Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
КАВШ ҚАЙТАРУВЧИ ҲАЙВОНЛАРНИНГ ФАСЦИОЛЛЁЗ КАСАЛЛИГИНИ ДАВОЛАШ ВА ОЛДИНИ ОЛИШДА СУПЕРТРЕМ СУСПЕНЗИЯ ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Кавш қайтарувчи ҳайвонларнинг фасциоллёз касаллигини даволаш ва олдини олишда супертрем суспензия препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 14 августда тасдиқланган «Кавш қайтарувчи ҳайвонларнинг фасциоллёз касаллигини даволаш ва олдини олишда супертрем суспензия препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
38-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 38-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Кавш қайтарувчи ҳайвонларнинг фасциоллёз касаллигини даволаш ва олдини олишда супертрем суспензия препаратини қўллаш бўйича
Қўлланма
I Умумий маълумотлар
1. Супертрем суспензия (Supertrem suspensio) — таркибида иккита фаол таъсир этувчи моддаси: альбендазол ва триклабендазол, шунингдек тўлдирувчилари бўлган гижжаларга қарши препарат. Синоними: фазинекс.
2. Препарат ташқи кўринишига кўра қуюқ, оқ рангли, қаймоқсимон, нордон таъмли суюқлик.
3. Чиқарилиш шакли:
1 мл таркибида 0,1 г альбендазол, 0,05 г триклабендазол ва ёрдамчи моддалари бўлган суспензия.
4. Препарат полиэтилен банкаларга, шиша флаконларга ёки полимер идишларга 10, 20, 50, 100, 200, 500 ва 1000 мл дан қадоқланади.
5. Препарат қуруқ бинода, болалар қўли етмайдитан жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда, Б рўйхати бўйича сақланади. Музлатишга йўл қўйилмайди.
Препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 2 йил.
II. Фармакологик хусусиятлари
6. Препаратнинг таъсир механизми глюкоза, микротубуляр функция ўтказиш жараёнларини бузиш ва гижжалардаги фумаратредуктаза фаоллигини пасайтиришдан иборат, бу эса уларни ҳалок бўлишга олиб келади.
7. Препарат ҳайвонлар учун кам заҳарли, тавсия этилган дозаларда маҳаллий қўзғатувчи ва сенсибилловчи хусусиятларга эга эмас.
8. Организмдан ахлат билан (тахминан 95%), буйрак орқали (тахминан 2—5%) ажралади.
III. Қўллаш тартиби
9. Супертрем — кенг таъсир кўламига эга гижжаларга қарши препарат, Fasciola Hepatica, Dicrocoelium lanseatium нинг ҳайвон организмидаги паразитлар ривожланишининг барча босқичларига қарши таъсирчан. Шу билан бир вақтда препарат ошқозон-ичак ва ўпка нематодларига (Bunostomum spp., Cooperia spp., Dictyocaulidae spp., Haemonchus spp., Ostertagia spp., Strongiloides spp., Trichostrongylus spp., Trichuris spp., ва бошқ.), цестодларнинг баъзи турларига (Avitellina centripumctata, Moniezia expansa, Moniezia benedebia, Thysaniezia giardi ва бошқалар) қарши фаол.
10. Препаратни фасциолезга қарши даволаш ва профилактика мақсадида индивидуал равишда аввалдан очлик диетасисиз ва бўшаштирувчи воситаларсиз қўлланилади. Препаратни инвазиянинг дастлабки босқичларида (боқув даврининг бошланиши) қўллаш мақсадга мувофиқ.
11. Йирик шохли молга препарат сув билан бирга 10мл/10 кг ҳайвон вазнига берилади.
12. Майда шохли молга препарат ичга сув орқали 0,75-1,0 мл/ 10 кг тана вазнига дозасида қўлланилади
13. Препаратни қўллашда ушбу Қўлланмага кўра қўшимча ва оғирлаштирувчи асоратлар кузатилмайди.
14. Суспензияни урғочиларга уруғлантиришнинг биринчи ойида, урчитиш даврида, шунингдек инфекцион касалликлар билан касалланган ва ориқлаган ҳайвонларга қўллаш тавсия этилмайди.
15. Ҳайвонларни сўйишга дегельминтизациялашдан сўнг камида 14 кун ўтгач рухсат этилади.
Сутни истеъмол қилишга препарат қўлланилгандан 4 кун ўтгач рухсат этилади.
Белгиланган муддатдан аввал сўйилган гўшт ва сутдан гўштхўр ҳайвонларга емиш сифатида ёки гўшт суяк уни ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
IV. Шахсий профилактика чоралари
16. Препарат билан ишлашда шахсий гигиена ва хавфсизлик техникасининг умумий қоидаларига риоя этиш лозим.
V. Норозиликларни баён этиш тартиби
17. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.