Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ИТЛАРНИ ГИЖЖАСИЗЛАНТИРИШДА ПРАЗИМЕКТ-ПЛЮС ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан техник қоидалар ва нормаларга тегишли деб топилган. 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Итларни гижжасизлантиришда празимект-плюс препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 14 августда тасдиқланган «Итларни гижжасизлантиришда празимект-плюс препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
37-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 37-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Итларни гижжасизлантиришда празимект-плюс препаратини қўллаш бўйича
Қўлланма
I Умумий маълумотлар
1. Празимект-плюс (Prazimectum-plus) — кенг таъсир кўламига эга бўлган комплекс паразитларга қарши препарат. Синонимлари: празимек-Д, празиквантель ва бошқалар.
2. Препарат оқдан то кулранг-жигаррангача бўлади, таркибида таъсир этувчи моддалари сифатида празиквантел, абамектин ва левамизол гидрохлорид мавжуд.
3. Чиқарилиш шакли — таркиби 0,050 г празиквантел, 0,002 г абамектин, 0,038 г левамизол гидрохлориддан иборат массаси 0,5 г ва диаметри 11 мм бўлган таблеткалар.
4. Таблеткалар 10, 25, 50, 100, 200 ва 500 донадан полиэтилен идишлар, шиша флаконларга, картон қутиларга солинади ёки блистер ўрамларга 24 ва 35 таблеткадан қадоқланади.
5. Препарат қуруқ бинода, болалар қўли етмайдиган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда, «Б» рўйхати бўйича сақланади.
Препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 2 йил.
II Фармакологик хусусиятлари
6. Препарат лентасимон, ясси ва юмалоқ гижжаларга, саркоптоид каналарга ва итларда паразитлик қилувчи Demodex авлодига мансуб каналарга нисбатан гижжаларга қарши ва инсектоакарицид фаол таъсирчанликка эга.
Празиквантел паразитларнинг асаб-мушак синапсларидаги ва миофибрил мембраналаридаги фумаратредуктаза оқсил ферментини бостириб, лентасимон ва ясси гельминтларни фалажлантириб ва ҳалокатга олиб келади.
Абамектин гаммаамино мойли кислота — тормозланиш нейромедиатори ишлаб чиқишини кучайтириб, нематод ва бўғимоёқлиларда асаб импульслари ўтказилишини бузади, бу эса уларни фалажлантириб ва ҳалокатга олиб келади.
Левамизол кенг кўламдаги нематоцид таъсирга эга ва бу таъсир нематодларда бир қатор фермент системаларига тўсқинлик қилишга асосланган. Тавсия этилган дозаларда иммуностимулятор таъсирчанлигига эга, Т-лимфоцитлари миқдорини кўпайтиради ва моноцитларнинг фагоцитар фаоллигини оширади, бунинг натижасида гельминтлар ва препаратнинг таъсир этувчи моддаларининг организмга иммуносупрессив таъсири пасаяди.
Препарат таркибига кирувчи уч компонентнинг бирикмаси, унинг таъсир кўламини кенгайтиришга имкон яратади.
7. Препарат илиқ қонли ҳайвонлар учун ўртача заҳарли, тавсия этилган дозаларда яхши қабул қилинади ва итларда қўшимча ва оғирлаштирувчи асоратлар чақирмайди. Препарат организмдан сийдик ва ахлат орқали ажралади.
III Қўллаш тартиби
8. Празимект-плюс даволаш ва профилактика мақсадларида қуйидаги инвазияларда қўлланилади:
цестодозларда, Echinococcus granulosus (жинсий етилган), Multiceps multikeps, Taenia hudatigena, Taenia ovis, Taenia pisiformis, Hudatigena taeniaformis, Dipylidium caninum (жинсий етилган ва жинсий етилмаган), Diphyllobothrium latum, Mesocestoides lineatus томонидан қўзғатилган;
трематодозларда, Opisthorchis felineus, Paragonimus westermani, Apophallus donicus, Mesostephanus spp. томонидан қўзғатилган;
нематодозларда, Toxocara canis, Toxascaris leonine, Trichuris vulpis, Ancytostoma caninum, Ancylostoma brasiliense, Uncinaria stenocephala, Strongyloides stercoralis, Dirofilaria immitis, Filaroides osleri ва бошқалар қўзғатган;
энтомозларда, Linognathus setosus, Ctenocephalides canis, Ctenocephalides felis, Pulex irritans томонидан қўзғатилган;
aкapoзлapдa, Demodex canis, Otodectes cynotis, Sarcoptes canis, Notoedres spp. томонидан қўзғатилган.
9. Празимект-плюс итларга гельминтозлар ва арахно-энтомозларни профилактика қилиш учун оғиз орқали 10 кг тана вазнига 1 таблетка миқдорида ҳар чоракда бир марта қўлланилади.
Препарат итларга даволаш мақсадида гельминтлар билан зарарланишда 10 кг ҳайвон вазнига 1 таблеткадан икки маротаба 1 ой оралиқ билан; арахно-энтомозларда 10 кг ҳайвон вазнига 1 таблетка миқдорида 1 ой оралиқ билан 2 маротаба қўлланилади.
Оғирлиги 40 кг дан ортиқ итларга бир мартада 4 тадан ортиқ таблетка берилмайди.
10. ёшгача бўлган ёш ҳайвонларга кўрсатилган доза иккига бўлинади ва бир сутка оралиғида берилади.
11. Празимект плюс колли, шелти ва бобтейл зотидаги итларга қўлланилмайди. Препаратни 2 ҳафталикдан кичик кучукчаларга, урғочи итларга туғрукдан 2 ҳафта аввал, шунингдек инфекцион касалликлар билан оғриган ва тузалаётган ҳайвонларга қўллаш ман этилади.
III Шахсий профилактика чоралари
12. Препарат билан ишлашда шахсий гигиена ва хавфсизлик техникасининг умумий қоидаларига риоя этиш лозим.
IV Норозиликларни баён этиш тартиби
13. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.