озуқани 1 та бошга ҳисоблаган ҳолда): отлар ва йирик шохли молларга — 0,5—1,0 кг, қўй, эчки ва чўчқалар учун — 150—200 г.
Аралашма 10—100 та ҳайвондан иборат гуруҳлар учун мўлжалланган хўракларга солиниб, ҳайвонларнинг бемалол олишларига имкон яратиб берилади.
10. Ёппасига ишлов беришдан аввал препаратнинг ҳар бир партияси ҳайвонларнинг кичикроқ гуруҳларида (5—10 бош) синалиб, улар устидан 3 кун давомида кузатув олиб борилади. Асоратлар мавжуд бўлмаганда препарат барча бошга қўлланилади.
11. Альбендекс 360 қочириш даврида ва урғочиларга бўғозликнинг дастлабки 45 куни давомида қўлланилмайди.
Препаратнинг ортиқча дозалари эмбриотоксик бўлиши мумкин.
12. Ҳайвонларни сўйишга альбендекс 360 сўнгги марта қўлланилишидан камида 12 кундан сўнг, сутни истеъмол этишга 4 кундан сўнг рухсат этилади. Белгиланган муддатдан аввал сўйилган ҳайвон гўштидан гўштхўр ҳайвонларга озуқа сифатида ёки гўшт суяк уни ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
IV. Эҳтиёткорлик чоралари
13. Препарат билан ишлаганда ветеринария воситалари билан ишлашда кўзда тутилган шахсий гигиена ва техника хавфсизлигининг умумий қоидаларига риоя этиш лозим.
V. Норозиликларни баён этиш тартиби
14. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.