Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
БАРЧА ЁШДАГИ МУШУКЛАР УЧУН LA-CAT ҚУРУҚ ОЗУҚАСИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Барча ёшдаги мушуклар учун La-Cat қуруқ озуқасини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 24 декабрда тасдиқланган «Барча ёшдаги мушуклар учун La-Cat қуруқ озуқасини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
34-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 34-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Барча ёшдаги мушуклар учун Lа-Cаt қуруқ озуқасини кўллаш бўйича
ҚЎЛЛАНМА
I. Умумий маълумотлар
1. La-Cat — барча ёшдаги мушуклар учун меъёрлаштирилган қуруқ озуқа. Компонентлари: витаминлар, микроэлементлар ва минераллар билан бойитилган уй паррандаларининг янчилган озуқа субмаҳсулотлари, йирик тортилган донли ун (буғдой, маккажўхори, гуруч ғалласи), дон елимшаги, балиқ уни, пиво ачитқиси, уй паррандалари ёғлари, истеъмол тузи, табиий хушбўй қўшимчалар, ВНТ антиоксиданти, таурин.
Таркибида консервантлар йўқ.
2. Ташқи кўринишига кўра шакли ва текстураси мушукларнинг тишлари ва милкларини соғломлаштириш учун мосланган жигаррангли қуруқ гранулалар.
3. La-Cat турли хил табиий хушбўй қўшимчалар: жўжа ҳиди (La-Cat Chicken), балиқ (La-Cat Fish), жигар (La-Cat Liver) ва аралашган ҳидли (La-Cat Mix) қўшимчалар билан биргаликда, соф оғирлиги 125 г., 400 г. ва 3 кг бўлган фольга қоғозли пакетларга ва ламинацияланган картон қутиларга қадоқланади.
4. Озуқа ёпиқ ўрамларда қуруқ, салқин жойда сақланади.
Яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 12 ой.
Одамлар истеъмол қилиши учун белгиланмаган.
II. Биологик хусусиятлари
5. La-Cat — истеъмолга тайёр бўлган озуқа бўлиб, осон чайналади ва ҳазм бўлади, нозик ва ёқимли мазага эга. Таркибида мушуклар организми талабларига мос келувчи, миқдорий ва фоиз ҳисобида меъёрлаштирилган, зарур бўлган барча тўйимли моддалар мавжуд.
Озуқа сийдик чиқариш йўлларида тош пайдо бўлишининг, унинг таркибидаги таурин эса — шунингдек кўрлик ва юрак касалликларининг олдини олади.
6. Кафолатланган аналитик таркиби: оқсил 30 %, ёғ 13 %, намлиги 6,5 %, толалар 2 %, кул 6,5 %, кальций 1,1 %, фосфор 0,9 %, магний 0,11 %, туз 1,5 %, таурин 0,15 %, витамин A 20000 ҲБ/кг, витамин D3 1200 ҲБ/кг, витамин Е 200 ҲБ/кг. Кўрсатилган таркибдан йўл қўйилган фарқлар 3% дан ортмаслиги керак.
Метаболик энергия 3600 ккал/кг.
III. Қўллаш тартиби
7. 3-4 кг вазндаги катта ёшли мушукларга, бир кунда 70-80 г. озуқа талаб этилади. Мушукларни кунига икки марта, кунлик рационнинг тенг ярмини таъминлаган ҳолда боқиш тавсия этилади. Бироқ, аксарият мушуклар, улар организми талаб этгандан ортиқ озуқани қабул қила олмаслигини ҳисобга олган ҳолда, хўракни озуқанинг кунлик эҳтиёжига кўра эрталаб бир маҳал ёки ейишига қараб тўлдириш мумкин.
8. Бошқа турдаги озуқадан La-Cat га ўтказиш аста-секинлик билан, унинг миқдорини ошириш ва шу пайтгача берилган озуқани камайтириш орқали, 7—10 кун давомида амалга оширилади.
9. Мушук болаларини озроқ миқдордаги La-Cat билан, уни сувда ивитиб, 3-4 ҳафталигидан бошлаб боқиш тавсия этилади. Мушук болалари рационидаги La-Cat миқдори ҳам аста-секин оширилади.
10. La-Cat ҳайвон хоҳишига кўра, қуруқ ҳолда ёки сув қўшиб берилади. Мушукларга La-Cat озуқанинг ягона тури сифатида берилиши тавсия қилинади. Шу билан бирга, мушукларнинг тоза чучук сув билан доимо бемалол таъминланишларини кузатиб бориш зарур.
IV. Норозиликларни баён этиш тартиби
11. Озуқа ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади; 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга озуқанинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва озуқанинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.